“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

БУТУН БОРЛИҚ ИЖОДХОНАМДИР...

Ҳалима АҲМЕДОВА

БУТУН БОРЛИҚ ИЖОДХОНАМДИР...

— Ҳалима Аҳмедованинг ижодхонаси қандай олам? У асарларини қандай яратади? Ижод жараёнингиздаги изтироб ва севинч ҳақида сўзлаб берсангиз...

— Ҳеч қачон менда махсус ижодхона бўлмаган. Бир пайтлар дўстларим: "Фалончи ёзувчининг ижодхонасини кўрдим, зўр экан" — дейишганида жуда ҳавасим келган. Ва бир куни мен ҳам ўзимга шундай ижодхона қилишни ниятқилганман. Ростини айтсам, ўзимга уйимнинг бир бурчагидан ижодхона ясатиб олдим. Аммо мени нимадир бўғиб қўйгандек бўлди. Руҳим бу бўғилишдан типирчилагандек бўлади.

Одатда, мен борлиқни ўзимга ижодхона, деб тасаввур қилиб йўлда, бекатда, автобусларда энг яхши шеърларимни ёзганман. Шунинг учун ҳам ясатилган ижодхонамни ташлаб, яна борлиқдаги ҳаракат қўйнида ижод қилишни маъқул кўрдим.

Махсус тайёргарлик билан ёзмайман. Ҳис қиламан: қалбимда аллақандай ёввойи тўлқин уйғонади. Бирдан кўнглим майинлашиб қолади. Ва мен нималарнидир қоралай бошлайман. Ўша лаҳзада на изтиробни, на севинч­ни ҳис қиламан. Назаримда, ўзимдан жуда олислаб кетаман...

— Ёзиш қачон эҳтиёжга айланади? Шоир учун ёзолмай қолиш нима?

— Болалигимдан қовунхўрман. Шунинг учун қовун пишиғини интиқиб кутаман.

Яқинда уйимиз олдидаги бозорчадан қовун олдим. Уйга келиб, тамшаниб карчласам, хом чиқди. Қовун сотувчига дарҳол элтиб бердим-да, ўрнига бошқасини олдим. Сотувчи қовунни чиқинди идишига ташлади. Бу ҳол уч бора такрорланди. Охири ҳафсалам пир бўлди, қовун олишдан воз кечдим-да, пулимни қайтиб олдим.

Худди "шундай" адабиётимизда ҳам хом шеърлар кўпайди. Ёзиш эҳтиёжи туғилмай ёзилган шеърлар катта-катта китоб бўлиб чиқаяпти. Уларнинг муқовасига алданиб сотиб оласан (Худди мен қовуннинг рангига учгандай). Ва уч-тўртта шеърни ўқиб, китобни дуч келган томонга ирғитиб юборгинг келади. Улоқтириб юборасан ҳам. Аслида, шеър кўнгилга зарб билан келади. Руҳингни алғов-далғов қилиб юборади. Ёзмасанг юрагинг парчаланиб кетадигандай бўлаверади. Ана шуни эҳтиёж, деб ўйлайман. Ёзолмай қолганимдагина унинг қандай фожеа эканини англасам керак. Ҳозирча у фаслга етиб келганим йўқ.

— Адабиётнинг, ижоднинг, илҳомнинг илоҳийлиги борасида фикларингиз қандай? Шоирга илҳом қанчалик зарур?

— Назаримда, юқорида таъкидлаганимиз — ёзиш эҳтиёжининг ўзи илҳом бўлса керак. Инсоннинг руҳияти илоҳий бўлгандан кейин ижод жараёнида ҳам биз билмаган қайсидир оламнинг нафаси тегиб туради.

— Инсон нимага қодирлигини ўзи билади ва табиийки, энг тўғри баҳони ўзига-ўзи бера олади, дейишади. Сиз ўзингизни қандай шоирман, деб ҳисоблайсиз?

— Инсон нимага қодирлигини ўзи билиши мумкин. Аммо ижодкор халқи бундан мустасно. Улуғ шоиримиз таъкидлаганидек, бу кўҳна бозорда молим ёмон, деган ижодкорни ҳали учратмадим. Ўзимга келсак, кўксимга муштлаб "мен зўрман" — дейиш даражасидаги шоир эмасман. Юрибман-да гоҳ пойгакда, гоҳ ўртада бир пой калишимни судраб...

Муяссар суҳбатлашди