“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

Муваффақият калити

Рихси Иброҳимова,

Ўзбекистон халқ артисти

“АЁЛЛИК БАХТИ...”

Илк баҳор кунлари. Эрта-индин тўйимиз бўладиган пайт эди... Раҳматли турмуш ўртоғим ҳам театрда ишларди. Бир куни ёнига чақириб: “Вақтингиз бўлганида хонамга киринг”, деди. Хонага кирдим-у, қувончдан, бахтдан кўзларимга ёш қуйилиб келди. Бутун хонани гунафшалар ҳиди тутиб кетганди. Столларининг устида чиройли қилиб гуллар терилган, орасида севимли гулларим — бир туп гунафшалар ва табрикнома ҳам бор эди. Унда: “Сизни биринчи баҳор байрамимиз билан табриклайман! Қалбингиз ҳамиша баҳор шодликлари тўла бўлсин. Худо насиб қилса биргаликдаги ҳаётимиз баҳордан иборат бўлсин” – дея ёзилганди. Бу ҳаётимдаги энг қимматбаҳо, энг бебаҳо совға эди. “Сизга катта гулдаста келтирмадим, ҳар куни спектаклдан кейин қучоқ-қучоқ гуллар беришади”, – дея гулларни қўлимга туқазди. Назаримда, гунафшалар бахтнинг ифорини таратаётгандай эди. Бу тўйимиз олдидан куёв сифатида берган биринчи совғаси эди. Баҳор, саккизинчи март байрами яқинлашса ўша стол устидаги муаттар бўй таратаётган гунафшалар ва суюкли инсонимнинг дил изҳори хотирамда жонланади.

Дунёдаги энг катта бахт — аёллик, оналик бахти. Аёл деганда кўз олдимда, хаёли, иболи, камтар, самимий, озода, оқибатли ўзбек аёли гавдаланади. Бундай аёллар айниқса қишлоқ аёллари орасида кўп. Баъзи “замонавий”, оғзидан боди кириб, шоди чиқадиган, кеккайганларни ҳақиқий аёл, деб ҳисобламайман. 

Асарлардаги қаҳрамон аёллар, Навоий тавсиф берган, Нодирабегим, Увайсий  давридагилар идеалимдаги аёллар. Саҳнада уларга ўхшаш образларни кўп яратганман. Ҳар бир қаҳрамонимга миллийликни юқтиришга ҳаракат қиламан.. Баъзан бугун Кумушбибилар бўлганда қанақа бўларди, дея ўйга толаман. Замонамиз тараққий этиб кетди. Қанийди  аёлларимиз ўша даврларда  қолиб кетганида, ҳеч бўлмаса ўша миллий характер сақланиб қолинса... Аввало, қалб гўзал бўлмоғи лозим. Юзда қалбнинг акси бўлади. 

         Аёллар ҳеч қачон бахтга тўймайди, аёлга қанча бахт бўлса ҳам камлик қилади, орзулари тугамайди. Аёлларимизнинг бахти бекам бўлишини, ҳамма орзусига, Оллоҳдан сўраганларига  етишини тилайман. Қачонки юрти тинч, оиласи хотиржам, болаларининг тўтр мучаси соғ, эл корига ярайдиган, юзини ерга қаратмайдиган фарзанларнинг онаси бўлса — аёл чинакам бахтли бўлади. Тўла-тўкис бахт учун севиб-севилиш ҳам зарур. Севилмаган аёл юракдан эзилиб яшайди. Ҳамма аёлларимизнинг бахти тўкис бўлсин илоҳим!