“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

КИТОБ ТУМАНИДА КИТОБХОНЛАР КЎП

 

КИТОБ ТУМАНИДА КИТОБХОНЛАР КЎП

3 август куни муҳтарам Президентимиз Ш.Мирзиёев миллий маданиятимизнинг кўзга кўринган вакиллари, шоир ва адиблар, театр, кино, мусиқа санъати соҳасининг таниқли ҳамда ёш вакиллари билан, санъатшунос олимлар, журналистлар билан учрашди. Бу албатта барчамизнинг дилимиздаги истак, кутилган ва айни пайтда мутлақо кутилмаган воқеа бўлди. Давлатимиз раҳбарининг айтган ҳар бир гаплари, талаб ва таклифлари, эътирофлари йиғилганларда ва умуман халқимиз қалбу тафаккурига илиқлик олиб кирди. Юртбошимиз томонидан ижод аҳлига билдирилган ишонч, берилаётган имкониятлар, амалга оширилиши лозим бўлган ишларга тамал тоши бўлди, дейиш мумкин. Самимий тарзда ўтган давра суҳбати санъаткорлар, кино ва театр, аҳли адабиёт соҳасининг етук вакиллари зиммасига ўз навбатида катта масъулият юклади. Шу муносабат билан, мен ҳам китоб ва китобхонлик бўйича айрим фикр-мулоҳазаларимни баён этишга чоғландим.

Мутолаанинг эҳтиёжга айланиши, хусусан, ҳар бир одам уни ўзидаги эҳтиёж, деб қабул қилиши қувонарли ҳолдир. Айниқса, бу — мутлақо табиий шароитда бўлса. Инсон туғилиб, атак-чечак қила бошладими, демак, мутолаага эҳтиёж бор. Шу туфайли, боболар, бувилар, ота-оналар минг йиллардан буён фарзандлар онгига халқ оғзаки ижодини, миллий қаҳрамонларимизнинг жасоратларини сўзлаб келишади. Ўқишга бўлган эҳтиёж бора-бора тарбиянинг мустаҳкамланишига, таълим олишнинг самарали воситасига айланади. Ана шунинг учун инсон дунёга келдими, демак, у учун мутолаа табиий эҳтиёж бўлиб қолаверади. Ҳатто яна минг йиллардан кейин ҳам. Ўқиёлмай қолиш, китобдан кўнгил совиши... даҳшатли ҳодиса. Кимда шу жараён юз берса, билингки, у онгсиз, қалбсиз бўлиб қолади.

Муҳтарам Президентимиз эса бекорга китоб ва китобхонликни тарғиб қилмаяптилар. Бежизга ёшларимизни, фарзандларимизни қайта-қайта зиёли бўлишга, китобсевар, китобйиғар, китобёзар бўлишга чақирмаяптилар. Президентимизнинг 2017 йил 12 январдаги Фармо­йишларида ёш авлоддан катта ишлар, улкан марраларни забт этиш кутилаётганлиги ва ҳали ёшларимиз юртимиз байроғини бутун ер юзи бўйлаб ҳилпиратиб туриши лозимлиги назарда тутилган. Шу боис ҳам биз ўзбек халқи, ўзбек миллати китоб ва китобхонликни тарғиб этишимиз, тинимсиз ўқишимиз, фарзандларимизни билимли ва илмли бўлишларида саъй-ҳаракатларни сусайтирмаслигимиз лозим. Ана шунда буюк Ўзбекистон ўзи истаган барча довондан ҳеч қийинчиликсиз оша олади, ва албатта, катта марраларни забт этади.

Биласизми, биз ўтиш даври, техника асри ва мана энди глобаллашув, ахборот асри деяпмиз. Буларнинг ҳаммаси тамаддун. Қачонлардир тошбитиклар бўлган. Териларга ёзишган. Хабарлар, воқеалар оғизма-оғиз кўчиб юрган. Кейин газета-журналлар пайдо бўлди. Радио яратилганда хабарлар лаҳзада одамларга етиб борди. Телевидение кашф этилганда хабарчиларнинг сони мукаммаллашган ҳолда биттага кўпайди. Интернет жаҳонга бўй чўзди-ю... Одамлар энди газета-журналга, радио ва телевидениега эҳтиёж сусаяди, интернет ўргимчак тўри дейиляпти, у дунёни эгаллайди, деб ўйлашганди. Ҳар бир янги хабарчи ихтиро қилинганда шундай қарама-қарши фикрлар бўлган. Аммо гувоҳи бўлиб турибмизки, ҳар нарсанинг ўз вазифаси, масъулияти бор. Фақат энди хабар олиш, хабар бериш турлари кўпроқ. Бир-бирини инкор қилмайди. Ҳаммаси бир вазифани турлича усулда бажаради.

Китоб эса, бот-бот такрорлаб чарчамайман: минг йиллар аввал ҳам бўлган, минг йиллар кейин ҳам бўлади. Бир нарсага эътибор беринг, шундай тезкор ахборот даврида ким нима яратаётган, ўргатаётган ва ўрганаётган бўлса, ҳеч ким хабарчилардан эшитиб ё кўриб эмас, китобдан ўқиб, назарияси, тажрибасини бойитиб яратяпти, ўрганяпти ва ўргатяпти. Шунинг учун китобнинг ўрни қайси даврда, қай вазиятда бўлишидан қатъий назар, ҳамиша ўта аҳамиятли, жуда долзарб ва муҳим бўлиб қолаверади. Газетани пайдо қилган ҳам, радио ва телевидениени яратилишига сабабчи ҳам, интернетни кашф қилган ҳам — Китоб. Бир гап билан айтганда, китоб — барча нарсанинг негизидир. Шуни унутмаслигимиз лозим.

Яна бир гап, анъанавий ва электрон китоблар ҳақида гап кетганда, уларни ўзаро чоғиштириш, даврлар ўтиб бири иккинчисини сиқиб чиқариши ҳақидаги баҳслар анча пайтдан буён давом этиб келяпти. Ўйлаб қоламан, улар ўртасига тўсиқ қўйиш, бир-биридан ажратиш тўғримикан?! Чунки, ҳар иккаласи ҳам туб моҳияти билан китобга ошноликнинг ифодачиси. Уларни қўшқанотга айлантириш ўрнига қарама-қарши қутбларга ажратиб ташланса, кўпроқ зарар бўлмайдими? Албатта, зарар бўлади. Негаки, оммани китобдан ҳам, техник тараққиёт маҳсулларидан ҳам ажратиб бўлмайди. Бу хато. Мен ҳали айтдим, китоб — барча нарсанинг негизи. Бугун кўпгина китоблар ҳам электрон шаклда интернетга жойлаштирилган. Ўқувчига қўйинг, тегманг. Қай йўсинда илм олишни истаса, йўл очиб беринг! Интернет ё компьютердан ўқима, китоб ўқи. Ёки аксинча... Бу куракда турмайдиган ҳолат-ку. Инсон, эҳтиёжманд киши нимага эҳтиёж сезса, қай йўсинда бўлса уддасидан чиқиб фойдаланаверсин. Тўғри, анъанавий китобнинг меҳри, тафти тамомила ўзгача. Бироқ электрон мутолаа ҳам фойдадан бошқа нарса эмас. Интернетнинг беҳаё сайтлари-ю, буз­ғунчи тарафларини гапириш бошқа масала. Зотан, яхшилик кўриш ва кўрсатишнинг неча хил усули бўлса, барчасидан фойдаланишимиз лозим. Бир манзилга элтувчи икки йўлнинг қай биридан бориш, инсоннинг ўзига ҳаволадир.

Ўқувчи сифатида айтаманки, инсоннинг дунёқараши унинг мутолаа жараёнига нечоғлик ошнолиги билан белгиланади. Менинг нуқтаи назаримга кўра, аввало, ҳар бир юртдошимиз ҳазрат Навоий ва Мирзо Бобур боболаримизни яхши билишлари лозим. Қодирий, Қаҳҳор, Чўлпон, Усмон Носир, Ойбек, Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов... бу сафни узоқ давом эттириш мумкин. Ахир дунё тамаддунига тамал тоши қўйганларнинг барчаси бизнинг бобокалонларимиз-ку... Имкон қадар барчасининг бебаҳо хазиналаридан баҳра олмоқлик бизнинг қарзимиз.

Бироқ мен Қодирий бобонинг асарларини севиб ўқийман. Унинг китобларида инсон тафтини туяман. Одоб-ахлоқнинг бош мезонларини кўраман.

Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда одамлар китобни унутгани йўқ. Шунчаки, танаффус қилди холос. Компьютернинг пайдо бўлгани эса, илм олиш йўлларини янада бойиганини билдиради. Ҳар нарсадан самарали ва мақсадли фойдаланиш тафаккури, юраги бор одамнинг ўзига боғлиқ.

Биласизми, мен раҳбарлик қилаётган Китоб тумани Қашқадарё вилоятида ўз тарихи, маданияти ва анъаналарига эга,   адабиёт ва санъат  ривож топган  гўшалардан бири. Бизда ўзбек мумтоз адабиётининг таниқли намояндаси Мулла Қурбон Хиромий, ўзбек бахшичилик мактаби устунларидан бири Абдулла Шоир Нурали ўғли яшаб ўтган. Муҳаммаджон Раҳмон, Маҳмуд Сатторовлар ўз ижоди ва илмий фаолияти билан ўзбек адабиёти ва тилшунослигида муносиб ҳисса қўшишган. Айни пайтда ҳам  республикамиз пойтахтида Мурод Хидир,  Зебо Мирзо, Зебо Раҳимова, Норқобил Жалил, Ғайрат Мажид каби ижодкорларимиз самарали ижод қилишмоқда. Туманнинг ўзида ижод қилаётганлар ҳам кўп. Шу йил Ўғилой Неъматова қизимиз адабиёт йўналиши бўйича Зулфия номидаги республика давлат мукофоти соҳибаси бўлди.

Туманда китобхонлик маданиятини ошириш бўйича қатор ишлар амалга ошириляпти. Шу йил июнь ойида туман маданият ва истироҳат боғида "Китоб байрами" тадбири бўлди. "Мактабга китоб билан ташриф" хайрия тадбири орқали  мактаб кутубхоналари 10 мингга яқин бадиий адабиётлар билан бойиди. Китобхонлик маданиятини оширишга қаратилган яна бошқа кўплаб танловлар, ижодий кечалар, китоб тақдимотлари ўтказилди.

      Бир сўз билан айтганда, китоб мутолааси ва китоб маданиятини ошириш ёш авлоднинг интеллектуал салоҳияти, дунёқараши, сиёсий онги, фуқаролик фаоллиги ҳамда маънавий савиясини юксалтиришнинг энг муҳим воситасидир.

Рустам САГДУЛЛАЕВ,

Китоб тумани ҳокими