“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

ИЛОҲИЙ ОҲАНГЛАР

Рустам АБДУЛЛАЕВ,

Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби

 

Рустам АБДУЛЛАЕВ — 1947 йил 12 февралда Хивада таваллуд топган. Тошкент давлат

консерваториясини тугатган. Бастакор.

Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби. Ўзбекистон бастакорлар уюшмасининг раиси. Кўплаб балет-оратория, симфониклар ва

симфоник поемалар, фортепиано ва оркестр концертлари, камер-вокал, хор ва бошқа асарлар муаллифи. Асарлари Ўзбекистон, Россия, Украина, Швеция, Таиланд,

Жанубий Корея ва кўплаб давлатлар

саҳналарида ижро этилган.

Мусиқада қандайдир илоҳийлик бор!

Таиланддан фортапиано концерти учун буюртма беришди. Шу туфайли жаҳон премьерасида қатнашдим. Премьера Банкок шаҳридаги Королевски, яъни Қиролича   саройида ташкил этилганди. Биз белоруслар билан бирга машғулот ўтаганмиз. Концертда менга белорус оркестри жўр бўлиб турди.  Таиландликларнинг “Зинг-Зинг” номли мусиқа асбоби бор — худди айлана ликопчани эслатади. Иккаласини бирлаштирса, “денг-жинг” деган товуш чиқаради. Асбобни  тепадан-пастга, пастдан-тепага уриш керак. Уни руслар ўзларини ликопча асбобларига ўхшатиб чалди. Яъни ён томондан урди. Ундан чиқаётган садо тингловчига тантанавор руҳ берди.

Энди бошланган гапга қайтамиз: мен мусиқанинг илоҳий эканлигига тўла ишонаман. Оддий мисол, икки темирни — “Зинг-Зинг”ни бир-бирига урасиз. Ёқимли ва тантанавор оҳанг яралади. Бу ўз-ўзидан эмас, Ер билан Самонинг ҳамоҳанглигидан пайдо бўлаётган товуш — илоҳий товуш.

Инсон яралаётганда жон танага кирмаган пайти сеҳрли бир куй чалинади. Шунда жон жисмга жойлашади.

Яна бир гап, буюк бобокалонимиз, тиб илмининг асосчиси Абу Али ибн Сино ҳам кўп касалликларни мусиқа орқали даволаганликлари бизга тарихдан маълум. Мусиқа кеча ёки бугун пайдо бўлиб қолгани йўқ. Ўн биринчи асрда “Эй, фарзанд! Агар ҳофиз бўлсанг, хушфеъл, қувноқ бўл. Ҳамиша пок, хушрўй ва хушзабон, ўз ишингга машғул бўлғил. Ярамас хулқ, юзсиз бўлмағил”, деган экан Кайковус. Демак, ўша пайтларда мусиқанинг қадри юксак бўлган.

Баъзида сўз бирламчими ёки мусиқа, деган гапларни эшитиб қоламан. Файласуфлар ҳамиша “мусиқа бирламчи”, дейишган. Мусиқа инсонга руҳ беради, инсонга руҳ бериш — илоҳий ҳисобланади.

Нима учун Амир Темур бобомиз ҳам улкан барабанлар, карнайлар билан муҳорабаларда душманларга қарши чиққан. Негаки, одамларга мусиқанинг кучи билан ҳам таъсир қилган, қўшинни руҳлантирган. Бу нарсани кўз билан илғаб бўлмайди. Мусиқа коинот сирларининг биридир.

Мусиқа товушлари орқали катта образлар пайдо бўлади. Мисол учун, “Муножот”, “Лазги”лар, “Андижон полкаси”, “Сувора”лар, Фарғона водийси яллалари... булар ҳаммаси товушлар орқали катта образларни юзага кетиради. Хитой файласуфи “Менга ҳар қандай халқнинг мусиқасини эшиттирсангиз мен шу халқнинг кимлигини ва қандай раҳбарлик қилишини айтиб бераман”, деган экан. Файласуф Цьян Цзининг таъбирича, “мусиқа инсоннинг дилига тез киради ва уни тез ўзгартиради. Шунинг учун ҳам ота-боболаримиз гўзал мусиқа яратади. Гўзал мусиқа бор жойда тинчлик-хотиржамлик, меҳр-муҳаббат бўлади”.

 

Ҳануз бехабарман...

Мусиқанинг яралиши бир сир. Таърифлаш мушкул. Умримни шу санъатга бағишладиму, аммо куйнинг қаердан ва қандай пайдо бўлишидан ҳануз бехабарман. Банкокда бўлганимда тўй мусиқасини чалишимни сўрашди. У ерда вилоятлар жуда кўп ва ҳар бир вилоятнинг ўзига хос куйи бор. Ўша куйларни узоқ эшитдим. Сўнг бир вилоятнинг куйлари ўзбек тўй мусиқасига ўхшаб кетаркан. Шу мусиқа менга ўзгача таъсир қилди. Ўзимда ички бир енгилликни ҳис этдим. Руҳим алланечук соҳир ҳис оғушида қолди. Ўзим ҳам билмайман. Сўнг шу мусиқа билан ўзимизнинг мусиқани уйғунлаштириб чалганман.

Кўп ҳолларда менда мусиқанинг ўзи пайдо бўлиб қолади. У табиатнинг сири. Лекин ҳеч қачон “Ҳозир мусиқа яратаман” ёки “Инсонни завқ­лантирадиган ва ё сокин куй яратаман” деган фикр хаёлимга келмаган. Агар шундай бўлган тақдирда ҳам ҳеч қачон бу усулда ҳақиқий санъатни ярата олмаган бўлардим.

 

Қулоўимгани чалингани...

Биласизми, қулоғимга чалинган баъзи гаплардан аччиғим чиқади. “Мусиқа ислом динида тақиқланганмиш”, — деб сўраб қолишади. Бу қандай калтабинликки... Асли бу ҳам ислом динини яхши билмасликдан келиб чиқади. “Дугоҳ”, “Сегоҳ”, “Чоргоҳ” ва яна кўпгина классик асарларимиз Авес­то замонида форсий тилда бўлган. Ҳазрат Навоий ҳам ғазалларни мусиқага солган эканлар. Танбур чалганлар... Ахир у пайтларда ҳар бир амал диний мезон асосида бўлган.

Голландия фермаларининг бирида сигирларни соғишдан аввал Моцарт куйлари қўйиларкан. Бу сигирларнинг тинчланишини таъминларкан. “Мен олдинлари эътибор бермаган эканман. Моцартни мусиқалари сигирларимизга хуш ёқаркан”, деган экан ферма мудири. Мусиқа, одамларнинг руҳий ҳолатини меъёрда ушлаб, асабини жойига туширишда, қилинаётган орзу-умидини амалга оширишда шиддат ва куч бағишлайди. Буни ҳеч бир файласуф, бастакор, тингловчи инкор қилолмайди.

 

Ҳаяжон...

Ўзини инсон, шахс ҳисоблаган ҳар бир киши, албатта, китоб ўқиши шарт. Ҳар қандай соҳа вакилининг камолот касб этишида китобниннг ўрни беқиёс. Бастакорни бастакор, иқтисодчини иқтисодчи, учувчини учувчи, шоирни шоир қилгувчи, бари китобнинг шарофати. Ҳаётимизда илоҳиётдан кейинги содир бўлувчи мўъжизаларнинг бари китоб боисидандир. Чунки у тўғри йўл кўрсатади. Ҳеч қачон алдамайди. Панд бермайди. Китоб — устоз. Китоб — фарзанд. Китоб — ўтмиш ва келажак...

Китоб ўқиш ҳақида кўп гапирилган. Аммо менинг битта одатим бор. Яхши китобнинг олдида одам отасини кўргандай ҳаяжонланади, титрайди. Уни ўқиш керак. Бироқ яхши китобларни номма-ном санашга вақт етмайди. Одам қандай китобни ўқишни хоҳласа топиб ўқийверсин. Ёмон деганингдан ҳам нимадир оласан. Ҳеч бўлмаса, ёмон амалларни қилмасликни ўрганасан.

 

Лобар НОРБОЕВА ёзиб олди