“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

ҲАЁТДАН КЕЙИНГИ ҲАЁТ

ҲАЁТДАН КЕЙИНГИ ҲАЁТ

Эллик саккиз йиллик ёстиқдошим, тун ҳамроҳим, кун ҳамроҳим сизни йўқотиб қўйдим, сиздан бир умр ажралиб қолдим-ку!.. Уйга сиғмаяпман, ўзимга ўзим сиғмаяпман... Дашту биёбонларга, Саҳро-ю Кабрларга қочиб кетгим келади, овозим борича ҳайқириб сизни чорлагим келади. Даста-даста оқ қоғозларга қаламимки қонимга ботириб, қайғуларимдан ёзгим келади.

Ҳаётлигингизда бирор марта кўйлагимни тескари кийганимни кўрганмидингиз?! Энди кўйлак ҳам, пайпоқ ҳам, кавуш-маҳси ҳам пойма-пой... Булар-ку майли, ҳаётим пойма-пой... Юрак оғриғи билан уйқуга кетаман, яна шу оғриқ билан уйғонаман. Саксон ёшимда — умр шомимда қаршимда мунгли, ғамгин ҳаёт дарвозалари очилди. Бу сизсиз ҳаёт. Мен учун энди ёлғон ҳаёт бошланди. Ҳасратдан бошим чиқмай қолди. Шуни билдим-ки, кетгандан қолганларга оғир экан. Бу юкни кўтариб юрганларга тўзим берсин. Мен Оллоҳимдан ҳар куни ўзимга ўхшаганларга тоқат сўрайман. Бу қайғуни, юрак фарёдини сабр босиб турмаса, одам ёниб кетиши ҳеч гап эмас экан. Мен сиздан олдин кетишни, кўзларимни сиз юмишингизни тилаганман. Буни қаранг-ки, билиб-билмай, тушуниб-тушунмай овоз берган ички туйғуларим мени жудолик қисматидан олиб қочмоқчи экан. Оёғим ердан узулгунча айрилиқ жазосига маҳкум этилган қалбимни қутқармоқчи экан. На илож, тақдир экан. Бир тарафдан шунисига ҳам шукур қиламан. Наинки, мен тортаётган жудолик аламларини, ҳар он зардоб ютиб яшамоқликни сизга раво кўрмайман. Биламан-ки, мендан жудо бўлсангиз сиз ҳам мендан ортиқ гоҳ ўлиб тирилар, гоҳ тирик туриб ўлгандан баттар яшардингиз. Бу ҳолатдан сизни қутқарганим учун ўзимдан миннатдорман...

Қуёш ботади, тонг отади. Тонг отади, қуёш ботади... Яна тонг... Беихтиёр, ижодхонангиз эшигини очаман. Қорамағиз чеҳрангизга ярашган оппоқ кўйлагингиз, кўйлагингизга монанд оқ укпар сочларингиз муҳрланган суратдаги сиймоингизга узоқ тикилиб тураман, қайта-қайта салом бераман. Жавоб йўқ... Қўзларим жиққа ёшга тўлади, юрагим қонайди... Беихтиёр, ижодхона эшигини ёпаман, гўё ўзимдан ўзим қочгандай бўламан-у, қани қочолсам... Орқамга қайтаман, ижод столингиз мени ўзига чорлаётгандай бўлади. Ҳар куни эрталаб у билан учрашар эдим. Тилаб Маҳмудга бир пиёла каҳва олиб кирардим... Ўша қаҳва томчилари, чекилган тамаки кукунидан қолган доғлар кўзимга кўриниб кетади. Оҳ, бу ижод тахти. У ижодкоримга ҳаммамиздан яқин, ҳаммамиздан суюклироқ эди, чамамда. У биз билан нонушта, тушликда дегандек, маълум бир муддатларда мулоқотда бўлса, ижод столи билан кечаю-кундуз ошиқ-маъшуқлардек бир-бирларининг кўзларига тикилиб, бир-бирларини суйиб, дийдорига тўймай ўтиришарди. Ярим аср мобайнида хонадонимиздаги уй жиҳозлари, мебеллар неча бор алмаштирилди. Лекин ижод столининг оёғи синганда ҳам, устки қопламалари кўчганда ҳам алмаштирилмади. У ўрганган, қадрдон нарсаларидан кўнглини узолмасди. Чиндан ҳам бу оддий курси эмас, сеҳрли, очил дастурхон, маънавият, илм, ижод барқ урган тўкин дастурхон эди.

Тилаб Маҳмуд қадрдонимиз — ижод столига мукка тушиб ўйлаётган, ёзаётган дамларда мен ҳам бедор яшардим. Ёзишдан чарчаб, тахта столга бош қўйиб, мудраб қолганини кўрган чоғларим эзилиб кетардим. Уйқудан уйғотардим, дам олишга чорлардим. У бўлса юз-қўлини совуқ сувда ювиб, уйқусини қочирган бўлар ва яна ижодга шўнғирди.

— Олимлик — бу ўзига ўзи золимлик-ми?! Жонингизда қасдингиз борми?! — дея норозилик билдирардим.

— Мангу ухлайдиган вақтлар келади, ҳали... Ҳозир ишлаб қолайлик. Ёзгим келяпти, ёзмоқчиман, дея жилмайиб қўярди.

Бугун Тилаб Маҳмуднинг беқиёс ижодий чашмаларидан биринчи бўлиб сув ичган, илҳом, эҳтирос алангаларида биринчи бўлиб исинган, ижодкорнинг оппоқ қоғозларга тўкилган кўз нурларидан кўнгли ёришган, қаламдонларига сиёҳ бўлиб қуйилган эллик йиллик    қадрдони — ижод столининг бошини силайман. У ҳўнг-ҳўнг йиғлайди. Мен етим қолдим, десам у мендан-да етим... Мен ғарибман десам, у мендан-да ғариб... Уни ёлғиз қолдирмасликка ваъда бераман. Шу кундан эътиборан Тилаб Маҳмуд ўрнидан жой оламан. Бу муқаддас, қайноқ ўринга ярашаманми, ярашмайманми, муносибманми, муносиб эмасми, ёзишни у каби эплайманми, эплай олмайманми, қатъий назар, унинг ўрнига ўтиришим жоиз...

Ижодхона эшигини ёпиб-ёпмасимдан жавондаги иккита-учта китоб тап-туп этиб ерга тушиб кетди. Шошиб, орқамга ўгирилдим, ерда ётган китобларни олиб бағримга босдим. Кўнгиллари тўлиб-тошиб турган эканми, кўксимга бош қўйиб хўнграб юборишди. Ижодхонани бошимизга кўтариб фарёд солдик, алвидолар айтдик...

Бу китобларни неча ўн йиллар давомида у йиққани, Москвада ўқиган пайтлари оч-наҳор қолса қолган, оёқ кийимидан сув ўтса ўтган, қаҳратон совуқда қалпоқсиз юрса юрган, лекин кўнглини тўйғазган, қалбини иситган, туйғуларини жўш урдирган китоблар оламига сўнгги чақасини ҳам аямаган. Ёзги таътилга қайтаётганда поезддан ўзидан олдин даста-даста китоблари тушиб келарди. Ҳар бир китобни кўз қорачиғидай асраган. Ўқиб, фойдаланиб бўлганларини кўзига суртиб, ўпиб-ўпиб жавондаги жойига тахлаб қўярди. Китоблар қатида унинг нигоҳини, бармоқ изларини кўраман. У китобсиз ҳаёт — ҳаёт эмас дерди, буюк Пушкин ҳаётдан кўз юмаётиб, китоб жавонларига мўлтираб, "Ҳайр, дўстларим" деган нидоли сўзларини айтганини, кўп такрорларди. Ҳа, у китобни севарди, у китобга сажда қиларди.

Умри бўйи меҳр билан тўплаган бир уй китоби ҳам бу айрилиқ, жудоликдан фиғони фалакда...

Баъзан унинг ижодхонасида ярим кунлаб қолиб кетаман. Унга азиз, севимли бўлган китоблари билан суҳбатлашиб тўймайман. Вақти келганда Тилаб Маҳмудни бу китоблардан қизғонганман, уларга кундошдек қараганман. Мана энди ҳар икки томон бевамиз. Армонларга, фироқларга қурбонмиз. Фиғонлар зардобини ҳўпламаган кунимиз йўқ....

Шундай кезларда Дилбар исмли жонли китобингизни ҳам эсдан чиқарманг, дея қилган нолаларим эсимга тушади. Йиллар оша сочларимга оқ оралади, кўзларим хира тортяпти... Умр оқар дарё, эҳтиёт бўлинг, тағин мени йўқотиб қўйманг. Нурли оламингизнинг бир бурчагида нурсиз шам бўлиб, ёна-ёна, ахийри ўчиб қолмай, деган аразларимни эслайман.

Азизим баҳорни, мен эса куз фаслини хуш кўрар эдик. Наҳотки, йил бўйи орзиқиб кутганим куз сиз учун сўнгги манзил бўлди?!. Наҳотки, куз менга хиёнат қилди. Ўз танасидан чирт-чирт узилиб, дарахтлар пойига тўшалаётган зарғалдоқ гиламлар устида шўхчанг юришни ёқтирар эдим. Энди эса... Танасидан узилган ҳар бир барг инсон қисматига ўхшаб кўриняпти. Мен энди хазон гиламларга оёқ босолмай қолдим... Баҳор қайтади. Қиш бўйи ёмғир-қор остида ўғитга айланган япроқлар ўрнига янгилари ниш уради. Кейин япроқлар яна барқ уради, гуррос гуллайди. Янги ҳаётини бошлайди. Лекин инсони азиз бир кетдими, бошқа қайтмайди. Мен ҳам умидли бир дарахт эдим-ку! Бағримдан сиз азизимни чирт узиб кетган кузнинг юзига қандай қарайман?! У билан энди қандай муросаю-мадора қиламан. Куздан умидим шумиди?! Ўзимга гўзаллардан гўзал кўринган куз кўз ёшларимга ғарқ бўлди-ку...

Хотиралар... Хотираларга ёпишиб олдим. Мени ёлғизликдан, истироблардан қутқарадиган бирдан-бир нажоткорим, деб билдим уларни.

Тилаб Маҳмуд билан бирга ўтган оилавий ҳаётимиз эсдаликлари бир тараф. Халқимизнинг иқтидорли, ноёб талант соҳиби, чумолидай меҳнаткаш ёзувчи, санъатшунос олимнинг серқирра ва бетакрор ижодий фаолияти бир тараф. Бу ҳақда нафақат унинг энг яқин одами, балки, унинг жавоҳирларга лиммо-лим денгиздай сокин, дарёдай тошқин катта ижодий дунёсининг кузатувчиси, гувоҳи сифатида кўрган, билганларимни ёзиб қолдиргим келяпти. Бу кўнгил хуши эмас, бу халқимиз олдидаги инсоний бурчим, бу маънавиятимиз олдидаги катта маъсулиятим ва мажбуриятим, деб биламан.

                * * *

Гапни ўзимдан бошламоқчиман. Журналистман, ҳикоялар ҳам машқ қилиб юрардим. Негадир дўппи ҳақида ҳикоя ёзгим келди. Дўппи нусхаси, нақшлари, ипак турларига қизиқаман. Айниқса, дўппи тикиш жараёнини ўз кўзим билан кўргим келади. Бунинг учун қўшнимизникига чиқиб, унинг дўппи тикиши, дўппи тепчишини диққат билан кузатаман... Ёзаман, ўчираман... Тунлари кам ухлайман, ёзаверганим билан ҳикоя чиқавермайди...

— Ўзингизни кўп қийнаманг, — дейди Тилаб акам.

Шу сўзидан биламанки, у мени кузатиб юрибди, у менга ачиняпти... Шундай кунларнинг бирида, ҳикоя ёзиш ширин орзусида ёзиб-ўчириб, ўчириб-ёзиб ухлаб қолибман. Кимдир мени уйғотаяпти...

— Туринг, ҳикоя ўқиб бераман...

Ҳикоя сўзини эшитишим билан кўзим мошдай очилиб кетди. Ўрнимга ўтириб олдим. 1973 йилнинг йигирманчи февралига ўтар кечаси эди. Соатга қарасам, тунги соат уч. Тилаб Маҳмуд ҳикоясини ўқияпти. Мен тушимми ё ўнгимми, дея эсанкирайман. Ҳикоя дўппи ҳақида... Ҳозиргина мен ҳам дўппи ҳақида нималарнидир ёзиб, чизиб ўтиргандим, ёзганларим ёстиғим атрофида сочилиб ётибти. Меникини ўқияптими, десам дўппи сўзида ўхшашлик бору, ҳикоясида мутлақо бошқача мазмун, фикр ўйнайди. Ўйқим қочди, сергак тортдим.

— "Саломат, юборган бодом гулли дўппингни олдим. Дўппи ипакларига муҳаббатимизни қўшиб тикибсан. Бодом гуллари яшнаган ўлкамизни, бирга бўлган кунларимизни эслатади. Қўйнимдаги дўппи юрагимга отилган қўрғошинлардан мени асраб юрибди..." — дея бошланарди ҳикоя.

Бу тасвирлардан вужудим титраб кетди. "Бодом гулли дўппи" номи билан аталган бу ҳикоя бошидан охиригача ана шундай таъсирчан, жозибали руҳда ёзилган эди. Тўрт қоғозга етар-етмас жажжи ҳикояда улуғ ватан уруши ва бу уруш фожиалари, оддий бир ўзбек хонадони бошига тушган кулфатлар, айрилиқлар, соғинчлар тасвирланган эди. Ватан ҳимоячиси жасур ўзбек ўғлонлари кўз олдимга келди. Уларнинг тақдири, ёшлиги, ширин ҳаётлари, гўшангада қолган ёрлари ҳақидаги орзу-армонлари кули кўкка совурилган бегона юрт тупроқларига қоришиб, қолиб кетганди.

Мен ўз ҳикоямда дўппининг сурати билан овора бўлибман. Тилаб акам эса дўппи сийратидан сўзлабди. Мен денгизнинг қирғоғида сузсам, у денгиз тубига ғаввосдек шўнғиб, дуру-гавҳарлар йиғиб чиқибди.

Шу-шу мен ҳикоя ёзишни тўхтатдим. Ҳикоячиликда мот бўлдим, у эса ғолиб. Шунда Тилаб акамга қараб: "Зўр ёзибсиз, сиз ёзишда Абдулла Каҳҳорга ўхшар экансиз", дегандим ҳайратланиб.

"Оқар дарё оқмасмиди жимгина" ҳикоялар тўпламининг нашр этилиши оиламизга катта қувонч олиб кирганди. Бу китоб биринчи боламиз, бош фарзандимиздек кўзимизнинг оқу-қароси эди, уни еру-кўкка ишонмас эдик. 2004 йилда иккинчи фарзандимиз - Тилаб Маҳмуднинг "Омонат дунё" ҳикоялар тўплами дунёга келди. Тўплам 37 та дилбар ҳикояларни ўз ичига олганди. Унда юқорида айтганим "Бодом гулли дўппи" ҳам бор эди.

Ҳар лаҳза унинг қуйидаги сўзларини ёдга оламан. Бу каломлар ягона уники эмас, иккимизнинг кўксимиздан отилиб чиққан чин изҳорларга ўхшайди.

Ҳаёт йўлимнинг бошқача бўлишини, бошқача такрорланишини истамаганимнинг асосий сабаби биз яратган муҳаббат боғи, маънавият қўрғонининг бўлмай қолиш хавфидир.

Агар ҳаёт йўлимни қайтадан босиб ўтсам-у, унда сиз бўлмасангиз, балки юқорида сиз ёзган нарсаларнинг бўёғи хирароқ чиқармиди?!

Ўтган умрим, ҳаётимдан розиман, жуда! Мен умр бўйи бир     навдаги кўчатлардан боғ эмас, турли-туман мевали дарахтлар кўкарган гулистон яратишга ҳаракат қилдим. Бу гулистонда сиздек ягона атиргулим ҳам вояга етди. Унга қараб тонгда ҳам сайрадим, тунда ҳам куйладим, қишда ҳам тинмадим, ёзда ҳам ўрладим...

 

Дилбар МАҲМУДОВА,

Ўзбекистонда хизмат

кўрсатган журналист