“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

ИНСОНИЯТНИНГ КЎЗГУСИ — АДАБИЁТ!

Марио Варгас Льоса,

Нобель мукофоти лауреати

ИНСОНИЯТНИНГ КЎЗГУСИ — АДАБИЁТ!

Баҳор ҳар доим мени ҳайратга солган. Унинг нафасини адабиётга ўхшатаман. Назаримда иккисини мўъжиза бирлаштириб туради. Мен Кочамбамбада катта оилада ўсганман. Баҳорнинг илиқ юлдузли кечаларида уйимиз чордоғида синфдош дўстларим ва биз билан бир уйда яшайдиган амакиваччаларим билан чиқиб, Сальгарининг китобларини ўқирдик. Баъзан бу тор гўшамизга Жюль Верн ҳам қадам ранжида қилиб турарди. Йиллар ўтди. Бора-бора бу хилват гўшада ёлғиз ўзим қолиб кетдим. Даврадошларимнинг аста-секин китобга бўлган қизиқиши сусайди. Мен эса ўн бир ёшимда бу иштиёқни идора қилолмай қолдим. Сокин кечаларда энг яхши бошпанам — чордоқ, муҳаббатим — кўклам, ҳамроҳим — китоб эди. Бундан яхшироқ оламни тополмасдим. Улар менинг ёлғизлигим кушандаси, халоскоримга айланди. Кейинчалик хатлар ёза бошладим. Илк мактубимни ҳам кўкламга битганман.

Улғайганим сайин ижод мен учун фақат халоскор эмас, ҳаётим мазмунига айланди. Бугун ҳам яккаш у мени умидсизлик уммонидан олиб чиқади, хароб бўлгани асло имкон бермайди. У — мен учун кема.

Ёзиш баъзан жуда қийин. Аҳён-аҳёнда ҳамма ёзувчилар сингари қалбим қуриб қолгандай қурғоқчиликнинг азобини сезаман. Шундай кезларда на ерга ва на осмонга сиғаман. Ёзувчининг тасаввур дарёси қуриб бораётгани ҳақида хаёл унинг учун ўлим. Ижод оламимда юз берадиган ана шундай қийин мавсумларда Яратган қалбимга кўкламнинг ёқимли нафасини юборади. Унинг қудратига яна бир карра иймон келтириб ёзув столига ўтираман. Ижод оламимга кўклам сингари илҳомнинг ташрифига ич-ичимдан суюниб: “Ҳамма ерда баҳор ҳукмрон бўлсин!” дейман.

Флобернинг фикрича, “Ёзувчилик, бу — бошқа бир оламнинг кўриниши”. Ҳа, айнан шундай. У шундай оламки, қувонч момақалдироғу бўрон каби ташриф буюради, бахт эса гулханнинг ўзгинаси. Фақат ёзувчини ёндирадиган, тоблайдиган, бахтли этадиган гулхан бу!

Ижод жонингни олиб, жон ато этади. Биз асарлар яратамиз ва бу жараёнда минг марта туғилиб, минг марта адашиб, сўнг минг марта ўламиз. Ижод — ёзувчининг қоронғи дунёсини ёритиб турадиган қуёш. Эҳтимол, шунинг учун ҳам биз ҳеч ким кўрмаган нарсаларни кўра олармиз. Шубҳа-гумонлар ёришиб, аста-секин аниқ қарашларга айланади... эътиқодни кучайтиради.

Мени ҳар доим биз яшаётган оламда ҳамма воқеа-ҳодисаларнинг узвий боғлиқлиги, улар орасидаги мувозанат ҳайратга солади. Масалан, ерни самосиз тасаввур қилиш имконсиз, қуёш билан ойнинг бир-бирини тўлдириши ҳақида минглаб асарлар ёзиш мумкин. Бир йилда бир мартадан ташриф буюрадиган тўрт фасл ва бу пайтда юз берадиган табиий жараёнлар... Инсоният яралганидан буён яшаш учун давом аёвсиз кураш-у, унинг моҳияти мени чуқур ўйлантиради. Буларнинг ҳар бири алоҳида мавзу. Худо кўрсатмасин, мана шу мувозанат бузилса нима бўлади? Қандай кўргиликлар юз беришини кўз олдингизга келтириб кўринг-а. Нақадар даҳшат! Инсониятга кўзгу тутиш учун ҳам ёзувчининг ижод олами керак, адабиёт керак. Адабиётсиз олам баҳори йўқ йилга ўхшайди. У ёвузлашишига иймоним комил, ҳатто шаклини ўзгартиради, десалар ҳам ҳайрон қолмасдим. Худо кўрсатмасин, инсоният адабиётсиз яшаса, Ер ҳам шаклини ўзгартиради. У хаёлимда худди милтиққа ўхшаб кўринади. 

Биз ғорлардан осмонўпар биноларга етдик, сўйиллар ўрнида бугун инсониятни йўқотишга қодир ядро қуроллар бор. Бу ҳақда ўйласанг руҳиятингни зимистон эгаллайди, лекин қалбингга бир фикр таскин беради. Бу зимистон абадий эмас, чунки эртага баҳор келади. Зимистондан ерни қутқарувчи кўклам, бу — АДАБИЁТДИР!

Испан тилидан Ҳилола РЎЗИЕВА  таржимаси