“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

“КЎК ДЕНГИЗ”НИ ИЗЛАЁТГАН ҚАЛБ ОҒРИҒИ

Олим ТОШБОЕВ,

 филология фанлари номзоди

“КЎК ДЕНГИЗ”НИ ИЗЛАЁТГАН ҚАЛБ ОҒРИҒИ

Шукур Холмирзаевнинг “Кўк денгиз” ҳикояси “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг 1991 йил 12 апрель сонида эълон қилинган. Ҳикояга “Нединг не тату? Суу тату”, деган олтой халқ топишмоғи эпиграф қилиб олинган. Адиб Иван Иванович – Умрзоқ ака образи орқали даврнинг мураккаб, бир қарашда жозибали бўлиб кўринган, аслида аянчли манзарасини тасвирлайди. Ҳикоя адиб ижодидаги кўпмаъноли, сержило асарлардан бири бўлиб, уни ўқиган ҳар бир ўқувчи ўзича тушунади ва бу табиий. Асар Н. вилоятидаги “Дружба” деган совхозда шиор ёзиб, расм чизиб, бўёқчилик қилиб юрган Йўлчибой тилидан ҳикоя қилинади. Хўжалик аъзоси Йўлчибой уйсиз ходим: хўжаликнинг тарихи, ютуқлари акс эттирилган музейнинг бир ҳужрасида ётиб, ишлаб юради. Хуллас, мана шу беватан рассомни бир куни совхоз директори ҳузурига чақиради. Директорнинг айтишича, хўжаликда ўттиз тўққиз миллат вакили бор экану, фақат олтойлик етишмас экан. Ана шу миллат вакилини топиш керак. Шундай қилиб, директор бу нозик юмушни Йўлчибойга юклайди.

Асар ўқувчини, аввало, ғояси билан мафтун этади.

Қирқинчи миллат вакилини излаб йўлга отланаётган шўрлик рассом йигитнинг ўзи беданасифат ҳаёт кечиради: қаерга борса пит-пилдиқ. Ўзиникини оёқости қилиб, ўзгалар пойида чўккан халқ қандай халқ саналади? Миллий ғурури йўқ, муте халқгина мана шундай қилиши мумкин. Байрам ва тадбирлар арафасида қўли олти, оёғи саккиз бўлиб югуриб-еладиган Рассомга ўзи алвон матоларга ёзадиган советча шиорларнинг гўё алоқаси йўқ.

 Шиор бошқа – ҳаёт бошқа!

Қисқаси, ўзидан қолган бирорта дарвиш, пиёнистаси бўлсаям опкетаман, деб бир кечаси шаҳар айланишга чиққан Рассом кўп қаватли иморатлар орасида юрганида, “бир иморатнинг ертўласидан чиқиб келаётган ёшгина – ўн бир-ўн икки яшар болани” кўриб қолади. Қизиқсиниб, ертўлага тушади: «уч-тўртта бола тагларига қути қўйиб, кимнинг­дир сўзини тинглаяпти. Сўзлаётган киши кўринмасди. Ўртада шам ёниқ... Эгнида қора исқирт пахталик, бош яланг, сийрак соқоли ўсиқ, ёшини билиб бўлмас эди». Муаллиф ўқувчига ўз қаҳрамонини шу тарзда таништиради. Унинг ёш болалар билан мундай ўтириши, Рассомга йўлиққан боланинг кўксига босиб олган иккита бўш шиша кўтариб олиши — деталларга ўзига хос маъно юкланган. “Ў-ў, к нам кунак пожаловал”, деб ўрнидан турган киши Рассомнинг Ўзбекистондан эканини билгач, уни ўтиришга таклиф этади ва “Озбек-да турк”, дейди. Рассом кишига “Ўзбекистонга бормайсизми?” деб муддаосини очиқ билдириб қўя қолади ва унга ўзбекларнинг меҳмондўст эканлигини, дўстликни яхши кўришини, совхози ҳам “Дружба” эканлигини таъкидлаб, Ўзбекистонга бош­қа миллат вакиллари қанча кўп борса, халқимиз шунча хурсанд бўлишини айтади. Қисқа савол-жавобдан сўнг киши рассомнинг таклифига розилик беради.

Олтой муаллимлар тайёрлов институтида – дорулмуаллиминда ўқитувчи, халқ оғзаки ижодидан дарс бераркан. Олтмишинчи йилларнинг бошида, умуман, Олтой ўлкасида ерли халқ мактабларидаям дарслар ўрис тилига кўчирилади ва Умрзоқ ака (у кишининг исмлари шундай) Масковга арзномалар ёза бошлайди. Шундай кунларнинг бирида битта ўрис йигит билан айтишиб қолади-да, қамалади. Иши судга оширилгач, унга ғалати айблар қўйилади: ”Миллатчи... Никомпетентний... хулиган” ва ҳоказо. Домла ўн йилга кесилади. Қамоқдан чиққач, табиий уни ишга қабул қилмайдилар. Ва, энг ёмони... уйига – ўз уйига ҳам “прописка” бўла олмайди: буниям тақиқлаб қўйишган бўладилар...” Умрзоқ ака ўз илмига, олимлигига содиқ қолади. Лекин уни тинглайдиган ҳеч ким йўқ. Квартал – “кўй”даги ёш-ёш болаларгина унинг тингловчиси. У болалар билан тириклигини ҳис қилиб туради: ўсиб келаётган янги авлод вакилларига она халқининг топишмоқларини, урф-одат ва маросимларини ўргатиб боради: “ёшларга олис тарихдан сўзлаб бериш, юртга, элга боғлиқ томирларини мустаҳкамлаш, бу нарсани ўйин-айтишувлар орқали-да сингдириш собиқ олимнинг умр ғояси”. У “ўша олис-топталган ўтмиш билан яшарди: бугунги кун ҳақида бирон-бир мулоҳаза” айтмайди. Бир сўз билан айтганда, у мозий хаёллари билан яшаётган одам!          “Кўк денгиз” ҳикоясида мустабид тузум даврида бир ёқлама миллий сиёсат олиб борилгани ва, бунинг натижасида, кам сонли ўнлаб халқ ва элатлар йўқ бўлиб кетганига ишора қилинмоқда. Ёвуз сиёсат халқларнинг энг аввал тилига ҳужум бошлаган. Чунки тил йўқолса миллат ўз-ўзидан маҳв бўлишини улар жуда яхши билган. Қаттол сиёсат назариячилари ўзларининг ёвуз режаларини мана шу тариқа босқичма-босқич амалга оширганлар. Умрзоқ акага ўхшаганлар тузумнинг, мавжуд сиёсатнинг душмани сифатида кўрилган. Чунки у фикрлайди, дорулфунунда ҳам фикр эгалари – бўлажак ўқитувчиларни миллий қадриятлар, ота-боболари дини ва дунёқараши, бир сўз билан айтганда, халқ мафкураси руҳида ўқитади. Мана шу жиҳатларига кўра у хавфли одам! Тарғиботининг умри узоқ бўлган Умрзоқ ака кўз ўнгида қондошларининг уммонда чўкаётган улкан кемадек йўқолиб кетаётганига юраги ачийди. У бу ўнгланмас фожеани бутун кўлами билан ҳис этади. Лекин бу муқаррар жараённинг олдини олишга, ҳеч бўлмаганда, тўхтатиб қолишга имкон топа олмайди. Босқинчи миллат ҳатто Умрзоқнинг ота-бобоси исмини-да ўзиники қилиб олган — Иван Иванович...  

Умрзоқ ака – фожеавий характер. Унинг тимсолида емирилиб-ютилиб кетаётган халқ гавдаланади. Тағин ўша гап: миллийлиги, тарихи ва илдизларидан айрилган миллат фожеаси. Умрзоқ ака ватанпарвар шахс. У ҳарчанд эзилган, улоқтириб ташланган, унутилган одам бўлмасин, у юрагини, ботинини бой бермаган. У халқининг борлиги-ю тириклигини қалбида гавҳардек сақлаб келаётган, эътиқодда собит шахс.

Ниҳоят, Умрзоқ ака Ўзбекистонга боришини билдиради ва Рассомдан “Сизда кок кол бар по?” дея сўрайди. “— Очунда уч кол бар! — деди кўзлари қандайдир жовдираб. – Оқ кол, Қора кол, Кўк кол... Тоес: тенгис, тенгис. Понял? Белое море, Черное море, Синее море”. Қадимда Орол денгизини Кўк денгиз ёки Кўк кўл деб аташганини эслаб қолган Расом Кўк денгиз бизда, дея айтади. Кўк денгиз хабарини олган Умрзоқ ака “болаларга шодон чулдираб бир нималарни” тушунтиради. Сўнг бир воқеани ҳикоя қилиб беради. Унга кўра, Талай кўлидаги оролда бир шомон яшаган. Сувда балиқлар мўл бўлгани туфайли халқнинг ҳаёти фаровон бўлган. Россия Олтойни забт этгандан сўнг шомон бир туш кўради: тушида сувда жуда ҳам оз балиқлар қолгани, шомон ўзини сувга бергани аён бўлади. Кейин шомон  оролни тарк этиб, Улусойга кетади. Кўк кўл шу тариқа йўқ бўлади. Кўлнинг қуриши халқ учун фожеа эди...           Умрзоқ аканинг Ўзбекистонда Кўк денгиз борлигини билиб, келишга розилик билдиради. Хуллас, Умрзоқ ака Рассом йигит ҳамроҳлигида Ўзбекистонга келади. Соч-соқолини олдириб, янги костюм-шим, пойабзалда “Дружба”га етиб келишади: “эҳ-ҳе, яқинда пардоздан чиққан уч хонали алоҳида иморат уй қошида талай одам. Болалар ҳам бор. Ҳамманинг лабида кулгу. Фақат карнай-сурнай етишмайди...” Тантанали йиғилиш бўлади. Директор  жўшқин нутқ қилади. Совет давридаги “бу “иш”лар ўлганнинг кунидан қилинаётган томоша эканини шу ердаги ҳар бир одам билиб турарди. Лекин буни билдиришмас, мийиғларидаги истеҳзоли табассум ҳам самимият ниқоби остида эди”. Умрзоқ ака ўз одатига мувофиқ “Дружба” совхози директорига, “Ҳабиб бупитчи”га, маҳалла болаларига топишмоқ айтади, лекин биронтасидан жавоб ололмайди. Шу ўринда “Дружба”дагина эмас, бутун республикада аксарият ўқувчилар халқ топишмоқларидан узоқлашиб бораётгани, уларда бу каби нарсаларга қизиқиш йўқлиги, энг муҳими, ёш авлодни бу йўриғда бекаму кўст тарбия этадиган Умрзоқ ака сингари фидоийлар етишмаслиги аён бўлиб қолади. Ёзувчи мана шу ҳақиқатни ҳам ҳикоя қатига сингдириб юборади ва бизни сергак бўлишга, огоҳликка даъват этади.

Умрзоқ аканинг  аҳвол-руҳияси Рассомга ҳам ўз таъсирини ўтказади. У хийла музтар бўлади: ”Хафа эдим-да ака. Дунёнинг бадкорликларидан кўнглим абгор эди: бу одам ўз юртида, ўша... Улусойга кетиб қолган қам-шаман ҳам ўша Кўк кўлдаги оролда яшаб қолавериши мумкин эди-ку?”         Рассом уни юпатиш учун қишлоқ четидаги қорамойга ўхшаб ялтираб ётган кўлга олиб келади. Кўк кўлни кўрган Умрзоқ ака турган ерида шилқ этиб ўтириб қолади ва нари-берига думалай бошлайди. Сўнг Рассом атрофида ўрмалайди. Дафъатан бўридай увлайди. “Кол йок, йурт йок, чол йок”, деб бошига муштлайди. Унинг бу ҳолини, кўл учун куйишини кўриб, Рассом ҳам йиғлайди: «Бу одам ҳақиқатан ҳам... аввало, шу кўл учун келган экан, шуни деб таклифимга унаган экан. Демак, уни уй-жой, хотин, ҳатто текин арақ ҳам унчалик тортмаган экан... Балки бу кўл унга эртанги кунга умид чироғи бўлиб кўрингандир?” дейди. Умрзоқ ака телбавор хатти-ҳаракатлари, қатъияти билан Рассом қалбида ҳам катта бир ўзгариш ясайди. Ҳаёт ҳақида, дунёнинг қинғир ва қитмир ишлари ва, асосийси, ўзликни асраб қолиш ҳақида ўйлашга ундайди. Энг муҳими, олтойлик интилаётган манзил-мақсад унда ҳам катта бир қизиқиш пайдо қилади.

“Кўк денгиз” – мунгли достон. Айрилиқ, алам, мағлубият ва парокандалик достони. Туркийлар тарихи, маданияти ва кечмиши ҳақида битилган асарлар силсиласида “Кўк денгиз” ҳам ёрқин саҳифа. Туркий тилли халқлар ҳикоялари антологияси тузилса, Шукур Холмирзаевнинг “Кўк денгиз” ҳикояси энг муносиб асарлардан бири бўлади. Ҳикоя мавзуси тасодифан танлангани йўқ. Юқорида таъкидлаб ўтганимиздек, жамиятда ҳур фикрлар куртак очиб қолган, афкор омма асрий кишанбандликдан халос бўлиб, эсаётган ҳуррият насимларига кўксини тутаётган эди. Шукур ака жамиятдаги плюрализм туфайли туркий халқларнинг бир-бирига табиий талпиниши, илдизи бир миллатларнинг бир-бирини соғиниб яқинлашувидан ва, албатта, уларнинг кечаги кунидан, босиб ўтган фожеали, аламли ҳаётидан мана шундай бадиий дурдона яратади. Ҳикоянинг яна бир қатлами – бу, олтойликлар фожеаси эмас, балки бутун туркийларнинг кемтик бахти жуда чиройли ишоралар билан кўрсатиб берилганидир. Ҳикоядаги манзара ва тасвир, қаҳрамоннинг аянчли ҳаёти собиқ иттифоқ ҳудудидаги барча миллат ва халқларга бирдай дахлдор. Бундай деётганимизнинг сабаби, истибдод совет халқи яратамиз деган ғоя билан барча миллат ва халқларнинг, элатларнинг миллий ўзлигига очиқ тажовуз қилди. Уларни дин-диёнатдан, тарих ва она тилидан, маънавиятидан узоқда сақлаш, ҳеч бўлмаганда, сохталаштириш орқали ўзларининг ёвуз режаларини амалга оширмоқчи бўлди.

Ҳикояда шўро ўз сиёсати йўлида эрни хотиндан, болани отадан айирганига ишора бор. Ҳақни истовчи, ҳақ учун курашувчи зотлар ҳатто ўз туғишганларига ҳам бегона бўлиши мумкинлиги таъкидланмоқда. Лекин ҳикоя қаҳрамони Умрзоқ ака иродали, қатъиятли шахс. У суянган, инонган ғоясини, мафкурасини йўқотмаган одам. Адиб бир шахс тимсолида бутун бир миллатнинг, халқнинг кечмиши-ю келажагини мана шундай тасвирлаб беради.                                      

Ҳикоя Умрзоқ аканинг Кўк денгизни излаб, эгнида “қап”и “Тошкент-Қўнғирот” поездига ўтириб кетгани билан якунланади. Энди ўқувчида бир талай саволлар туғилади: Умрзоқ ака Кўк денгизни топа оладими? Ахир Орол қуриб бормоқда-ку? Агар у излаганини топа олмаса, қандай аҳволга тушади? Юраги ёрилиб ўлмайдими? Таъбир жоиз бўлса, Умрзоқ домла ота-онасидан бевақт айрилган гўдакдек бўзлаб, волидасини ахтармоқда.   

 Ҳикоя мутолаасидан сўнг ўқувчи Умрзоқ ака мисолида халқ қандай шароит ва вазиятни бошдан кечирмасин, барибир ўзлигига қайтишини, ўзликка интилиш туфайлигина яшаб қолиши мумкинлигини билиб олади. Ўқувчи, табиийки, Умрзоқ акага ачинибми, раҳми келганиданми, Кўк денгизнинг топилишини чин дилдан истайди. Нафақат истайди, худди шундай бўлиши керакдай қабул қилади. Сабаби, Умрзоқ ака истаган Кўк кўл – миллатнинг ЎЗЛИГИ. У халқнинг ЎТМИШИ, БУГУНИ, ЭРТАСИ.