“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

ОСМОНДАГИ “ОМОНГУЛ”ЛАР...

Эркиной БЕКЧАНОВА,

“Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси стюардессаси

Болалигимда ота-онам билан самолётга кўп чиқар “Самода юлдузлар яшайди, у ерда уйи бор”, деб ўйлардим. Ҳар гал парвоздан олдин кўзларимни юмиб, юлдузлар ва булутлар орасида учиб юрганимни тасаввур қи­лардим. Самолёт  ичида ҳам ўзимни юлдузлар оғушида сезардим. Тасаввуримда улар мени кўришарди, ҳатто мен билан бирга парвоз қилишарди, кейинги учишни худди мендек кутишарди... Хаёлотимдаги бу тасаввурлар мени яна ва яна самога чорлайверарди. У пайтларда кичкина қизалоқ эдим. Стюардессалик касбига бўл­ган илк қизиқиш ўшандаёқ пайдо бўлган. Уларнинг чиройли формаси ва барчага кулиб қарашини кў­риб ич-ичимдан севинардим. Лекин “Бир куни мен ҳам самолётда йўловчиларга хизмат қиламан”, деган фикр хаёлимга ҳам келмаган. Бахтимга ота-онам ҳам севимли касбимнинг мутахассиси бўлишимга қаршилик кўрсатишмади. Оиламизда ким қайси соҳани танлаши ўз ихтиёрига қўйиб берилганди. Фақат онам бундан баъзи-баъзида афсусланиб қў­ярди. Сафарга чиққанимдан то қайтгунимгача хавотир олар, “Бошқа бир касбни қилсанг-чи” деб, бот-бот такрорларди. Ҳо­зир оила аъзоларим ҳам кўникиб кетишган.

Маҳаллий рейс билан учадиган ЯК-40 русумли самолётда стюардессалик қилган илк куним... Ўша унутилмас онларни эсласам вужудим яна ҳаяжонга чулғанади.

Соҳамизнинг талаблари кўп: чуқур билим, кенг дунёқараш, ташқи гўзаллик, чет тилларини билиш, хушмуомалалик ва ҳ... Бир қарашда буларни бажариш қийиндек туйилади. Аммо парвоз иштиёқининг, ҳаяжонининг, касбга муҳаббатнинг олдида бу талаблар ҳеч нарса эмас.

Ишимиз жуда қизиқарли. Ҳар доим янги-янги давлатларга борамиз. Уларнинг маданияти, санъати ва урф-одатлари билан танишиш имконияти бўлади. Ҳар бир сафардан янги таассуротлар ва унутилмас воқеалар билан қайтамиз. Ҳар бир ташриф буюрган юртимнинг тарихини, кишиларини, маданият ва санъатини, адабиётини ўрганишга ҳаракат қиламан. Ҳали биронта мамлакат мени кўҳна ва навқирон Италиячалик мафтун этмаган. Эрамиздан аввалги даврларда бунёд этилган театр, ибодатхона, саройлар, ҳайкалтарошлик намуналари — уларни ҳар кўрганимда биринчи марта кўриб тургандай ҳайратга тушаман. Айниқса, хиёбонда, транспорт воситаларида китоб ўқиб кетаётган одамларни ҳавас билан кузатаман. Ўзим ҳам Рим ҳақидаги афсоналарни севиб мутолаа қиламан. Италия — мен учун битмас-туганмас ҳайрат манбаи. Касбим тақозосига кўра, кишилар психологиясини яхши ўргандим, уларнинг дунёқараши ва характерини бир қарашдаёқ анг­лаб оламан. Бу соҳада иш бошламасимдан илгари одамлар билан бунчалик тез киришиб кетолмасдим. Ҳозир аксинча, барча билан тезда чиқишиб кета оламан.

Иш вақтида қизиқарли воқеалар ҳам кўп бўлади. Фаолиятим эндигина бошланган пайтлар эди. Самолёт салонида барчага яхши кайфият ва оқ йўл тилаб айтадиган монологимиз бор. Шу монологни ўқиётган вақтимда олдинги қаторда ўтирган кичкина болакай менга қараб тилини чиқарган. Унга қараб кулгидан ўзимни тўхтатолмай қолганман. Орқа тарафда ўтирганлар кулаётганимнинг сабабини тушунолмай ҳайрон, боланинг қилиқларини улар кўришмаётганди-да.

Орадан кўп вақт ўтмай яна бир кулгили вазиятга дуч келганман. Монитор орқали хавфли вазиятларга дуч келганда кийиладиган, махсус ҳимояловчи кийимлар кўрсатилаётганди. Ўша ролик тугаб, бироз вақт ўтгач, қаёқдандир пақ-пақ этган овозлар чиқа бошлади. Зудлик билан йўловчиларга қарадим, бир амаки апил-тапил кийинмоқда эди. Олдига бориб, “Ҳа, амаки, йўл бўлсин?” — десам, “Экрандан шу кийимни кийишга кўрсатма беришди-ку!” — дейди. Бу кийим фақат хавфли вазиятлардагина кийилишини тушунтирганимдан кейингина кула-кула ечганлар.

Баъзида қўрқинчли ҳолатлар ҳам бўлади. Айниқса, қаттиқ шамол бўлаётган вақтда. Бундай вазиятларда ўзимизни қўлга олиб, йўловчиларни тинчлантирамиз. Бундай хавфли ҳолатларда одам ўзини-ўзи “Қўрқмаяпман, ҳаммаси яхши бўлади!” — деб ишонтириши керак. Агар ўзинг ишонмасанг, йўловчиларни ҳеч қачон ишонтиролмайсан, далда ҳам беролмайсан.

 Ҳар гал парвозга шайланаётиб, ватандан олисга учиб кетаётган вақтимда, барча йўловчилар қатори мен ҳам соғ-саломат ватанимга қайтишни ният қиламан.

 

Муяссар ИБРОҲИМОВА

ёзиб олди