“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

«ИЛҲОМ ТОЗА РУҲНИ ТАНЛАЙДИ»

Тоҳир МАЛИК,

Ўзбекистон Халқ ёзувчиси

«ИЛҲОМ ТОЗА РУҲНИ ТАНЛАЙДИ»

— Тоҳир Маликнинг ижодхонаси қандай олам? У асарларини қандай яратади? Ижод жараёнингиздаги изтироб ва севинч ҳақида сўзлаб берсангиз...

— «Ёзувчиларнинг ижодхонаси қандай экан?» деган савол кўпчиликни қизиқтиради. Ҳозир телевидение ходимлари ёзувчи билан суҳбатни токчаларга терилган китоблар олдида суратга олишга одатланишган. Буни кўрганлар «Барча ёзувчиларнинг ижодхонаси бир хил экан», деган хаёлга боришлари мумкин. Аслида ундай эмас. Бир ёзувчининг уйидаги кутубхона юз-икки юз китобдан иборат бўлса, бошқасиники мингдан ортади. Лекин китобларнинг кам-кўплиги ёзувчининг маҳоратини белгиламайди. Баъзилар китоб йиғади, баъзилар китобни ўқиб бўлгач, дўстларига ҳадя қилади. Зарур китобларни катта кутубхоналардан олиб ўқийди.

Каминага келсак, ўн беш йил муқаддам жияним бошқа уйга кўчгач, катта акамнинг марҳаматлари билан бу кенг уйни ижодхонага айлантирганман. Менга ҳеч ким ижод учун махсус шароит яратиб бермаган. Имкон ва шароитни ўзим топардим. Биринчи қиссамни ёзаётган пайтимда ёзув столим ҳам йўқ эди. Дурадгорликдан хабарим бўлгани боис эски тахталарни рандалаб, ёзув столи ясаб олганман. Алоҳида хонам ҳам бўлмаган. Қайси хонада икки қадамлик бўш жой бўлса, ўша ер мен учун «ижодхона» эди. Кечаси ёзганим учун оила аъзоларим халақит бермасди, мен ҳам уларни безовта қилмасдим. Йигирма беш йил муқаддам Бўстонлиқдаги тоғ ёнбағридан ёзувчиларга дала-боғ учун ер ажратилди ва бу макон мен учун ҳақиқий ижодхонага айланди. Бир хонали уй қуриб, у ерда ҳам стол ясаб олдим. Рандаланган тахтани темир оёқларга ўрнатиб, ўриндиқ ясадим. «Шайтанат»нинг иккинчи китобидан бошлаб кўп асарларим шу ижодхонада ёзилган. Кундузи деҳқончилик қилардим, кечаси эса ёзувчилик. Бу менга ҳузур-ҳаловат бахш этарди. Авваллари ёзув машинкаси билан борардим. Энди компьютер ҳамроҳим. Бир вақтлар у ерлар тинч ва осуда эди. Кейинги йилларда дам олувчилар оқими кўпайиб, шовқин-сурон кучайди. Шу сабабли кам борадиган бўлдим.

Муҳтарам мухлисларимиз ижодхонани ва ижод жараёнини сирли олам, деб ўйлашса керак. Ҳолбуки, ишимизнинг сирли жойи йўқ. Дала-боғни баланд девор билан ўрамаганман. Қўй-эчкилар кириб экинларни пайҳон қилмасин, деб пастак тўсиқлар қилганман, холос. Кўчадан ўтаётганлар суҳбатлашиш мақсадида кириб келаверади. Бундан ранжимайман. Аммо фикр бўлинади. Маҳалладошларингнинг тўй-маъракаларида иштирок этишга мажбурсан. Бу тадбирлар эрталаб, айни ижод қилаётган чоғимга тўғри келади. Бу жуда улкан фожеа эмас, маҳалла-кўй йўқламай қўйса — ана у чинакам фожеадир.

Янги асар ёза бошласам сўнгги нуқтани қўймагунимга қадар бу ҳақда ҳеч кимга оғиз очмайман. Туғилажак асарнинг биринчи жумласидан то охирига қадар хаёлимда пишиб етилмагунича, қаҳрамонларим оламига киришга руҳан тайёр бўлмагунимча ёзишга ўтирмайман. Дастлаб ручкада ёзаман, сўнг ёзув машинкасида (энди компьютерда) ўзим кўчираман. Биринчидан — кўчираётган пайтимда асосий таҳрирлар, қисқартиришлар жараёни бошланади. Иккинчидан — камина ғоят бадхатман, ёзувларимни бошқа биров ўқий олмайди.

Ёзиш жараёнидаги изтироб ҳақида устоз Адулла Қодирий ҳазратлари ҳаётларидан машҳур мисол бор: Ҳабибулла ака ижодхонага кирганларида «Кумушни ўлдириб қўйдим», дея йиғлаб ўтирган экан. Бу каби ҳолат барча ёзувчиларда бўлади. «Алвидо, болалик»да Асрорнинг жонига қасд қилиш ҳолатини ёзишга жуда қийналганман. «Шайтанат»да Асадбек қизига «Ўзингни ўлдир» деган маънода икки қулоч арқон ташлагани ҳам мени азобга солган. Икки ҳафта ёзув столига яқинлаша олмаганман. Асадбекнинг ўғли вафотини қандай ёзар эканман, деган хавотирда юрганимда катта набирам фожеали ҳалок бўлди. Ўзимнинг қайғуимни Асадбекнинг ҳаётига кўчирганман. Асарда:

Ай, бағримни тиғлаган болам,

Ай, дунёга сиғмаган болам,

Ай, дунёнинг бевафолигин

Гўдакликдан илғаган болам, —

деган сатрлар ҳам бор эди. Бир куни қарасам, аҳли аёлим ёзув столи олдида йиғлаб турибди. Стол устини йиғиштираётиб шу шеърга кўзи тушибди. Уни набирамиз хотирасига бағишланган марсия, деб ўйлаб йиғлаётган экан. Шундан сўнг бошқа қариндошларни ҳам ғамга ботирмасин, деб бу сатрларни кўзга кўринмайдиган жойга олиб қўйдим. Лекин бешинчи китобни ёзаётганимда Элчиннинг мунгли қўшиғи сифатида саҳифадан жой олди.

Асар ёзилаётганида севинч кам бўлади. Чиройли тасвир ёки муболаға қоғозга тушса, мураккаб руҳий ҳолатлар баёнидан кўнгил тўлганда севинч бирозгина муддатга меҳмон бўлиб кетади. Асосий севинчни асарга сўнгги нуқта қўйилганда, сўнг қўлёзмани ўқиган дўстлардан яхши баҳо олинганда, сўнг эса китобхонлардан миннатдорлик мактублари кела бошлаганда узоқ муддат туясан.

— Ёзиш қачон эҳтиёжга айланади? Ёзувчи учун ёзолмай қолиш нима?

— Ёзиш эҳтиёжининг пайдо бўлиши жуда муҳим. Чунки ёзиш эҳтиёжи пайдо бўлмай, қўлга қалам олинса, мақсадсиз фикрлар шодаси қоғозга тўкилади. «Мана бу фикр билан жамиятнинг диққатини бу масалаларни ҳал этишга қаратишим керак, шу фикрлар бугун одамларга етиб бормаса, уларни бугун ғафлат уйқусидан уйғотишга ҳаракат қилмасам, эртага кеч бўлади. «Уй ёнса сув ўчиради, вақт ёнса нима ўчиради?» деганларидай вақтни қўлдан бой бермаслигим керак», деган аҳд қалбни тирнаб, руҳни бесаранжом қила бошлагани эҳтиёжнинг пишиб-етилганидан далолат беради. Акс ҳолда асар муддатидан олдин чала туғилган болага ўхшаб қолади.

Ёзиш завқи ҳар қандай ижодкорга ҳузур бахш этади. Ёзолмай қолиш эса руҳни темир тирноқлар билан тирнаб азоб беради. Бир шоирнинг «Ҳар куни ҳеч бўлмаса бир сатр ёзмоқ керак», деган шиори бор. Буни тўғри англамоқ керак. Бу «Истасанг-истамасанг бирор нарсаларни ёзавер», дегани эмас. Улуғларнинг асарларини мутолаа қилиш ҳам шу ёзиш жараёнига киради. Ҳар ҳолда мен шундай қиламан. Абдулла Қодирий, Лев Толстой ёки Робиндранат Тҳакурни, Мирзакалон Исмоилийни қайта-қайта ўқийвераман. Натижада руҳим қувват олиб, ёзишни қайта бошлайман.

Адабиётнинг, ижоднинг, илҳомнинг илоҳийлиги борасида фикрларингиз қандай? Ёзувчи учун илҳом қанчалик зарур?

«Илҳом келди», деганини мен «Руҳ илоҳдан қувват олди», деб тушунаман. Фаришталар орқали руҳга қувват берила бошлаганда қўлга қалам олинади. Руҳ қувват олган кезлари чарчоқ нималиги сезилмайди. Воқеалар оқими қандай оқиб кираётгани, жумлалар қандай сеҳр билан қоғозга тушганини англаш ҳам қийин. Руҳга қувват оқиб кириши учун адиб руҳини покиза сақлаши шарт. Баъзан «Шоирлар ичганида илҳом париси келар экан», деган гапни эшитиб қолиб, жавобан: «Илҳом париси тоза руҳга киради. Ичкилик ичилган пайтда эса шайтон келади», дейман.

— Инсон нимага қодирлигини ўзи билади ва, табиийки, энг тўғри баҳони ўзига-ўзи бера олади, дейишади. Сиз ўзингизни қандай адибман, деб ҳисоблайсиз?

— «Беҳуда зўриқиш белни чиқаради», деган мақол бор. Адабиёт полвонлар баҳси ё шахматчилар мусобақаси эмас. Баъзан «Фалончи ёзувчи пистончидан зўрроқ», деган гапларни эшитиб қоламан. Тўғри, Фалончининг асари Пистончиникига нисбатан ўқувчига маъқул келиши табиий. Лекин унинг мухлиси бу фикрни рад этиши мумкин. Икки асарни бир-бирига қиёслаб хулоса чиқариш нотўғри. Бир ёзувчининг янги асарини аввалгиларига солиштириб баҳолаш мумкин. «Янги китоб олдингисидан яхшироқ ёзилибди», дейилса ўринли.

Ёзувчининг адабиётдаги ўрнини биринчи галда китобхонларнинг фикрлари белгилайди. Олий ҳакам эса — вақт. Қайсидир замонда мақталган, мукофотларга сазовор бўлган асарларнинг йиллар синовидан ўтолмай қолганига адабиёт тарихи гувоҳ. «Кўрпангга қараб оёқ узат», деганларидай ёзувчи ўзининг куч-қувватини билгани яхши. Ўзига ўзи юқорироқ баҳо бериб қўйса, «белни синдириб» қўйиши эҳтимоли бор. Бу ўзига хос фожеа. Ижодкор иқтидорига юқори баҳо бердими, ўсишдан тўхтайди. Кибр ҳар қандай қобилият эгасини ботқоққа тортиб кетади.

«Мен фалончилардан яхшироқман», деган фикр пайдо бўлиши билан уни бўғиб ўлдираман. Агар шундай қилмасам, кибр бутун руҳимни эгаллайди. Ёзувчиларнинг ёшидан қатъи назар, маҳоратини тан оламан. Янги асарларини ўқиб, роҳатланаман. «Аллоҳим, менга ҳам уларнинг йўлини бер», деб илтижо қиламан. Асар ҳам юқоридан бериладиган ризқдир. Ато этилганларининг ҳаммасига шукр қилиб яшайман.

Муяссар ИБРОҲИМОВА

суҳбатлашди