“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

ҚАНОТ БОҒЛАБ, УЧИБ БОРАРДИМ...

Бобохон ШАРИФ

ҚАНОТ БОҒЛАБ, УЧИБ БОРАРДИМ...

— 1-синфга борган кунингизни қандай эслайсиз?

— Икки маротаба биринчи синфга борганман. Биринчисида беш яшар эдим. Қишлоғимизда етти йиллик (сўнг саккиз йилликка айлантирилди) мактаб бўлиб, уйимиздан уч-тўрт километр узоқдаги бир эски бинода жойлашган эди. Юқорироқ синф­ларда ўқийдиган катта акаларимга эргашиб, мактабга бордим, лекин ёшинг етмаган, дея қабул қилишмади. Бироз ўжарлигим бор экан шекилли, қайд қилишмаса-да, мактабга қатнайвердим. Уч ойча қатнадим, сўнг қишда шамоллаб, қолиб кетдим. Ўқитувчимиз Сетмат Отажонов жуда меҳрибон киши эди. Мени кўргани келиб, кўнглимни кўтарди: "Болам, мактабга етти ёшдан оламиз девдик-ку сенга, ҳали жуда ёшсан. Мана кўрдингми, совуқларда шамоллаб қолдинг, энди соғайишинг керак. Майли, сени келгуси йил қабул қиламиз. Саводинг чиқди, мана шу китобни ўқиб юр", дея "Ўқиш китоби"ни ташлаб кетди. Хуллас, кейинги йили мени биринчи синфга қабул қилишди. Бу мен учун чинакамига байрам бўлган. Мактабга қанот боғлаб учиб борардим. Ўқитувчиларимиз биз, ўқувчилар учун бир табаррук, авлиё инсон бўлиб кўринарди. Уларнинг илмигина эмас, балки юриш-туриши, феъли-атвори ҳам бизга намуна бўлган. Қўлимга китоб тутқазган, саводимни чиқарган Сетмат ака, Ойша опа Жаббороваларни бир умр миннатдорчилик билан эслаб юраман. Зотан, китоб билан боғлиқ икки касб эгаси - муаллим ва муҳаррирни жамиятнинг икки кўзи дейишади.

— Биринчи таржима қилган "мақолангиз, шеърингиз, ҳикоянгиз" нима ҳақда эди?

— Бадиий адабиётга меҳр-муҳаббат гўдаклигимдан уйғонган. Болалик чоғларданоқ китоб дўстимга айланди, сўнг бутун умрим китоб билан боғлиқ ҳолда кечиб келмоқда. Бошлан­ғич синфда ўқиган кезларимда отам машина-трактор станциясида инженер-механик бўлиб ишларди. Бу идорада рус ҳамкасблари бўларди. Китобга қизиқишимни эшитган рус дўстларидан бири менга Пушкиннинг "Шоҳ Султон ҳақидаги эртак" китобини совға қилганди. Гарчи қишлоқдаги тенгқурларим орасида русча биладиган бола сифатида ном чиқарган бўлсам-да, бу китобни неча бор ўқимай, тушунмадим. Ўшанда рус тилини ўрганишга аҳд қилганман. Мактабни битирдим, университетга ўқишга кирдим. Омадим бор экан, университетда мен даврининг билимдон муаллими Нина Фёдоровна Халидованинг гуруҳига тушдим. Нина Фёдоровна рус тили грамматикасини чуқур ўргатиш билан бирга рус тилидаги бадиий адабиётларни ўқиттирар, ўзбекча кичик масал, эртак, латифаларни русчага таржима қилдирар, хато-камчиликларимизни эринмай тушунтирар эди. Зотан, асар таржима қилиш тил ўрганишнинг энг яхши ва қулай йўлларидан бири. Кейинчалик фарзандларимга чет тилларини ўргатишда ҳам бу усулдан самарали фойдаландим. Таржимонлик фаолиятим ана шундай бошланган. Лекин, афсуски, бу илк таржималар сақланиб қолмаган. Русчадан ўзбек тилига дастлабки таржималарим "Тошкент оқшоми" газетасида босилиб чиққан. Улар орасида "Габрово ҳангомалари" яхши баҳо олган эди. Ҳозирги вақтга келиб рус, турк, озарбайжон, туркман тилларидан таржима қилган ва чоп этилган роман, қисса, ҳикоя, шеър, рисола, тад­қи­қотларимнинг сони қирққа яқин.

— Болалигингизда Сиз тўқнаш келган ноҳақлик... хотирлай оласизми?

— Бизнинг болалигимиз шўролар даврига тўғри келган. У давр ноҳақликларга тўла эди. Ҳаётдаги ноҳақликлар орасида энг даҳшатлиси қишлоқ аҳли, колхозчиларнинг қуллик даражасига тушириб қўйилгани эди. Тонг саҳардан қоронғи тушгунча даладан чиқмайдиган, лекин ҳеч қачон бири икки бўлмаган деҳ­қоннинг ўз ҳақ-ҳуқуқи, инсонлик шаъни учун бош кўтармаслиги бундан-да даҳшатлироқ эди. Колхозчиларнинг болалари ҳам пахта ичида катта бўлар, пахтадан бошқа нарсани билмасди. Тоталитар тузум колхозчини тинмай мақтаса-да, уни "тушовлаб" қўйган, яъни ҳеч қаёққа кетолмаслиги учун ҳатто паспорт ҳам бермасди. Тенгқурларим ўқишга кириш, "одам бўлиш"ни бу қулликдан қутулишнинг ягона йўли, деб билишарди. 1966 йилда ўрта мактабни тамомлаган ва олий ўқув юртига ўқишга кирмоқчи бўлган ёшларни колхоз клубига йиғишди. Раис муовини ўқишга талабгор ёшларни битта-битта тур­ғазиб, "фалончи, сенга справка берамиз, ўқишга борасан, писмадончи, сенга справка бермаймиз, ўқишга бормайсан, колхозда ишлайсан", дея бошлади. Ёшлар у бу қарорини қайси мезонга асосланиб айтаётганини тушунолмай гаранг. Навбат менга келганида "Сенга рухсат йўқ, ўқишга бормайсан", деди. Ғалатиси шундаки, муовин бу лавозимга кўтарилишидан олдин мактабимизда бизга адабиётдан дарс берган, билимимни ҳамиша "аъло"га баҳолаган эди. Бунинг устига залда ўтирган синфдошларим мени қўллаб: "У мактабни олтин медаль билан тамомлади-ку!" деб қичқиришди. Муовин: "Яхши, унда олтин медалли колхозчимиз бўлади", деди заҳарханда билан. Алам қилди, ўрнимдан турдим-да: "Справка берсангиз ҳам кетаман, бермасангиз ҳам кетаман, ўқишга кираман!", дея ҳайқирдим. Уйга қайтиб, отамга бўлган воқеани айтдим. Отам кўп йиллар колхозда бош инженер бўлиб ишлаган, сўнг нафақага чиққан, туман раҳбарлари орасида обрўси бор эди. "Бу гап раисдан чиқмаган бўлса керак, қани юр, Жуманиёзовнинг ўзи билан гаплашайлик-чи", дедилар. Колхоз раиси Жуманиёзов илгари туманда учинчи раҳбар бўлиб ишлаган, маърифатли киши эди. Бизни жуда яхши қабул қилди. Медаль билан тамомлаганимни эшитиб, мақтади. Сўнг: "Муовин бекор айтибди, справкани биринчи навбатда сенга берамиз, бор Тошкентга, ўқишга кир, ўқи, одам бўл", деди. Хуллас, паспорт ўрнига бериладиган маълумотнома қўлимга тегди. Бироқ унда: "фақат уч ой муддатга" деган ёзув бор эди. Бу ўқишга киролмасанг, яна колхозга қайтишга мажбурсан, дегани эди. Мен-ку, университетга кириш бахтига муяссар бўлдим, аммо неча-неча қобилиятли тенгдошларим маълумотнома беришмагани учун ўқишдан қолиб кетди, "йиқилган"­лари қайтиб, колхозчи бўлди.

— Болаликда Сизни илк бор ҳаяжонга солган китоб...

— Этель Лилиан Войничнинг "Сўна" романи, Ватан озодлиги учун, ҳуррият жонини ҳам қурбон қилган Артурнинг жасорати.

— Халқимиз орасида "боладай беғубор", деган ибора юради. Беғуборлик болага ҳам, ижодга ҳам, ижтимоий муносабатларда ҳам жуда керакли фазилат. Нима деб ўйлайсиз, катталардай яшаб, боладай ёзиш ижодкорга муваффақият олиб келмайдими ёки бунинг иложи йўқми?

— Бола ҳаётдаги қалбакиликни, адолатсизликни жуда тез фаҳмлайди. Асар қаҳрамонлари жозибали бўлмаса, китобни ўқимайди. Болага манзур асар ёза оладиган, унинг қалбида адолат, эзгулик туйғуларини шакллантира оладиган ёзувчи бўлиш учун жуда катта маҳорат эгаси бўлиш керак.

Азизбек ОДИЛОВ

суҳбатлашди