“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

ВАТАН ҚИЁФАСИ бадиҳа

Муҳаммад САЛОМ

Қадрдоним Абдумалик ҳожи ёнимга келиб қучоқ очди.

— Кетиб қолманг, — деди у билагимдан сиқиб. — Пастда учрашайлик.

— Бирор иш борми?

—    Сувнинг нариги бетида, сиз томонда худойига айтишган.

Биз тарафда доимо яшайдиган хонадон йўқ. Асосан ёзда дала­-ҳовлиларда жонланиш юз беради. Дала-ҳовлилар олд томони, катта йўл ёқаси эса йил сайин ўзгариб боряпти: хилма-хил емакхоналару дўконлар, ўзига хос ҳордиқ чиқариш масканлари — жозиб кошоналар шитоб ила қад ростлаяпти. Эҳтимол, шундайлардан бири ишга тушган бўлса...

Машина тез обрў қозонган “Шаршара”ни, “чиммати” кўтарилишга шай “Сарбон”ни, кичикроқ “Мангал”у доимо гавжум эгизак “Арбат”ни, мўъжизавий “Фаравон”ни, муҳташам “Хўжакент”, нафис “Сазанчик”у “Тян шан” ва маҳобатли, сўлим “Чинарас”ни ёнлаб ўтиб, шаҳарга кетгувчи кенг йўл сари ғизиллаб кетди. Салдан кейин секинлашиб, чапга бурила бошлади. Ўнг — “Тошкент — Хўжакент” темир йўлининг сўнгги бекати. Бироқ бекат чиройли қурилгани бўйича ташлаб қўйилган...

Чап ён эса... ваҳ, тушимми-ўнгим: шунчалар ўзгариб кетибдими?! Қарийб бирор йилдан буён бу ёқларга йўлим тушмаган эди. Рости, буни истамагандим: ташландиқлик кўнгилга ғашлик солади, ундан тезроқ нари кетгинг келади.

Эсимда, бу ерларда узунасига чўзилган катта тутзор бўларди. Уни бузиб, электр поезди сўнгги бекатига мослаштириб, замонавий, чиройли авто бош бекати барпо этилди. Туманнинг, ҳатто вилоятнинг турли бурчакларига қатнайдиган автобусу бошқа уловлар шу ердан таралиши мўлжалланди. Аммо поезд бекатининг тақдири бу шинам автобекат бошига ҳам тушди: аввалига худди кўргазмага ўхшаб, савлат тўкиб турди, кейин “кўргазма” ҳам ёддан чиқди. Мустақиллик шарофати деб тилга тушган ҳар иккала ажиб иншоот кўп йиллар мазмунсиз “ҳаёт” кечирди.

Қаранг, ниҳоят, автобекатга янги мазмун кирибди: бинолар бузилмай, уларга ўзгача жило беришибди; атрофларига қатор ўтовлар тиклашибди; ўзбекона чорпоялар ўрнатишибди; ям-яшил арча-қарағайлар, хилма-хил дарахтлар пайдо бўлибди. Ўрталиқда фавворалар тизиллаб сув сачратади, юзларга салқин эпкин уфуради. Рўпарада тоғлар силсиласи сукут сақлаб, кузатиб турганга ўхшайди. Катта йўл ёқасида, виқорли дарвоза тепасида ажиб тарзда “Сазанчик чойхонаси” деган ёзув диққатни тортади...

Ёзувни кўриб, елка қисдим, Абдумаликка қарадим. У фикримни уқмади чоғи, кулимсираб қўйди. Олд тарафдаги чорпоялардан бирига ўтиришимиз билан мусиқа, қўшиқ тинди. Овоз кучайтиргични бизни бошлаб келган йигит — имом хатибга тутқазишди. “Қуръон” тиловатидан сўнг фотиҳага кафт очдик...

Халқимизда азалий одат: ўғил уйлантирса, қиз чиқарса, фарзанд кўрса, уй-жойу янги иморат қурса, кўпнинг, қариларнинг дуосини олади, Оллоҳ ризолиги учун элга ош беради. Шундай қилмаса, кўнгли жойига тушмайди, бир нимасини йўқотган каби хомушу карахт юради. Ота-боболарнинг бу хислатлари янги давр тадбиркорларининг ҳам қон-қонига сингиб қолгандай. Хусусан, мамлакатимиз мустақилликка эришганидан сўнг бу ҳол янада чуқурлашди. Эндиликда “Очилиш маросими” дейдилар-да, одамларни эҳсонга чорлаб, ўзларини билдирадилар...

...Юртимиз йил сайин эмас, ой сайин, ҳатто кун сайин обод бўлиб, гўзал қиёфага кириб боряпти... — дея дуо қиларди имом хатиб. Мени эса ҳамон хаёл тарк этмас, даст­лабки кунлар кўз ўнгимдан бир-бир ўтарди.

Кўп йиллар аввал бу ажиб манзилларда Хўжакент қишлоғининг аҳли ҳаёт кечирган. Улар ўзаро аҳил, меҳр-оқибатли, имон-эътиқодли, меҳмондўст, ориятли бўлишган. Олтмишинчи йиллар аввалида тоғ сурилиш хавфи туғилгани боис одамларни дарёнинг нариги бетига кўчиришган. Ўша кезларда ҳам бу ёқларга дам олишга келувчилар оз бўлмаган. Аммо уларнинг асосий қисмини европаликлар ташкил этган. Ҳордиқ чиқариш бобида уларнинг “суяги йўқ”лигини яхши биламиз. Хусусан, Чорвоқ сув омбори Бутуниттифоқ зарбдор қурилиши деб эълон қилиниши бу ҳолни янада кучайтирди. Қурилишга Собиқ Иттифоқнинг турли бурчакларидан ҳар хил тоифадаги кишилар ёғилиб келди. “Зарбдорчилар”га ҳар жиҳатдан қулай шароит уй-жой, юксак таъминот яратиб берилган. Маҳаллий аҳоли ҳам бу имкониятдан бебаҳра қолмаган. Аввало, юқори маошли ишга кириш осонлашган. Дўконлардан арзон озиқ-овқат маҳсулотлари, кийим-кечаклар, хусусан, эсни оғдирувчи ичкиликлар сотиб олишга кенг йўл очилган. Бунинг номини “Московское обеспечение” дейишган. Синовлардан ўтган усул: “суяк ташлаган”га ҳурмат ва хизмат ҳиссини кучайтириш. Баҳраманд гумроҳлардан бири тез-тез айтадиган сўзлар ҳеч эсимдан чиқмайди ва ҳамон ғашлигимни йўқотмайди.

Ўрис сахийиди, — деган эди у (исмини айтгим келмади) оғзидан тупик сачратиб. — Ҳамма нарсани тўкиб ташловди: арзон гўшту колбасалар, балиқ консервалари...

— Улар одамларни ароққа, ҳаромдан қўрқмасликка, ҳаёсизликка ўргатди, — деб унга қарши чиқардим. — Ялқовлик ҳам ўшалардан мерос қолган...

— Э, бўлмаган гап! — сўзимни кесиб, қўл силтарди у.

— Ўша даврингиз... ўттиз учинчи йиллар қаҳатчилигими, уруш пайтларидаги очарчиликларми, эллигинчи йиллардаги етишмовчиликларми, чақимчиликлару рост гап айтиб, қамалишларми? — десам индамай қоларди.

— Ношукр бўлманг, — деб мен яна эслатишга уринардим. — Сизни илк кўрган вақтимизда ҳеч вақонгиз йўғида...

— Ҳа, шундай бўлиб қолувди.

— Энди бойваччасиз: данғиллама ҳовлиларга, бир неча машиналарга, кичик дўконларга эгасиз, еганингиз олдингизда, емаганингиз орқангизда...

— Мен бунга ўзимнинг меҳнатим билан эришдим.

Бош силкиб маъқулладим. Унинг оғир меҳнатдан қочмаслигию ҳаракатсиз туролмаслигини доим эътироф этардим. Дарвоқе, шу хусусияти унинг ҳаётини тубдан ўзгартирди. Зеро, ўринли ҳаракат — мақсадга эришиш, яшариш демак!

— Мустақиллик тадбиркорга кенг йўл очди. Тўкин-сочинлик бундан ортиқ бўлмайди, — дедим.

Ҳуррият ва эрк одамлар имкониятини ғоятда кенгайтириб юборди: янги-янги касблар, ҳунарлар юзага қалқиб чиқди. Кимки жиддий ҳаракати туфайли ўзи сезмаган имконларини ишга солган бўлса, мислсиз ютуқларга эришди, Ватан қиёфасини безашга ҳам ҳисса қўшди. “Олма пиш, оғзимга туш” дегувчи ял­қовлар эса хорлик-зорлик кўрпасига чўзилганча “мудроққа” кетдилар. Нима қилишини билолмай, довдираб юрганлар ҳам йўқ эмас...

— Омин! ­­­­­­­— деган жарангдор овоздан хаёлим бўлинди-ю, фотиҳага қўл очган кафтларим янада баландлашди. — Жаннатмакон юртимиз қиёфаси бундан ҳам кўркам-салобатли, одамларимиз бундан ҳам бой-бадавлат, сахий бўлсин! Ёмон кўзлардан, бало-қазою офатлардан, ҳар хил фитналардан, меҳр-оқибатсизликдан Оллоҳнинг ўзи асрасин!..

Тарқалиш чоғида ташкилотчи-кузатувчилардан бирининг қўлидан тутиб:

— Кечирасиз, бир нима сўрасам, майлими? — дея унинг кўзларига тикилдим.

— Марҳамат, марҳамат! — у ўнг кафтини юраги устига қўйиб, таъзим қилди.

— Ҳу нарида, “Хўжакент” маркети ёнида тошлардан тикланган, ғаройиб бир “Сазанчик” чойхонасими, емакхонасими бор.

— Ҳа, ҳа, бор.

— Бошқа ном тополмадингизларми? Уларни такрорлаб...

У кулиб юборди ва дарҳол жавоб қайтарди:

— Уям бизларники! Тўрт йил аввал очилган. Буниси — “Сазанчик — 2”.

— Нега энди “Сазанчик?” ­­— сўрадим мен.

— Зоғора балиқ­-да, ­­— деб қўйди Абдумалик ўзича.

— Биласиз, сазан... — у Абдумаликка бир қараб олиб, жилмайди, — ҳа, уни зоғора балиқ ҳам дейдилар, аммо сазан дейишга ўрганиб қолганмиз. Ўзи бу ғоят мазали балиқ-да. Аму дарёники янада мазали. Биз улуғ дарёмиз луқмаи ҳалолидан таомлар тайёрлашни мақсад қилганмиз. Э, балиқ яхши-да!

— Фақат балиқдан таом тайёрлайсизларми?..

Барибир емакхонанинг номи кўзга қадалган хасга ўхшайди-ёв.

Ўттиз йилча аввал шу мавзуда менинг “Келажак араваси” деган мақолам адабиёт газетасида чоп этилган эди. Кузатувларим бўйича ўша йилларда иш майдонларида, шифохоналарда, кундузги сиҳатгоҳларда ўзбеклар кўплигини, дам олиш ва истироҳат боғларида, санаторийларда, спорт мусобақаларида, ҳордиққа кетаётган йўловчилар орасида асосан, европаликлар кўплигини афсусланиб ёзган, халқимизни улардан ўрнак олишга чорлаган эдим...

Мустақиллик туфайли орзуларимиз рўёбга чиқди. Спорт соҳасида бутун дунёни лол қолдираётганимизни ҳамма билади. Дам олиш-чи? Бу борада биргина эски Хўжакент қўрғонини эслашнинг ўзи кифоя. Вайрона қишлоқ қисқа муддат ичида жажжи шаҳар тусини олди. Эндиликда поездларни, турна қатор автоуловларни тўлдириб, бу ёққа дам олувчилар танда қўяди. Улар жуда кўп ва кечаю кундуз дарёдай оқиб келадилар. Сафларига қараб, кўнгил чоғланади. Беихтиёр бор экансан-ку, ўзбегим, қорақалпоғим, тожигу қозоғим... деб юборасан. Дам олишда европаликлардан ҳам ўзиб кетдиг-ов, деб юбораман баъзан. Улар орасида мулойим кампиршолар, қувноқ чоллар, ота­-оналари паноҳидаги катта-кичик болалар борлиги кишини янада қувонтиради. Чеҳраларига қаранг: сўлғин, ҳорғин эмас, ғайрат, шиддат, ишонч балқиб туради. Қизиғи шундаки, меҳмонларнинг асосий қисми ўз хусусий машиналарида сайрга чиққанлар.

Яна мустақилликнинг дастлабки йиллари ёдимга тушади. Биз яшайдиган қирқ хонадонли, нисбатан таниқли одамлар тўпланган, марказроқдаги “дом”да иккита, рўпарамиздаги шунақа уйда битта, кейинроқ кўчганимиз Юнусободдаги олтмиш тўрт хонадонли уйимизда тўрттача енгил машина бор эди. Ҳозирги кунларда автоуловларни қўйишга жой тополмайсиз. Баъзи хонадонларда икки-учталаб енгил машиналар йўлакларда ялтираб туради. У дамларда қўшниларимиз сайр­га чиқишни, сув бўйларида, тоғларда дам олишни хаёлларига ҳам келтирмас эди. Энди эса автоуловлару ҳордиқчилар “дастидан” эски Хўжакентнинг катта йўлларини кесиб ўтишга ғоят қийналасиз...

Чорак аср ичида Ватан қиёфасида юз берган бундай ўзгаришларни санаб, адоғига етолмайман. Улар жуда беҳисоб.

Қиёфанг яна гўзаллашаверсин, жондай азиз, қиёси йўқ жонажон юртим!

 

3 август, 2016 йил.