“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

МЕН АНГЛАГАН ДУНЁ

Тоштемир ТУРДИЕВ,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, 
Филология фанлари номзоди
 
МЕН АНГЛАГАН ДУНЁ
 
Мен билган олам. Осмони мусаффо, тупроғида гулу лолалар ўсадиган диёр, гарчи текис йўлга ўхшамаса-да, гўзал адирга қиёс ҳаётдан сўзлагувчи китобларда, деб билганман. Мен дунёни мана шундай таниганман. Китоб, китоб ва яна китоб. Мутолаа, мутолаа ва яна мутолаа. Кутубхонадан олинган китобни ўқишга навбатда турардик. Навбатимиз етиб келадиган фурсат баъзан бизга ғоят узоқдай туюларди. “Битта китобни ўқишни одам шу-у-нча чўзадими?” деб унинг вақтинчалик эгасидан аччиқланардик. Агар ўқиб чиққан тенгдошимиз китобдаги воқеалар ҳақида сўзлагудай бўлса,    дарҳол тўхтатардик. “Ўзим ўқиб билиб оламан, гапириб берма!” дердик. Мутолаага ана шундай ташна эдик. “Алпомиш”, “Гўрўғли”, “Равшанхон” каби халқ достонларини эшитиб, ўшаларнинг пок руҳида улғайдик. Алпомишга ҳозир ҳам кўз югуртирсам, олислардан дўмбиранинг овозини эшитаман. Бахшининг хониши томиримдаги қонимни жўштириб юборади. Чингиз Айтматовнинг асарларини ўқиганимда чанқовузнинг товуши гўё юрагимга қуйилаётганга ўхшайди. “Ўткан кунлар”да эса дуторнинг сокин куйи вужудимга изтиробнинг оҳангини олиб киради. “Кеча ва кундуз” мутолаасидан сўнг кўкрагимни тўлдириб ҳурлик ҳавосидан нафас оламан. Мен тирикман! Тириклигимни китоблар эслатиб туради. Унинг маънавият озуқаси эканлигини вужуд-вужудим билан ҳис қиламан. Китоб ўқиганим сари ўзимни англаб бораман.     Дунёда мутолаадай завқли маш-ғулот йўқлигига минглаб мисол келтириш мумкин. 
Бир танишим мутолаага бўлган инсон эҳтиёжи суса-йиб бораётганидан куйиниб гапириб қолди: “Эсингдами, авваллари давраларда ўқиган китобларимиз ҳақида сўзлашардик. Ҳозир эса кимнинг қандай машина минганию қандай телефон олгани тўғрисида соатлаб муҳокама қилишади. Маънавият ўрнини моддият эгаллаётганига ачиниб кетаман. Давраларнинг файзи қочган, одамларнинг юзидан нури кетгандай туюлади, назаримда. Катталарнинг фикрлаши шу бўлса, кичикларидан нима кутасан. Қаерга қараб  кетяпмиз”. 
Хизмат тақозоси туфайли кўп жойларда ёшлар билан суҳбатда бўламан. Уларнинг китобга муносабатидан кўнглим тўлмайди. Танишимнинг куюнишида жон бор, деб ўйлайман. Бизнинг даврларда деҳқон ҳам, қоровул ҳам китоб ўқирди-ку! Бугунгилар эса телефонни тутишни билади. Болалигимизда кутубхоначилар ёки китоб дўкони сотувчилари (у вақтларда китоб дўконлари кам бўларди) ёшимизга мос келадиган китобларни ўзи тавсия этарди. Ҳозир мен ўша китобларни ўқишни маслаҳат берган опаларимга нисбатан ич-ичимдан мамнуният ҳис этаман. Хайрият, Худо бизни ўшандай маърифатли опаларга дуч қилган экан, дейман. 
Яқинда китоб дўконига кирдим. Ўзимга керакли китобни излаб турувдим. Бир талаба йигит дўконга шамол мисоли учиб кирди.
— Мен китоб ўқимоқчиман!
— деди у дабдурустдан. 
Бу гапдан мен сергак тортдим. Китобни шу тариқа талаб қилиб ўқийдиган китобхон бор экан, маънавиятнинг ҳеч қачон ўлмаслигига ишониш мумкин.
— Ҳали бадиий асар ўқимаганман, опажон. Бугундан китоб ўқишга жиддий киришмоқчиман. Ҳозир ёшлар кўп мутолаа қилаётган энг яхши асарни беринг! — деди. 
— Бор! Ҳозир ёшлар севиб ўқийдиган бир ёзувчининг асарини бераман. Мана сизга “Бевош қизнинг қилмишлари”, — деди. 
Китобни қучоқлаб олган йигит қандай шиддат билан кирган бўлса, дўкондан ўшандай шиддат билан учиб чиқиб кетди. Мен дўкон сотувчиси тавсия этган китобга қарадим. “Бир йилда ўн учта китоб чиқарганман”, деб мақтанган муаллифнинг асари экан. Зиё истаб китоб дўконига кирган болага ачиндим. Беихтиёр сотувчининг олдига яқинлашдим.
— Ҳозир нима қилиб қўйганингизни биласизми? — деб сўрадим.
— Нима қилдим? — деди у ҳайратланиб.
— Болага сифатсиз маҳсулот бериб юбордингиз-ку. ўояси нимага хизмат қилишини муаллифнинг ўзи ҳам билмайдиган асарнинг кимга кераги бор? Бу боланинг ҳафсаласини пир қилиб қўйишингиз мумкин-ку ахир! — дедим.
— Ҳамма асарларни бирма-бир варақлаб ўтиришга вақтим йўқ. Қизиқ бўлса керакки, ҳозир шу китобни ҳамма сўраяпти. 
Мен эса жавонларга кўз югуртирдим: Шукур Холмирзаевнинг “Ўн саккизга кирмаган ким бор”, Назар Эшон-қулнинг “Мендан “Мен”гача”, Чингиз Айтматовнинг “Қулаётган тоғлар”, Федор Достоевскийнинг “Жиноят ва жазо” сингари адабиётнинг ўлмас асарлари бўзлаб турганга ўхшади. Қалбимни ғалати маҳзунлик эгаллади. Дўкон сотувчисига назар ташладим. Қаршимда чексиз уммон олдида яшаб сузишни ўрганмаган нўноқ, бутун умр ҳаётнинг моҳиятини англамай ўтиб кетадиган ҳиссиз аёлни кўрдим. 
Маънавиятсиз қалб гўё томи йўқ уйга ўхшайди. У кундан-кунга нураб бораверади. Мутолаа — бахт, мутолаа — қувонч, мутолаа — эҳтиёж, мутолаа — идрок қуввати.