“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

БОЙ БЕРИЛГАН ЖАНГ

 

Светлана АЛЕКСЕЕВИЧ,

Беларусь адибаси,

Нобель мукофоти совриндори

Мен Стокгольмдаги бу минбарда ёлғиз турганим йўқ. Атрофимда овозлар, юзлаб овозлар бор, улар ҳар доим мен билан бирга. Болалигимдан буён. Мен қишлоқда яшардим. Биз, болалар, кўчада ўйнашни севардик, аммо жайдари қилиб айт­ганда, “кулбаи вайрона”лари ёнидаги ҳорғин хотин-халажлар тўлдириб ўтириб олган ўриндиқлар бизни оҳанрабодай ўзига тортарди. Улардан ҳеч бирининг эри ҳам, отаси ҳам, ака-укалари ҳам йўқ эди, урушдан кейин қишлоғимизда биронта эркак бўлганини эслолмайман — Иккинчи жаҳон уруши вақтида Беларусдаги фронтда ва партизанликда ҳар тўртинчи беларус ҳалок бўлган эди. Урушдан кейинги бизнинг болалар дунёмиз, аёллар дунёси бўлган эди. Кўпроқ эсимда қолгани шуки, хотинлар ўлим ҳақида эмас, балки севги ҳақида гапирар эди. Севган йигитлари билан охирги куни қандай хайрлашгани, қандай кутганлари, ҳалигача қандай кутаётгани ҳақида сўзлар эди. Қанча йиллар ўтиб кетган бўлса ҳам улар ҳамон кутар эди: “Майли, қўлсиз бўлсин, оёқсиз бўлсин, фақат қайтиб келсин, мен уни қўлларимда кўтариб юраман”. Қўлсиз... Оёқ­сиз... Севги нима эканини мен болалигимдан билардим, афтидан...

Мен тинглаган хордан бир неча куйни сизга илинганим бўлсин...

Биринчи овоз:

“Буни билиб нима ҳам қилардинг? Бир дунё қайғу. Эримни урушда учратганман. Танкчи эдим. Берлингача етиб бордим. Қандай турганимиз ёдимда, Рейхстаг ёнида у менга ҳали эр эмас эди, бир вақт у: “Кел, турмуш қурамиз. Мен сени севаман”, — деди дабдурустдан. Бу сўзларни эшитиб, шунақанги хафа бўлиб кетдимки, қўяверасиз — бутун уруш давомида лой кечдик, чанг­га ботдик, қонга беландик, атрофда фақат сўкишлар. Мен унга  бундай жавоб бераман: “Сен аввал мени хотин қилиб ол: гул совға қил, эркала, кейин урушдан қайтганимда ўзимга кўйлак тикаман”. Хафа бўлганим шунчаликки, уни урмоқчи ҳам бўлдим. У буларнинг барини сезиб турарди. Унинг эса, бир юзи куйганидан чандиқ босиб кетганди, ўша чандиқлар орасида кўз ёшларни кўраман. “Бўпти, сенга турмушга чиқаман”. Айтишга айтдиму айтганимга ўзим ишонмадим... Атроф қоп-қора тутун, синиқ ғиштлар, хуллас, ҳамма ёқда уруш...”.

Иккинчи овоз:

“Биз Чернобил атом станцияси яқинида турардик. Мен қандолатчи бўлиб ишлардим. Мойли кулчалар пиширардим. Эрим эса ўт ўчирувчи эди. Биз яқинда турмуш қургандик, ҳатто бир-биримизнинг қўлимиздан тутганча дўконларга қарардик. Реактор портлаган куни эрим ёнғин қисмида навбатчилик қилаётганди. Чақириққа улар кўйлакда, уй кийимида кетишди, атом станцияси портлайди-ю, уларга ҳеч қанақа махсус кийим беришмаганини қаранг. Биз шундай яшардик... Биласиз... тун бўйи улар ўт ўчиришди ва ўзларини нурлантириб олишди, ҳаёт билан бутунлай қарама-қарши ишлар. Эрталаб уларни самолётда Москвага олиб кетишди. Ўткир нурланиш касаллиги... Бунда одам фақат бир неча ҳафта яшайди, холос... Эрим кучли эди, спортчи эди. Охиргиси бўлиб ўлди. Мен келганимда, уни боксда ётибди, дейишди. У ерга ҳеч кимни киритишмас экан... Мен уни севаман, — ёлвордим мен. “Уларга аскарлар қараяпти. Қаёққа?” — “Севаман”. Мени юпатмоқчи бўлишди: “Энди у ҳеч қанақа севгили-певгили эмас, балки нурдан тозаланадиган буюм, тушундингми?” Мен эса битта сўзда туриб олгандим: “Севаман, севаман”. Тунда ёнғин зинапоясидан тепага кўтарилдим... Ёки тунда вахтёрлардан илтимос қилдим. Мени ичкарига киритинглар, деб пул бердим. Мен уни ташлаб кетмадим. Охиригача ёнида бўлдим... Унинг ўлимидан кейин бир неча ой ўтиб, қиз туғдим, чақалоқ атиги бир неча кун яшади. Чақалоқ... Биз уни қанчалар кутган эдик, мен эса уни қўлим билан ўлдириб ўтирибман. Болагинам мени омон сақлаб қолди. Барча нурни у ўзига олган эди. Муштдеккина жисм... Жажжигина... Аммо мен икковини ҳам севардим. Наҳотки, севги билан ўлдириш мумкин бўлса? Нега бу иккаласи доим ёнма-ён келади — севги ва ўлим? Улар ҳар доим бирга. Ким айтади менга? Қабр олдида тиззалаб, ўрмалайман”.

Учинчи овоз:

“Биринчи марта немисни қандай ўлдирдим?.. Ўн ёшда эдим, партизанлар мени ўзлари билан топшириққа олиб кетишди. Мана бу немис эса ярадор бўлиб ётарди. Менга унинг тўппончасини олишни айтишди, мен югуриб бордим, немис эса иккала қўли билан тўппончани чангаллаб башарам олдида юргизди. Аммо у биринчи бўлиб отишга улгурмади, мен улгурдим. Ўлдирганимдан қўрққаним йўқ. Урушда ҳам уни эсламадим. Атрофимда кўплаб ўликлар бор эди, биз ўлганлар орасида яшардик. Кўп йиллар ўтиб, бирдан шу немис тушимга кирганида ҳайрон бўлган эдим. Бу тасодифан бўлиб қолганди. Битта туш кўравердим, кўравердим. Мен ётиб олганман, у эса мени қўйиб юбормасди. Кейин кўтариламан... Учиб кетяпман, кетяпман. У мени қувиб етади ва иккаламиз бараварига йиқиламиз. Қандайдир чуқурга думалаб тушаман. Ўрнимдан турмоқчи бўлиб ҳарчанд чиранаман... У эса тургани қўймайди. У қанот қоқиб учишимга қўймайди... Бир хил туш — у мени ўн йиллар таъқиб қилади.

Бу тушимни ўғлимга айтиб беролмайман. Ўғлим кичкина эди, ҳаддим сиғмасди, мен унга эртаклар ўқиб берардим. Энди ўғлим кап-катта йигит бўлиб қолган — барибир тушимни айтгани тилим бормайди...”

* * *

Флобер ўзи ҳақида, мен инсон — пероман, ўзим ҳақимда, мен инсон — қулоқман, дея оламан деган экан. Кўчадан юриб кетаётганимда қулоғимга қандайдир сўзлар, иборалар, ундовлар чалинади ва ҳар доим ўйлайман: қанчалаб романлар вақт қаърига маҳв бўлиб, изсиз йўқолади. Зулмат қаърига маҳв бўлади. Инсон ҳаётининг бир қисми бор — суҳбат қисми, биз уни адабиёт учун бўйсундиролганимиз йўқ. Биз уни баҳолаганимиз йўқ, ундан ҳайратга ҳам, ҳаяжонга ҳам тушганимиз йўқ. У эса мени авраб, асираси қилиб олган. Одам айтганидек, мен севаман. Ёлғиз инсон овозини севаман. Бу менинг энг катта севгим ва эҳтиромимдир.

Мен бу минбаргача узунлиги қирқ йиллик масофани босиб келдим — ижоддан-инсонгача, овоздан-овозгача. Бу йўлни босиб ўтиш менга осон бўлди, деб айтолмайман — бу инсон деганлари мени кўп марталаб ўтдан олиб, ўтга солди, бир ҳаяжонга тушсам, бир нафратга кўмилдим, эшитганларимни унутмоқчи, ўзимнинг ғўрлик чоғларимга қайтмоқчи бўлдим. Гўзал инсонни кўрганимда шодликдан йиғлаб юборишни кўп марта хоҳладим.

Мен бизларни болаликдан ўлимга ўргатган мамлакатда яшадим. Ўлимни ўргатдилар. Бизга инсон ўзини фидо қилиш, куйиб-ёниш, жонини аямаслиги учун яшайди, деб ўқитдилар. Милтиқли одамни севишни ўргатдилар. Агар бошқа мамлакатда туғилиб ўсганимда эди, бу йўлни босиб ўтолмаган бўлардим. Ёвузлик аёвсиз бўлади, унга алоҳида шайлик, тайёргарлик билан ёндашмоқ керак. Биз жаллодлар ва қурбонлар орасида униб-ўсдик. Ота-оналаримиз қўрқувда яшаган ва ҳаммамизга ҳам бир сирни айтмаган бўлса-да, аммо биз нафас олаётган ҳаво аллақачон шу билан заҳарланиб бўлганди. Ёвузлик ҳар доим ортимиздан кўзини узмай таъқиб қиларди.

Мен бешта китоб ёздим, аммо улар менга битта китобга ўхшаб кўринади. Бир фаразия тарихи ҳақидаги китоб.

Варлам Шаламов бундан ёзганди: “Мен инсониятни тубдан янгилаш учун бой берилган катта жангнинг иштирокчиси бўлганман?” Мен бу жангнинг ғалабалари ва мағлубиятларининг тарихини тиклаётирман. Ер юзида Самовий салтанат қурмоқчи бўлганларидек Жаннат! Қуёш шаҳри! Нима билан тугади? Қон баҳри уммони, миллионлаб увол бўлган инсонлар ҳаёти қолди, холос. Шундай замон ҳам  бўлган эдики, ХХ асрнинг биронта сиёсий ғоясини коммунизм (иккинчи тимсоли сифатида Октябрь инқилоби) билан тенглаштириб бўлмасди, ўарбдаги афкор оммаю бутун дунёдаги одамларни кучлироқ ва ёрқинроқ ўзи томон торт­маганди. Раймон Арон рус инқилобини «афкор омма учун афьюн» деганди. Коммунизм ҳақидаги ғоя кам деганда икки минг ёшда. Уни Платоннинг идеал ва тўғри давлат тўғрисидаги таълимотларида ҳам, Аристофаннинг «ҳамма нарса ўртада» бўладиган замон тўғрисидаги орзуларида ҳам, Томас Манн ва Томмазо Кампанеллада ҳам, кейинроқ Сен-Симон, Фурье ва Оуэндан ҳам топишимиз мумкин. Рус руҳида шундай нарса борки, у бу орзуларнинг ушалишига туртки бўлгандек.

Йигирма йил муқаддам биз кўзимизда ёш билан қарғай-қарғай «қизил» салтанатни кузатиб қўйгандик. Бугун эса яқиндаги тарихга тарихий тажриба каби хотиржам қарай олишимиз мумкин бўлиб қолди. Бу муҳим, чунки социализм ҳақидаги баҳслар ҳалигача босилгани йўқ. Янги авлод етилиб бўлди, у дунёни бошқача манзарада кўради, аммо ёшларнинг маълум қисми яна Маркс ва Ленинни ўқияпти. Россия шаҳарларида Сталин музейлари очиляпти, унга ҳайкаллар қўйиляпти.

“Қизил” салтанат йўқ, “қизил” одам эса қолган, яшаяпти.

Отам, у яқинда қазо қилди, умрининг охиригача содиқ коммунист бўлган эди. Партия билетини кўз қорачиғидай асрарди. Мен ҳеч қачон “совет” сўзини айтмас эдим, айтсам, ўз отасини, “қариндош-уруғларини”, таниш одамларни шу сўз билан ерга урган бўлар эдим. Дўстларни ҳам, улар барчаси социализмдан чиқиб кетган одамлар эди. Улар ичида кўплари идеалистлар, романтиклар эди. Бугун уларни бошқача аташяпти — “Қуллик романтиклари”. “Рўё қуллари”. Ўйлайманки, улар ҳаммаси бошқача яшай олишлари мумкин эди, аммо совет (шўро) ҳаётини яшашди. Нима учун? Бу саволга жавобни узоқ қидирдим — яқингача СССР деб аталган улкан мамлакатнинг бу ёғидан кириб, у ёғидан чиқдим, минглаб тасмаларга сувратлар туширдим. Ўша замон социализм эди ва бу бизниннг шунчаки ҳаётимиз эди. “Уйдаги” тарихни, “ички” социализмни заррама-зарра тўпладим. Инсон жонида қандай яшаган бўлса, ўшандай қилиб жамладим. Мени мана шу кичкина кенглик — инсон, биргина инсон ўзига тортди. Ҳақиқатан ҳам у ерда ҳамма нарса содир бўляпти ҳам.

Урушдан кейиноқ Теодор Адорно ларзага тушганди: “Освенцимдан кейин шеър ёзиш — бу жаҳолат-ку”. Бугун исмини алоҳида миннатдорлик билан тилга олаётганим устозим Алесь Адамович ҳам “ХХ аср даҳшатлари ҳақида насрий асарлар ёзиш куфр-ку”, деганди. Бу ерда узоқ ўйлашнинг кераги йўқ. Ҳақиқатни ўзидай қилиб ёзиш шарт. “Ўта адабиётчилик” талаб этилади. Гувоҳ гапириши керак. “Ҳеч бир санъаткор ҳақиқатга бардош беролмайди”, — деган сўзларнинг эгаси Ницшени эслаш мумкин. Уни кўтаролмайди.

Ҳақиқатни бир қалбга, бир ақлга сиғдириб бўлмаслиги мени ҳар доим қийнаб келган. У қандайдир майда-майда бўлиб уваланиб кетгандай туйилади. У кўп, у ранг-баранг ва дунёга сочилиб кетган. Дос­тоевскийнинг бир фикри бор, яъни инсоният ўзи ҳақида у адабиётда кўрганидан кўпроқ, жуда кўпроқ даражада нарса билади. Мен нима қиляпман? Мен туйғулар, фикрлар, сўзларнинг кундаликларини тўплаяпман. Мени қалб тарихи қизиқтиради. Қалб турмуши қизиқтиради. Катта тарих одатда тушириб қолдиради ва шуниси билан у димоғдор ҳам. Тушириб қолдирилган тарих билан шуғулланаяпман. Бу адабиёт, бу ҳукумат деган сўзларни дам-бадам, бот-бот эшитаман. Бугунги кунда адабиёт нима дегани ўзи? Бу саволга ким жавоб топади? Биз илгаригидан тезкорроқ яшаяпмиз. Мазмун шаклни ёриб чиқяпти. Уни синдиряпти ва ўзгартиряпти. Ҳамма нарса қуюшқондан чиқиб кетган: мусиқа ҳам, рангтасвир ҳам. Ҳужжатдаги арз ҳужжат чегарасидан отилиб чиқиб кетяпти. Далил билан тўқима ўртасида чегара йўқ, бири бош­қасининг устидан ошиб ўтиб кетяпти. Ҳатто гувоҳ ҳам бетараф эмас. Сўзлар экан, инсон ижод қилади, у замон билан курашяпти, худди ҳайкалтарош мармар билан олишгандек. У — ҳам актёр, ҳам ижодкор.

Мени кичкина одам қизиқтиради, кичкина-катта одам, мен шундай деган бўлар эдим, чунки азоб-изтироблар уни катталаштириб юборади. Унинг ўзи менинг китобларимда ўзининг кичик тарихини, у билан бирга катта тарихини ҳикоя қилади. Нима бўлгани ва бўлаётганини ҳали англаб етгани йўқ, ҳаммасини айтиб олиши керак. Бошламаси учун лоақал сўзлаб олиши керак-да. Ўз ўтмишимизни эпақага солиш қудратига эга эмас эканмиз, биз бундан қўрқамиз. Достоевскийнинг “Иблислар”ида Шатов Ставрогинга суҳбат бошланишидан олдин бундай дейди: “Биз икки мавжудот чексизликка сўнгги марта тинч-омонликда тушиб қолдик. Ниқобингизни олиб ташланг-да, одам ҳолингизга қайтинг! Лоақал бир марта одам овозида бир нарса десангиз-чи”.

Қаҳрамонларим билан суҳбатларим тахминан шундай бошланади. Албатта, инсон ўз замони номидан гапиради, дабдурустдан нима ҳам дея оларди? Аммо инсон қалбига кириш қийин, бу қалб аср давъатлари чиқиндиларига тўлиб қолган, иштиёқлар, алдовлар ҳам шунинг ичида. Телевизор ва газеталар алалхусус”.

Рус тилидан Амир ФАЙЗУЛЛА таржимаси