“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

НАВОИЙНИНГ БОҒЛАРИ ЁХУД АДАБИЁТ ДАРСЛАРИДА Эссе

 

1972 йилнинг биринчи сентябрь тонги, биз – саккизинчи синф ўқувчиларини янги ўқув йили билан табриклар экан, синф раҳбаримиз Сайитой опа Қодирова “Биринчи дарс­ларинг “Ватан адабиёти” бўлади, Сафаров домла киради, тартиб-интизомли бўлинглар”, дея чиқиб кетаркан, синфхонамиз сув сепгандай бирдан жимиб, йигирма етти ўқувчи, йигирма етти жуфт қора кўз – болалар ва қизлар худди оқ-қора кабутарлардай одоб сақлаганча ҳайрат ва ҳаяжон билан эшикка қарар эдик.

Сирожиддин САЙЙИД,

Ўзбекистон халқ шоири.

1972 йил 8 синф 14 ёш

Биринчи дарсга қўнғироқ чалинганига ҳеч қанча бўлмай эшик шарақлаб очилди-да, синфхонага шахд билан қуюқ қора сочлари орқага чиройли қилиб таралган, узун бўйли кўркам, хушбичим муаллим кириб келди. Ҳаммамиз дув этиб ўрнимиздан тургунча, шахдам юриб ўтирадиган жо­йига келди-да, қизил матодан жилд қопланган, устига сиёҳ билан “8 Б” деб катта қилиб ёзилган синф журналини “қарс” эткизиб столга қўяркан, барчамизга бир бошдан тезгина кўз югуртириб чиққач, ҳеч нарса демасдан кутилмаганда дабдурустдан қироат билан шеър ўқий бошлади:

Қоши ёсинму дейин,

кўзи қаросинму дейин,

Кўнглима ҳар бирининг

дарди балосинму дейин?..

Йигирма етти ўқувчи, йигирма етти нафар беғубор қалб, йигирма етти жуфт ҳайрат тўла катта-катта очилган маъсум қора кўз киприк қоқмай қараб турар, муаллим эса худди ўша овозда шеър ўқишда давом этарди:

Зулфи доминму дейин,

лаъли каломинму дейин,

Бирининг қаддин, яна

бирнинг адосинму дейин?

Турфа ҳолинму дейин,

қадди ниҳолинму дейин,

Мови кўнглак узра

гулранги қабосинму дейин?..

Йигирма етти маъсум қалдирғоч, киприк қоқмай катта-катта очилиб турган йигирма етти жуфт қора кўз – мўъжаз синфхона ичида бошқа бир мўъжизавий дунёга – чексиз ва поёнсиз ҳайрат оламига тушиб қолгандай муаллимга боқар, у бўлса бизни бир пасда лолу ҳайрон қолдириб забт эта олганидан мамнундай аввалгидан ҳам баландроқ товушда шеър ўқирди:

Чарх ранжинму дейин,

даҳр шиканжинму дейин,

Жонима ҳар бирининг

жавру жафосинму дейин?

Эй Навоий, дема қошу

кўзининг васфини, айт:

Қоши ёсинму дейин,

кўзи қаросинму дейин?..

Шеър якунига етди. Муаллим қандай бошлаган бўлса, худди шундай кутилмаганда тўхтади-да, “Бугундан эътиборан мен сизларга адабиётдан дарс бераман”, дея бизга ўтиришга изн берди.

Шу кундан эътиборан менинг ўқувчилик ҳаётимнинг шеъру ғазалларга йўғрилган завқу шавқларга тўла ҳақиқий байрамлари бошланди.

Ўша кун оқшом чоғи ёғоч сўримизда дастурхон атрофида ўтирганимизда отам “Тоғанг дарсга кирдими?..” деб сўрагандан кейингина адабиёт ўқитувчимиз отамнинг яккаю ягона туғишган опаси Ибодат аммамнинг тўнғич ўғли эканини, аввал бошда биз билан ўқиб, кейин “А” синфга ўтиб кетган синфдошим Искандарнинг туғишган акаси бўлишини билиб оламан. Муаллимнинг кўкиштоб, мовийроқ кўзлари шунинг учун ҳам аммамнинг кўзларига ўхшаш экан-да, деган гап кўнглимдан кечиб, ўзимча енгил тортгандай бўламан.

Адабиёт дарсларимиз Сафаров муаллим: “Буюк мутафаккир ва ғазал мулкининг султони”, деб қайта-қайта таъкидлаб чарчамайдиган Алишер Навоийнинг таржимаи ҳоли, ҳаёти ва ижодини ўрганишдан бошланган бўлса-да, мен айрим синфдошларим билан бирга ҳали ҳам ўша биринчи ғазалнинг таассуроти билан яшардик. Овоз чиқариб ўқилган ғазал мен учун янгилик эмасди. Ҳовлимиздаги тупроқ супамизда отам қизғиш муқовасига “Зокиржон Холмуҳаммад ўғли Фурқат” деб ёзилган китобдан кечқурунлари фонус ёруғида “Фиғонким, гардиши даврон...” деб бошланадиган ғазални кўп боралар товуш чиқариб ўқиб берган, ичида бошқа шеърлари ҳам кўп қалин китобдан отам ҳар гал намагадир фақат шу ғазални танлаб, шу ғазалнигина такрор-такрор ўқир, ўқиб бўлгач эса: “Э камбағал, менданам бу бечорароқ экан...” дея китобни ёпиб, шу билан навбатдаги “ўазал оқшоми”га якун ясар эди. Фақат... Отам билан муаллимимизнинг ғазал ўқиш оҳангию товушлари ўртасида ер билан осмонча фарқ бор эди. Ҳазин, нолакор товушда ғазал ўқиган чоғда унинг маҳзун, аламнок овозидан менинг негадир йиғлагиларим кеб кетарди. ўазалнинг, айниқса, охирги байти “Адашган ит каби Фурқат...” деган жойига келганда отам гўё ҳозир йиғлаб юборадигандай ҳолатга тушар, бундан менинг ҳам ўпкам тўлиб, бир нима бўғзимга тиқилиб келаётгандек туйиларди.

Сафаров муаллим илк дарсда илк бора бизга ўқиб берган ўша биринчи ғазалдан сўнг мактабга бориш мен учун бутунлай ўзгача мазмун касб этди. Уйғониб келаётган кўнглимда, ўсмирлик оламимда нимадир рўй берган эди. Ўзимга ҳам яққол билинган, ўзим сезиб, англаганим биринчи катта янгилик – шеърга, китоб ва адабиётга муносабатим бутунлай ўзгарган эди. Сафаров дарсни жонли ва қизиқарли ўтар эди. Айниқса мавзуга тааллуқли шеърий ифодалар талқини-ю, ўзи айтгандай “бадиий ифодали” ўқишларига ҳавасимиз келарди. Бизга шеър ёдлаб келишни алоҳида буюрар, кейинги дарсда, албатта, имтиҳон қилиб сўрар эди. “Адабиёт” дейилганда, қўнғироқ чалинишидан аввалроқ синфимизда дарров ўзгача муҳит ва кайфият зоҳир бўлар, ўқувчилар ҳаммамиз завқу ҳаяжон ва интиқлик билан дарс бошланишини кутардик.

– Бугун Алишер Навоийнинг рубоийлари ҳақида гаплашамиз, – дея навбатдаги сабоқларини одатдагидай кўтаринки руҳда бошлар экан, муаллим бутун бошли дарсни Навоий бобонинг биргина рубоийсини шарҳлаш ва тушунтиришга сарф этди:

Жондин сени кўп севармен, эй умри азиз,

Сондин сени кўп севармен, эй умри азиз.

Ҳар неники, севмак ондин ортуқ бўлмас,

Ондин сени кўп севармен, эй умри азиз.

Кейинги дарсда деярли ҳаммамиз рубоийни ёддан айтиб берган бўлсак-да, вазифани бажармаган бир-икки дангасароқ ўқувчилардан муаллимнинг астойдил жаҳли чиқди. Шундай пайтларда дастлабки дарслари – Навоийнинг болалик ва ўсмирликка бағишланган сабоқларида қайта-қайта уқтирган мисолларни жон-жаҳди билан яна такрорларди.

– Сенларга ҳам бир нарса юқсин, эртага ҳамманг одам бўлгин! – дерди муаллим. – Бўлмаса, ана, учинчи синф маълумоти бор табелчининг қўлида келиб пахта терасан. Навоий ҳам бир пайтлар сенларга ўхшаш бола бўлган, Алишербек бўлган ахир! “Мантиқ ут-тайр”ни ўқиганда, ота-онаси “Бу оғир китоб”, дея тақиқлаб қўйганда неча ёшда бўлган? Айт-чи қани?! “Оразин ёпғоч кўзимдин сочилур ҳар лаҳза ёш” ғазалини мавлоно Лутфийга айтиб ҳайрон қолдирганида-чи, неча ёшда эди? Сенларданам ёш бўлган! Қани айт-чи, Лутфийдек улуғ шоир ёш Алишернинг шу биргина ғазалига неччи минг байтимни алмаштирган бўлардим деган?.. Билиб қўйгин, бу қовоқкаллани ишлатмасанг, ўқимасанг, ҳаракат қилмасанг – эртага аҳволинг шу: бўйнингни яғири чиқиб пахта териш ё мол боқишдан бошқа нарсага ярамайсан!..

Шундай ҳолатларда муаллим астойдил хафа бўлиб бутун синфдан аразлагандай дарсни ҳам тугатмасдан чиқиб кетар, синфхона бир муддат мулзам ва карахт ҳолатда жимжит бўлиб қоларди-да, абжир-чечан синф сардорим қизимиз Гулсара бирданига ловиллаб кетарди:

– Саттор, уй вазифасини тайёрлаб келсанг ўласанми?! Битта рубоийни ёдлаш шунча қийинми сенга? Мана, Сафаров ҳаммамиздан хафа бўлди, — дея ҳали гапини тугатмасдан Ҳафиза билан Алиқул қўшилади. Сатторбойнинг бўлса бирданига жаҳлими, орими қўзиб, қизариб кўпирганча: “Қанча керак бўлса ўзинг ёдла, ёдлагин-да, ана, мактаб томига чиқиб баланд овозда қичқириб айт, мен шеър-пеърингни ёдламайман!” дейди-да, сумкасини қўлтиқлаганча чиқиб кетади, Гулсара бўлса “Сайитой опага айтиб бераман!..” деганича бидиллаб қолаверади.

...Пахтадан қайтиб келганимиздан сўнг, дарслар яна муттасил изга тушиб кетгандан кейин муаллимимиз ҳар ойда бир байту барак, яъни мушоира соатлари ўтказишимизни, кейинроқ эса тожик синфлар билан худди шундай шеърий беллашувга тайёр туришимизни эълон қилди. Гап шундаки, биз таълим оладиган 45-ўрта мактабда биз билан ёнма-ён тожик синфлар ҳам ўқитилиб, аксарият ўқувчилар иккала тилда ҳам баб-баравар гаплаша олар, ҳаммамиз аралаш-қуралаш, аҳил-иноқ дўст-ўртоқлар бўлиб юрар эдик. Тожик синфларга Нуриддин Раҳматзода деган мумтоз адабиётнинг зукко билимдони, ҳар бир сўзини, албатта, икки байт шеърий мисол билан безаб гапирадиган, форс-тожик шоирларининг жуда кўп шеърларини ёддан биладиган зарофатли, хушмуомала муаллим адабиётдан дарс берар, Раҳматзоданинг ҳамиша тоза-озода ва назокат билан юришига бошқа ўқитувчиларнинг ҳаваси келарди.

– Келаси ҳафта тожик синфлар билан байтбарак ўтказамиз, – деди навбатдаги дарсга якун ясаркан Сафаров муаллим. – Ҳамманг қаттиқ тайёргарлик кўргин, Раҳматзоданинг синфини ютмасанглар бўлмайди!..

Нуриддин муаллим қанча куйиниб уринмасин, жуда ҳам қизғин ва қизиқарли ўтган назмий мусобақада биз ютиб чиқдик. Ўқитувчимиз ўзида йўқ шод, ҳаммамизга бир бошдан раҳмат айтиб чиқаркан, охирида Раҳматзоданинг ҳам қўлини сиқиб, “Ўзбек адабиёти билан ҳазиллашманг сиз!..” дея мамнун мутойиба қилиб қўйди. Ҳатто “Шеър-пеърингни керак бўлса ўзинг ёдла”, дея синф сардоримизга зарда қилган Саттор, Абдусаттор ҳам умумий шеърий ҳаводан ҳаволанибми, қўл кўтарганида, ўқитувчимиз аввалига ҳайрон бўлиб, кейин унинг “Ҳмм” қилдимки, гул ҳиди келди, Гул ҳиди келди, қилдим “Ҳмм” деган байтни ўқиб, олқишларга сазовор бўлганидан астойдил қувонган эди.

Бир ойдан сўнг ўзимизнинг синфда ўтказилаётган байту баракда Абдусаттор яна қўл кўтарди. Ҳаммамиз ҳайрат билан аввал унга, кейин устозга қарарканмиз, ўқитувчимиз “Марҳамат, Гулмаматов”, дея изн бергандан сўнг Абдусаттор ўрнидан тураркан, бутун синфга нописандона бир назар ташлади-да, яна ўша байтини ўқиди:

“Ҳмм” қилдимки, гул ҳиди келди,

Гул ҳиди келди, қилдим “Ҳмм”...

Муаллимнинг ёришиб турган чеҳраси бир тундлашгандай бўлди-да, сир бой бермай “Яхши, ўтир”, дея бош­қа ўқувчига навбат берди. Саттор юқоридаги байтни яна бир мушоирада тап тортмай ўртага ташлади. Ундан кейинги “А” синф билан ўтказилаётган байтбаракда у яна қўл кўтарди. Сафаровдан рухсат теккач, ўрнидан туриб энди “Ҳмм..” дейиши ҳамоно муаллимнинг бирданига жиғибийрони чиқиб тутақиб кетди-да, “Сен қовоқкалла, говкалла, “ҳмм”дан бошқа нарсани ҳам биласанми-йўқми?!” дея уни дарсдан ҳайдаб юборди.

– Гул ҳидлармиш, кўрдингларми аҳволни? – деди унинг изидан кулиб, ҳиринглаб қолган иккала синф ўқувчиларига Сафаров муаллим. – Уч ойдан буён фақат “Ҳмм” дейди. Бу говкалла мени, сизларнимас, ўзини аҳмоқ қиляпти, ўзини алдаяпти. Ўзини алдаганини ҳали бир кун бориб тушуниб етади. Тушунади-да, унда кейин кеч бўлади... Сенларгаям сабоқ бўлсин бу. Жонли мисол керак эмас, мана жонли мисол сенларга!..

Ўсмирлик, ўқувчилик паллаларимиз шу зайлда давом этар, адабиёт дарслари эса борган сари жиддийлашиб, қийинлашиб борар эди. Бироқ муаллимимиз қийин мавзуларни ҳам жонли ва қизиқарли тарзда, ўзи ҳам завқланиб, бизни ҳам завқлантириб олиб боргани учун бизга унча билинмас, аксинча, бу сабоқлар биз учун ҳақиқий байрам, завқу шавқ ва сурур соатлари эди. Бу дарсларда ҳали ҳам асосий мавзу ва бош сиймо бўлиб Алишер Навоий қуёшдай порлаб зиё сочиб турар, муаллим бўлса шу оламшумул офтобнинг кўринмас нур толаларини бизнинг юрагимиз билан руҳимизга сингдириш йўлида беминнат заҳмат чекар эди.

Адабиёт дарслари деб аталмиш бу юксак сабоқлар, ўтлуғ шеъру ғазаллар салтанати аро биз – ўсмир ўқувчилар ёш Алишербек ёнида темурийзода султон Ҳусайн билан қиёматли дўст тутиндик. Алишербек билан бақамти Лутфий бобонинг ҳузурида ғазал ўқиб, ҳазрат Жомийнинг остонасида тавозе сақлаганча ул буюк пирдан, беназир донишманд зотдан панд ва дуолар эшитдик. Фаридуддин Аттор боболарнинг “Мантиқ ут-тайр” самоларида парвоз қилганча, бола Алишерга ҳавас қилиб қуш тилини, кўнгил лисонини ўрганмоққа жазм қилдик.

– Навоий бобо Ҳиротда кўп боғлар яратган, бинолар қурдирган, “Ихлосия” мадрасаси билан “Халосия” хонақоҳини бунёд этган. “Шифоия” сиҳатгоҳини қурган. Вазирлик пайти халқ фаровонлиги учун юрт ободлиги йўлида яна кўпгина хайрли ишларни амалга оширган. Бу мавзуларни кейинги йилда ўтамиз, ҳозирча эса Навоийнинг Самарқанддаги ҳаёти ва фаолияти ҳақида гаплашамиз. Самарқандда Султон Улуғбек қурдирган мадрасада Абдураҳмон Жомий ҳам бўлган. Алишер Навоий ҳам Самарқандга келганида худди шу ерда таҳсил олган. Бу табаррук мадраса ҳозирги кунгача сақланиб қолган...

Навбатдаги дарсни шу сўзлар билан бошлар экан, муаллимнинг “Самарқанд” деганда негадир кўзлари янада чарақлаб кетар, ушбу мавзуни ўзгача меҳру соғинч билан тилга олаётгани хушҳол кайфиятию порлаб турган юзларидан билиниб турарди.

Кейин йиллар ўтиб, фасллардан йилларга, йиллардан фаслларга иқтибос қидираман. Бизга аён бўлгани: муаллимимиз ҳам шу қадимий ва сеҳрли шаҳарда, боз устига Алишер Навоий номидаги Самарқанд давлат университетининг ўзбек филологияси факультетида таҳсил олган экан. Устозимиз ҳам ёшлик-йигитлик айёмининг энг гўзал ва бетакрор онларини, орзу ва умидлари, меҳру муҳаббатини шу дилбар шаҳарда ўтказган экан...

Йиллар. Фасллар. Ойлар.

Олдинда бизни ҳали Алишер Навоий отлиғ ҳадсиз-поёнсиз буюк уммон кутар, унинг кўз илғамас уфқларидан эса “Хамса” номли беш улуғ тоғ, беш нурли чўққи чарақлаб-ярқираганча зиё таратиб турар, олдинда зим-зиё тарих билан зулмат замонларни шуълавор этганча XVII, XVIII, XIX ва XX аср ўзбек адабиёти каби буюк ва бепоён салтанат ястаниб ётар, биз буларнинг баридан ҳали бехабар эдик.

Йиллар. Фасллар. Ойлар.

Адабиёт дарслари тугамайди. Шеър ва ғазал сабоқлари давом этади. Эл аро донғи кетган Сафар Касир бовадай улуғ ва элпарвар зотларнинг фарзанди, ёшлиги, йигитлиги, бутун ҳаётини адабиётни ўргатишга сарф этиб келаётган сўз ва шеър фидойиси, адабиёт жонкуяри, адабиёт муаллими, бизнинг азиз ва муҳтарам муаллимимиз, Сафаров муаллим, бугунги кунда – Иброҳим Сафаров домла. Ўтган асрнинг 1967 йилидан бошлаб, салкам эллик йилдан буён адабиётдан дарс бериб, шеъру ғазалдан сабоқ ўргатиб келаётган беназир устоз, “Етмиш бирга кирибсиз” дейишга тилимиз бормай, ўша “71” рақамини тескарисидан ўқиймиз-да, ўзимизнинг ўн етти ёшимизга, ҳайрату ҳаваслар билан лиммо-лим беғубор ўсмирлик, ўқувчилик паллаларимизга қайтамиз. Ахир, Навоий бобомиз ҳам ўзлари тартиб берган илк девонлари, ўзлари таърифлагандай, “Туфулият баҳори ғунчасининг ажиб гуллари ва сиғар гулзори боғчасининг ғариб чечаклари” билан ораста қилинган илк девонга “ўаройиб ус-сиғар” – “Болалик ғаройиботлари” деб бежиз ном бермаган бўлсалар керак...

25.09.2016 й.