“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

Ўтмишингдир минг асрлар, лек сўнг чораги азиз...

Азамат Зиё,

тарих фанлари доктори, профессор

Ўзбеклар ўз давлатчилиги негизини 2700 йил бурун қўйган миллат саналиши яхши маълум. Айрим қарамлик даврларини истисно этганда ва мустақил Ўзбекистон байроғи бугун ҳам жаҳон узра эркин ҳилпираб тургани воқелигида, ушбу улкан босқич ўзбек давлатчилиги деярли ўттиз аср давомида узлуксиз ривожланиб келаётган тарихий ҳодиса эканлигини далиллайди. Бундай мақомга эга давлатлар сирасига ҳозирги Миср, Хитой, Ҳиндистон, Ироқ, Сурия, Эрон, Япония, Юнонистон, Италияни киритиш мумкин. Солиштирадиган бўлсак, давлатчилик тарихи Франция, Германия, Испанияда V аср, Англияда Х аср, Швейцарияда XIII аср, Бирлашган Араб Амирликларида эса XIX асрдан бошланади. Ўз давлатини умуман ХХ асрга, хусусан унинг охирларига келибгина қурганлар ҳам бор. Турли маълумотларга кўра, эндиликда 2000 дан 6000 гача миллат бўлса, шулардан бор-йўғи 193 тасигина ўз давлатига эга, холос.

Турмуш тўхтовсиз гуркираб келган пойтахтлар тарихи ҳам қизиқ. Тошкентнинг ёши 2200 йилдан ортиқ. Қоҳира 1050, Пекин 3000, Деҳли 2800, Бағдод 1250, Дамашқ 5000, Теҳрон 800, Токио 900, Афина 3400, Рим 2750 ёшда. Неча минг йиллик тарихга эга шаҳарлар қаторида Самарқанд (2750), Термиз, Қарши (2700), Бухоро, Хива (2500), Марғилон (2000) ҳам бор. Гап, аслида, рақамлар ва уларни таққослашда эмас. Негаки, аслида ўлкамиздаги шаҳарсозлик илк намуналарининг ёши янада узун, масалан, Сурхондарёдаги Жарқўтон ёдгорлиги 3500 йил бурун асос топгани билан кейинчалик харобага айланиб узлуксиз ривожланмаган. Ҳолбуки, у ерда бир неча юз йил ҳаёт қайнаган, бошқарув, мудофаа, ишлаб чиқариш, савдо, диний эътиқод, яшаш жойлари билан боғлиқ, бугунги тил билан айтганда, ҳарбий-сиёсий, ижтимоий-иқтисодий инфратузилмали шаҳарча бўлган.

Юртимизнинг сунъий суғориш тизими тарихи ҳам деярли 3000 йилга тенг. Қадимги дунё тарихчиларининг “отаси” шарафини олган юнонлик Ҳеродотнинг (милоддан олдинги V аср) Амударё 360 та тармоққа бўлинганлиги борасидаги гувоҳлиги муболағали туйилса-да, мазкур маълумотда дарёнинг табиий ирмоқлари баробарида ундан аждодларимиз меҳнати билан қазиб чиқарилган каналлар ҳақида ҳам сўз кетган, деб ўйлаймиз. Улар орасида жуда чуқур бўлмаса-да, бироқ узунлиги 70 км, эни 40 метргача бўлганлари ҳам борлигини археология изланишлари тасдиқлайди (1914 йили, яъни 2500 йилдан ортиқ вақт ўтиб ишга туширилган Панама каналининг қуруқликдаги узунлиги 65.2 км). Сунъий суғоришга шу қадар катта эътибор берилгани табиийдир. Чунки сўз кетаётган босқич иқтисодиётининг асоси бўлмиш деҳқончиликнинг тезлашиб бораётган ривожини сув таъминотисиз тасаввур қилиб бўлмаслиги аён. Бошқача айтганда, 3000 йил олдин ғалла, шоли, кунжут, пахта, узум, қовун ва бошқа маҳсулотларни етиштириш маданиятини йўлга қўйиб бўлган ўзбек деҳқонлари энди бу ишларни кенг кўламли сунъий суғориш тизими асосида тараққий эттира бошлаганлар (илк шарқий славянлар лалми буғдой етиштиришга VI-IX асрларга келибгина, яъни 1100-1400 йил бурун киришганлар, холос, унгача эса овчилик ва балиқчилик билан кун кечирганлар).

Ҳар қандай эзгу диний таълимот жамиятни ахлоқий поклик, оила мустаҳкамлиги, ижтимоий ҳамкорлик ва сиёсий барқарорлик, миллий ва маданий анъаналарни сақлаш ҳамда ривожлантириш ғояларига эргаштириб, бирлаштириш мақсади ўлароқ туғилишидан келиб чиқилса, тарихий ҳодиса сифатида бугунги кунда барча томонидан эътироф этиладиган уч муқаддас китобдан бири – Авестонинг қадимги Хоразмда пайдо бўлгани ҳам тасодифий эмас. Чунки худди шу тарихий босқичда ўзбек ерида давлатчилик, кенг қамровли сунъий суғоришга таянган деҳқончилик-иқтисодиёт асослари қурила бошланганди (Авестода деҳқончиликка, яъни ўтроқ турмуш тарзига алоҳида урғу берилган).

Ўзбек давлатининг, бугунги тил билан айтганда, ялпи геосиёсий ва иқтисодий муносабатларга киришганига ҳам 3000 йил бўлди. Гарчи милоддан олдинги III-II минг йилликларда, яъни 5000-4000 йил бурун Ҳиндистон, Месопотамия, Миср билан савдо алоқаларига ишора берувчи илмий далиллар бўлса-да, Яқин ва Ўрта Шарқ давлатлари, Кавказ билан сиёсий-ҳарбий муносабатлар милоддан олдинги I минг йилликнинг илк асрларида бошлангани маълум.

Ўз давлатчилиги ва ўтроқ ижтимоий-иқтисодий тараққиёт пойдеворини шу тариқа яратган ўзбек миллати кейинги ўттиз аср ичида ҳар ким ҳам ҳавас қилса арзигулик, шонли, ибратли, шу билан бирга оғир ва сабоқли тарихий йўлни босиб ўтди. Киндик қони тўкилган юрти ва эрки – ўзлигини сақлаб қолиш учун босқинчиларга қарши ботирларча курашишга ҳам, бир неча муддат қарамлик юкини кўтариб юришига ҳам тўғри келди. Буюк салтанатлар барпо этиб, дунёни ҳалигача лол қолдиргучи сиёсий, иқтисодий, маданий юксалиш чўққиларини эгаллади. Ўғлонлари Мусо Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Аҳмад Марвазий, Абу Райҳон Беруний, Ибн Сино, Мирзо Улуғбек, Али Қушчи орқали кишиликни замонавий тушунчадаги сонларни қўшиш ва айириш, алгоритм, алгебра, манфий ва мусбат сонлар, тангенс ва котангенс, юлдузшунослик, қитъа кашф этиш, даволашни тизимли ташкил этишга ўргатди. Кўчманчи муҳитда пайдо бўлиб, кейинчалик дунёнинг энг йирик ва обрўли диний таълимотларларидан бирига айланган мусулмончиликнинг манбавий, ҳуқуқий ва ижтимоий асосларини яратишда Бухорий, Термизий, Мотуридий, Марғиноний, Нақшбанд каби алломаларимизнинг хизматлари ўз замонларидаёқ тан олиниб бўлинганди ва бугун ҳам эътирофда. Алишер Навоий, Бобур, Беҳзод жаҳон адабиёти ва санъатининг энг ёрқин сиймолари ўлароқ машҳур ва манзурдирлар. Қайси халқ ва мамлакатга мансуб бўлмасин, башарият сиёсий ўтмишига “сайёҳат қилган” ҳар ким тарихдаги илк империя – Ахоманийлар давлати асосчиси Кирнинг адабини берган Томир хотун (Томирис-Тўмарис), македониялик Александрнинг тинкасини қуритган Спитамен, Чингизхон ва унинг авлодларининг босқинчилик юришларига қарши курашиб, ўн йил давомида уларни тийиб турган қаҳрамон Жалолиддин Мангуберди, инсоният тараққиётига завол босқич саналадиган мўғуллар ҳукмронлигига чек қўйиб, буюк ва маданиятли салтанат барпо этган, Самар­қандни дунё сиёсий, иқтисодий, маданий марказига айлантирган Амир Темур сингари улуғ шахс­ларга қойил қолиш баробарида ўзбек сиёсий тафаккурининг куч-кўламини туяди, албатта.

Энг улуғ, энг азиз байрамимиз – Мустақиллигимизнинг 25 йиллигига бағишланган мақоламизни ўтмишимизнинг барчага маълум энг асосий воқеа ва жараёнларини эслатишдан бошлаганимизнинг икки сабаби бор. Биринчидан, 1991-йил 31-августда рўй берган тарихий воқеа – Ислом Каримов томонидан Ўзбекистон давлат мустақиллигининг эълон қилиниши моҳият эътибори билан 2700 йил ичида узлуксиз ривожланиб келган, бироқ сўнгги 126 йиллик мустамлака даври ўлароқ тортиб олинган сиёсий-давлатчилик ҳуқуқини қайта тиклаш эди. Яъни давлат мустақиллигимиз кимлардир томонидан қилинган инъом ёки қандайдир ташқи омиллар туфайли содир бўлган тасодифий ўзгариш эмас, балки 3000 йиллик далил-исботли сиёсий, иқтисодий, маданий, маънавий тараққиёт йўлига эга миллатимиз, неча-неча авлодларнинг ўз ҳақ-ҳуқуқини тиклаш учун юзу чорак асрлик орзу-умидлари, интилиш ва курашларининг табиий, мантиқий ва адолатли ҳосиласидир! Иккинчидан, ўтмиши нечоғли довруқли бўлмасин, ҳар қандай халқнинг сўнгги тирик авлоди учун ўзи умр кечираётган давр муҳим ва қадрлидир. Чунки бу унинг ҳаёти, ҳар бир инсонга хос бўлгани каби ҳар бир авлод учун ўзи яшаётган замон азиздир. Аслида ҳам барча ҳолат, воқеа ва ҳодисалар, шу жумладан тарихга ҳам у ўзи яшаб турган йиллар орқали муносабатда бўлади, баҳо беради. Шу маънода биз, ўзбекларнинг бугунги авлоди бахти ва омади, энг аввало, озодликка чиқиш айнан бизга насиб этгани, ўз юртимизда ҳеч кимга қарам бўлмасдан, эркин турмуш кечираётганимиз, қолаверса, келгуси авлодларимизнинг турмуши шу тарзда кечишига бўлган қатъий ишончимиздадир, десак айни ҳақиқатни айтган бўламиз. Шунинг учун ҳам тарихимиз минг асрлар бўлса-да, биз учун унинг сўнгги чораги азиз, десак муболаға бўлмайди.

Тўғри, 25 йил тарих, айниқса, вақт учун ҳеч нарса эмас. Бироқ умрининг ўртача уч-тўртдан бирига тенг бу муддат инсон учун ўта аҳамиятлидир. Агар масалага юзу чорак асрлик ҳақсизлик даврида бошқа айрим халқ ва давлатлар анча илгарилаб кетганлиги, энг муҳими, мустақил бўлгач барча соҳалардаги ишларни қайтадан бошлаш, тиклаш, яратишга, тарих ва жаҳондаги анъанавий мавқеимизни қайтариб олишга тўғри келганлиги чуқур англанса, йигирма беш йиллик эркин ҳаёт ва ривожимизнинг асл қиммати янада ойдинлашиши шубҳасиз.

Давлат қурилиши

Ўтмишда давлатчилик борасида қанчалик юксак чўққиларга эришганимиздан қатъи назар ХХ аср сўнгги ўн йиллиги кишилик ижтимоий-сиёсий қарашлари, давлат ва жамият бошқаруви тафаккури ва амалиётида демократия, ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамияти ғояларию институтлари аллақачонлар устувор бўлган замон эди. Биз мустамлака домига тушган паллада эса якка ҳукмдорлик, ҳокимиятнинг мутлақ бир шахс ва сулолага тегишлилигининг асрий қоидаси ҳукмрон ва табиий эди. Ваҳоланки, эндиликда оддийлик касб этган демократик сиёсий тузум ривожида айнан XIX аср самарали бурилиш босқичи ҳисобланади. Яна бир муҳим жиҳат шундан иборатки, бизни барча ҳақ-ҳуқуқлардан маҳрум қилган метрополиянинг подшоҳлик бошқаруви, ўзга юртларни босиб олиш сиёсатига ружу қўйган режим бўлиши, демак, бундай шароитда мустамлакалари қаторида ўз халқига ҳам қандайдир эркинликлар бериши мумкинмаслиги баробарида 1917 йилдан бошлаб империя етакчилиги кишилик тарихидаги ўзига хос сиёсий куч – большевиклар қўлига ўтган. Уларнинг ўзига хослиги тарихий тараққиёт қонунларини буткул инкор этиш, давлат, жамият, катта-кичик жамоа ҳаёти ва бошқарувини уюшган фетишизм, хаёлпарастлик, доҳийчилик, мутлақ ҳукмронлик, сурбетлик, босқинчилик, террорчилик, тарихий ва маданий мерос, миллийликни қўпориб ташлаш, динсизлик, оломончилик, инсонга қурбонликдек муносабатда бўлиш, халқни ташқи дунёдан бутунлай ажратиб олиш асосларида амалга ошириш билан белгиланади. Етмиш беш йилдан кўпроқ шу тарзда яшаган халқлар, авлодлар аҳволи, айниқса, ижтимоий-сиёсий тафаккури, руҳий ҳолатини тасаввур қилиш ҳам осон, ҳам оғир, албатта.

Мазкурларга урғу беришдан муддао 1991 йили кўҳна ўзбек давлатчилигининг янги, замонавий босқичи – ҳокимиятнинг бирдан-бир қонуний манбаи халқлиги, сиёсий, ижтимоий, иқтисодий рақобат, ўзини ўзи бошқариш устунларига таянган демократик, ҳуқуқий давлат қуриш ишига киришилган палланинг бутун мураккабликларини кўз олдимизга келтиришдан иборатдир. Шу ўринда яна бир ўта муҳим омилни эсга солиш лозим. У ҳам бўлса, мазкур жараённи империянинг юқорида тилга олинган ўзига хосликларидан қолган сарқитлари таъсири ўлароқ вужудга келган иқтисодий танглик ва унинг оқибатидаги ижтимоий таранглик, янгича яшаш масаласида омма интилишлари ва дунёқараши, салоҳияти ўртасидаги номувофиқлик, миллатсеварлик ва миллатчилик, ҳуқуқ ва ўзбилармончилик, юртпарварлик ва сотқинлик, умуммиллий манфаат ва худбинлик сингари фазилат ва иллатлар ўртасидаги чегаранинг едирилиб кетиши, оқибатда эса мустамлакачилик арафасидаги ҳолатимизнинг янгича, балки янада фожиалироқ кўринишда қайтарилишининг хавфи ўта юқори бўлган шарт-шароитларда бошқариш тақазо этиларди. Устига-устак ўзбек миллатининг ўз давлатчилигини замонавий йўсинда барпо этишидан ўта манфаатдор бўлмаган ички ва ташқи кучлар ҳам бор эдилар. Бир томондан, советпарастлик, бегонапарастлик, бировларга қуллуқ қилиш қон-қонига, онг-онгига – вужуд ва тафаккурига сингиб кетганларнинг “бизсиз, коммунистик мафкурасиз қўлларингдан нима ҳам келарди” кайфияти авжида бўлганини, иккинчи томондан, давр мураккабликларидан фойдаланиб, бевосита ва билвосита равишда ҳали ғўр жамиятда жанжал чиқариш, уруш оловини ёқиш орқали ўзининг кечаги таъсирини янгича шароитда тиклаб олиш, у ёки бу тарзда яна ўзига боғлаб қўйиш, шунингдек, демократия, инсон ҳақлари байроқлари баҳонасида дунё ҳамжамиятининг янги аъзосини ўз йўриғига солиш ва сўнг ундан фойдаланиш мақсадида узоқ-яқинда шай турганлар бўлганлигини тарихий хотирадан ўчириб бўлмайди.

Яна бир, кўпинча диққатимиздан четда қолиб кетадиган омил кадрлар масаласидир. Давлатчилик йўлимиз нақадар узоқ ва бой бўлмасин, сўнгги мустамлака давримиз бизни тарихий тараққиёт босқичларининг барчасини тўла-тўкис босиб ўтиб, шунга яраша дунёқараш ва маданият – турмуш тарзига лойиқ бўлиш имконидан мосуво этганди. Совет империясининг юқорида урғу берилган ўзига хослиги эса, хусусан, метрополия-мустамлака, партия-комсомол, маъмурий-буйруқбозлик тизимининг етмиш беш йиллик ҳукмронлиги, миллатнинг энг сара вакил ва тоифаларининг ялписига қириб ташланиши, вақти-вақти билан “тозалаб турилиши” оқибатида демократия, очиқ бозор иқтисодиёти, мулкчиликнинг турли хиллиги устувор тузумга хос дунёқараш, кўникма ва савияга эга мутахассисларнинг бор-йўқлиги ҳақида гап бўлиши мумкин эмасди. Бошқача айтганда, тамомила янгича муносабатларни бор кадрларга қаноат қилган ҳолда ташкил қилиш ва ривожлантиришга мажбур бўлинганлик баробарида замонавий давлат бошқаруви талабларига муносиб кадрларнинг миллий мактабини яратиш тақозо этиларди.

1991 йил 31 августдаги “Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллиги асослари тўғрисида”ги конституциявий қонундаёқ конституция ва қонунларнинг устунлиги, давлат ҳокимияти тизимини қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятига ажратиш асосида қурилиши белгилаб қўйилган бўлса-да, 1992 йили миллий Конституциямизнинг қа­бул қилиниши том маънода тарихий воқеа бўлганди. Бу ерда гап мазкур ўзига хос сиёсий-ҳуқуқий ҳужжатнинг кўп мингйиллик давлатчилик ҳаётимизда илк маротаба пайдо бўлганлигидагина эмас. Энг асосийси, бундан буён давлат тузилиши, ҳокимияти ва бошқаруви идоралари, сайлов, суд тизимлари, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари сингари фавқулодда муҳим масалалар бирон шахс, сулола, қандайдир гуруҳ, кучларнинг хоҳиш-иродасига қараб эмас, тайёрланишида ўз вакиллари орқали иштирок этган, лойиҳаси умумхалқ муҳокамасидан ўтган ва фуқароларнинг ўзлари томонидан референдумда тасдиқланган асосий қонунда муҳрланиб қўйилди. Энди Ўзбекистонда давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаи халқнинг ўзи, давлат ҳокимияти халқ манфаатлари йўлида консти туция ва қонунчиликда белгилаб қўйилган идоралар томонидан амалга оширилиши узил-кесил белгилаб қўйилди. Шу тариқа мамлакатимизда демократик, ҳуқуқий давлат, фуқаролик жамияти барпо этишнинг энг асосий шарти бажарилди.

Мазкур шартни воқеликка, турмуш тарзига айлантириш мустамлака, тоталитар, коммунистик мафкура ҳукмрон режимни бир эмас, бир неча авлоди бошдан кечирган жамият учун осон кечмаслиги донишмандларга бошданоқ аён бўлса, кўпчилик наздида ўз-ўзидан бўладиган, илгаригидек юқоридан тушадиган йўриқномалар орқали амалга ошадиган жараёндек туйиларди. Ҳолбуки, бу борадаги мутлақо янгича муносабатлар уларга мутаносиб янгича дунёқараш, интилиш, ишлаш, билим ва савияни тақазо этарди. Ислом Каримов сўзлари билан хулосалаганда эса янги “сиёсий тузум тўла-тўкис амал қилишини ва унинг янада эркинлашувини таъминлаш учун уни ташкил этувчи ҳамма тузилмалар, яъни мавжуд субъектлар – шахс, сиёсий институтлар, аҳолининг ижтимоий гуруҳлари ҳамда қатламлари ва ҳоказолар тўлақонли фаолият кўрсатишига эришиш зарур” эди.

Фикримизча, мустақил тараққиётимизнинг чорак асри ичида давлатчилик соҳасида эришилган энг муҳим марра ҳам мазкур вазифани босқичма-босқич амалга ошириш билан боғлиқдир. Натижада давлат ҳокимияти тизимининг бир-биридан мустақил қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятларининг ҳуқуқий асослари яратилди, шаклланиш йўллари, фаолият ва ваколат доиралари белгилаб олинди, уларнинг фуқаролар билан ўзаро муносабатлари ҳамда давлат ҳокимияти ва бошқаруви идораларини тузиш, назорат қилишда фуқароларнинг иштироки, ҳам ҳуқуқий, ҳам амалий жиҳатлардан таъминланди (вакиллик идораларини сайлаш, ўз вакиллари орқали ижро этувчи ҳокимият раҳбарларини тасдиқлаш, ҳисоботларини қабул қилиш, парламент, жамоатчилик назорати, электрон ҳукумат, давлат ҳокимияти ва бош­қаруви органлари фаолиятининг очиқлиги ва бошқалар).

Ижтимоий-сиёсий ҳаётимизда доимий асосда фаолият кўрсатувчи миллий парламент, кўппартиявийликнинг қарор топиши мустақил давлатимиз ва эркин жамиятимизнинг изчил ва мустаҳкам ривожланишини кафолатлашда улкан аҳамият касб этганлигини тушунган тушунади, тушунмаган тушунмайди. Давлатчилигимиз пайдо бўлибдики, асрлар давомида ҳокимият масаласи босиб ўтилган тарихий босқичларга хос ва табиий тарзда ўзаро чиқишмовчиликлар ва курашлар, қонли тўқнашувлар йўли билан ҳал қилиниб келингани, сўнгги мустамлакачилик “тажрибамиз” эса аслида катта бир давлатнинг учга бўлиниб кетишидек аянчли оқибати билан ҳам боғлиқлигини кўзда тутиб, ўтмишимиздан сабоқ чиқарсак, турли ижтимоий қатлам ва тоифалар манфаатлари, турфа сиёсий қарашлар ўртасида бор ва бўлиши муқаррар қарама-қаршиликлар, келишмовчиликларни жанггоҳлар, кўча-кўйда эмас, туман – мамлакат даражаларидаги вакиллик идораларида уларнинг вакиллари орқали ҳал этиш, энг муҳими, мазкур жараёнда туғиладиган қувватни, мамлакатни парчалаш, жамиятни пароканда этиш учун эмас, балки умуммиллий манфаат сари йўналтириш тизими, замонавий сиёсий кураш маданиятининг яратилиши том маънода асрларга татигулик ютуғимиз бўлди, десак муболаға қилмаган бўламиз. Ижтимоий-сиёсий воқелигимиз учун оддийликка айланиб бўлган профессионал парламентчилик деганда, доимий асосда ишловчи депутатларни тушуниш масала моҳиятини тўлиқ анг­ламасликдир. Негаки, профессионал парламент тизими, моҳият эътибори билан, сайловчини, фуқарони профессионаллаштиришдир. Эл-юрт ғамида яшаб, замонавий дунёқараш, билим, ўз сиёсий эътиқодига эга, давлат ва миллат манфаатини ҳамма нарсадан устун қўйувчи шахсни танлаб олиб, сайлаш учун фуқаронинг ўзи шу йўсинда шаклланган бўлиши лозим. Бу XXI аср сиёсий маданияти тенгламасидир.

Яна бир ўта жиддий масала президент лавозимининг давлат ҳокимияти бошқаруви тизимидаги алоҳида ўрни билан боғлиқдир. 1992 йилги конституцияга кўра, Ўзбекистон Президенти давлат ва ижро этувчи ҳокимият бошлиғи, айни вақтда Вазирлар Маҳкамасининг раиси ҳисобланиши белгилаб қўйилган бўлса, 2007 йилга келиб президент давлат бошлиғи ва давлат ҳокимияти органларининг келишилган ҳолда фаолият юритишини ҳамда ҳамкорлигини таъминлаши ўрнатиб қўйилди (солиштириш учун: АҚШ президенти бир вақтнинг ўзида давлат ва ижро этувчи ҳокимият бошлиғи саналади). Асрлар давомида давлат ҳокимиятининг барча ҳал қилувчи ваколатлари бир шахс қўлида мажассамлашиб келган, айниқса, мус­тақиллик арафасида бир юз йигирма беш йиллик тоталитар режимни бошдан ўтказган жамият учун қандайдир ўн-ўн беш йил ичида давлат бошлиғи интититутининг узлуксиз ривожланишида юз берган мазкур сифат ўзгариши ҳам асрларга татигулик баҳосига сазовордир. Президентга давлат ҳокимияти органларининг келишилган ҳолда фаолият юритиши ҳамда ҳамкорлигини таъминлаши ваколатининг юклатилиши эса, моҳиятан, ёндашув ва қарашлари турфа гуруҳ, қатлам ва фуқароларни умуммиллий манфаатлар доирасида келишиб ҳамкорлик қилишларига етакчи сифатида намуна бўлиш, жамиятни шу йўлдан эргаштириб бориш ва пировардида фуқаролик жамиятини мустаҳкамлаш, деганидир.

Иқтисодий ва ижтимоий ҳаёт

Бошқа етакчи давлат ва мамлакатлар қатори иқтисодий тараққиётнинг барча тарихий босқичларини босиб ўтган ўзбек давлати ва жамияти мустамлака домига тушган XIX асрнинг иккинчи ярмида дунёнинг олдинлаб бораётган минтақаларида индустриал иқтисодиёт авжига чиққан эди. Юз йил-у чорак асрдан ортиқ давом этган қарамлик давримизнинг ўзига хос ва мустақиллик давримизга ўз таъсирини ўтказмаслиги мумкин бўлмаган алоҳидаликларининг биринчиси Россия империясининг ўзи Европанинг қолоқ давлатларидан бири бўлса, иккинчиси ўлкамиз метрополиянинг хомашё манбаи ва тайёр маҳсулотлари бозорига айлантирилиши оқибатида миллий иқтисодиётимизни замонавий асосда йўлга қўйилиши хомхаёл эди. Энг фожиалиси, 1917 йили империяда ҳокимиятни қўлга олган большевиклар жорий этган ва чораккам бир аср сақланиб турган иқтисодий сиёсат билан боғлиқ бўлиб, қандайдир ўн-ўн беш йил ичида минг йиллар давомида шаклланиб, такомиллашиб келган ижтимоий-иқтисодий омиллар – хусусий мулкчилик, шахсий манфаатдорлик ва ташаббус, малакавий анъаналар, эркин бозор сингари институтларнинг илдизи таг-томири билан қўпориб ташланганди. Оқибатда бу борада ўнлаб асрлар ичида, минглаб авлодлар ҳаёти давомида мисқоллаб тўпланиб, сайқаллаб келинган билим, кўникма, анъаналар – тажриба бутунлай йўқотилди. Ўрнини эса ибтидоий, ўрта асрларга хос омиллар – одамларнинг кундалик эҳтиёжларини аранг қондириш, натурал хўжаликни эслатадиган, маъмурий-буйруқбозлик йўли билан бошқариладиган, давлат мулкчилигига асосланган иқтисодиёт эгаллади. Шу тариқа тўрт-беш авлоднинг умри, онги, касб-корлик, билим даражаси, ишлаш маданиятини қўрқув, қамчи остида ишлаш, боқимандалик, кўзбўямачилик, хўжакўрсинчилик, “мендан кетгунча эгасига етгунча”лик, кампаниябозлик, тенглаштириш, уддабуронларни чиқиштирмаслик каби иллатлар қамраб олган етмиш беш йил ўтиб, ўзбек юрти озодликка чиқиб, ўз миллий иқтисодиётини барпо этишга бел боғлаганида дунё аллақачон постиндустриал иқтисодиёт босқичига қадам қўйиб бўлганди.

Бу ҳам етмагандек, империянинг бошқа қатор мустамлакаларидан фарқли равишда Ўзбекистонга “теккан мерос” иқтисодиётнинг бир томонлама аграр, ўшанда ҳам пахта яккаҳокимлигига асослангани, экин-тикин ерларининг силласи қуриб қолганлиги, Орол денгизи фожиаси, сув танқислиги, қайта, тайёр, айниқса, аҳоли эҳтиёжларини қондирувчи маҳсулотларни ишлаб чиқаришнинг жуда арзимас даражада эканлиги, меҳнат унумдорлиги ва маданиятининг ўта қолоқлиги, мавжуд ишлаб чиқариш корхоналаридаги техника ва технологияларнинг сифати ва унумдорлик кўрсаткичи замон талабларига бутунлай жавоб бермаслиги, саноатдаги малакали миллий кадрларнинг кескин камлиги, борларининг эса метрополия вакиллари эканлиги, деярли 50 фоиз аҳолининг жон бошига даромади кун кечириш учун зарур ўрта даражадан ҳам пастлиги, иқтисодиёт инфратузилмасининг негизи бўлмиш транспорт, энергия, сув таъминотининг қўшни мамлакатларга боғлаб қўйилгани, ташқи дунёга чиқиш имконларини мақсадга мувофиқ тарзда бошданоқ кесиб ташлангани, янгича иқтисодий муносабатларда етакчи куч бўлиши даркор кадрларнинг йўқлиги каби бир-биридан оғир, бироқ ечимини кутиб ту ролмайдиган муаммолар силсиласи кўндаланг турарди.

Бир сўз билан айтганда, мустамлакачилик даврининг бошида қандай бўлса, охирида ҳам Ўзбекистон хомашё манбаи (масалан, мустақиллик арафасида деҳқончилик маҳсулотларининг 80 фоиздан ошиғи, пахтанинг 90 фоизи, мис, қўрғошин, рух ва бошқа рангли металларнинг 50 фоизи, олтиннинг 100 фоизи метрополия ихтиёрига олиб чиқиб кетилган) ва тайёр маҳсулотлар бозори (машиналар, асбоб-ускуналар, енгил ва озиқ-овқат саноати маҳсулотларининг 60 фоизи четдан олиб кирилган) бўлиб қолаверган. Шу маънода ҳар қандай замон ва давлат, мамлакатда ҳал қилувчи омил саналувчи иқтисодиётда мустақиллик йилларида амалга оширилган ишларни тарихий ва асрларга татигулик дея баҳолашнинг сабаблари кўзга ташланмай илож йўқ. У ҳам бўлса, қандайдир чорак аср ичида мустамлака иқтисодиёт асоратларини бартараф этиш, қарамлигимиз сабаб иқтисодий тараққиётнинг бир юз йигирма беш йил бизсиз кечган тарихий босқичини қоплаш, замонавий иқтисодий муносабатлар тизимида ўзимизга мос ва хос йўлни танлаб миллий иқтисодиёт пойдеворини яратиш, жаҳон иқтисодиётида ўз ўрнимизни тиклаш, ҳақимизни қайтариб олиш, кескин рақобат асосида ривожланаётган очиқ бозор иқтисодиёти дунёқарашини парваришлаш ва миллий кадрларни етиштириш сингари фавқулодда муҳим, қалтис ва келажакка дахлдор вазифалар ҳал этилди. Мазкурларнинг бари узоқ муддат мустамлака-тоталитар-коммунистик режимни бошдан кечирган, ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан силласи қуриган жамиятда, ижтимоий вазият ночор, истеъмол маҳсулотларнинг етишмовчилиги, янгиси ҳали йўқ, эскисини бирдан бузиб бўлмайдиган, аммо бузиш тарафдорлари ҳам етарли бўлган, ички сиёсий муҳит таранглашган, ташқи таъсир зийраклашган бир вақтда амалга оширилиши тақозо этиларди.

Бугун катта ишонч ва қувонч, ғурур ҳамда онгли тарзда айта оламизки, тилга олинган муаммоларнинг бари ўз ечимини топди, ўта қисқа муддатда энг муҳим ресурс ва маҳсулотлар билан ўзини ўзи таъминловчи, даромад келтирувчи, иш ўринлари яратувчи йўналишларнинг турлилиги ва замонавийлиги, ишлаб чиқариш тармоғи етакчи бўлган, юқори технологиялар соҳалари (нефть ва газ кимёси, нефть-газ машинасозлиги, автомобилсозлик, замонавий қурилиш материаллари саноати, темир йўл машинасозлиги, маиший электроника, фармацевтика, озиқ-овқат ва тўқимачилик саноати) ва хизмат кўрсатиш жадал ўсаётган, минтақаларининг бир текисда ривожланиши ва ўзини-ўзи таъминланиши йўлга қўйилган, моҳият эътибори билан ташқи (минтақавий ва ялпи) омилларга қаттиқ боғлиқ ва қарам бўлмаган, юқори малакали миллий кадрлар тайёрлаш тизими яратилган, жаҳон бозорининг таркибий қисми бўлган, бирон шахс, қандайдир гуруҳлар, ички ва ташқи сиёсий кучлар манфаатларига хизмат қиладиган эмас, фуқароларнинг кундалик ва келгуси эҳтиёжларини таъминлайдиган замонавий миллий иқтисодиёт барпо этилди. Рақамларда ифода этсак, мустақиллик йилларида ялпи ички маҳсулот 6 баробар, аҳоли жон бошига тўғри келадиган ҳақиқий даромадлар 12 баробардан кўп­роққа ошди, саноатнинг улуши 34 фоизни, экспорт таркибидаги тайёр маҳсулотлар улуши 70 фоиздан ортиқни ташкил этди, қишлоқ хўжалигининг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 16,6 фоизга тушгани ҳолда бу муҳим тармоқ маҳсулотларининг 90-92 фоизини етказиб беришга қодир замонавий деҳқонлар – фермерлар синфи шаклланди, асосий озиқ-овқат товарлари, аввало дон, картошка, гўшт, сут ва қандолат маҳсулотларининг 96 фоизи ўзимизда ишлаб чиқарилмоқда, хусусан, чорак аср ичида аҳоли жон бошига гўшт истеъмоли 1.4, сут ва сут маҳсулотлари 1.5, картошка 1.9, сабзавот 2.6, баробардан ортиқ, мева 6.3, марта кўпайди. Яна бир катта ва тарихий марра ўрта синф – мулкдорлар синфининг пайдо бўлиши ва жадал ривожланиб, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 56.5 фоизга етгани, иш билан банд аҳолининг 77.9 фоизи айни шу тармоқда меҳнат қилаётгани билан боғлиқдир, албатта.

Эсда тутишимиз лозим ва фахр­ланишга, эртанги кунимизга ишонч билан боқишимизга арзигулик яна бир ўта муҳим ва тарихий масала – давлатни давлат, миллатни миллат қилиб турадиган, мустақил тараққиёт ва келажакни кафолатлайдиган омил бор. У ҳам бўлса, йигирма беш йил ичида озиқ-овқат маҳсулотлари, айниқса, дон билан ўзимизни ўзимиз таъминлаш тизими яратилиши билан озиқ-овқат хавфсизлигига эришилди, ҳар қандай миллий иқтисодиёт пойдевори саналмиш унинг мустаҳкам ва мустақил инфратузилмаси яратилди. Натижада, бундан буён бизни ҳеч кимга қарам ва ҳеч кимдан кам қилмайдиган ёқилғи, энергия, транспорт, алоқа тармоқларининг мамлакат ичра яхлит, узлуксиз ва самарали тизими барпо этилди.

Абдулла Қодирий, Чўлпон, Фитрат ва одатда, жадидлар ҳаракати сирасига киритиладиган ижодкорларимиз, совет даври зиёлилари, айниқса, шоиру ёзувчиларининг мероси, шахсий хотира ва билган-эшитганларимиз ўлка ва миллатимизнинг мустамлака арафаси, қарамлик даври маънавий-маърифий ва маданий тафаккури ҳамда унинг таъсиридаги кундалик турмушини тасаввур қилиш имконини беради, деб ўйлаймиз. Бир сатрда хулосалаганда, кишилик фаолиятининг барча йўналишларида ўз имкон ва салоҳиятини кўрсатиб, улуғ ишларга қодирлигини исботлаб қўйган миллатнинг сўнгги асрлар, жумладан мустамлакачилик фожиалари (босқинчиларга қарши курашда бой берилган озодлик, қурбонлар, талофатлар, миллий озодлик ҳаракатларининг шафқатсиз бостирилиши, қатағонлар, биринчи ва иккинчи жаҳон урушларининг оқибатлари, диний эътиқоднинг тақиқланиши, тарихий ва маданий меросни йўққа чиқарилиши, миллий ва маданий анъаналарнинг таҳқирланиши, ташқи дунёдан бутунлай узиб қўйилиши, коммунистик мафкура ҳукмронлиги, “улуғ оғачилик” сиёсати, “пахта иши” ва бошқалар) ўлароқ кичиклик гирдобида бўғилиб қолганлигини тан олиш, ҳазм қилиш қанчалар оғир! Ана шундай “бисот” билан мустақиллик остонасидан ҳатлаб ўтишга, озод юрт ва элнинг тамомила янгича тарихий шароитлардаги ҳаётини барпо этишга тўғри келинганди. Давлат ҳокимияти ва бошқарувини ташкил этиш, очиқ бозор иқтисодиётини йўлга қўйиш, ҳатто миллий қўшинни тузиш сингари ўта мураккаб ишлардан кўра бу борада асрлар, ўн йилликлар давомида ечимини кутиб ётган вазифаларни адо этиш ва чигалликларни ечиш оғирроқ ва қалтисроқ эди, деб ишонамиз. Зеро, давлат ва жамият борлиғи билан боғлиқ барча ютуғу йўқотишлар аввало инсон, унинг дунёқараши ва феъли билан чамбарчас боғлиқлиги мутлақ ҳақиқатдир. Мазкур аччиқ ҳақиқатларсиз мустақиллик йилларида сўз кетаётган ўта муҳим жабҳада амалга оширилган том маънодаги тарихий ва тенгсиз ўзгаришлар — ҳар қандай инсон, миллат учун ўзига хос қурол саналмиш тилимизга давлат мақоми берилиши, илдиз ва насабсиз эмаслигини исботловчи кўп минг йиллик тарихимиз, миллатимизнинг истеъдоди ва салоҳиятини далилловчи маданий меросининг тикланиши, ўзимизга хос ва ўзимизга мослигимизни билдириб турувчи анъаларимизга қайта жон берилиши, улуғ аждодларимиз номи ва хизматларининг юзага чиқарилиши, эътиқод эркинлигига йўл очилиши, кадрлар тайёрлаш миллий тизимининг яратилиши, истеъдодларни парваришлаш тизимининг барпо этилиши, соғлом авлод дунёқараши ва маданиятининг шакллантирилишини қамраб олган оғир, масъулиятли, самарали жараёнга холис баҳо бериш мумкин эмас, деб санаймиз. Мазкур жараённинг энг қимматли натижаси эса “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма беш йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги фармонда алоҳида урғу берилган хулоса – “эртанги кунимизнинг таянчи ва суянчи бўлмиш ёш авлодимизнинг янгича, мустақил фикрлайдиган, замонавий билим ва касб-ҳунарларни пухта эгаллаган, шу юртнинг ҳақиқий эгаси, Ватанимизнинг тақдири ва келажаги учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир инсонлар бўлиб вояга етаётгани”дир, десак адашмаган бўламиз.

 

Миллат, жараён, шахс

Давлатчилигимизнинг энг янги – йигирма беш йиллик мустақил тараққиёт босқичига баҳо берганда олимлар ва умуман инсоният томонидан аллақачон тан олинган омил бўлмиш етакчилик ҳодисасига тўхталиш адолатдан бўлади, деб ўйлаймиз. Мазкур омил инсон фаолиятининг барча йўналишларида бор. Шунинг учун бирон соҳа ривожи ҳақида сўз кетганда, одатда, шу йўналишда буюк ишлар, бурилишлар, ихтиролар қилган шахслар тилга олинади. Сабаби жуда оддий: ана шундай шахслар туфайли кишилик, муайян мамлакат, жамият, тармоқлар ривожида кескин сифат юксалишлари юз берган ва улардан кўпчилик, барча, бутун бир халқ, инсоният наф кўрган. Илм-фан, адабиёт, санъат, иқтисодиёт тарихи ва бугунида бунга оид мисол ва далиллар етарлидир. Бундан сиёсат ҳам истисно эмас. Ҳар бир мамлакат ва миллатнинг ўз тарихий шахслари борлиги ҳам шундан. Жорж Вашингтон, Шарл де Гол, Уинстон Черчил, Конрад Аденауэр, Махатма Ганди, Дэн Сяопин, Ли Куан Ю номларини ким билмайди дейсиз. Чунки улар ўз халқлари ҳаёти, мамлакатлари тарихидаги ҳал қилувчи паллада етакчиликни қўлга олиб, миллий тараққиётда бурилиш ясашга, давлат ва жамиятнинг бундан ривожининг асосини яратиб, тамойилларини белгилаб беришга эришганлар. Миллатимизнинг ўз мустақиллиги учун кураши, ўзбек давлати ва миллатининг сўнгги чорак асрлик мустақил тараққиётини таҳлил этишда Ислом Каримов омили тўғрисида тўхталиш ҳам ақлдан, ҳам адолатдан бўлади, деб ишонамиз. Негаки, мазкур омил истиқлол йилларида давлат ва жамият ҳаётида юз берган мисли кўрилмаган ўзгаришлар, амалга оширилган буюк ишлардан иборат тарихий жараённинг ажралмас, ҳал қилувчи кучига айланиб бўлди. Уни билиш, ўрганиш, қадрлаш ва эсда тутиш нафақат бугунги, балки келажак авлодлар турмуши, давлат ва жамиятимизнинг барқарор ҳамда илдам ривожланиб боришида жуда катта назарий, ғоявий, тарбиявий ва амалий аҳамият касб этишида бизда шубҳа йўқ.

Мустақиллик давримизда қўлга киритилган асосий марра ва ютуқлар, умуман сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ҳаётимизда юз берган, чиндан ҳам асрларга татигулик жараённи кўп минг йиллик тарихий ривожимиз, жумладан мустамлака босқичи манзарасида таҳлил қилишга уринганимиз бежиз эмас. Бу дунёда ҳеч бир нарса ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолмаслиги мутлақ ҳақиқатлигини эслатган ҳолда йигирма беш йиллик босқич ҳам қандайдир тасодифлар, омадлар ҳосиласи эмас, балки қуйидаги икки омилнинг мантиқий ҳосиласидир. Биринчиси, юртбошимиз илк кунлардан тинимсиз таъкидлаб келадиган куч – “меҳнаткаш ва олижаноб халқимизнинг мардлиги ва матонати” бўлса, иккинчиси, “чуқур ўйланган, миллий манфаатларимизга тўла жавоб берадиган ислоҳотларга асосланган, бутун дунёда “ўзбек модели” деган ном билан тан олинган тараққиёт стратегияси”дир.

Мустақил тараққиёт босқичига қадам қўйилганида дунё демократик-ҳуқуқий давлат, фуқаролик жамияти, постиндустриал иқтисодиёт, изчил, жадал минтақавий ва ялпи ҳамкорлик, ранг-баранг ва чекланмаган ахборот тарқатиш ва олиш воқелигининг авжида эди. Озодликни қўлга киритган миллатнинг эркинликнинг барча лаззатларидан баҳра олиш, ўзлигини тиклаш, энг олди давлат ва мамлакатлар сингари яшаш иштиёқи қанчалар кучли ва самимий бўлмасин, уни рўёбга чиқариш бир зумда, осон кечмаслиги донишманд лар учун бошданоқ аён эди. Негаки, 126 йиллик мустамлакачилик-коммунистик мафкура ҳукмронлиги режимида яшаган, қолаверса, тарихий тараққиёт босқичларини узлуксиз, бир маромда босиб ўтиш, бинобарин, мутаносиб дунёқараш, маданият – турмуш тарзини шакллантириб бориш имконидан мосуво бўлган авлоднинг мутлақо янгилик саналмиш замонавий муносабатларга силлиққина киришиб кетиши хомхаёл бўлибгина қолмай, нотўғри ташланган ҳар бир қадам ҳалокат сари тортиб кетиши ҳеч гап эмасди. Бошқача айтганда, тамомила янгича ҳаёт бутунлай янгича дунёқарашни тақозо этарди. Шу маънода, 1989 йили Ўзбекистон раҳбарлигига сайланган Ислом Каримовнинг илк кунлардан эътиборан дунёқарашни ўзгартириш масаласига (“дунёқарашимизни ва умуман, масъулиятимизни ўзгартира олсаккина ишларимиз йўлга тушиб кетади”, “одамлар онгида, дунёқарашида ҳам ўзгаришлар бўлиши керак”, “Беҳбудий, Усмон Носир, Чўлпон, Фитрат ва бошқаларнинг ижоди ва дунёқарашини ҳам теран ва холис тадқиқ этиш зарур”) зўр бергани мустақилликка эришиш ҳам, ундан кейинги мураккаб жараён ҳам кўп жиҳатдан айнан дунёқарашга боғлиқлигини чуқур ҳис қилганлигидан дарак беради, деб ўйлаймиз. Шу билан бирга яна бир омилсиз кўзланган мақсадга етиб бўлмасди. У ҳам бўлса, “қийин аҳволдан чиқишнинг йўли, энг аввало, ишларнинг аҳволига холис баҳо бериш, республикадаги вазиятни соғломлаштиришнинг конкрет ва аниқ-пухта дастурини ишлаб чиқиш” тақозо этиларди. 1989 йил 19 августда ўртага ташланган ушбу ғоя бўлажак “ўзбек модели”нинг туғилиш ва такомиллашиш жараёнини гавдалантириш имконини беради, деб ўйлаймиз. Мақсадлар ва уларга етиб бориш йўлларини аниқ тасаввур қилиш, илмийлик, тажрибага суяниш, мавжуд воқелик, миллий дунёқараш ва феъл-атвор нозикликларини инобатга олишга асосланиб кейинги йилларда бу йўлда олиб борилган машаққатли ва холис изланишлар натижаси ўлароқ иқтисодиётнинг сиёсатдан устунлиги, давлатнинг бош ислоҳотчилиги, қонун устуворлиги, кучли ижтимоий ҳимоя, ислоҳотларни босқичма-босқич амалга оширишдек беш устунга таянувчи “ўзбек модели” дунёга келди. Бу борадаги ўз қараш, ғоя ва таклифлари, қатъий ишончи ва хулосаларини “Ўзбекистоннинг ўз истиқлол ва тараққиёт йўли” (1992 йил), “Ўзбекистон – бозор муносабатларига ўтишнинг ўзига хос йўли” (1993 йил), “Ўзбекистон иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш йўлида”(1995 йил), “Ўзбекистон XXI аср бўсағасида: хавфсизликка таҳдид, барқарорлик шартлари ва тараққиёт кафолатлари” (1997 йил) асарларида ифода этган Ислом Каримов ўтган йиллар ичидаги ҳар бир чиқиш ва қулай фурсатда мазкур модел мазмун-моҳиятини ўз халқига етказиш, уларни ишонтириш, руҳлантириш орқали мақсад сари эргаштириш, ҳар бир босқичда, турли соҳаларда эришилган аниқ, энг муҳими, тўғридан-тўғри фуқаролар ва мамлакатга самара бера бошлаган натижалар ва ютуқлар мисолида жамиятни янада илҳомлантириб, янги марраларга сафарбар этиш ишига куч-ғайратини аямаганлиги, изчил ва чидамли бўлганлигини ҳам алоҳида урғулаш лозим. Мустақиллик йилларида миллий иқтисодиётимизнинг юқорида урғу берилган барча марралари айнан шу модел бирдан-бир тўғри, ҳаётий ва самарали таълимот эканлиги ўлароқ юз берди.

Тарихимиздаги биринчи асосий қонунимиз – Конституциямизни ишлаб чиқиш, янгича шароитда давлат ва жамият қурилишининг энг муҳим принцип ва мақсадлари, вазифа ва қоидаларини белгилаб олиш, давлат ҳокимиятини бир-биридан мустақил вакиллик, ижро этувчи, суд идораларига ажратган ҳолда ташкил этиш, улар аро бир-бирини тийиб, назорат қилиб туриш посонгилари ўрнатилган мувозанатни таъминлаш, президент ваколатларининг энг залварлиларини парламент ва ҳукуматга тақсимлаб бериш, яъни ўз конституциявий ваколатларидан воз кечиш, шу чоққача бегона ва нотаниш кўппартиявийлик муносабатларини ҳаётийлаштириш ва маданийлаштириш, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш тарихий тизимини замонавийлаштириш, фуқаролик жамияти асосларини барпо этиш сингари ўта муҳим ва масъулиятли ислоҳотларнинг ташаббускори ва мазкур жараёнларга бош-қош бўлган ҳам Ислом Каримовдир.

Тарихий-маданий-маънавий меросимизни (ўзбек давлатчилигининг 2700 йиллик тарихга эгалигини, Авестонинг 2700 йил бурун Хоразмда яратилганини михлатиш, 2750 йиллик қадимий шаҳарсозлик маданиятимизни тан олдириш, илм-фан, адабиёт ва санъат, ислом дини соҳаларидаги буюк аждодларимиз номи ва бисотини миллатимизга қайтариш, юзага чиқариш, буюк аждодимиз Амир Темур шаъни, миллатимиз, жаҳон тарихидаги ўрни ва хизматларини тиклаш, Наврўз байрамига жон бағишлаш ва бошқалар) йиғиштириб олиш, миллий маданиятимизнинг замонавий мазмун ва шаклу шамойилини сайқаллаш (мунтазам ўтказиб келинаётган Мустақиллик, Наврўз байрамлари, Шарқ тароналари халқаро фестивали, Зулфия, Ниҳол мукофотларининг таъсис этилиши, мусиқа ва санъат мактаблари миллий тизимининг яратилиши, миллий консерватория, Бадиий Академиянинг таъсис этилиши, миллий театрчилик ва киночиликка асос солиниши ва бошқалар), тарихимизда илк бор миллий таълим тизимининг барпо этилиши (Кадрлар тайёрлаш миллий дастури, ўн икки йиллик бепул умумий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълимига асос солиниши, таълим муассасалари моддий-техника негизини тубдан замонавийлаштириш, жумладан биз учун тамомила янгилик саналмиш 1500 дан ортиқ коллеж ва лицейларнинг бунёд этилиши, минглаб мактабларни янгитдан, бошдан-оёқ қайта қуриш, таъмирлаш, замонавий жиҳозлар ва технологиялар билан таъминлаш, пешқадам талаб ва халқаро андозаларга мос таълим стандартлари ва ўқув адабиётларини тайёрлаш тизимини яратиш, Тест тизимининг жорий этилиши, истеъдодларни ҳар томонлама қўллаб-қўвватлаш, энг олди йўналишлар бўйича дунёдаги нуфузли олий ўқув юртлари билан ҳамкорлик, жумладан юртимизда халқаро олий таълим муассасаларининг фаолияти ва бошқалар), спортни ривожлантириш миллий тизимига асос солиш (ўзбек спортчиларининг халқаро миқёсда эътироф этилиши, юксак марраларни забт этишларининг асоси бўлмиш тизим – замонавий спорт инфратузилмаси, болалар спорти, уч босқичли спорт мусобақалари, миллий ва халқаро биринчиликларни ўтказиш, олимпия ҳаракатида шу кунгача мисли кўрилмаган ғалабалар, хусусан 31-Олимпиада ўйинларида 4 та олтин, 2 та кумуш, 7 та бронза медалини қўлган киритган ҳолда 207 мамлакат орасида 21-ўринга сазовор бўлиш ва бошқалар) ишларининг ташаббускори ва мазкур жараёнларга бош-қош бўлган ҳам Ислом Каримовдир.

Ва, ниҳоят, инсон борлиғи ва унумини кафолатловчи, ўзга барча омиллардан устун турувчи, бошқалари йўқ бўлган тақдирда ҳам уларни тириклаштирувчи, буюкдан буюк марраларни забт эттирувчи омил – дунёқараш, феъл-атворнинг сўнгги ўрта асрлар воқелигию мустамлака-коммунистик мафкура режими зўравонлиги ҳамда жуда узоқ муддат ҳукмронлиги ўлароқ туғилган, ғовлаб кетган асоратларини ақл, чидам, шахсий ибрат, тинимсиз изланиш ва таҳлиллар, даъват ва ишонтириш (“Жамиятимиз мафкураси халқни – халқ, миллатни миллат қилишга хизмат қилсин”, “Тарихий хотирасиз келажак йўқ”, “Оллоҳ қалбимизда, юрагимизда”, “Юксак маънавият – енгилмас куч” ва бошқа асарлар, чиқишлар) орқали енгиб, миллий ўзликнинг энг сара ва самарадор фазилатларини тиклаб, сақлаб қолган ҳолда юртпарварлик ва миллатсеварлик, эркинлик ва мустақил фикрлаш, фидоийлик ва оқиллик, ўз қадрини билиш ва бағрикенглик, қатъийлик ва меҳрибонлик, эгалик ва масъулият ҳисси, ташаббускорлик ва уддабуронлик, ўрганишга чанқоқлик ва рақобатбардошлик сингари хосиятлар билан уйғунлаштирган тарзда XXI аср ўзбек жамияти мафкураси ва маданиятининг асоси ва тамойилларини яратиш ташаббускори ва мазкур жараёнларга бош-қош бўлган ҳам Ислом Каримовдир.

Ривоят қилишларича, Америка қитъасини очиб, ватанига қайтиб келган Христофор Колумбнинг шон-шуҳрати, ҳар замон, ҳар ерда бўлганидек, унинг айрим ҳамкасблари, эски рақибларининг ғашини қўзғаб юборган экан. Улар ҳар ерда, бундай иш бизнинг ҳам қўлимиздан келарди, биз ҳам шундай қила олардик, деб ачиб юрганларидан хабардор буюк сайёҳ бир куни уларга қу­йидаги жумбоқни ечишни таклиф қилибди: тухумни хонтахта устида тикка турғазиш. Ақлан, жисман, феълан ожиз бу кимсалар ҳар қанча уринмасинлар буни эплай олмаганлари етмагандек, бу ишни қилиб бўлмайди, ҳеч бир иложи йўқ, Американи кашф этган сен ҳам буни эплай олмайсан, деб энса қотирибдилар. Улар қўлидан тухумни тортиб олган Христофор Колумб унинг бир учини енгилгина чақиб, юмшатиб хонтахта устида тикка турғазганида эса, улар, бу жуда осон-ку, бу йўл билан биз ҳам уддалардик, дея чирана, ўзларини оқлай бошлаганлар. Шунда улуғ сайёҳ, тўғри, бу бир қараганда осондек туйилади, бироқ жумбоққа дуч келганларингда шунга ақлингиз етмади-ку, деб барчаларини мулзам қилган экан.

Чиндан ҳам содир бўлган ҳар қандай буюк иш ўз самарасини бера бошлар экан, кўпчилик кўзига осон содир бўлгандек кўринади. Чунки улар тайёр натижани кўрадилар, унгача кечган жараён моҳияти, сир-асрорига ақллари, масъулият ва оғирликни олишга журъатлари етмайди. Улар бир оддий ҳақиқатни билмайдилар: улуғ ишлар миллионлаб, миллиардлаб кишилар мушкулини осон қилади, турмушини яхшилайди, ҳаётига саодат, умид бағишлайди, ўзига ишонч туғдиради, бутун бир миллат, мамлакатлар, кишилик корига ярайди, оғирини енгил қилади, энг муҳими, тўхтовсиз оддий кишиларнинг неча-неча авлодларига фақат наф келтиради. Оламшумул ишлар, буюк шасхларнинг сири ҳам аслида шунда!

 

2016 йил 22 август