“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

Шоирнинг ҳар сўзи — халқнинг овози!

Вали Саваш Елўқ,

Адабиётшунос олим ва таржимон

Шоирнинг ҳар сўзи — халқнинг овози!

Адабиётшунос олим ва таржимон Вали Саваш Елўқ билан суҳбат

— Сизнинг Туркиянинг «Bengu» нашриётида чоп этилган 710 саҳифадан иборат «Эркин Воҳидов шеъриятининг лисоний ва услубий тадқиқи» деб номланган китобингизни кўриб, очиғи жуда ҳавасим келди. Олис бир юртда яшаб, бизнинг шоиримиз ҳақида шундай китоб яратганингиз жуда тўлқинлантирди. Бу бир томондан ўзбек халқига чексиз ҳурмат, эҳтиром ва улуғ шоирнинг юбилейига муносиб совға бўлди, деб айтиш мумкин.

— Ўзбек халқига чексиз эҳтиром, деганингиз жуда тўғри. Агар Ўзбекистонда бўлмаганимда, унинг тарихи, маданияти, адабиёти, санъати билан яқиндан танишмаганимда билмадим мен ҳозир ким бўлардим?! Ўзбекистоннинг ҳар бир қарич тупроғи тарих, маданияти қадимий, адабиёт ва санъати муҳташамдир. 2009 — 2011 йиллар орасида Ўзбекистонда ўтган кунларимни ҳеч қачон унута олмайман. Шу йилларда Тошкент давлат шарқшунослик
институтининг «Туркий тиллар» кафедрасида турк тили ва адабиёти фанларидан дарс бердим. Бакалавр, магистр, баъзан аспирант ва докторантларга маъруза ўқидим, илмий жараёнларда тингловчи сифатида ҳам иштирок этдим. Тингловчи сифатида иштирок этган жараёнда мен ўзбек олимларининг маърузаларини тингладим, уларнинг илмий-амалий фаолияти билан яқиндан танишдим. Кўплаб шоир ва ёзувчилар билан ҳам учрашиш, суҳбатлашиш, фикр алмашиш бахтига муяссар бўлдим. Жумладан, шоир Эркин Воҳидов билан ҳам.

Ўзбек адабиётига қизиқишингизга нималар сабаб бўлган? Дастлаб қайси ёзувчи ёки шоирнинг асари билан танишгансиз?

— 1990 йилларда олийгоҳда ўқиб юрган кезларимизда фақат турк шоир ва ёзувчиларинигина эмас, балки бутун туркий халқлар ижодкорлари асарларини ўрганардик, мутолаа қилардик. Дарс жараёнида Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур ғазалларига меҳр қўйдим, хусусан, Бобурнинг «Бобурнома» асари орқали биз она юртимиз деб атаган Туркистон халқининг тарихи ва маданияти ҳақидаги тасаввурга эга бўлдик. Ана шундай асарлар сабаб мен ўзбек адабиётига қизиқа бошладим. Таржима назарияси фанида устозларнинг кўрсатмасига биноан ўзбекчадан туркчага ўгирилган Абдулла Қодирийнинг «Ўтган кунлар» ва Ойбекнинг «Навоий» романларини бошдан-оёқ ўқиб чиқдим. Ойбек романида Навоийни шундай тасвирлаганки, унинг тил, адабиёт ва миллат учун қилган хизматлари яққол намоён бўлган.

Ушбу китобнинг салкам беш саҳифасидан шеърлар таржимаси ўрин олган. Эркин Воҳидов шеърларини таржима қилишга сизга нима туртки бўлди? Бундай катта ҳажмдаги ишни амалга ошириш қийин бўлмадими?

Ҳозиргидай эсимда... Адабиёт дарсларида нафақат турк шоир ва ёзувчиларини, балки Туркистон ҳудудининг адибларини ҳам ўрганар, уларнинг асарларини ўқиб борардик. Устозлардан тўғридан-тўғри бу ҳудудни, бу ердаги озарбайжон, қозоқ, туркман, ўзбек, қирғиз адабиётининг ривожланиш босқичларини тинглар, ҳар дарсимизда бу ўлкаларни кезиб чиққандек, бу ўлкаларда маърифат йўлида курашганлар билан бирга йўлга чиққандек бўлардик. Бу ердаги одамлар билан бирга йиғлар, улар билан бирга кулар эдик. Алалхусус, бу адабиёт вакиллари асарларини ўқиган сайин Туркистонда адабиёт анъанасининг нечоғлик кучли эканлигини, бу юрт адибларининг усталик билан тилдан фойдаланишларининг гувоҳи бўлар эдик. Ана шундай дарсларнинг бирида устозимиз синф тахтасига ёзилган шеърни иштиёқ билан ўқиб бердилар. Кейинги дарсимизда эса ушбу шеърни ёзган шоир ҳақида гаплашишимизни, шоир ҳақида қўшимча маълумотларни излаб топишимизни, агар шеърларини топиш имкони бўлса, уларни ҳам дарсга олиб келишимизни айтдилар. Кейинги ҳафта қиёсий адабиётшунослик дарсимизга ўқитувчимиз иккита меҳмон билан кириб келди. Ўқитувчимиз меҳмонларни бизга таништирди. Уларнинг иккаласи ҳам Ўзбекистондан келган илмий ходимлар эди. Улардан бири дарсимизда қирқ дақиқача Ҳазрати Мир Алишер Навоий ҳақида; унинг тилга қанчалик аҳамият берганлиги, адабиёт ва маданиятга қўшган ҳиссаси ҳақида гапириб берди. Ва яна Навоийнинг фақатгина ўзбекларга эмас, бутун туркий халқлар, жамики инсоният учун ҳам йўналиш берган зиёли эканлиги ҳақида гапириб бергандан кейин, 1930-йилларгача бўлган ўзбек адабиётининг умумий ҳусусиятларини санаб ўтди.

Бутун курс — етмиш бешта талаба Ўзбекистондан келган меҳмон маърузаларини мароқ билан тинглар эдик. Меҳмон охирги сўзни Чўлпоннинг «Гўзал» шеъри билан якунлади. Иккинчи меҳмон сўзга чиқди ва ўз маърузасини бошлади. У, асосан, Ўзбекистоннинг озодликка эришиш йўлидаги кураши, бу жараёнда бўлиб ўтган воқеалар, ўзбекларнинг ўзлиги ва маданиятини сақлаб қолиш йўлидаги курашлари ва Ўзбекистонда адабиётга бўлган эътибор ҳақида гапириб берди. Сўнгра замонавий ўзбек шоирлари ҳақида маълумот бериб, ўзбеклар ёддан, фахр билан айтиб юрадиган «Ўзбегим» қасидасини ўқиб берди. Шеърнинг оҳанграбоси билан бирга ундан ҳам қизиқроқ томони шунда эдики, синфни тўлдириб ўтирган етмиш бешта талаба миқ этмасдан шеърни тинглаши ва шеър тугаши биланоқ ҳамма тик туриб олқишлагани эди. Дарс тугаган вақти мен шоирлик қони жўшиб турган, ҳам мумтоз, ҳам замонавий характерларга эга янги шоир билан танишган эдим.

Шеър ва шоир вазифасини жамиятни уйғотиш ва унинг ривожланишига ҳисса қўшишда, деб билган ва бу йўлда шеърлар битган Эркин Воҳидовни Туркияга танитиш, замонавий ўзбек адабиётининг ёрқин намоёндаларидан бири бўлган шоирнинг назмий асарларидан хулоса чиқарган ҳолда шеърият дунёси ва услубий хусусиятларини очиб бериш устоз Эркин Воҳидов ҳақидаги тадқиқотимнинг асосий масаласи эди. Буларни ўрганиш асносида шоир ижодининг ўзига хослигини, унинг фалсафий фикр ва тасаввурларга бойлигини исботлаш эди.

Ушбу китобнинг бир қисми тадқиқотдан ҳам иборат экан. Эркин Воҳидов шеърияти ҳақидаги қарашларингиз? Сизнинг назарингизда Эркин Воҳидов ижодининг бошқа шеъриятдан фарқли жиҳатлари нималарда кўринади?

— Замонавий ўзбек шеъриятининг йирик намояндаларидан бири бўлган Эркин Воҳидов, мумтоз шеърият анъаналарига содиқ қолган ҳолда ёзган шеърларидан ташкил топган «Ёшлик девони», инсон руҳияти ва ўй-хаёлларини мушоҳада қилишга мажбур қиладиган «Тирик сайёралар», «Шарқий қирғоқ», «Яхшидир аччиқ ҳақиқат» номли китоблари, иккинчи жаҳон уруши олиб келган кулфат ва азобларини акс эттирувчи «Нидо» достони, бенгалиялик инқилобчи шоир Назрул Исломнинг ҳаёти ва фожеий қисматига боғлиқ ҳолда жасорат, фидокорлик, миллий бурч ва инсонлик каби хусусиятлари хулосаси сифатида инсонларнинг манфаатпарастлиги ва шафқатсизлигини тасвирловчи «Руҳлар исёни» достони, тўғрилик ва эгрилик, адолат ва адолатсизлик, самимият ва сохталик ғояларидан келиб чиққан ҳолда ҳаётнинг шафқатсиз юзини кўрсатиб берувчи «Истанбул фожиаси» назмий пьесаси ҳажвий унсурлар билан безатилган «Донишқишлоқ латифалари» манзум ҳангомалар туркуми, «Олтин девор» комедияси ва таржималари билан нафақат шеъриятга, балки ўзбек адабиётининг тараққиётига улкан ҳисса қўшди.

50-йиллардан бошлаб шеърлари вақтли матбуотда эълон қилина бошлаган, 60-йилларда шоир сифатида танилган Э. Воҳидов асарларида ўзини ва жамиятни қийнаган муаммоларни ўзига хос услубда тараннум этган. Шунингдек, Эркин Воҳидов миллатнинг дардларини, ўз халқига босқинчилик сиёсатини олиб борган кучларнинг бешаф­қатлиги, адолатсизлиги ва нотўғри ҳаракатларидан безовта эканлигини ҳеч иккиланмасдан ифода этган.

Шеъриятни ўз қуроли деб билган Э. Воҳидов миллати олдидаги вазифа ва мажбуриятини чин дилдан ҳис қилган шоир ҳисобланади. Шоирликни «жондан воз кечиш», дея таърифлаган Э. Воҳидовнинг фикрича, шоир инсониятнинг ер юзида бошидан кечирган барча воқеаларга жавобгар кишидир. Унингча, «Шоирнинг дарди — халқнинг дардидир». Ва шоир «ҳар сўзи халқнинг овози ва фар­ёдини ифода этсагина» бахтиёр бўлишини айтиб ўтади. Бундан келиб чиққан ҳолда, айтиш мумкинки, у миллатнинг ва яшаган даврининг фарёди бўлиш ғоясига хизмат қилган. Эркин Воҳидовнинг арузда ёзган ғазаллари билан бу қадимий оҳангнинг ҳамиша
навқиронлигини исботлади. Шоир дўстлик, тавозе, самимият, ростлик, мардлик каби мавзуларда ижод қилган. Шунингдек, Э. Воҳидов шеърларида ватан мавзусига кенг ўрин берилган. Унинг шеърларида Ватан оддий бир тупроқ парчаси эмас. Ҳамма нарсадан олдин Ватан — унинг устида яшовчи халқ яратган тил, тарих, урф-одат ахлоқ қоидаларидан ташкил топган маданияти билан, яъни руҳи билан Ватандир.

Суҳбатдош: Қандилат ЮСУПОВА