“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

КИТОБЛАРИМНИ ПУЛ УЧУН ЁЗГАНМАН

КИТОБЛАРИМНИ ПУЛ УЧУН ЁЗГАНМАН

Дорис Лессинг Эрон тупроғида туғилиб, Африка ерларида улғайган, узоқ йиллар Англия заминида яшаб, вафот этган дунёнинг машҳур ўзига хос аёл ёзувчиларидан бири. Бир текис ўтмаган ҳаёти унинг етук ижодкор бўлиб шаклланишига туртки бўлди. «Майсалар куйлайди» китоби Дорис Лессингни жаҳонга ёзувчи сифатида танитди. «Олтин кундалик», «Бешинчи бола», «Бувимникида»,  «Марта Квест»,  «Сириусдаги тажрибалар», «Терим остида» сингари бир қатор асарлари эса шуҳратини оширди ва у 2007 йилда Нобель мукофотига сазовор бўлди.

— Лессинг хоним, Шарқда туғилиб, Европада яшаяпсиз. Буни қандай изоҳлайсиз?

— Бир сўз билан айтганда, бу — ҚИСМАТ! Умр йўлдошим Готтфрид Лессинг билан танишув ҳаётимни буткул ўзгартириб юборди. Иккимиз Британия колониясига қарашли Жанубий Родезияда танишганмиз ва 1944 йилда турмуш қурганмиз.

— Германия ҳақида илк таассуротингиз қандай бўлган?

— Отамнинг ҳикоялари орқали тасаввурларим бор эди. Ахир у Биринчи жаҳон уруши даврида немисларга қарши курашган. Отам олмон тупроғида ярадор бўлган, бир оёғини йўқотган ва улкан руҳий изтиробни бошидан кечирган, бироқ қалбида немис миллатига нисбатан кек сақламаган ғаройиб одам эди. У менинг ҳам қалбимга бани башарга, ер юзида яшаётган барча миллатларга нисбатан меҳр-муҳаббат уруғини экди. Иккинчи жаҳон уруши даврида эса мен немис миллатига мансуб киши билан оила қурдим. Ўшанда отам қўлини дуога очиб, оқ фотиҳа берганида унинг нақадар буюк қалб эгаси бўлганини англаганман. Ишонинг, Германияни ҳозир ҳам яхши кўраман.

— Сиз Африкада кичкинагина, ташландиқ фермада ўсгансиз. Ижодингизда ҳам мавҳум болалик излари, яъни таъсири кўзга ташланади.

— Мен узоқ вақт ёлғизликда вақт ўтказардим. Ёввойи кенгликларда ов милтиғи билан соатлаб юрардим. Тўғрисини айтганда, камина ҳеч қачон ҳеч нарсадан қўрқмаган, илонлардан бўлак. ўаро­йиб болалик!

— Хемингуэй ҳам ов қилишни яхши кўрарди, бироқ ўқ отиш билан ёзиш иштиёқи узвий боғлиқ бўлмаса керак? Ё адашяпманми?

— Хаёлингизда ёзувчи халқини қўй оғзидан чўп олмаган, ювош бўлади, деб ўйлайсиз. Мен улғайган ерларда камбағал деҳқонлар очликдан қутулиш, бир нима ейиш илинжида қўлига милтиқ оларди. Тенгдошларимнинг ҳаммаси ўқ отишни биларди, аммо тан олишим керакки, бизнинг туманда овга чиққан ёш овчилар ичида ягона қиз — мен бўлганман. Милтиғимдан ташқари китоб тўлдирилган қутиларим ҳам бор эди. Бу отамнинг энг яхши тарбия усули бўлган. Ҳаётнинг шафқатсиз ўрмонларида унинг тарбияси жуда асқотди. 

— Қачон ёзишингиз кераклигини тушунгансиз?

— Яқинда мактабдош дугонам айтиб қолди. Ўн бир ёшлигимда синфдошларимга, ёзувчи бўламан, деган эканман. Буни эслолмайман, бироқ болалигимда бўш вақтим топдим дегунча ёзардим. Ўша вақтларда ажи-бужи ёзувларда иккита китоб ёзган эканман. Иккиси ҳам шундай аҳмоқонаки, асти қўяверасиз (кулиб). Бу романларни чоп этишнинг иложи бўлмади, лекин нима бўлган тақдирда ҳам, уларнинг ўша вақтда ёзилгани ҳисобга олинса, ёмон эмасди.

— Ўша ёзувлар ҳозир ҳам борми?

— Тангрига беадад шукрки, йўқ!

— Америкалик ёзувчилардан бири Том Вольф журналистларга берган интервьюсида: «Ёзувчилар романлар ва ҳикояларни шуҳрат учун ёзадилар. Пул бўлгани яхши, бироқ шуҳрат ёқимлироқ», деган экан...

— Тўғрисини айтганда, мен китобларимни пул учун ёзганман, шуҳрат ҳақида ўйлаганим йўқ. Вольф шу гапни айтган экан, демак, унда пул борасида муаммоси бўлмаган.

— 1950 йилда чоп этилган илк романингиз «Майсалар куйлайди» инглиз адабиётида катта шов-шув бўлди. Ўз йўлингизни топгунингизча ўтган машаққатли йиллар, аччиқ кўз ёшлар, камбағаллик, хор-зорлик аламларини шу китоб ювиб кетгандир? 

— Кўчада йиғлаб кетиб бораётганимда бир одам кўз ёшларим сабабини сўраганди. Мен қўлим калталиги сабаб нон сотиб ололмаганимни ва бир ёқдан уй ижарасини тўлолмаслигимни, умуман камбағалликдан безиганимни айтдим. У: «Пул учун кўз ёш тўкмайдилар. Қараб туринг, Худо берса, бир зумда бойиб кетишингиз мумкин!» деди. Мен ўйлаб кўрдим: «Пул қўлнинг кири. Шунга ҳам кўз ёш тўкаманми?!» дедим-да, юзимдаги ёшларни артдим. Шундан буён йиғлаганим йўқ. Келаси ҳафта шу китоб дунё юзини кўрди. Банкда ҳисобрақамим, сўнг агентларим пайдо бўлди. Улар уй сотиб олишни маслаҳат беришарди. Мен эса уй-рўзғор ташвишларига ўралашиб қолишдан қўрқардим. Бугун ҳамма нарсам бор.

— Камбағалликдан қутулиб ҳам шуҳратдан юз ўгирасизми? Бугун ҳам пул учун ёзасизми?

— Бугун ҳаёт учун ёзаман. Қалбим буюргани сабаб қўлимга қалам оламан. Шуҳрат керак бўлганида китобларимни ҳаммага кўрсатиб, кўз-кўз қилардим. Яратганга беҳисоб шукрки, бундай аянчли қисматни тақдир этмаган экан.

— Сизга «Британия империяси хоними» унвонини беришмоқчи бўлишганда рад этдингиз. Бунга сабаб нима?

— Ёшлигимда Британия империясига қарашли мустамлака давлатда улғайганим учун империяга нисбатан илиқ туйғуларни ҳис қилмаганман. Агар бу унвонни қабул қилганимда ёшлигимга хиёнат қилган бўлардим. Ҳозир ҳам бир давлатнинг иккинчи давлат устидан зўрлик билан ҳукмронлик қилишига қаршиман. «Британия империяси хоними...» Бу бироз кулгили ҳам эшитилади. Ёзувчининг вазифаси унвонларни олиш эмас, балки асарлари билан дунёни яхшилик сари ундашдир.

— Дунёни нима қутқаради?

— Маънавият. Сталин, Гитлер, Мао... Бундай исмлар ҳар доим бўлади. Улар миллионларни ўлдиради. Жамият бирлашса, бу зўравонларни йўқотишга қодир, бироқ инсониятни жаҳолат ботқоғига ботишдан фақат маънавиятгина қутқара олади.

— Бунда ҳеч қандай утопия йўқ, шундайми?

— Йўқ, бунда ҳеч қандай утопия йўқ. Бу асл ҳақиқат.

— 1962 йилда нашрдан чиққан китобингиз «Олтин кундалик» аёлларнинг қўлланмасига айланди.

— Мен бу ҳақда ўйламаганман. Шунчаки ўз ҳаётимда юз берганларини қоғозга тўкдим. Бу эса дунё аёлларининг қалбидан жой олди. Ҳар бир оилада уч аёл бор: буви, она, қиз. Шунинг учун ҳам асар муваффақиятга эришди.

(Суҳбат «Шпигель» журналида чоп этилган)

Рус тилидан Шаҳноза РАҲМОНОВА

 Таржимаси