“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

ЮЛДУЗ ТЎЛА ОСМОНИМ

Марям САТТОРОВА,

Ўзбекистон халқ артисти:

ЮЛДУЗ ТЎЛА ОСМОНИМ

Болалиги бўлмаган одамдан ижодкор чиқмайди

Ҳар тун бувим эртак айтиб берарди. Биз болалар бутун вужудимиз қулоққа айланиб тинглардик. Айниқса, ёзнинг се­ҳрли оқшомлари ой ва юлдузларга тикилиб, эшитганларингни тасаввур қилишдан завқлироғи йўқ эди. Ўша пайтлар бувимнинг эртакларида бор, аммо ҳаётда учрамайдиган сеҳргар-у афсунгарлар дейсизми, дев-у парилар — ҳаммасини осмонда яшайди, деб ўйлардим. Шу сабабданми, болалик десам, ёдимга юлдузларга тўла само тушаверади. Тўғри, у ҳозир юлдузлардан ҳам олисда. Бироқ шуъласи ҳамон ҳаётимни ёритиб туради.

Мени икки бувим катта қилган. Улар ён қўшни эди. Негадир мени бир-биридан қизғонар, ҳали униси, ҳали буниси ўз ҳовлисига олиб чиқиб кетарди. Мактабга боришим ҳам қизиқ бўлган. Ўша пайтларда сумка, кийим-кечаклар камдан-кам сотиларди. Қўлда тикилган сумкаларни кўтариб мактабга бориларди. Бувим менга ҳам ўз қўллари билан сумка, кўйлак тикиб берган. Аммо тикканлари менга ёқмаган, мактабга бормайман, деб роса жанжал қилганман. Бувим алдаб-сулдаб, зўрға олиб борган. Бўлажак синфдошларим кичкина-кичкина эди. Уларни кўриб, яна ўқиш фикридан қайтганман. "Ҳаммасининг бўйи мендан паст экан, ўзимдан кичиклар билан ўқимайман, уяламан", — дея туриб олганман. Кейин рўмол ўраган, бўйлари узун бир муаллима келиб ҳаммамизни синфхонага олиб кирган. У жуда мулойим, доим паст овозда гапирадиган аёл эди. У бизни тинчлантириб, парталарга ўтирғизди. Сўнг ким қанақа шеър билса, айтиб берсин, деди. Биринчи қатордагиларни турғизиб сўрай бошлади. Навбат менга етиб келди. Шартта ўрнимдан турдим-да, мен қўшиқ айтмоқчиман, дедим. Биринчи ўқитувчим ҳайратланиб: "Қўшиқ айтишни биласанми? Майли, айтақол", деди. Қўшиқ пастда туриб айтилмайди, баландроқ жой керак, деб партанинг устига чиқиб олдим. Биринчи кундан куйлаб бердим. Гулжаҳон опа қувониб кетди. "Баракалла, шу овозинг, шу қизиқишинг билан насиб бўлса бир куни Халқ артисти бўласан", — дея мақтади. Мактабдан хурсанд бўлиб қайтдим. Бувимга: "Мактаб яхши экан, ўқитувчимиз ҳам. Сумкам ҳам, ки­йимларим ҳам, қўшиғим ҳам уларга ёқди. Энди ҳар куни бораман", дедим. Мактабда қўшиқ айт­ганимни эшитиб, қани менга ҳам айтиб бер-чи, деди. Бувимнинг ҳай-ҳайлашига қарамасдан, дарахтнинг тепасига чиқиб олдим. Унга пастда туриб қўшиқ айтиб бўлмаслигини тушунтирдим. Менга қарамай турсангиз айтаман, дедим. Бувим рози бўлди, ерга қараб оппоқ рўмоллари билан юзини ёпиб олди. Энди авжга чиққанимда бувим чақира бошлади, эшитсам ҳам тўхтамадим. Қўшиғимни тугатиб қарасам, у жим ўтирибди. Буви, деб чақирсам ҳам қарамайди. Дарахтдан тушиб, ёнига югуриб борсам, йиғлаётган экан. Биронта томири узилиб кетса нима қиламан, деб қўрқиб кетибди.

Оилада саккиз фарзанд эдик. Ҳаммамиз бир жойда ўтириб дарс тайёрлардик. Ўзимнинг китоб­ларим қолиб, ака-опаларимникини ҳам қўймасдим. Қўлимга қандай китоб тушса, ундан шеър, ғазал излардим. Топиб олгач, ўзимча куйга солардим-да, хиргойи қилиб юраверардим. Уйи­миздаги радиони кун-у тун тинглардим. Қўшиқ матнини жуда тез ёдлаб олар ва худди ўзидай қилиб айтардим. Биринчи устозим Гулжаҳон опа ҳам санъатга бўлган муҳаббатимни аланга олдириб юборган. У доим мени қўллаб-қувватлар, келажакда, албатта, санъаткор бўлишимга ишонтирарди. Шу боисданми уларни жуда кўп эслайман. Баъзан рўмол ўраб ойнага қарасам, ўзимга кундан-кун ўқитувчимга ўхшаб бораётгандай кўринаман.

Санъатга ошуфталик, муҳаббат қонимда бор эди. Бу истеъдод момоларимдан ўтган. Улар айтган лапарларни тинглаб катта бўлганман. Кўчамиз аёллари йиғилиб, зикр айтарди. Кичиклигимданоқ буларни ёддан билардим. Ўн-ўн бир ёшларимдан санъат байрамларида қатнаша бошладим. Барча мусобақаларда биринчи ўринни олардим. Дастлаб, "Қашқарча ушшоқ", "Самарқанд ушшоғи", "Муножот" ларни куйлардим. Яқинларим овозимни йўқотиб қўйишимдан қаттиқ қўрқишарди.

Илк ўқиган китобларим халқ оғзаки ижодига оид бўлган. Эшитиб катта бўлганим учунми, билмадим фольклор ўзига ром қилиб олганди. Шеър ёдлашни, айтишни хуш кўрардим. Нуқул оналар ҳақидаги шеърларни топиб ўқирдим. Ўлмас Умарбековнинг "Одам бўлиш қийин" асаридан қаттиқ таъсирланганман. Шу боис бу асарни ҳалигача қадрлайман.

Ҳамма устозларим меҳрибон, ғамхўр эди. Негадир, ўзларига жуда яқин олар, худди фарзандидай ардоқлар, қўллаб-қувватларди. Консерваторияда ва ундан сўнг таълим берган — Саодат Қобулова, Ҳасан Ражабий, Турғун Алматов, Ўлмас Расулов ва биринчи ўқитувчим сабаб шу кунларга етдим. Ўзбекистон халқ ҳофизи Фаттоҳхон Мамадалиев соҳамизнинг етук мутахассиси. Унинг шогирди бўлиш катта бахт эди. Ҳеч ким овозни йўналтиришни у қадар билмасди. Баъзан мени ўзи ёнига чақириб олиб, ўргатарди. Саодат Қобулова ҳам опера, ҳам мақомчилик йўналишида тенгсиз эди. Бизда ҳалигача у каби икки йўналишда бирдай айтоладиган санъаткор етишиб чиққани йўқ. Саодат опа консерваторияда опера йўналишидан дарс берарди. Вақти бўлди дегунча мени машғулотга чорларди. Билганларини ўргатишдан завқланарди, соатлаб шуғулланардик. Опера йўналишидаги талабалар мендан устозни қизғониб: "Нега мақомдагиларга ҳам ўргатяпсиз?", дейишарди. Ҳаётда олтин-у кумуш билан узиб бўлмайдиган қарзлар бор. Наздимда, устоз-шогирд муносабатида ҳам шундай.

Хоҳ рассом бўлсин, хоҳ шоир-ёзувчи, хоҳ мусиқачи — болалигидан олислаб кетар экан, ундан яхши ижодкор чиқмайди. Ҳамма соҳада ҳам бу талаб қилинмайди. Бунинг иложи ҳам йўқ. Бироқ ижод, илҳом, санъат — булар тамоман ўзга олам. Самимий, болалик беғуборлиги тарк этмаган инсонгина нимадир ёза олади, чиза олади, куйлай олади.

Муяссар ИБРОҲИМОВА  ёзиб олди