“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

Олимнинг болалиги

Умарали Норматов,
адабиётшунос олим:

БЕҒУБОРЛИК ШАВҚИ

– 1-синфга борган кунингизни қандай эслайсиз?

— Бошланғич мактаб биноси маҳалламиздаги бадавлат бир қариндошимизнинг коллективлаштириш йиллари мусодара қилинган ташқи ҳовлисида эди. Адолат опам айни шу ҳовли болохонасида жойлашган кутубхонада мудир бўлиб ишларди. Деярли ҳар куни опам ҳузурига келардим. Бўш вақтлари опам ўқиб берган китобларни мароқ билан тинглардим... Куни кечагидек ёдимда: опам биринчи сентябрь куни мени қўлимдан етаклаб мактаб синфхонасига олиб кирди, дугонаси – қишлоқда машҳур муаллима Меҳринисо опа қўлига ҳазил-мутойиба билан “Укамнинг эти сизники, суяги эса бизники”, деб топширган эди. Ўз навбатида, Меҳринисо опамиз ҳам бўш келмай “Умаралига ҳарф, ҳисоб-китоб ўргатиш мендан, унга китоб ўқиб бериш, уни мутолаага ўргатиш эса сиздан, дугонажон”, дея елкасига катта масъулият юклаган эди. Шу тариқа каминанинг тўрт йиллик бошланғич таълим даврим ҳам синфда, ҳам дарсдан кейин кутубхонада китоблар орасида кечган... Каминадаги китобга шайдолик айни ўша биринчи сентябрь куни икки дугона орасидаги битимдан бошланган бўлса ажаб эмас.

— Биринчи ёзган “мақолангиз, шеърингиз, ҳикоянгиз” нима ҳақда эди?

— Болалигимда қиш кезлари хонадонимизда саъдийхонлик, яссавийхонлик, навоийхонлик, машрабхонлик бўлиб турарди. Мен, айниқса, Машраб шеърларининг шайдоси эдим. Машрабнинг ўзим ёд олган ғазалларига мухаммаслар боғлаган туркумлардан иборат дафтар яқинларгача сақланар, фарзандларим уларни ўқиб “Ўзлари ҳам ёшликда Машраб бўлган эканлар-ку!” дея ҳазил қиларди... Афсус, мендан шоир чиқмади, шукрки, кейинчалик адабиётшунослик йўлидан кетдим.

— Болалигингизда Сиз тўқнаш келган ноҳақлик... хотирлай оласизми?

— Хотирлаганда қандоқ. Уни эслаганда ҳозир ҳам вужудим титрайди. Дарсдан кейин одатга кўра кутубхонада опам билан тушлик қилиб ўтирганимизда милиция кийимидаги икки одам бир қишлоқ раҳбар ходими иштирокида ваҳшат билан хонага бостириб кирди. Сўнг тинтув бошланди, бир неча китоб, газета тахламларини ажратиб олиб мактаб ҳовлисига итқитиб, ёқиб юборганларида улар орасида “Улоқда” билан “Жинлар базми” борлигини кўриб, мурғак қалбим билан қандайдир адолатсизлик бўлаётганини англаб, ўзимни қўярга жой тополмай қолган эдим... Кейинроқ эшитишимча, бу ёқиб юборилган китоблар “ўта зарарли” “халқ душманлари”нинг асарлари эмиш. Шу ваҳшат, ҳадик, ваҳм, мислсиз адолатсизлик бошланғич, етти йиллик, сўнг билим юрти, ҳатто университет филология факультети биринчи курсида ўқиган кезларим ҳам кўплар қатори каминани ҳар доим руҳан таъқиб этиб юрди.

Омадни қарангки, орадан салкам йигирма йил ўтиб мустабид ҳукмдор вафотидан кейин мамлакатда юз берган нисбий илиқлик шароитида адабиётшунослик оламида юз берган ўзгаришлар, янгиланишлар, асл ҳақиқатни юзага чиқариш жараёни ичида бўлиш каминага насиб этди. Мамлакатда мустабид тузумнинг емирилиши, мустақилликнинг қарор топишида адабиёт аҳлининг иштироки, хизмати нақадар катта эканига 37 йили 7 ёшлигимда мен дуч келган мудҳиш адолатсизлик илдизи ниҳоят қўпориб ташланганлигига шахсан шоҳид бўлганим билан фахрланаман.

— Болаликда Сизни илк бор ҳаяжонга солган китоб...

— Менинг болалигим, аниқроғи, етти йиллик мактабда ўқиш даврим уруш, урушдан кейинги оғир йилларга тўғри келган. Дарслик китоблари юзини деярли кўрган эмасмиз. Улар фақат адабиёт ўқитувчиларимиз қўлида бўларди. Ўша давр адабиёт дастурларида қандай асарлар борлигини билмайман, бироқ синфда “Уч оға-ини ботирлар”, “Ёрилтош”, “Кавказ асири”, “Муму” каби эртак ва ҳикоялар ўтилганини – ўқитилганини эслайман. Улар менинг мурғак қалбимда чуқур из қолдирган. “Уч оға-ини ботирлар”даги оға-иниларнинг тундаги ғаройиб саргузаштлари, мислсиз жасоратлари бутун эс-ҳушимни эгаллаб олган эди. Бир неча кун ўша саргузаштлар хаёли билан юрганман, тушларимда ботирлар изидан кузатиб борганман. “Ёрилтош”ни ёд олган эдим. Етим қизнинг улкан тош қаршисида туриб: “Ёрилтошим, ёрилгин-о, мен опамни кўрайин-о, Дийдорига тўяйин-о...” деб айтган илтижолари юрак-бағримни эзарди;  “Муму”даги соқов хизматкор Герасим бой хотиннинг инжиқликлари туфайли қайиқда дарё ўртасига бориб, севикли итини сувга ғарқ этганида йиғлаганман; “Кавказ асири”даги Жилин билан Кастилиннинг ночор аҳвол-руҳияси, қизалоқ Динанинг уларга кўрсатган ҳиммати мени не кўйларга солгани,  ўша кезлари кўнглимда кечган ўй-туйғуларни бугун сўйлаб беришга ожизлик қиламан... Айни шу асарлар менинг келажагимни – тақдиримни ҳал қилган, деб дадил айта оламан. Ўша кезлари келгусида, албатта, адабиёт муаллими бўлишни, умр бўйи сўз санъати мўъжизалари оламида яшашни, пайти келиб, ўқувчиларга қалбимдаги ҳайрат, ҳис-ҳаяжонларни тўкиб солишни ният қилган эдим.

— Халқимиз орасида “боладай беғубор” деган ибора юради. Беғуборлик болага ҳам, ижодга ҳам, ижтимоий муносабатларда ҳам жуда керакли фазилат. Нима деб ўйлайсиз, катталардай яшаб, боладай ёзиш ижодкорга муваффақият олиб келмайдими ёки бунинг иложи йўқми?

— Бу саволни ҳар ким ҳар хил тушуниши мумкин. Шахсан ўзим устоз адабиётшунос олимлар, ижод аҳли орасида 80 ёшга етганда ҳам боладай беғуборликни сақлаб қолган ажойиб сиймоларга кўп дуч келганман. Биргина мисол. Тенгдош ҳамюрт дўстим ёзувчи Худойберди Тўхтабоев табиатидаги шу ёшга қадар сақланиб қолган ноёб болалик хислатини эслатмоқчиман. Айрим жиддий кимсалар учун бироз эриш туюладиган бу хислат аслида болалар ёзувчиси учун зарурий, табиий, бебаҳо хислат. “Худойберди аканинг табиатида ўзи қандайдир мўъжаз, яхши маънода болалик бор”, – деган эди ёзувчи Шукур Холмирзаев. Айни шу – яхши маънодаги болалик, болаларча соддалик, самимият, катталар тажрибаси, билимини кўнгилга жо этган ҳолда ҳаёт ҳодисаларини болаларча идрок этиш туйғуси бўлмаганида, балки, Худойберди болалар қалбига йўл тополмасди...

Мафтуна ОЛИМХЎЖАЕВА  суҳбатлашди.