“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

Нобель маърузаси

Видиадхар Сурадпрасад НАЙПОЛ,

Нобель мукофоти лауреати

ИККИ ДУНЁ

Нобель маърузаси

Айни дам бироз ноқулай вазиятдаман. Каминадан маъруза кутаётганларга айтмоқчиманки, мен ижодкорман, маърузачи эмас ва бу борада нўноқман. Қарийб ярим асрдан буён сўз, ҳиссиёт ва фикр, дея аталувчи тушунчаларга ўзини бахшида этган ёзувчининг бундай дейиши, балки сизга ғалати туюлар, аммо бу ҳақиқат. Мен ҳақимда айтишга арзигулик гапларнинг бари китобларимда мужассам. Ҳали юзага чиқмаганлари эса ички дунёмда ва улар энди яратилажак асарларимда ўз аксини топишини кутмоқда. Илҳом табассум ҳадя этганда ҳайратга банди бўламану ва ҳаммаси ўз-ўзидан қоғозга тўкилади. Бу менинг ҳеч қачон осон кечмаган ва осон кечмайдиган ижод жараёним.

Ижодкор сифатидаги ёзувчи ва жамият аъзоси сифатидаги ёзувчи ўртасида катта фарқ борлигини машҳур эссенавист Пруст ўта зийраклик билан баён этади. Унинг бу каби қарашлари ўзининг “Сент-Бёвга қарши” китобидаги бир қанча эсселарда ифодасини топган. XIX аср француз танқидчилигининг ёрқин намояндаси Сент Бёв таъкидлашича, ёзувчини англамоқ ва асарларининг туб моҳиятига етмоқ учун, аввало, унинг шахсиятидаги ўзига хосликлари, ҳаёт йўлидаги кечмишлари ҳақида имкон қадар кўпроқ билмоқ лозим. Ижодкорнинг ўзидан унинг асарини тушунишда фойдаланиш ғоят ажойиб усул. Аммо Пруст танқидчининг мазкур мулоҳазаларига қатъий ишонч билан эътироз билдиради. “Сент Бёвнинг бу қарашлари, — дея ёзади у, — энг оддий даражадаги ўзликни англаш ҳам бизга ҳар бир ижод намунаси бизнинг ижтимоий ҳаётимиз, одатларимиз ва камчиликларимизнинг маҳсулидан иборат эканлигини ўргатади. Агар биз ўз шахсиятимизни тушунишни хоҳласак, уни, биринчи навбатда, ўзимиздан ва ўз қалбимиздан изламоғимиз даркор”. Прустнинг ушбу сўзларини бирор бир ёзувчининг ёки ижод оламига мансуб хоҳлаган бир кишининг таржимаи ҳолини ўқиётганимизда доимо ёдда тутишимиз мақсадга мувофиқдир. Масалан мен ички ҳиссиётга ишонадиган ижодкорман. Бадиий асарларим устида ишлар эканман, воқеалар ривожи қай сўқмоқда туб бурилиш ясашини олдиндан билмайман, аммо ички ҳиссиётимга ишончим кўз олдимда янги бадиий кашфиётлар яратиб бораверади. Умр йўлларим бир қараганда жуда оддий, бир қараганда эса мушук боласи ўйнаб, чувалаштириб ташлаган ип калаваси сингари чигал. Мен Венесуэланинг Ориноко дарёси бағрига бош қўйган мўъжазгина Тринидад оролида дунёга келганман. Бу гўша на Жанубий Америкага ва на Кариб оролларига тегишли. Уни янги дунё колонияси сифатида ривожлантиришган. Мен таваллуд топган 1932 йилда бу ерда 400.000 аҳоли бўлиб, тахминан 150.000 га яқини ҳиндлар, ҳиндулар ва мусулмонлардан иборат бўлган. Киндик қоним тўкилган Чагуанас қишлоғи Пария кўрфазидан бор-йўғи икки- уч милча ичкарида эди. Қишлоқ номининг ёзилиши ҳам талаффузи ҳам бироз ғалати бўлганидан кўпчилик иммигрант ҳиндлар уни ўзларининг каста номлари билан «Чаухан», дея аташни маъқул кўришарди. Ўз Ватаним номини мен ўттиз тўрт ёшимда кашф этдим. Ўшанда ўн олти йилдан буён Лондонда яшаётган ва тўққизинчи китобимни ёзаётган эдим. Бу китобни Тринидад тарихига, халқининг Ориноко дарёси тубларида чўкиб ётган ўтмишини қайта жонлантиришга бағишладим. Балки бу сизга ғалати туюлиши мумкиндир, аммо мен ўз юртимнинг олис тарихини Британия музейидаги испан манбаларидан ўргандим. Гарчи бу мен учун оғир бўлса-да, Британия ҳукумати учун 1890 йилда испан архивларидан кўчириб олинган тарихий ҳужжатларни синчиклаб кўздан кечирдим. Бундан ташқари инглиз халқ қаҳрамони Сер Волтер Релленинг “Элдорадо” деган ерларни излашга бағишланган тадқиқотлари ҳақида кўп маълумотлар йиғдим. 1595 йилда у Тринидад оролига ўзининг хаёлий Элдорадосини излаб келади. Бу йўлда кўплаб бегуноҳ одамларнинг умрига зомин бўлади. Оқибат, хаёлларининг пучга чиққанлигини англаб етади, аммо Англияга қуруқ қўл билан қайтишни истамаган Волтер Релле бу ердан бир парча олтин бўлаги ва озгина тупроқ олиб кетади. Ўзининг гапларига ҳеч кимни ишонтира олмагач, ўз қарашларини исботлаш учун узундан-узоқ номга эга бўлган “Гўзал, бой ва бепоён Генуя империясининг кашф этилиши, олтин шаҳар Маъноа (испанлар бу шаҳарни Элдорадо дейишган) ва Эмирия, Аромая, Амапая провинциялари ва бошқа дарё бўйидаги ерлар” китобини нашр эттиради. Қандай ғаройиб ва жарангдор ном.

Уйдирмалари учун қамоққа олинган Релле орадан 21 йил ўтиб Лондон қамоқхонасидан Тринидадга юборилади, ўзи бир пайтлар далил сифатида кўрсатган олтиннинг конини топиш буюрилган Релле бу самарасиз саёҳатда ўғлидан айрилади. Сохта обрў, ёлғон ортидан бефойда чопган ота, фарзандининг ўлими орқали бадал тўлаган. Ҳикоя худди шу тарзда якун топади. Бир куни мен Британия музейида 1625 йил 25 октябрдан Испания қироли томонидан Тринидаднинг губернаторига йўлланган мактубига дуч келдим. Унинг қисқача мазмунига кўра, қирол губернатордан кўп сонли Чагуанас халқи ҳақида маълумот сўраган, аммо губернатор бу мактубга қай йўсинда жавоб бергани номаълум. Мен музей манбалари орасидан Чагуанас халқига оид бошқа ҳеч қандай маълумот топа олмадим. Менинг бор-йўқ бойлигим шу маълумотлар ва Чагуанадаги мактаб ҳаёти ва бувимнинг уйи билан боғлиқ бўлган хотираларимдир. Ҳар куни эрталаб уч кўча наридаги Чагуан давлат мактабига бир неча дўконлар, эски театр ва ёқимсиз ҳиди атрофидан анқиб турадиган португал совун заводи олдидан ўтиб борар эдим. Мол-мулкларидан маҳрум қилинган бу ерлик аҳолининг ўз анъаналари, деҳқончилик усуллари, муқаддас деб ишонган урф-одатлари ва, ҳаттоки, ўз тақвимлари ҳам бор эди. Буларнинг бари мустамлакачиларнинг шаф­қатсизлигига учраб, йўқликка маҳкум бўлди.

Биз яшаётган дунё тиним билмас соат миллари каби доимо ҳаракатда. Ер юзининг кўп бурчакларида одамлар мустамлакачиликдан жабр кўрганлар. Уларнинг орасида менинг Ватаним ҳам бор, она халқим узоқ йиллар истилочиларнинг ноҳақ сиёсати остида кўр-кўрона яшаб келган. Қирқ ёшимда Венесуэла бўйлаб саёҳат қилар эканман, шуни англаб етдимки, маҳаллий аҳолини қулликка маҳкум этган асосий сабаб маънавий қолоқлик, ўзлигини англамаслик ва уни ҳимоя қилолмаслик бўлган экан.

Ўтмиш ўтди-ю кетди, уни ортга қайтариб бўлмайди. Биз ҳиндистонлик иммигрантлар: “Биз Чагуана ерларига Ҳиндистонни олиб келганмиз”, деган даъво билан ўзларини алдаб келишарди. Бувимнинг Чагуанадаги ҳовлиси икки қисмдан иборат бўлгани ва унинг ҳар бир бурчаги менинг бебаҳо болалик хотираларимда ўчмас из қолдирган. Ҳовлининг олд қисми оққа бўялган ғиштдан бўлиб, анъанавий ҳинд уйлари каби юқори қаватида катта, атрофи очиқ пешайвон ва пастки қаватида ибодат амаллари бажариладиган махсус хонадан иборат эди. Бу уйдаги менинг болалилик ҳайратим ва завқимни оширадиган турли-туман безаклар, нилуфар гуллари чирмашган устунлар, ҳинд худоларининг ҳайкалчалари Чагуанасда Ҳиндистон соғинчи ва хотиралари билан яшайдиган одамлар томонидан ясалган эди. Тринидадда бу ҳовли архитектуранинг бошқа ҳеч ерда учрамайдиган ғалати кўриниши ҳисобланарди. Ҳовлининг орқа қисмида эса француз-кариб услубидаги яна бир ёғоч тўсинли бино ҳам бор эди. Ёғоч асосига темир қуббалар билан ишлов берилган кириш дарвозаси мазкур икки уйнинг қоқ ўртасида жойлашганди. Шундай қилиб, мен болалигимдан мана шу икки - темир дарвоза ортидаги дунё, худди шу дарвоза кўксини қалқон қилиб турган бувимнинг уйидаги дунёни ҳис этиб улғайдим. Энди англаб етяпманки, бу бизни атрофдан ажратиб қўйган эскилик сарқити бўлган экан...

“The Guardian” 15.12.2001

Инглиз тилидан

Мукаррам ОТАМУРОДОВА
таржимаси