“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

ШИРИН ИЗТИРОБ ИЧИДА ЯШАДИМ...

Амир ФАЙЗУЛЛА,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси

ШИРИН ИЗТИРОБ ИЧИДА ЯШАДИМ...

Хоҳ катта бўлсин, хоҳ кичик, қўлимга тушган ва ишга киришганим ҳар қандай таржимани ўзим учун янги синов деб биламан. Матннинг қанақалигини бир қарашда англаш қийин. Аввал уни бир ўқиб чиқиш керак. Табиийки, бундай йўсиндаги танишув билан ҳам матн моҳиятига тўлиқ кириб борилади деб бўлмайди, акс ҳолда дунёда таржимадан осон иш бўлмасди. Шунинг учун таржимага танланган матн (асар) ни аввал яхшилаб ўрганиб чиқиш керак. Асарнинг, муаллифнинг номи, асардаги воқеаларнинг умумий кўриниши (қисқача мазмуни) сингари бўлимлар шу асар моҳияти теварагидаги тараддудларга киради, холос. Шуниси ҳам борки, бундай тараддудлар қачонлардир ўзингиз билмаган ҳолда бошингиздан ўтган ҳам бўлиши мумкин. Масалан, бошқа тилдаги бир қизиқарли асарни сиз ичингизга сиғдиролмай битта-яримта дўстингизга ҳаяжон билан сўзлаб берасиз ва тингловчининг олқишига сазовор бўласиз. Кейин бир муддат ўтиб, айнан шу китоб (асар) ни она тилингизга ўгиришингизга тўғри келиб қолади ва сиз мамнуният ва жасорат билан таржима қилишга тушиб кетасиз. Ҳа-да, гарчи бошқа тилда бўлса ҳам мазкур асарни сиз миридан-сиригача биласиз. қаҳрамонлари билан (ва шу билан бирга унинг тили билан ҳам) яқиндан танишасиз, «дардлашасиз». Ҳатто кимнидир ишонтириш учун «Бу асарни яхши биламан» деб далиллар келтирасиз, яъни асар ичида ўзингизга кучли таъсир қилган иборалар, «қанотли сўзлар», мақол ё маталларни тилга олиб ўтасиз, хаёлан уларнинг она тилингизда қандай жаранглашини кўз олдингизга келтирасиз. Дейлик, ўзингиз ёқтирган ўша асар (матн) ни таржима қилишга киришдингиз ва «бисмилло» деб бошлаган ишингиз биринчи «тўсиқ»қа дуч келиши биланоқ, таққа тўхтаб қолиши мумкин. Бунга энди нариёқдаги «бошқа тил» эмас, бориб-келиб бериёқдаги ўзингизнинг она тилингиз сабабчи экани аввал ўзингизга маълум бўлади. Агар «нариги ёқдаги» матннинг «бериги ёқда» муқобили топилмас экан, ундай таржима тутун қайтара беради, тутун қайтара беради. Хоҳ бошловчи ё ҳаваскор бўлсин, хоҳ тажрибали таржимон бўлсин, бутун асар таржимаси давомида бундай тўсиқларнинг неча юзтаси, неча мингтасини енгиб ё ошиб ўтишга тўғри келади. Шу хусусда мен бир таржима ишим тафсилотини мисол тариқасида келтириб ўтсам.

Ф. М. Достоевскийнинг «Камбағаллар» («Бедные люди») романи сиз азиз муштарийларга яхши таниш бўлса керак. Асар ёзилганда муаллиф йигирма беш ёшда экан, биринчи бўлиб уни М. В. Гоголга кўрсатибди. Гоголь уни ўқиб чиқиб, танқидчилар отаси В. Б. Белинскийга олиб борибди. Қўлёзмани Гоголнинг қўлидан олаётиб, Белинский ярим ҳазил, ярим чин қилиб, «Ҳа, яна бир наср қуёшими?» дебди-да, икки кундан кейин Гоголь билан ёш муаллифни ҳузурига чорлабди. Гоголни кўриши билан Белинский: «Мен ҳазил қилиб айтган гапим чин бўлиб чиқди, жаҳон адабиётида яна бир қуёш уфқдан бош кўтармоқда», деган экан.

«Гулливернинг саёҳатлари», «Барон Мюнхаузенинг саргузаштлари» сингари асарларни ким кўрмаган, ким эшитмаган. Айнан шу китоблар таржимони Абдулла Хўжахоновни эса дафъатан эсламаслик мумкин, аммо бу таржимон ўзининг шу соҳадаги буюк ишлари билан ўзбек маданиятини ўлмас дурдона асарлар билан бойитган, ҳисса қўшган. Ул зотнинг илм-урфонда ўзидан қолишмайдиган ўғиллари Аҳмадхон Хўжахонов (ҳозирда 84 ёшда кексалик гаштини сурмоқда) «Жаҳон адабиёти» журнали таҳририятига ташриф буюрди ва юпқагина жилдни бизга узатаркан:

— Бу Достоевскийнинг «Камбағаллар»и таржимаси, дадам раҳматлик ўз вақтида бошлаб қўйиб, кейин нимагадир чала қолиб кетган экан, нима қилсаларинг, ўзларинг биласизлар, — деди азбаройи ихлос ила.

Қўлёзма 15-20 варақ келарди, унинг ҳам ярмидан кўпроғи эски машинкада терилган, қолган озгинаси қўлда ёзилганича жумла тугамай ҳам тўхтаб қолган эди. Ҳатто рус тилидаги аслият ҳам йўқ — шахсий сандиқлари ичида, бошқа китоблар орасида шу тахлит ётган экан.

Мен таклиф киритиб, дедим:

— Йўқ демасангиз, шу асар таржимасини мен охирига етказиб қўйсам, зора дадангизнинг руҳлари шод бўлиб, бизлардан ҳам рози бўлсалар.

Аҳмаджон ака: «Бунақа ишларни сиздай одамлар қилмаса, биз ночормиз — адабиётчи эмасмиз», дея астойдил рози бўлди.

Агар эътибор қилсангиз, тилнинг ҳам тараққиёт йўлида ўзига яраша поғоналари, даврлари бўлади. Огаҳий давридаги форс тилидан қилинган ўзбекча таржимани луғатсиз ўқиш амримаҳол. Чўлпон, Қодирий тиллари олдингилардан бирмунча соддалашгани билан буларда ҳам мумтозлик руҳи баланд келиб туради. Ҳатто Ойбек ҳазратларининг тилида ҳам сизу бизга у қадар тушунарли бўлмаган нукталар (сўз, фикр) талайгина. Эркин Воҳидов ва Абдулла Орипов сингари буюк сўз намояндаларига келибгина етти яшардан етмиш ёшгача баровар тушунадиган тоза ўзбек тилимизга эга бўлдик. Абдулла Хўжахонов тили ҳам Ойбек, Чўлпон ҳазратлари тилига жуда яқин эди. Шу ўринларни ҳисобга олиб, мен «Беднье люди» билан «Камбағаллар» (парча) ни ўрганишга киришдим. Аввал озроқ бўлгани учун ўзбекча матнни бир неча марта ҳижжалаб ўқидим. Сўнг «Бедные люди»ни ҳижжалаб ўқишга тутиндим ва нотаниш сўз ва ибораларни эринмай териб чиқдим, ўзбекча муқобилларини қидирдим, рус тили эгаларидан сўрадим, катта-катта луғатларни титкиладим. «Тадқиқотим» тугагач, «Бедные люди»ни уйда яна бир карра овоз чиқариб ўқидим ва... қарасам, Достоевский тили назаримда анча соддалашиб қолгандай туюлди. Бояги ўзбекча парчани сўнгги бор ўқиб чиқдим-у, Абдулла Хўжахонов руҳига кириб олдим. Натижа ҳам шунга яраша — ёмон бўлмади. Таржимани бошлашдан олдинги изтиробу изтирору иштибоҳлар ўрнини энди узоқ кутилган ҳаловат эгаллади. Таржима завқу шавқи деганлари шу бўлса, эҳтимол.