“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

НАВОИЙ ҲАҚИДА СЎЗ АЙТИШ ШАРАФ

Олмос УЛВИЙ,

Озарбайжон Республикаси  АМЕА Низомий номидаги

Адабиёт институти  “Озарбайжон-Туркманистон-Ўзбекистон

адабий алоқалари” шўъбасининг мудири,

филология фанлари доктори, профессор

НАВОИЙ ҲАҚИДА СЎЗ АЙТИШ ШАРАФ

Шубҳасизки, Алишер Навоий умумтуркий дунёни ўз асарлари билан забт этган мутафаккир. Унинг адабий мероси асрлар оша ўз қиймати ва долзарблигини йўқотмай келмоқда. Йигирма йилдан буён Алишер Навоий ижодини ўрганаман. Ҳамон шу йўлдаман. Ҳар сафар унинг ижод уммонига шўнғир эканман, бу уммон ҳали ўзининг очилмаган сирларига тўла эканлигига амин бўламан. Алишер Навоий нафақат ўзбек халқининг, буюк турк дунёсининг, балки  жаҳон адабиётининг улкан сўз санъаткори, уларнинг ҳайратига сазовор бўлган кўнгил меъморидир. Озарбайжонда ҳар киши учун Алишер Навоий ўлмас ва донишманд, азиз авлиёдир. Ўз даврида  Алишер Навоий Ҳиротда  “Навоий мадрасаси”да таҳсил олгани келган озарбайжонлик  ёшларга ғамхўрлик қилган, улар Ҳусайн Бойқаро саройида эъзозланган. Бу фактларга мен шоирнинг “Мажолис ун-нафоис” асарида дуч келдим. Улуғ шоир ҳали 4-5 ёшларидаёқ Мавлоно Қосим Анворнинг қасидаларини ёд олиб кўпчиликнинг ҳайратига сазовор бўлган. Кейинчалик у Қосим Анворнинг асарлари таъсири остида фалсафий асарларини ёзди. Шунинг билан бирга Навоий вазирлиги даврида Жом шаҳри яқинида Мавлоно Қосим Анворга мақбара қурдириб, ўз эҳтиромини кўрсатди. Ўз тадқиқотларимдан келиб чиқиб бир нарсага амин бўлдимки, Алишер Навоий адабий мероси ўзбек, турк ва бошқа халқлар тадқиқотчиларидан аввалроқ Озарбайжон олимлари томонидан ўрганилган.

2009 йилда “Алишер Навоий Озарбайжон адабиётшунослигида” номли китобда ҳозиргача Навоий ҳақида ёзилган мақолаларни жамлаб нашр эттирдим. Бу китоб Навоий ижодини ўрганишдаги муҳим манбалардан бири бўлди. Озарбайжонда Алишер Навоий ижоди мана бир неча асрлардан буён ўрганиб келинди ва бугун ҳам тадқиқ этилмоқда. Ишонаманки, бу жараён келажакда ҳам тўхтаб қолмайди. Бугун янги авлод шакл­ланди. Мустақиллик йилларида Алишер Навоий ижоди янгича нуқтаи назар билан ўрганилди. Биласизки, шўро замонида атеистик қараш устувор эди. Шу жиҳатдан Навоий ижоди бир томонлама талқин этилиб келинди. Мустақиллик йилларига келиб эса Навоий ижодидаги тасаввуфона қарашлар ҳам ўрганилди. Унинг асарларидаги поэтик тушунчалар асл мазмуни билан  тадқиқ этиляпти.

 Низомий Ганжавий – Алишер Навоий адабий хазиналари икки буюк халқ орасидаги мустаҳкам кўприкдир. Бизнинг бугунги дўстлигимизнинг тарихи халқ сифатида шаклланган пайтимиздаёқ бошланган, десам муболаға бўлмас. Чунки бизнинг урф-одатларимиз, адабий-маданий алоқалар тарихимиз умумтуркий халқлар тарихининг ажралмас бир бўлагидир. Буюк шахслар бутун оламга дахлдор. Алишер Навоий ҳам, Муҳаммад Фузулий ҳам барчамизникидир. Бугунги кунда Алишер Навоий ҳақида ёзиш, санъаткорлик қудратини тадқиқ этиш, ижодий асарларини тарғиб этиш ҳар қачонгидан ҳам  муҳимроқдир. Чунки бугунги жамият учун унинг идеалларига эҳтиёж бор. Алишер Навоий асарларини бугунги ёш авлодга ўргатиш уларнинг маънавий дунёсини бойитиш баробарида дунёни зулмкор ғоялардан асраш учун ҳам айни муддаодир. Навоий ҳар доим ҳақиқат тарафида бўлиб, инсонларни адолатли бўлишга, дунёнинг ўткинчи бойликларига ишонмасликка даъват этган.

Бир сафар Афғонистонда ўтказилган, Навоий ижодига бағишланган симпозиумга бордим. Озарбайжонда сафарга отланишимдан  аввал  кўпчилик “Афғонистонга боришдан қўрқмайсанми?” дея саволларга кўмиб ташлашди, яқинларим бу йўлдан  мени қайтармоқчи ҳам бўлди. Аммо мен йўлдан қайтмадим. “Ё Оллоҳим, бу йўлни менга инъом этганинг учун сендан беҳад миннатдорман, қаршингда тиз чўкаман”, дея дуолар, илтижолар қилдим. Тадбирда “Биринчи Туркология қурултойи ва турк дунёсининг буюк мутафаккири Алишер Навоий” мавзуида маъруза қилдим. Афғон диёрида олти кун бўлдим. У кунларда Кобул, Мозори Шарифда ва Ҳирот шаҳарларида бўлдим, бу табаррук тупроқда гўёки учиб юрдим. Ишонингки, мен ўзимни бу ерда гўё XV асрда, Навоий яшаган даврга юргандай ҳис қилдим. Навоий туғилган ва унинг излари қолган муқаддас тупроқни ўпдим. Кобулда Заҳириддин Муҳаммад Бобур қабрини зиёрат этдим, у қурдирган боғни кезиб чиқдим, у ердаги гуллардан тердим. Унинг мозорига гуллар қўйдим. Бизларга мерос қолдирган “Бобурнома” учун қалбимдан миннатдорчилик туйғуси кечди.

Мозори Шарифда Султон Ҳусайн Бойқаро, Алишер Навоий ва Абдураҳмон Жомий ҳикмати ила жо бўлган “Мозори Шариф жомеси”нинг гўзаллигидан ҳайратда қолдим. Инсоннинг закосидан, унинг қудратидан ҳайрон қолдим. Жоменинг деворларига қўлимни суртдим, бу деворлардан Навоий қўллари ҳароратини туйдим. Ҳиротда Алишер Навоий руҳини, нафасини ҳис этдим. Унинг мозори олдига тиз чўкдим. Бу кунларга етказгани учун Оллоҳга шукроналар қилдим.

 Алишер Навоий ижодига муҳаббатим туганмасдир, бу муҳаббатим самимий. Баланд минбарларда Навоий ҳақида сўз юритиш мен учун  шарафли. 2016 йилда озарбайжон ва ўзбек адабиёти соҳасидаги кўрсатган хизматларим учун Озарбайжон Миллий Билимлар Академиясининг Бош Ҳайъатининг фармони билан Низомий номидаги Адабиёт институтининг “Йил олими” фахрий унвонига лойиқ топилдим. Булар Академия тарихида янги бир шўъбанинг очилишига сабаб бўлди: “Озарбайжон-Туркманистон-Ўзбекистон адабий алоқалари” шўъбаси таъсис этилди. Мен шўъба мудири этиб тайинландим. Хабарингиз бор, 2016 йилда ўзбек адабиётига оид икки китобим нашр этилди. Бундан ташқари, Озарбайжон Ёзувчилар уюшмасининг “Ёзувчи” журналининг 40 саҳифалик махсус сони Навоийга бағишланди. “Алишер Навоий ва  Озарбайжон адабиёти” номли халқаро илмий анжуман ўтказилди. Унда Ўзбекистондан келган олимлар ҳам ўз маърузалари билан иштирок этди. Бу анжуман материаллари китоб ҳолида нашр этилди. Бу йил ҳисобида жами 52 мақола чоп эттирган бўлсам, уларнинг 35 таси ўзбек адабиёти билан боғлиқдир. “Тазкиралар тарихига бир назар ва  Алишер Навоийнинг “Мажолис ун-нафоис” асари” номли китобимни чоп этиш учун нашриётга тақдим этдим. Ҳозирда “Алишер Навоий (ҳаёти ва ижоди)” номли фундаментал монографиямни тугаллаш арафасидаман.

Бу йил ёш ва истеъдодли бир шогирдимга “Мустақиллик йилларида озарбайжон-ўзбек адабий алоқалари” номли диссертация мавзусини тасдиқлаб бердик. Ҳали олдинда режалаштирилаётган ишларимиз бисёр! Мен ўзимни Ўзбекистоннинг фахрий фуқароси ва илмий ходими деган бир шарафли масъулиятни ҳис этаман. Мен ҳар доим ўзбек халқига, унинг адабиёти ва маданиятига чуқур эҳтиромимни билдираман. Ўғлим Атилла ҳамиша: “Онам жисман биз билан Озарбайжонда, руҳан Ўзбекистонда  яшайди”, деб айтади.

Обид Шофиев ёзиб олди