“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

ДУНЁ СИҒСА ҚАЛБИНГГА... СЕН ДУНЁГА СИҒМАЙСАН!

Маҳмуд НАМОЗОВ,

Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Халқ артисти

Ким билан ўзингни яхши ҳис қилсанг у сен учун дўст бўлади. Баъзи одамлар билан илк кўришгандаёқ яхши чиқишиб кетасан, баъзилар билан эса бутун умр таниш бўлсанг ҳам... Бунинг сабаби руҳий яқинлик бўлса керак.

Танишув...

1992 йил. Мен у пайтда Сурхондарёда яшардим. Узун туманида кўнгилетар уч-тўрт нафар санъаткор йигит – гуруҳ эдик. Яқин-яқин қишлоқ, туманларга тўйларга бориб юрардик. Бир сафар биздан анчагина узоққа – Шерободга тўйга чақиришди. Юридик институтда ўқийдиган бир йигит билан рассом қиз турмуш қуряпти. Келиннинг устозлари келишган, уларнинг орасида Рўзи Чориевга ҳам кўзим тушди. Болалигимдан расм чизиб, шу соҳага қизиққаним учун рассомларга меҳрим, ҳурматим баланд эди. “Рўзи Чориев меҳмон бўлиб келибди” деган гап эса нафақат мени, ўша ердагиларнинг ҳаммасига қувонч-ли эди. Рўзи ака билан ўшанда танишдик. Анча гаплашиб қолдик. Кўнгил кўнгилга жуда яқин келди, шекилли, тўй тугагач “Мен сизларникига бораман” деб қолдилар. Қишлоқ одамларини соғинган экан кеин билсам... Мен бу гапдан жуда хурсанд бўлиб кетдим. Ахир, кимсан Рўзи Чориев бизникида меҳмон бўлмоқчи! Содда, самимий, беғубор... Гаплашиб тўймайсан киши... Шерикларининг қаршиликларига қарамасдан, ўзим шахсан кузатиб қўйиш шарти билан у кишини уйга олиб кетдим.

Ҳазил-ҳузуллар, гурунглар... Йўлнинг олислиги ҳам сезилмади...

Эртасига эрталаб “шулла” (қатиқли ош)ни ичиб, сўнг тоққа олиб чиқмоқчи бўлдим. Қишлоғимизнинг бир томони Боботоғ, бир томони дарё (Сурхондарё). “Жигули”дамиз, мен рулда, Рўзи ака ёнимда ўтирибдилар. Баландликка чиқиб борганинг сари тоғнинг ҳам чиройи, виқори очилиб бораверади. Кун чиқиши билан тоғларнинг бир-бирига туширган сояси Боботоғнинг чиройини янаям очиб юборганди... Рулда бўлганим, тоғ йўлидан кетаётганимиз учун ён-атрофга эътибор беролмайман. Бир пайт қарасам ёнимда ўтирган Рўзи ака... йиғлаяптилар-да...

— Тинчликми, нима бўлди? – дея сўрадим.

— Маҳмуджон, — дейди хўрсиниб. – Мен Арктикаларга бориб расм чизибман. Лекин ўзимизнинг Сурхондарёда шундай чиройли жойлар борлигини билмас эканман...

Тоғнинг энг ўрта қишлоғи – Чагамга етиб бордик. Меҳмондорчилик, гурунглар бўлди. Рўзи акада бир ойлардан кейин қайтиб келиш, Боботоғдан туркум асарлар яратиш фикри туғилди. Туман раҳбариятини ҳам огоҳлантириб қўйдилар.

Шу билан у киши бизникида бир ҳафта қолдилар. Мен тўйларга бораман — Рўзи акаям биз билан бирга борарди. Кўпинча йўлда тушириб кетишимизни сўрарди. Айланиб, атрофни томоша қилиб, қишлоқ одамлари билан суҳбатлашиб, кеч тушганда уйга кириб келарди. Ўзимизники бўлиб кетганди бир ҳафтанинг ичида...

 

“Мени ўғирлаб кетинг,  Маҳмуджон!..”

Кейинги йили мен Тошкентга кўчиб келдим. Рўзи аканинг устахонасига кўп борардим. Кўнгил учун, чиройли суҳбат учун. Одамлар билан самимий муносабатда бўлганидан устахонасида доим ё меҳмонлар, ё талабалари бўларди...

Лекин Боботоғ ҳақидаги мақсад амалга ошмади. Мен баъзан ҳазил аралаш: “Сиз ёлғончисиз. Боботоғга бораман деб бормадингиз” дердим. Рўзи ака ёш боладай содда, самимий, беғубор инсон эди. Менинг эътирозларимга жавобан завқ-шавқ билан:

— Мени ўғирлаб кетинг, Маҳмуджон!.. — дерди.

Ҳайрон бўлардим. Ке-йин у киши давом этарди:

— Кўриб турибсиз, ишим жуда кўп. Ўз хоҳишим билан ҳеч қаёққа чиқолмайдиган даражада... Сиз мени чалғитиб, секин-секин шаҳардан ташқарига олиб чиқиб кетасиз. Мен сиздан аввал норози бўламан, ишларим кўплигини айтиб, хафа бўлиб қолишим ҳам мумкин. Лекин олиб кетиб бўлганингиздан кейин сиздан фақат хурсанд бўламан-ку...

Лекин мен уларни “ўғирлаб” кетолмадим...

 

“Мусаввир қўшиғи”

Рўзи Чориевни Нодир Норматовчалик яхши биладиган киши бўлмаса керак. Бир-бирига жуда яқин, бизнинг тил билан айтганда, иккаласи “узанги йўлдош” эди. Рўзи ака оламдан ўтганларидан бир неча йил ўтиб, Нодир ака қўлимга бир шеър тут-қаздилар — Рўзи Чориев ҳақида. Ўша шеърни ўқи­ганимда Рўзи аканинг ҳа­ракатлари, қарашлари шундоққина кўз олдимда гавдаланди. Ҳозир ҳам ана шу сийрат кўз олдимда худди ўша ҳолатда туради: узун сочлари, соқоллари ўзига ярашган, нурли чеҳра, маънавияти баланд сиймо...

Оҳанг шеърнинг ўзи билан келган, дедим. Шеърдаги оҳанг билан бирга бир вақтлар кўрганим — Рус рассоми Илья Репиннинг “Бурлаки на Волге” деган картинаси ҳам кўз олдимда жонланди. Негалигини билмайман. Балки ўша картинадаги аравами, кемага ўхшаш катта нарсани тортиб кетаётган одамларнинг машаққат тўла сиймосида Рўзи акани тасаввур қилгандирман. Қўшиқдаги нақорат қисми сифатида олинган оҳанглар ҳам картинадаги ана шу кишиларнинг жўр бўлган овози эди. Кўр-кўрона оҳанг эмас бу....

Менинг “Тошкент”, “Қиш­­лоғим” каби бир неча қўшиқларимда ҳам куй шеър каби қуйилиб келган. Сўзларни илк бор ўқиганимда ўз оҳанги билан кирган қалбимга. Бу қўшиқларга менинг ички эҳтиёжим бўлган. Демакки, Рўзи Чориев ҳақида қўшиқ айтишга ҳам эҳтиёжим бор эди. Мен ич-ичимдан тайёр эдим бунга...

Рўзи ака буюк санъатнинг, катта бир гўзалликнинг шайдоси эди... Ҳа­қи­қий ижодкорлик бор эди бу одамда, бу дунёга сиғмаслик бор эди... Қўшиқдаги “Кимни севсам бариси сир” деган жумлани ҳам Нодир ака шеърга шунинг учун киритгандир, балки...

 

Дадахон МУҲАММАДИЕВ ёзиб олди