“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

Йўллардан қалбларга

Дилноза ҲОЖИЕВА, 

“Ўзбекистон темир йўллари” АЖ ходими

ТЕМИР ТУЛПОР СОҲИБАСИ

Қачон сафарга чиқсам, биринчи бўлиб поездга чипта сотиб оламан. Кейин керакли буюмларимни, китоб ва кундалигимни сумкамга жойлаб йўлга отланаман. Поездга чиқиб ҳамроҳлар билан танишгач, одатимга кўра, китоб варақлайман ёки кундалигимни қоралашни бошлайман. Шунда қушдай енгил ҳаракатланаётган темир тулпорнинг “дупури”, атрофимдагиларнинг гап-сўзлари қулоғимга чалинмай қўяди. Кўзларимни учи-қуйруғи кўринмайдиган йўлларга тикаман. Йўллар хаёлимни олис-олисларга олиб кетади...

Охирги сафарим ҳам худди шундай бошланди. Ёнгинамда жаранглаган овоз сукунатни парчалаб юборди гўё:

— Бу китобни мен ҳам ўқиганман. Асар поезднинг юриши билан бошланади, а?”

Йўловчиларга қараб кетаётган қиз ҳаяжон билан қўлимдаги китобга тикилиб турарди. Асардаги воқеалар, қаҳрамонлар ҳақида қизғин суҳбат бошланди. Назаримда, у ҳам мен каби ҳамма нарсани унутганди. Бу каби китобни ўқийдиганлар ҳар куни ҳам учрайвермайди. Шу боис, у билан бироз суҳбатлашдик. Қалби, фикрлари ҳам ўзидай гўзал эди. Ўшандан буён йўлга чиқдим дегунча унинг поезд, йўллар, китоблар, ҳаёт ҳақидаги айтганларию фикрлари ёдимга тушаверади... У... “темир тулпор”нинг соҳибаси — стюард қиз эди...

Адабиёт — тараққиёт
кўзгуси

Болалигимда расмли китобларни варақлаш, бир-биридан қизиқарли суратларни томоша қилиш жону дилим эди. Айниқса, қишлоқ кўчасини кесиб ўтган темир излар, шу излар устида ипак қуртидек ҳаракатланаётган узун машинага узоқ тикилиб қолардим. Ҳали поездни кўрмаганим боис, бу машина йўлнинг охиригача чўзилган, унга бутун дунёдаги одамлар сиғади, деб ўйлардим. Нимани орзу қилсам, хаёл сурсам бир чеккаси шу машинага бориб туташарди. Улғайганимдан кейин ҳам бу сурат доим энг зарур буюмларим орасида турарди. Шу суратга термилиб болаликдаги беғубор орзуларим оламига қайтардим. Барча орзуларимга шу темир машина олиб борарди-ю, бироқ истакларим орасида бир кун келиб шу машинада ишлаш йўқ эди. Бу машина менинг қисматим эканини англамаган эканман.

“Эшигимсан,
кузатиб-кутган...”

Йўлга чиқишимиз билан иш вақтимиз бошланади, манзилга етиб борганда тугайди. Поезд ҳаракатланадиган бошпанага ўхшайди. Ҳеч ким бекорчиликдан поездга чиқмайди. Йўлга чиққан ҳар бир инсон қандайдир мақсад билан манзилга отланади. Яқинларининг ёнига етиб олиш, ўқиш ёки ишга боришни ўйлайди. Бизнинг мақсадимиз эса уларни эсон-омон манзилига етказиб бориш. Энг мароқлиси, йўловчиларни кузатиш. Кимдир жим, ойнадан ташқарига термулиб хаёл суради, яна биров китоб ўқийди, танишиб, суҳбатлашиб кетадиганлар, ҳамма нарсани унутиб ухлайдиганлар ҳам топилади. Поезд юрадиган йўлнинг схемаси чизилган, борадиган манзили аниқ. Аммо баъзан кўринмайдиган йўллардан ҳам юради, қалбларга ҳам олиб боради. Поездда танишиб, турмуш қурганларни эшитсам, қувониб кетаман. Кам муддат йўловчилар билан вақтимиз ўтса-да, манзилга етиб борганда яқин кишингни узоқ сафарга кузатиб қўяётгандай бўласан. Кўпинча бир марта биз билан манзилига етиб олганлар кейинги сафар ҳам бизнинг вагонимизга келишади, доимий йўловчиларимиз ҳам бор. Уларни кўрганимизда ўзимиз ҳам қувониб кетамиз.

Оқ, оппоқ йўллар

Баъзида поезд оддий транспорт воситаси эмасдай туюлади. Йўловчиларнинг тақдирларини, йўлларини ўзгартириб юборади. Бунга Лев Толстойнинг “Анна Каренина”, Дос­тоевскийнинг “Телба”, Рабиндранат Тагорнинг “Муҳаббат гулчамбари”, Теодор Драйзернинг “Америка фожиаси” асарларини ўқиб яна бир карра амин бўлганман. Воқеалар силсиласида поезднинг келиши, поезддаги сафар рамзий маънога эга. Етти ёт бегона, етти ухлаб тушингга ҳам кирмаган инсонларни учратасан. Улар орасида пешонангга ёзилгани ҳам учраши мумкин. Баъзида эса тинч ва осудадай туюладиган ҳаёт бирданига телба-тескари бўлиб кетади. Яқинлардан айиради, фожеа юз беради. Ўқиётган асаримда қаҳрамоним поездга чиқса ёки воқеалар поездда рўй берса, нимадир юз беради, деб кута бошлайман. Габриэл Гарсиа Маркеснинг “Ёлғизликнинг юз йили” романида ҳам поезд илк бор Макондога келганида тараққиёт бошланади. Шундан сўнг аста-секинлик билан бошқа ихтиролар кириб келади. Ёзувчининг бошқа асари “Тўкилаётган япроқлар”да эса, бош қаҳрамон вақт оралиғида адашиб қолади. Борлиқ ва йўқлик — қай бирида эканлигини англолмайди. Ҳар куни соат уч яримда чалинадиган поезд ҳуштаги уни ўзига келтиради, ҳамон яшаётганини, ҳаёт давом этаётганини англатади. Бу аслида тирикликнинг овози эди.

Четдан қарасам, ер шари ҳам худди поезд сингари ҳаракатланаётгани, вақтнинг тошбақадай эмас, Бойчибордай елаётганини ҳис қиламан.

Бутун ҳаётимиз йўллардан иборат. Умримиз ҳам фоний ва боқий дунё орасидаги масофани босиб ўтиш билан якун топади. Аммо қайси йўлда бўлмайлик, йўлларимиз ҳамиша оқ, оппоқ бўлсин...

Муяссар ИБРОҲИМОВА ёзиб олди