“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

«КИТОБХОНЛИКНИНГ ВАЗИФАСИ ФАҚАТ ИНСОННИ АҚЛЛИ ҚИЛИШ ЭМАС» ТУРМУШНИ ОБОД ЭТИШДАН ҲАМ ИБОРАТДИР!

Саидаҳрор

ҒУЛОМОВ,

Иқтисод фанлари доктори, Ўзбекистон Фанлар академияси академиги,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби

 

Интеллектуал салоҳият ва юксак маьнавиятнинг китобхонликка, ўсишга таъсири хусусида гап кетганда, аввало, ўқитиш тизимига — китоб орқали билим беришдан, қобилиятни ривожлантиришга ўтиш керак, деб ҳисоблайман. Шунингдек, «Соғлом она — соғлом бола» моделидан «Соғлом она — ақлли бола» моделига ўтиш бугунги замон талабидир. Бизнинг вазифамиз, унутмаслигимиз шартки, иқтидорли болаларни қидириб топишдан кўра, уларни дунёга келтириш ва тарбиялашдан иборат. Ана шунда, ўйлайманки, мамлакат равнақи, жамият ривожи ҳам ўз ўрнида шаклланиб бораверади.

Шунингдек, бугун ҳаётга тўғри кўз билан қараган ҳолда, оила моделини ҳам тўғри шакллантириш лозим. Яъни, ақлли ва соғлом бола; Унинг тарбияси ҳам самарали воситалар ёрдамида амалга оширилади. Дунёнинг ривожланган давлатлари, Япония, Хитой, умуман Евроиттифоқ ана шу модел асосида ишламоқда. Бу инсоннинг маънавиятига ҳам, китобхонликни оширишда ҳам энг самарали усуллардан биридир.

Китоб ўқишда ҳам ўзига яраша усуллар, ҳаракатлар мавжуд. Ўқувчи китобнинг ҳар бетига қалам билан чизиб, фикр-мулоҳазаларини ёзмаса, унинг ўқиганидан нима наф? Биласизми, ўқишда ҳам алоҳида модел бўлиши шарт. Ҳар бир киши китобни яхшилаш моделини тадбиқ этиши мақсадга мувофиқдир.

Ким кўпроқ тафаккур қилиб, кўпроқ камчилик топса, у рақобат майдонининг чўққисида турибди. Камчилик топиш деганда, тутуриқсиз гапларни эмас, илмий ва ҳаётий асосга эга бўлган назарияни назарда тутяпман.

Бугунги кун инсон капиталидан — инсон мия капиталига ўтишни кўрсатмоқда. Ҳозир биз инсон тана капиталида турибмиз. Қачонки, инсон мия капиталига ўтсаккина, ҳар бир соҳада мукаммал ривожланишни кузатамиз.

Кузатувларим натижаси асосида шуни айтаманки, бугун ўқув-адабиётларининг сифатини ҳам яхшилашимиз лозим. Масалан, маъруза матнлари технологиясини. Яъни, бу технологияда ўқитувчи ўзбек ва хорижий адабиётлардан юзлаб камчилик топади ва натижада ўзининг маъруза матнини пухта ярата олади. Қайси ўқитувчи ўзбек ва хорижий адабиётлардан кўпроқ камчилик топса, кейинги дарсликларни ёзишга рухсат берилади. Эътибор беринг, бизда дарсликлар тўғридан-тўғри аслиятдан таржима қилингани камдан-кам. Инглиз ёки француз тили қолиб, воситачи рус тилидан ўзбекчалаштирилади. Натижада дарсликнинг қиймати ҳам шунга яраша хато ва камчиликлар билан қолаверади.

Ўқувчиларга ҳам худди шу моделни қўллаш лозим. Қайси ўқувчи асосли равишда камчилик топа олса, унинг меҳнати муносиб рағбатлантирилсин. Акси бўлса, қайта тайёрлов... Ахир бизда: «Шогирд устоздан ўтиши керак!» — деган анъана мавжуд. Биз катталар ҳамиша ёдда сақлашимиз лозим: болаларни ўзимиздан эллик фоиз ақлли қилиб тарбиялайлик. Негаки, ҳайвон боласини тарбия қилолмайди. Биз одаммиз. Ҳар бир устоз «Шогирдим мендан эллик фоиз ақлли бўлсин» деб ҳаракат қилса, белгиланган маррани қисқа фурсатда муваффақият билан босиб ўтамиз. Ана шунда ўзлаштириш даражаси 80-90 фоизга ўсади. Бу жараёнда устоз ва ота-она китобхонлик орқали фарзандни ривожлантиради. Бу эса, китобхонликда чинакам модернизация қилиш бўлади. Агар ана шу ишни бажаролса, чинданам «устоз отадан улуғ» бўлади. Буларни жамлаб, китобхонликда революция дейиш мумкин.

Китобхонликни ҳам реклама тарзида амалга ошириш мақсадга мувофиқдир. Бу эса, ҳар бир ишни етти ўйлаб, камида 7х10 (етти ўйлаб ўн хато топиш, асосли тарзда) қабилида камчилик топиб, тузатиб, ишни сифатини яхшилаб, турмушни обод қилишга хизмат қиладиган даражага кўтаради. Унутмаслик лозимки, китобхонликнинг вазифаси фақат инсонни ақлли қилиш эмас, турмушни обод қилишдан ҳам иборатдир. Шунингдек, китобхонлик орқали биринчи нав-батда инсон наслининг сифатини яхшилашга ўргатиш керак. Болани ўқитиш структурасини, хотирасини мустаҳкамлаш бугунги куннинг муаммоларидан биридир. Ахир тафаккур қилиб кўринг, бугун юртимиздаги мажбурий ўқитиш тизимининг ўзиёқ бизга катта имкониятлар бермоқда. Ал Хоразмийни, Берунийни, Мирзо Улуғбекни ҳеч ким олти соатдан бепул ўқитмаган. Тунчироқ ёрдамида ўқишган. Аммо хотира мустаҳкам, ўз олдига маълум мақсадни қўйиб, ўзига ўзи модел яратиб ўқиган. Натижасини эса бутун дунё билади.

Энди ўйлаб кўринг! Юксак маънавиятга эришиш учун нима қилиш керак?

Биринчидан, боқимандалик кайфиятини йўқотиш, иккинчидан илм-фан, инновацион технологияларга муҳаббат уй-ғотиш, учинчидан бошқаларга ҳам беғараз ёрдам бериш ҳаёт тарзини йўлга қўйиш шарт. Шу нуқтаи назардан олганда, китобхонлик — бу кам таъминланганларга хайр-эҳсон қилиш эмас, уларни ўзини ўзи боқишга ўргатишни таъминлашдир. Ҳар бир оила, ҳар бир олинаётган билим уйғунлашиб, фуқаронинг, мамлакатнинг, жамиятнинг бойишига хизмат қилиши даркор. Кўп билиб, билимни ишлатолмай камбағал боқиманда бўлгандан кўра, кам билиб, уни самарали ишлатиб бой бўлган яхши, деган гапни ўзимизда шиорга айлантириш лозим.

Зеро, ҳар бир ҳаракатнинг ижобий самараси ўзимизнинг саъй-ҳаракатимизга боғлиқ эканлигини асло ёддан чиқармайлик.

Шавкат ОДИЛЖОН ёзиб олди