“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

Профессионал актёр

Марям ИХТИЁРОВА,

Ўзбекистон халқ артисти

“БАРЧА РОЛЛАРИМДА ЯШАЙМАН...”

— Нима деб ўйлайсиз ҳақиқий актёр туғиладими ёки шаклланади?

— Ҳақиқий актёр, албатта, шаклланади. Туғма қобилият, касбга нисбатан муҳаббат бўлса бас. Инсон онгининг шакллана бошлашидан то умрининг охиригача истеъдод “тарбияланиши” даркор. Бўлажак актёр табиатни, одамлар қисмати ва ҳаётни кузатиши зарур. Унинг қалбида, шубҳасиз, китобга муҳаббат бўлади. Илк бор ўқишни ўрганган кезларимданоқ газетадан кичик-кичик мақолалар, ҳикоялар ўқишни бошлаганман. Кейинчалик катта-катта романлар мутолаа қила бошладим. Ҳар бир асардаги бош қаҳрамон ўрнига ўзимни қўйиб кўрар, муаммолар ечимини излашга тушардим, хаёлан асар ичида яшардим. Китобнинг ўзгача сеҳри, образлар тақдири ички оламимни тубдан ўзгартириб юборган, саҳнага етаклаб келган ва юксалтирган, десам ҳам муболаға бўлмайди. Муқимий театрида ижод қилаётганимга эллик олти йил бўлди. Бугун нимага эришган бўлсам, ҳаммаси бутун умрлик изланиш, меҳнат ва мутолаанинг ортидан...

— Саҳнада ўзингиз яратган қайси образда бир умр қолиб кетишни истардингиз?

— Бу жуда мураккаб савол. (Кулиб) Муқимий театрида нафақат актёрларнинг қобилияти, балки кўриниши ва ширали овози ҳам бирламчи ўринда туради. Ўйлаб қарасам, ижодимнинг дастлабки йигирма беш йилида асосан бош қаҳрамонларнинг образларини яратганман. Ушбу давр мен учун жуда қадрли... Ўша пайтда саҳнада жуда кўп бор севдим ва севилдим... Бундай муҳаббат орқали бутун дунёнинг севгисига эришгандай бўлади киши. Қаҳрамонингнинг ҳамма инсоний, энг азиз фазилатларини борича ҳис этиш — жуда ёқимли туйғу. Буларнинг бари меҳнатларингу чеккан заҳматларинг ортидан келадиган ширин ҳаловат.

Яратилаётган образлар ҳаётидаги зиддият, қарама-қаршилик ва ноҳақликларга қарши ёшлик қуввати ҳамда муҳаббатнинг қудрати билан курашиш, ғалаба қозониш ва бу ҳаётда бошқа бир қалб — актрисанинг яшаши — ҳеч нарсага алишиб бўлмайдиган, унутилмас онлар... Инсон умри ҳам бир жойда турмас, оқар сувдай тез ўтар экан. Ижодимнинг иккинчи даврида, асосан, оналар образини яратдим. Ҳар бир ўйнаган ролим ўз фарзандимдек, уларни бир-биридан устун ҳам, кам ҳам кўра олмайман. Актёр ҳар бир қаҳрамонига қалб қўрини, саломатлигини, меҳрини, борлиғини бериб ижро этади. Барча ўйнаган ролларимда яшашни истардим...

— Ҳар бир инсон нимага қодирлигини ўзи билади. Актёр сифатида ўзингизга бериладиган баҳоингиз.

— (Ўйланиб) Йиллар давомида йиғилиб, тўпланиб келган тажрибаларимга асосланиб айтадиган бўлсам ёмон актёрмасман, шекилли. (Кулиб...)  Барибир, ҳанузгача ўзимдан қониқмайман. Бу ҳис ҳеч қачон тарк этмаса керак. Ўйнаб бўлган спектаклимнинг саҳналари бир-бир қўз олдимдан ўтиб: “Эҳ! Мана бу жойини янаям яхшироқ кўрсатиб беришим керак эди, ё нега бошқачароқ ўйнамадим?” – дея камчиликларимни излайвераман. Саҳна бўрттиришу бачканаликлар қилинадиган жой эмас, унда ҳаққоний яшаш керак. Кўплаб чет эл санъаткорларининг ижодини кузатиб бораман. Буюк актёрлар ижросидан ҳали-хануз ўрганаман. Илмларнинг макони, асл хазинаси – китобдир. Олган билимларингизнинг барчаси сизга камчиликларни тўлдириб, янада юксак марралар учун дастуриламал бўлиб хизмат қилади. Шу ўринда айтиш жоизки, актёр учун ҳақиқий баҳони фақат ва фақат томошабин бера олади. Жуманиёз Жабборовнинг “Тўйдан олдин томоша” комедияси саҳналаштирилган. Спектаклда шаддод келин образидаман. Устозимиз Ўзбекистон халқ артисти Омина Фаёзова эса хола образини ижро этган. “Театр” журналида шоир, драматург Туроб Тўланинг ушбу спектакль ҳақида ёзган мақоласи чоп этилди. Унда мен ўйнаган ролга ижобий баҳо бериб: “Марямхоннинг ижроси — от босмаган изларни той босибди — Оминахонимдан ўтиб кетибди” — дея ёзганди. Бу мен учун жуда катта баҳо эди...

— Саҳна ва ҳаёт. Мана шу икки оламдаги қувончу изтироблар...

— Ҳаёт ва саҳна. Буларнинг иккисида ҳам пасту баландликлар, кутилмаган зарбалар, совғалар зоҳир. Буларнинг барчасига тайёр туриш зарур. Устозларимиз: “Ҳаётда келадиган ситамларни ҳам, қувончларни ҳам доимо мардона қарши олиш ва бундан-да ёмонроқ бўлишидан асрашини сўраш керак”, дейишарди. Саҳнадаги ҳаётда эса, кимнингдир оламини кўрсатасиз ва томошабинларни бу ҳаётга олиб кирасиз ва биргаликда яшайсиз. Буларнинг барчаси спектаклнинг белгиланган вақтида якунланади, аммо актёр қалбида ўз изини қолдиради. Мен бу икки ҳаётда ҳам доимо барча яхшиликларни олиб қолишга, имкон қадар ёмонликларни унутишга интиламан. Табиатимдаги гўзалликка ташналик, ҳаётсеварлик ижодда ҳам, ҳаётда ҳам олға ундайверади. Ҳақиқий актёр ҳеч қачон шахсий ҳаётини саҳнадаги жараёнларга аралаштирмаслиги керак. У театр остонасидан кириб келдими, бугунги қаҳрамонининг ҳаёти ва касбига муҳаббат билан яшаши зарур.

— Мутолаага муносабатингиз. Актёрликда профессионалликка етиш учун китоб қанчалик зарур?

— Китоб мен учун сув ва ҳаводек зурур, қимматлидир. Китобга бўлган муҳаббатим болалигимдан, дадамнинг газета, журнал олиб келишидан бошланган. Китоб мутолааси билан улғайганман ва яшаяпман, десам ҳам бўлаверади. Менинг оламимда китоб энг яқин сирдош, маслаҳатчи, ҳамдард, бир бебаҳо дўстдир. “Бўйимдек бўй топдиму, кўнглимдек кўнгил топмадим”, дейишади. Ўзим соғинадиган Кўнгилни ҳам, дунёни ҳам, дардкашлару дўстларни ҳам китобдан, бадиий асарлардан топганман. Яқинда А.Навоийнинг “Хамса”сини ўқиб тугатдим ва Тоҳир Маликнинг “Одамийлик мулки” асарини бошладим.

Шоҳиста Яҳёева суҳбатлашди