“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

«ДОСТОНЛАР ОЛИМ БЎЛИШИМГА АСОС БЎЛГАН»

Ҳамиджон ҲОМИДИЙ

 

 

«ДОСТОНЛАР ОЛИМ БЎЛИШИМГА АСОС БЎЛГАН»

1-синфга борган кунингизни қандай эслайсиз?

— Биз Косонсой шаҳридаги Корхонамасжид тор кўчасида яшар эдик. Қўшнимиз Инсофали Кўчаков Тельман номидаги мактабда ўқитувчилик қиларди. Бизнинг кўча билан мактаб жойлашган мавзе ўртасида катта «селхона» ўтган эди. У ерда қишин-ёзин сув оқиб турарди. Биринчи синфга борган илк куним устоз Кўчаков «селхона»дан ўтказиб қўйганлари ҳали-ҳануз эсимда. Устозим ана шу меҳрни, тўрт йил давомида ҳеч канда қилган эмас.

Ўнинчи синфни тугатиш арафасида интернатда устимга ёпиниб юрган хитойдан келтирилган «одеяло» ёпинғични кимдир ўғирлаб кетди. Шу туфайли битирув оқшоми тантаналарига ҳам киритилмадим, ҳатто аттестат ҳам беришмади.

Ота-онам эрта ўтиб кетган, мен тоғамнинг қарамоғида қолгандим. Бекор юрганим боис, тоғам қўшни Қирғизистондаги Сумсар, Шоҳкаптарларга Косонсойдан мева олиб борадиган савдогарларнинг эшагини ҳайдаб боришга қўшиб қўйди. Ҳар ҳафта Сумсар ё Шоҳкаптарга қатнаб юрдим. Бир куни сафардан кеч қайтганимиз учун, соат кундузги ўн бирларгача ухлаб қолибман. Янгам мажбуран турғизиб, нонушта тайёрлаб берди. Сўнг туман марказидаги сой соҳилига бориб, оёқларимни саланглатиб ўтирсам, биров «Ҳамидов, бақа кел», — деб чақирди. Овоз келган томонга қарасам, сойга киритиб қурилган ошхонанинг айвонида интернатимизнинг директори Миша ака Гейдаров мени чорлаяпти. Негадир чопқиллаб бордим ёнига.

— «Одеяло»ни «списат» қилдик. — Ма, аттестатингни ол, — дея, ағдарма этигининг қўнжидан бир газетани олиб узатди. Газетанинг ичида иккига бўлинган аттестатим турарди. Қувончимдан ичимга сиғмай, оёғимни қўлимга олиб уйга югурдим. Келибоқ тоғамга кўрсатдим. Тоғам уни эҳтиётлаб, сирачлаб ёпиштирди. «Эртага буни исполком котиби, устозинг Абдуқодир Муродовга олиб бор. У сенга иш беради» — дея қайтиб қўлимга тутқазди. Устозим туман газетасининг бош муҳаррири Раҳим Отажоновга сим қоқди. 1953 йил 18 майдан бошлаб туман газета редакциясида кассир, босмахонада ҳарф терувчи шогирд бўлиб ишлай бошладим.

Биринчи ёзган мақолангиз нима ҳақда эди?

«Сталин» номли туман газетасининг масъул котиби Муҳаммаджон Қосимов менга мақолаларни ўқиш, рўйхатга олиш ва қисқача мазмуни ёзиб қўйиш вазифасини юкларди. Баъзан мақолаларни қайта ишлашга ҳам мажбур қиларди. Бир куни таҳририят яқинида жойлашган «1-Май» артели ҳақида мақола ёзишни топширди. Атлас тўқиш цехининг ютуқлари ҳақида мақола ёзиб келдим. Устозим Муҳаммаджон Қосимовнинг жиддий таҳриридан сўнг, газетада «Атласчилар туҳфаси» деб номланган илк катта мақолам эълон қилинган.

— Болалигингизда Сиз тўқнаш келган ноҳақлик... хотирлай оласизми?

Кунлардан бир куни мен ишлаётган газетанинг муҳаррири Раҳим Отажонов: «Кассадан олтмиш минг сўм пул олиб келиб бер» — деди. Бу гапни бош ҳисобчи Нина Волковага айтдим.

— Бошлиқ айтгандан сўнг беравермайсизми, маошидан ушлаб қоласиз, деди. Пулни келтириб бердим. Маош тар­қатиладиган куни бошлиққа олтмиш минг сўмни бермадим. Муҳаррир эса мен сендан ҳеч қандай пул олмаганман, дея тан олмади. Ҳисобчининг гувоҳлиги ҳам ўтмади.

— Икковинг ҳам туҳматчи, аблаҳсанлар. Бошлиққа туҳмат қилди деб, ишдан ҳайдайман, деди.

Сўнг Нина опа: «Қўяверинг, ҳар ой маошимиздан оз-оздан чегириб, йил охиригача тўлаб қўямиз», деди. Бу воқеадан ҳанузгача ларзага тушаман.

Болаликда Сизни илк бор ҳаяжонга солган китоб...

Тўғрисини айтсам, бизнинг хонадонимизда замонавий китобларга қизиқадиган, сотиб оладиган одам йўқ эди. Лекин тоғам ҳар ўн беш кун, бир ойда дарвоза ёнидаги болохонада ё қиссахонлик, ё бахшилар гурунгини ташкил қилар эди.

«Қаҳрамони қотил», «Аҳмади Замжи»«,Машраби девона», «Або Муслим», «Саид Баттоли Ғозий», «Қиссаи Жамшид», «Шоҳнома»ни илк бор ана шу қиссахонликда тинглаганман. «Алпомиш», «Гўрўғли Султон», «Рустам», «Зеби», «Равшан» достонларини уйимиздаги гурунгларда косонсойлик бахши Маллавой Ҳошимовдан эшитганман. Менинг адабиётшунос, шарқшунос олим бўлишимга ана шу маҳфил тамал тошини қўйган бўлса, ажаб эмас.

— Халқимиз орасида «боладай беғубор» деган ибора юради. Беғуборлик болага ҳам, ижодга ҳам, ижтимоий муносабатларда ҳам жуда керакли фазилат. Нима деб ўйлайсиз, катталардай яшаб, боладай ёзиш ижодкорга муваффақият олиб келадими ёки бунинг иложи йўқми?

— Ҳар бир инсон, доим болалигини қўмсаб, эслаб яшайди. Демак, боладай руҳият, боладай беғубор бўлишга интилиш, барчага бирдай муносабатда бўлиш, ҳар бир комил инсоннинг сувратида ҳам, сийратида ҳам зуҳур этади. Лекин қандай қоғозга тушириш, ижодкорнинг маҳоратига ва ниятига боғлиқ.

Суҳбатдош Азимжон ДАВРОНОВ,

RIMSAL она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси