“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

ЯНА БИР УЛУҒ УСТОЗ БОР!

Эркин КОМИЛОВ,

Ўзбекистон Халқ артисти

Ота-онамиз бизни дунёга келтирган бўлса, устозларимиз — кўк қадар юксалтирди! Парвоз қилишни ўргатди. Бизга илм берди.

Биринчи устоз ҳақида гап кетганда, кўз олдимда отамнинг қиёфаси гавдаланади. Боиси, мен биринчи синфга борган маҳаллар мактабда ўқитувчилар сони жуда кам эди. Бир кун битта муаллим сабоқ берса, эртаси куни бош­қаси дарс ўтарди. Шу боисдан, биринчи устозларимни эслолмайман. Мактабда таълим берган устозларимнинг бирортаси ҳозир ҳаёт эмас. Сабоқдошларимдан эса уч киши қолибди.

Отам талабчан муаллим эди, нима ёзишимни, нима ўқи­шимни ўзи айтарди, яхши ўқишимни талаб қиларди. Ўқувчилик чоғларимни элас-элас хотирлайман, ўша пайтларда хаёлимдан ўтказардим: “Устозларимиз ҳам овқат ермикан, кечқурунлари ухлармикан, биз қилган ишларни қилармикан?” — деб. Бола идроким билан уларни шу даражада илоҳий тасаввур қилардим, ҳозир ҳам шундай...

Устозининг дуосини олган бахтга етади. Бу бахтдан бебаҳраларга фақатгина ачинаман.

Санъатда менга устозлик қилиб, ҳамиша қўллаб-қувватлаган инсон — буюк актёр Шукур Бурҳоновдир. Устознинг “калтак”ларини еб, танбеҳларини эшитиб шу даражага етганман.

Уришиб-уришиб эртаси куни: “Мендан хафа бўлмадинг­ми?” — деб сўрардилар.

“Нега хафа бўламан?” — дердим.

Биз шогирдлар доим устозларимиз олдидаги қарзимизни узолмаслигимизни ич-ичимиздан ҳис қилиб турамиз. Улар мангу қалбимизда, хотиримизда яшайди.

Театрга келганимдан буён қирқ тўрт нафар буюк актёр ўтиб кетди. Нафақат Шукур Бурҳонов, Олим Хўжаев, Наби Раҳимов, Сора Эшонтўраева — буларнинг ҳаммасидан сабоқ олганман. Саҳнада ўйнаган ролларини кўриб, ўзини тутишини кузатиб, ҳаммасидан бир томчи, бир томчи нимадир ўрганганмиз. Демак, уларнинг барчаси — бизга устоз. Устоз фақат қўлингга қалам тутқазган инсон эмас, сенга ўрнак бўлган, тўғри йўл кўрсатган киши ҳам устоздир. Буюк алломаларимиз, фан арбоблари, қишлоқ хўжалиги, саноатда — ҳар бир жабҳада бугун жавлон уриб меҳнат қилаётган инсонлар сизу бизга ўрнак бўлаётганлар ҳаммаси — устозлардир. Биз эса уларга абадий шогирд бўлиб қоламиз.

Ҳа, яна бир гап — бу оламда энг азиз ва буюк устоз — Китобдир! Инсон зоти борки, шу улуғ устознинг ҳам қаршисида мангу бош эгади.

 

Ғуломхўжа БЎРИХЎЖАЕВ ёзиб олди.