“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

«МЕНИ КИТОБ ТАРБИЯЛАЙДИ»

Мирза АЗИЗОВ,

Ўзбекистон халқ артисти

«МЕНИ КИТОБ ТАРБИЯЛАЙДИ»

Табиатимда душманимга ҳам яхшилик қиладиган одатим бор. Таъна қилсам, фақат қилган яхшилигим билан таъна қиламан. Чунки одамзодни тарбиялашнинг бошқа йўли йўқ-да!

Мен санъаткорман. Санъатнинг, адабиётнинг биринчи галдаги вазифаси — инсонларни тарбиялаш. Санъаткорнинг вазифаси ана шу тарбия манбаини кўрсатиш. Қанийди ҳамма ҳам буни билса, англаса...

Одам боласи айб ишни, гуноҳ ишни жавоби нариги дунёда эмас, бу дунёда бўлади, деб ишонса, демак, унинг юрагида Худоси бор. Унинг юраги тоза.

Биз санъаткорлар тинмай шуни ўргатгимиз, уқтиргимиз келади, албатта, авваламбор, бунга ўзимиз ҳам амал қилишимиз керак.

Биласизми, мен тарбия­ни китобдан оламан, бадиий асар ва шеърият мени тарбиялайди!

Бир асарда ўқигандим: Самарқанд шаҳридаги бир музей директорининг тушига Бибихоним кираверар экан! У киши нажот истаб, бор пулини сарфлаб, рус ўлкасига бориб, Бибихонимнинг мумланган майитларини ўраб, дурадгорларга сандиқ ясатиб олиб келаётганда, бир жойга тўхтайди. Одамлардан «Кимнинг ўлигини олиб келаётганимизни биласизларми», деб сўрайди. Мардикорлар «Йўқ, билмаймиз», дейишади. «Бу сандиқнинг ичида Амир Темур бобомизнинг севимли рафиқаси Бибихоним бор» дейди. Кейин тўртта мардикор «Шундай қимматбаҳо одамни олиб кетяпмиз, пулимизнинг устига қўшиб берасан», деб туриб олишади. Ҳалиги киши ноилож соатини сотиб пулини мардикорларга беради. Аэропортга боргандан кейин, рус учувчидан илтимос қилиб, Самарқандгача олиб келади. Демоқчиманки, ўқиган билан ўқимаганнинг фарқи шунда билинади.

Кўп китоб ўқиган одам кўп билишини эмас, аксинча, ўзининг саводсизлигини англаб бораверади. Ақлли одам бундай вазиятда яна ўқийди, изланади. Юртбошимизнинг таъбири билан айтадиган бўлсак, ҳамма китоб ўқиши керак! Китоб ўқимай туриб ҳеч нарсага эришиб бўлмайди.

 

Актёр ижодхонаси...

Китобларимиз бор, жудаям кўп китоблар бор. Айниқса, бу китобларнинг ичидан мумтоз адабиётимизнинг шоҳ асарлари бўлган Алишер Навоий бобомизнинг, Бобораҳим Машраб, Муқимий, Фурқат... Ойбек, Мақсуд Шайхзода, Чустий, Ҳалима Худойбердиева, Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Усмон Азим, Зулфия Мўминова, Қўчқор Норқобил, Хосият Рустамова ҳамда жаҳон драматургиясидан тортиб, барча жанрдаги китоблар мавжуд. Мен у китобларни қизиқиб ўқийман. Ўқиганинг сари янги қирралари очилиб бораверади. Бу асарларни ҳар ўқиганингизда янги илдизлар кўрасиз, янги майсалар бош кўтаради. Янги орзулар, янги қувонч­лар, янги ва ширин ташвишлар туғилади, кўксингизда, хаёлингизда...

 

Образ...

Мен ҳеч қачон образ яратдим демаганман, бу жуда катта даъво. Образ яратдим дейиш, устозларга хос: Раззоқ Ҳамроев, Лутфихоним Саримсоқова, Маҳмуджон Ғафуров, Соиб Хўжаев, Ҳамза Умаровларни образ яратган, деб биламан. Биз қўлимиздан келганча роллар ижро этиб юрибмиз. Доимо айтаман «Сўз — бирламчи!» Мен бирор ролни ўйнайдиган бўлсам, биринчи навбатда ўша пьеса ва сценарий сўзларининг залворини, унинг тагида биринчи, иккинчи планларда нима ётибди, тагидаги ним косасида нима борлигини билишга уринаман. Таҳлил қиламан ва ақлим етмаса, ўша пьесани ёзган драматургдан ёки бўлмасам бошқа устоз санъаткорлардан уялмасдан сўрайман, у хоҳ катта ё кичик бўлсин.

 

Рол ўйнолмай қолиш...

Бу актёр учун ҳаёт тўхтади дегани. Нимага ҳаёт тўхтайди? Сабаб, сенинг юрагинг ёнмай қолди, сени юрагингда эзгулик қолмади. Сен қанақадир бир ярамас ҳолатларга ёки бўлмасам салбий оқибатларга кириб кетиб қолдинг-да, сенинг юзинг, обрўйинг бўлган касб-корингдан, сенинг оилангни покиза луқмаси бўлган санъатдан узоқлашдинг. Демак, сен профессионал эмассанки, бугун рол ўйнаш қобилиятинг йўқолиб қолди. Бу жуда катта фожеа, чин фожеа! Ундан кўра, одам бу ҳаёт билан хайрлашгани яхши!

Бироқ рол ўйнолмай қолишнинг бошқа сабаблари ҳам бор. Қандайдир сабабларга кўра, бирорта саҳнага чиқмаяпсан! Ўзбекистондаги профессионал театрнинг бирорта саҳнасида йўқсан! Лекин сен йигирма беш йил, ўттиз йил, қирқ йил саҳнада эдинг! Бугун эса... Йўқсан! Уч-тўрт ойга қолмасдан сизни рол ўйнаш қобилиятингиз сусайиб кетади. Паганинининг «Агар бир соат чалмасам ўламан», дегани ростга ўхшайди. Шунга ўхшаб, актёрлик маҳорати бизни «инструмент»имиз, юрагимиз, қалбимиз! Агар биз рол ўйнолмай қолган бўлсак, демак, биринчи навбатда ўзлигимизни йўқотдик. Ҳақиқий уста, профессионал актёр, ёзувчи ёки шоир, охирги нафасида бир қатор ёзса ҳам қойил қилиб кетади дунёни! Охирги нафасида битта кичкина рол ўйнаса ҳам қойил қилиб ўйнайди. Лекин «Худога шукр, биз олтмишинчи, етмишинчи йилларда ўйнаб қўйганмиз», дейдиганлар бугун ҳам ҳеч нарсага ярамайдиган актёрлардир. Уларга жуда раҳмим келади, ачинаман. Ўшанда ҳам профессионал бўлган эмас... Улар бировларнинг соясида одам бўлиб юришган! Бугун ҳеч ким эмас, шундан Худо асрасин.

 

Илҳом...

Биласизми, илҳом барча ижодкорлар учун, актёр учун ҳам муҳим. Улар Худонинг элчиларига ўхшайди. Мен ҳақиқийлари ҳақида гапиряпман.

Боиси, яхшилик, эзгуликни, жамиятда яшаётган одамлар унутаётган пайтда ёки муаммоси ҳал бўлмаётган маҳалда, тўсиққа дуч келганда қандай қилиб айланиб ўтишга ақли етмасдан таназзулга юз тутаётган инсонларга тўғри йўл кўрсатиш учун элчи ёки элтувчи сифатида намоён бўлади. Биз яратган роллардан одамлар таъсирланади. Бизда ўзини кўради. Қандай йўл тутиш кераклигини ўрганади. Бирорта асар ёзувчи-драматург яратган образ йўқки, инсониятни ёвузликка бошласа. Барча китобнинг ниҳояси эзгулик. Барча қаҳрамоннинг ҳаёти ибратдир. Биз шуни халққа кўрсатамиз. Шу туфайли эзгулик элчиларига ўхшатишади бизни.

Зулхумор ОРИФЖОНОВА,

Нилуфар ҲОМИДОВА ёзиб олди