“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

Суҳбатлар

Габриэл Гарсиа Маркес ва Акира Куросава:

Адабиёт, кино ва ижтимоий ҳаёт ҳақида 

 

Буюк ижодкорларнинг баҳсу мунозараси, суҳбату мулоқоти оддий гурунглардан осмону ерчалик фарқланади десак, хато бўлмас. Бундай издиҳомларда адабиёту санъат, илму фан, ижтимоий ҳодисалардан тортиб, оламу одам табиатининг кўз илғамас қирралари, инсон ва ҳаёт моҳияти ҳақидаги фалсафий фикрлар ўртага ташланади, юксак фикрату тафаккур ила таҳлил қилинади. Колумбиялик машҳур адиб, “Нобель” мукофоти лауреати  Габриэл Гарсиа Маркес ҳамда япониялик етук кинорежиссёр Акира Куросаванинг қизғин ва эҳтиросли суҳбати сўзимиз далилидир.

Гарсиа Маркес: Мен бу дўстона учрашувимиз интервью тусига киришини хоҳламайман, лекин ҳаёту ижодингиз билан кўпроқ ва яқинроқ танишиш камина учун бағоят қизиқ. Аввало сценарийни қандай ёзишингиз ҳақида сўрамоқчи эдим. Бунинг важи шундаки, илгари мен ҳам сценарий қоралаб турардим. Кейинги масала, сиз буюк адабий асарларни юқори савияда экранга олиб чиққансиз, балки исён қиляпти, деб ўйларсиз, бироқ негадир ўзим ёзган китоблар фильм бўлишини тасаввур қилолмайман ва бу хусусда ўйласам, шубҳалар қуршовида қоламан…

Акира Куросава: Дастлаб сценарий ёзиш ҳақидаги саволингизга келсак. Биласизми, дафъатан шууримда қандайдир оҳорли ғоя уй­ғонса, дарҳол уни сценарийга айлантириш тараддудига тушаман, энди қоғозу қаламдан бўлак нажоткорим қолмайди. Бундай вазиятда сюжет билан ипсиз боғланиб, тахминан бўлса-да, якун қандай интиҳо топишини олдиндан сезаман. Бордию ибтидони қай йўсинда бошлашни билмай, каловланиб турсам, то яхлит образ туғилмагунига қадар шунчаки ғоялар оқимини кузатиб юравераман.

Гарсиа Маркес: Онгингизда илк бор нима куртак ёзади, ғоями ёки образ?

Акира Куросава:  Буни тушунтиришим амримаҳол, лекин назаримда ҳаммаси бир қанча тарқоқ, шишадек сочилиб ётган узуқ-юлуқ образлардан бошланади.  Кўплаб япон сценарийнавислари эса аксинча иш тутади: улар  воқеликни бор аҳволи руҳияти, манзараси билан яратиб олади, эпизодларни тақсимлайди, сюжетни тизимга солади, шундан кейингина ёзишга ўтиради. Мен бу жараённи тўғри деб ҳисоблолмайман, ахир биз Худо эмасмизки, барчасини азал-абаддан бичиб-тўқиб қўйсак.

Гарсиа Маркес: Интуитив идрокингиз кучлилигига шубҳам йўқ, боиси Шекспир, Достоевский, Горький ва яна бошқа номдор салафларни сценарийга “айлантирган”сиз...

Акира Куросава: Режиссёр фильм суратга олади, аммо адабий қаҳрамонлар кинематография тилига кўчиб, томошабинга етиб бориши нақадар мураккаб эканини тушуниб етавермайди. Айтайлик, бирор детектив роман экранга кўчмоқда, картинага кўра темирйўл яқинидан одам жасади топилади. Ёш режиссёр шундай мудҳиш ҳодисани борича кўрсатмоқчи, шўрлик нима қилсин, ахир китобда манзилу макондан тортиб, қотиллик тафсилотигача бари-бари ёзиб қўйилган. “Сен адашяпсан, – дейман мен унга, – Муаммо шундаки, романни аллақачон ўқигансан ва поезд йўл ёнида жасад нима қилишини яхши биласан. Лекин китобдан йироқ аксарият омма бу воқелик ва ҳудуд хусусида умуман тасаввурга эга эмас”. Шундай қилиб, ёш режиссёр адабиётнинг сеҳрли кучига таъсир кўрсатмоқчи бўлади, лекин билмайдики, кинематографиянинг равиш-рафтори мутлақо бошқа ифодага асосланади.

Гарсиа Маркес: Ҳақиқат шуки, камина ёзган китобларининг экран вариантидан суюниб, ичига сиғмай юрган адибларни деярли кўрмаганман. Нафсиламрини айтганда, бунинг уддасидан чиқиш катта билим ва маҳорат талаб этади. Сиз адабий асарларни қай усулда экранлаштирасиз? 

Акира Куросава: Андишасизликка йўйманг, энди мен саволга тутмоқчиман: “Қизил соқол” номли фильмимни кўрганмисиз?

Гарсиа Маркес: Кўрганда қандоқ! Мен бу картинани йигирма йил муқаддам олти марта томоша қилиб, ҳайратга тушганман ва бу ҳақда фарзандларимга деярли ҳар куни гапириб, фильмни то ўзлари кўрмагунича, ҳоли жонига қўймаганман. Мен ва менинг оилам сизнинг бу ижодингизга росмана мухлисмиз. Шунингдек, у мен учун кино тарихидаги энг яхши фильмлардан бири ҳисобланади. 

Акира Куросава: “Қизил соқол” – тадрижий ижодимнинг ўзига хос сарҳисоби. Одатда, ҳар бир фильмим аввалгисидан жиддий фарқ­ланади, қайтариқ, ўз-ўзини такрорлашдан даҳшатли фожиа йўқ мен учун..  Ҳатто, битта картинамда иккита эгизак эпизод учраб қолса, ўзимни жарга қулаётгандек сезаман.  Сиз ва яна миллионлар алқаган ушбу фильмдан ҳаволаниб, то умрим итмомига қадар ҳеч нарса яратмай юраверсам, “кунчиқар юрт” тоғларига ботиб кетмоғим тайин эди. Ваҳоланки, бу киноасар фаолиятимнинг бир босқичи интиҳоланиб, кейингиси бошланаётганидан мужда берарди, холос.    

Гарсиа Маркес: Шундайлиги муқаррар. Фильмда бутун ижодингизга чоғиштирганда истиснодек туюлувчи, бироқ ҳеч ёддан кўтарилмайдиган иккита эпизод бор: биринчиси – ибодат билан боғлиқ саҳна, иккинчиси – каратэ усталарининг шифохонадаги жанги.

Акира Куросава: Ҳа. Бироқ нега мен шу фильм ҳақида сўз очдим? Гап шундаки, фильмнинг адабий асоси ёзувчи Шугуро Ямомото қаламига мансуб бўлиб, у доимо асарларининг экранга чиқишига азбаройи қарши бўларди. “Қизил соқол” бундан мустасно бўлди, боиси мен шу асарни кино қилиш учун аёвсиз “муҳораба”га киришдим, хонаси келса, “ўжар бола”дек оёқ тирадим, йиғладим, талашдим, баланд-баланд иддаоларни айтиб, айсбергдек “қаттиқ адиб”ни эритдим. Хуллас, асар фильм бўлди, ёзувчи тушмагур картинани кўргач, азза-базза хижолат чекиб, “Бу менинг романимдан қизиқроқ чиқибди” – дея иқрорга келди.         

Гарсиа Маркес: Бундай кутилмаган ўзгаришга нима сабаб бўлди? 

Акира Куросава: Жавоби оддий. Унинг романида кинога хос тутумлар худди денгиз юзидаги тўлқиндек чайқалиб турарди, бунақа пайтлар ҳар қандай тасаввури бўлиқ режиссёр ғаввосмисол бир шўнғиса кифоя эди. У мендан муаллиф сифатида фақат бир нарса – бахтсиз аёл қисматига эҳтиёткорона муносабатда бўлишимни сўради.  Зотан, Ямомото тунлари мижжа қоқмай, хонанишинликка берилиб, юрак қони билан яратган қаҳрамонни барбод қилишга ҳаққим йўқ эди. Мен ҳаммасини у ўйлагандек амалга оширдим, энг муҳими, фильм романни такрорламади. 

Гарсиа Маркес: Табиийки, у бундай бўлишини хаёлига ҳам келтирмаган, худди ҳамма ёзувчиларда бўлганидек.

Акира Куросава: Албатта. Кўплаб адиблар асарларининг экран талқинини кўргач, ҳафсаласизлик қилибми ёинки алланечук ғурур биланми “Бу ерда романимнинг бир қисми яхши кўрсатилибди”, – дея нописанд муносабат билдиради. Ваҳоланки, улар режиссёр недир қўшимча қилгани, китобда мубҳам айрим ҳодисалар кашф этилганидан воқиф бўлишади. Эҳтимол улар нима ёзган бўлишса, экранда шуни кўришни истар, борди-ю қаламга олинмаган жиҳатлар фильмда кўрингудек бўлса, билингки, бу режиссёрнинг соф интуицияси, идроки эвазига юзага чиққан. 

Гарсиа Маркес: Бугун Япония шиддат билан ривожланмоқда. Эҳтимол, юртингиз осмони узра чаппар уриб эсаётган тараққиёт эпкинлари машъум хотираларни учириб кетар, саодатли давр азобли фожиалар ўрнини тўлдирар... алмисоқдан қолган гапни яна эслатаман, бахту бахтсизлик ораси бир қадам.   

Акира Куросава: Ҳаётга нисбатан некбин қараётганингиз менга ­бироз тасалли берди. Аммо, кошки инсониятнинг “ҳунар”лари тугаса эди, баъзан бизни келажакда беадоқ хавфу хатар кутаётгандек туюлаверади. Масалан, кеча “атом бомба” сини ўйлаб топган одам боласи бугун ядро энергиясини яратиб, ундан қандай фойдаланиш ҳақида бош қотирмоқда. 

Гарсиа Маркес: Ҳар сафар фильмларингизни томоша қилганимда, инсониятга бўлган муҳаббат, ишончимни сақлаб қолгандек бўламан. Даҳшатли адолатсизликларни муҳокама қилишингиз, тинч-тотув ҳаёт ҳақидаги орзуларингиз каминани ҳам ўйга толдиради, дардларингизга шерик бўлгим, туйғуларингизга ҳамроз тутингим келади. Бир илтимосим бор эди: ушбу суҳбатимизни бор тафсилоти билан матбуотда эълон қилсак, қарши эмасмисиз?

Акира Куросава: Йўқ, аксинча. Биз бу мавзуни дунёдаги барча инсонлар эмин-эркин муносабат билдириши учун муҳокама қилдик. 

Гарсиа Маркес: Ташаккур. Ҳар қандай вазиятда ҳам сизни тушунаман. Уруш ҳеч қачон, ҳеч кимга эзгулик келтирган эмас.

Рус тилидан Шоҳрух АБДУРАСУЛОВ таржимаси

(1991 йил АҚШнинг Los Angeles Times газетасида эълон қилинган).