“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

ОЛИСЛАРДАН ИЛҒАНГАН НАВО

Шойим БЎТАЕВ

ОЛИСЛАРДАН ИЛҒАНГАН НАВО

— 1-синфга борган кунингизни қандай эслайсиз?

— Яхши эслайман. Уйимиз тепаликда эди, мактаб эса пастда. Қир ёнбағри кўклам пайти лолақизғалдоқлар, бинафшалар билан қопланарди. Назаримда, мен мактабга бораётган чоғда болалар кўплигидан шу қир ёнбағри яна қизғалдоқзору бинафшазорга айлангандек эди. Ҳаётимдаги энг улкан қувонч бўлса керак. Мактаб учун аввалдан олиб қўйилган кийимимни онам кўмир билан ишлайдиган дазмолда дазмоллаб, олиб қўйган эди. Шуни қачон киярканман, деб жуда интиқ кутганман. Бу йил неварам Азизбекни мактабга олиб бораётиб, жуда мутаассир бўлдим ва унга йўл-йўлакай",Сиз ҳам бу кунларни яхшилаб эслаб қолинг", дедим. Абдулла ака айтганларидек, "Умр бу нишонга бориб теккан ўқ, Туғилиш шиддат-ла тортилган камон".

Кун жуда ёруғ эди. Бундай кунларни бошқа эслолмайман...

— Биринчи ёзган ҳикоянгиз нима ҳақда эди?

— Ит ҳақида ҳикоя эди. Еттинчими-саккизинчими синфда ўқирдим, шекилли. Мактабда "Гулхан" журнали олмаган бирорта ўқувчи йўқ эди. Бир куни ўзимизнинг итимиз ҳақида ҳикоя ёзиб, конвертга солиб, журнал манзилини ёзиб жўнатдим. Бахташ таваккал. Усмонали деган синфдошимиз (ҳозир ошпаз) обжувоз ҳайдарди. Мен уларникига бориб, жувоз ўқининг ғичирлашини тинглаб, у билан гаплашиб ўтиришни яхши кўрардим. Қалин қор ёққан қиш куни эди, Усмоналиларнинг жувозхонасига қўлида "Гулхан" журналини кўтариб олган бошқа бир сифдошимиз Тожиддин (ҳозир биология фанлари номзоди, Гулистон Давлат университетининг доценти) югуриб кириб келди ва суюнчилади. Билсак, ўша ҳикоя бир бет бўлиб чиқиб турибди-да. Остида исм-фамилиям, фалон-пистон, Ўратепа районида фалон-пистон қишлоқдаги мактаб ўқувчиси. Ишонмай бўладими, исботи билан турибди. Усмоналининг жувози ҳам қолиб кетган, мактабга қараб чопганмиз. Жуда кўп хат олганман унга, ҳар куни ўттиз-қирқталаб хат олардим, Қирғизистон, Қозоғистон, Туркманистондан ҳам ёзишарди. Бутун Ўрта Осиё мактаб ўқувчилари ўқиган экан-да шу журнални. Ҳатто қишлоқ почтаси адашиб, бошқа хатларни ҳам аралаш қилишиб менга ташлаб кетган чоғлари бўлган. Бошқа ҳеч вақт шунча хат олмаганман. Уларни асраб қўймаганимга афсусланаман. Ўша ёзганларнинг барчаси билан танишгим келиб қолади баъзан.

— Болалигингизда Сиз тўқнаш келган ноҳақлик... хотирлай оласизми?

— Ҳозир ўйласам, қанийди ноҳақлик бўлсаям ўшанақа ҳолат, вазият қайтиб келсайди, дейман. Болаликдаги, айниқса, боланинг болага ноҳақлиги, зўравонлиги ёки бошқа жиҳати табиийлиги билан хотирада энтикиб эсласа арзийдиган бир туйғу сифатида қолади. Ёш улғайганда ноҳақликка дуч келиш юракда доғ ҳосил қилади. Бир умр ўчмас алам туғдиради. Буларнинг барчаси болалик туйғуларини емира бошлайди.

— Болаликда Сизни илк бор ҳаяжонга солган китоб...

— Шеър десангиз, Қуддус Муҳаммадийнинг "Темирлар жаранг-журунг, Дейишар юринг-юринг" деб бошланадиган шеъри. Тез ёдлаб олганман. Жуда завқланганман. Кейин Пўлат Мўминнинг китобни офтобга ўхшатган шеъри ва бошқа китоб­лари. Кейин-кейин мен Пўлат Мўмин билан шахсан танишдим, Ўзбекистон радиосида ишлаганимда Пўлат ака бадиий кенгаш аъзоси эдилар, ҳар ҳафта кўришардим. У кишининг ёзган шеър­лари беҳуда қалбимда муҳрланмаган, шоир бобонинг ўзлари ҳам офтобнинг ўзгинаси экан. Мен бу юмшоқ, кўзлари, юзлари шу қадар самимий ижодкорни жуда кўп эслайман. У кишининг Фахриддин Умаров ижросидаги "Эй, муҳаббат..." деган қўшиғи халқимиз орасида муҳаббат гимни бўлиб кетган. "Индамади" ва бошқа қўшиқлари ҳам ҳамон бар­ҳаёт. У киши болалар учун ёзаётиб бошқа ғараз фикрни хаёлига келтира олмасди. Болами, бола-да, Анвар Обиджон лутф этганидек, офтобшувоқда қатиқ ялашмоқ лозим. Пўлат ака ҳар кўришганимда кифтимга қоқиб, "ижодни маҳкам ушла", деб қўярдилар, дуо берардилар. Шу улуғларнинг дуоси туфайли бутун юргандирмиз балки.

— Халқимиз орасида "боладай беғубор" деган ибора юради. Беғуборлик болага ҳам, ижодга ҳам, ижтимоий муносабатларда ҳам жуда керакли фазилат. Нима деб ўйлайсиз, катталардай яшаб, боладай ёзиш ижодкорга муваффақият олиб келмайдими ёки бунинг иложи йўқми?

— Кечирасиз, боладай ёзиш, деган гапингизга тушунмадим. Беғуборлик ижодда ижодкорга зарур кўплаб туйғуларнинг биттаси, холос. Ижтимоий муносабатларда беғуборлик бўлиши мумкинлигига ишонмайман. Ёзиш ўзига хос жараён. Уни болагина эмас, каттаям эплаши қийин. Ёзишда қалб куйлайди, ёш эмас. Болалик хотиралари бу куйга оҳанг қўшади, қўша олса. Узоқ-узоқлардан бир сас-сабар илғанади, дашт навосидай. Унда эҳтимол армон, эҳтимол йиғи, эҳтимол ўртаниш — бари-бари бўлиши мумкин. Бир сўз билан айтиб бўлмайди, ҳис этади, ҳар ким ўзича.

Болаликда тасаввур ўзгача бўлади. Ўқитувчимиз келажакда коммунизм қурамиз, дерди. Буни кўпчилик эшитган. Тасвирлаб берарди ўша коммунизмни, гуёки ҳамма нарса муҳайё, егани олдида, емагани кетида. Демак, ҳамма бахтли бўлади. Эсимда, бир куни бир синфдошимиз ўқитувчидан, коммунизмдаям бахтсизлар бўладими, деб сўраганди. Саккизинчи синфда эдик, алдагиси келмадими, ўқитувчимиз бир оз ўйлаб туриб, муҳаббатда бахтсизлар ўшандаям бахтсиздир, коммунизм севги бахтини ҳадя эта олмайди, деди. Муҳаббат бахтсизлиги энг ёмон экани онгимда ўрнашган. Қолганини ҳаётда ирода орқали тўғриласа бўларкан, шекилли.

 

Муяссар ИБРОҲИМОВА суҳбатлашди