“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

ПАРВОЗДАГИ ҚУШГА ЎХШАЙМАН...

Ҳалима

ХУДОЙБЕРДИЕВА,

Ўзбекистон халқ шоири:

ПАРВОЗДАГИ ҚУШГА ЎХШАЙМАН...

— Ҳалима Худойбердиеванинг ижодхонаси қандай олам? У асарларини қандай яратади? Ижод жараёнингиздаги изтироб ва севинч ҳақида сўзлаб берсангиз...

— Негадир доим тунда ижод қилганман. Қўлимга қалам олиб, ёза бошлаганимда ҳали мактабда ўқирдим. Кундузи мактабга борардим, кечаси ухламасдан ўқиб, ёзиб чиқардим. Онам ҳам менга қўшилиб ухламайдиган бўлиб қолди. У ярим тунда ёнимга кириб: "Болам, энди ухлай қол, эртага ёзарсан", дея чироқни ўчириб, чиқиб кетарди. Ҳадеганда уйқум келавермасди. Волидам ухлагач, яна ёзишда давом этардим. Орадан кўп йиллар ўтиб кетди. Онам вафот этганидан сўнг, қўшнимиз билан суҳбатлашиб қолдим. У гап орасида: "Раҳматли, туни билан ухламаслигингни ўйлаб азият чекарди. Гоҳида касал бўлиб қолса нима қиламан, деб кўзёш тўкарди", деди. Бедорлигим билан онаизоримни ҳам қийнаб қўйган эканман.

Тунда бутун олам тин олади, сокинлик ҳукм суради. Кечаси ёзсанг, худди Худо билан ёлғиз гаплашаётгандай бўласан. Бу пайтдаги ҳолатимни учиб кетаётган, парвоздаги қушга ўхшатаман.

"Осойишта шаъм" деб номланган охирги китобим нашрдан чиқди. Китобларинг худди фарзандларингдек азиз бўларкан. Бу китоб сўнги йиллардаги алғов-далғовли йилларимиз ҳақида. Унинг ичида "Даҳшатли ёз" номли катта туркум ҳам кетяпти. Китобнинг муқовасини олиб келишганда ҳақиқатан қаттиқ ҳаяжонга тушдим. Олдин ҳам ҳаяжон бўларди, аммо бу галгиси бошқача бўлди. Баъзан китобларинг, ёзганларинг жонингнинг парчаларига айланиб қолса керак, деб ўйлайман. Ҳаяжонини йўқотган одам қуруқ дарахтнинг ўзгинаси. Қуруқ дарахт эса мева бермайди.

— Ёзиш қачон эҳтиёжга айланади? Шоир учун ёзолмай қолиш нима?

— Ёзиш эҳтиёж ижодкорнинг доимий ҳамроҳи. Доим ичингда ғалаён бўлади, нималарнидир қоралашни ўйлаб юрасан. Худога шукур, қачон қўлимга қалам олиб, ёзишга ўтирсам ёзганман. Ёзолмай қолиш нима эканлигини билмайман.

— Адабиётнинг, ижоднинг, илҳомнинг илоҳийлиги борасида фикларингиз қандай? Шоирга илҳом қанчалик зарур?

—   Агар илҳом бўлмаса, ҳамма шоир бўлиб кетиши мумкин эди. Адабиётнинг илоҳийлигига ўз ижодимдан бир мисол келтираман. Йигирма ёшимда ёзилган, биринчи китобимга ҳам киритилган битта сатр ёдимга тушди:

Сочлар оқарганда эслаймиз -

Сархуш баҳор, куз ўтганини.

Кимларнидир рад этганмиз биз,

Кимлар бизни рад этганини.

Йигирма ёшли одамга бу фикрларнинг келиши бевосита илоҳият билан боғлиқ. Умуман ҳақиқий ижодкорга нима берилса, ҳаммаси тепадан берилади. Сатрларнинг қаердан келганини ўзинг ҳам билмайсан. Шу давр мобайнида бир-бир кўзга ташланиб қолардим. Тахминан тўқсон тўртинчи йилларда:

Кетганда жим кетмоғимга йўл бермадилар,

Қайтмоғим ҳам қарқарали бўлиши аниқ.

Шуларни ўйлаб, яна бир бор буларнинг бариси илоҳиятга дахлдорлигини ҳис этаман.

— Инсон нимага қодирлигини ўзи билади ва табиийки, энг тўғри баҳони ўзига-ўзи бера олади, дейишади. Сиз ўзингизни қандай шоирман, деб ҳисоблайсиз?

— Баҳони одамлар, халқ бергани маъқул. Ковалевский: "Мен ақлим етган, хаёлимга келган гапни айтаман. Қўлимдан келган ишни қиламан, қолгани нима бўлса бўлар" — дейди. Мен ҳам қўлимдан келганча ёзганман, бундан кейин ҳам шундай бўлади.

Самодил суҳбатлашди