“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

Диктофон ёзувчида

Зулфия ҚУРОЛБОЙ ҚИЗИ:

“АДАБИЁТДАН ИСТЕЪФОГА ЧИҚИБ БЎЛМАЙДИ...”

— Зулфия Қуролбой қизининг ижодхонаси қандай олам? У асарларини қандай яратади? Ижод жараёнингиздаги изтироб ва севинч ҳақида сўзлаб берсангиз...

—  Очиғи, матбуот учун бирон нарса ёзиб бериш мен учун чинакамига азобдан иборат. Ундан кўра, бирорта ҳикоя ёзганим ёки китоб ўқиганим, жуда бўлмаса, бир чойнак аччиққина кўк чойни “майдалаб” ўтириб хаёл сурганим авло. Лекин... “Китоб дунёси” жавоб беришга арзирли нашр... Хўш, Зулфия Қуролбой қизининг ижодхонаси қандай? Оддий-да, албатта. Зоҳиран олганда, худди бошқаларникидек: хона, ёзув столи ва компьютер! Лекин назаримда миям менинг ижодхонамга ўхшайди. Чунки ҳамма, ҳаммаси ана ўша жойда содир бўлади. Орзуси йўлида қурбон бўлган Тангриберди; доғули Довул тегирмончи; ўзини ҳар қадамда текширадиган, ҳаракатларини тафтиш қиладиган ўйчи аёл Насиба; ўзи истамаган ҳолда ҳаёт оқимига тушиб қолган Ҳулкар; мақсади фақат бошқалардан кўра кўпроқ яшаш бўлган Назар чол; бозордан хотира синиқларини қидираётган кампир... қўйинг-чи, бари-бари ана шу миядаги алоҳида бир мамлакатда истиқомат қилишади. Мен ўша “ижодхонамдаги” воқеалар оғушида яшайман, қаҳрамонларим билан бирга нафас оламан, уларнинг қайғуларига ҳамдард бўламан, шодлик дамларидан ажиб мусиқа тинглаётгандек лаззат оламан... Қаҳрамонларимнинг муҳаббату изтиробларидан, ҳасрату эҳтиросларидан илҳом олиб ҳис қилганларимни, ўйлаганларимни қоғозга тушириш учун эса  жой танламайман.

— Ёзиш қачон эҳтиёжга айланади? Ёзувчи учун ёзолмай қолиш нима?

— Ҳомиладор аёлни дард тутганидек, ижодкорни ҳам ёзиш истаги ларзага солгандагина ёзиш эҳтиёжга айланади. Ёзувчи учун ёзолмай қолиш нима? Бу бахтсизлик. Бу фожеа. Бундай вақтда кимлардир ўлигини адабиёт устига ташлаб олишдан истиҳола қилиб, секингина четга чиқиб қўя қолади. Кўп ўтмай бунга кўникиб ҳам қолади. Одам табиатан шундай, мавжуд аҳволга кўника бошлагач, ҳар қандай кўргулик ваҳимаси аста-секин арийверади. Лекин адабиётдан истеъфога чиқиб бўлмайди. Бундай вақтда... Қисқаси, Хемингуэй тўғри йўл тутгандек...

Адабиётнинг, ижоднинг, илҳомнинг илоҳийлиги борасида фикларингиз қандай? Ёзувчига илҳом қанчалик зарур?

— Ҳадисларда айтилишича, “Аллоҳ таоло Одам алайҳиссаломни ўз суратида, яъни унга ўзида бор бўлган “тирик, билгувчи, эшитгувчи, кўрувчи, сўзловчи” каби сифатларни ато этиб яратди...” Не тонгки, Илоҳий Иноятда булар билангина чекланиб қолинмади. Ва яна инсонга шундай туҳфа ҳадя этилдики, бу ижодкорлик туйғуси ва илҳом! Шу важҳдан Адабиётни мўъжиза дейишар. Қисмат ҳам дейишар.  Мен буларга шугинани қўшимча қилишим мумкин, адабиёт – сўзлар воситасида тақдир яратиш, демак! Ижод эса руҳий эркинлик дегани. Бунга яна танлай олиш салоҳиятини ҳам қўшиш даркор. Чунки ҳаётда минглаб воқеалар мавжуд, ижодкорнинг вазифаси ана шу воқеликлар орасидан керагини танлаб олиш ва буни хаёлнинг шаффоф гўзаллиги билан уйғунлаштиришдан иборат бўлиши лозим.

— Инсон нимага қодирлигини ўзи, билади ва табиийки, энг тўғри баҳони ўзига-ўзи бера олади, дейишади. Сиз ўзингизни қандай ёзувчиман, деб ҳисоблайсиз?

— Сиз ўзингизни қандай ёзувчиман, деб ҳисоблайсиз? Бу саволга устозларимиздан бирининг, “Ёзувчиман дейишнинг ўзи мен яхши одамман дейиш билан баробардек”, деган сўзлари билан жавоб берсам. Яхши одамман, дейишнинг ўзи эса турган-битгани нокамтарлик!

Муяссар ИБРОҲИМОВА суҳбатлашди.