“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

ҲАЁТНИНГ ЁЗУВЧИЛИК ФАЛСАФАСИ Эссе

Жек ЛОНДОН,

Америка адиби

Умрининг сўнгига қадар енгил-елпи ёзилган битикларни етказиб беришни ўзига касб қилиб олган адабий “косиб” яхшиси, ушбу мақолани ўқимай қўя қолсин: вақтини беҳуда сарфлаб, кайфиятини бузгани қолади, холос. Мақола қўлёзмани қандай жойлаштириш, материални қандай ишлаш ҳақидаги маслаҳатлар, муҳаррир қалами “инжиқликлари” таҳлили ҳамда равишу сифатларнинг азалдан қолган макру ҳийлалари борасидаги “танбеҳлари”дан холи. Тузалмас чобукқаламлар, мақола сизлар учун ёзилмаган! Мақола юксак мақсадлари бўлган (майли, ҳозирча у ўртамиёна маҳсулот етказиб бериб турган бўлсин), чинакам санъатга интилаётган ҳамда қишлоқ хўжалиги газеталари ёки “оилавий” журналларга ортиқ қатнамайдиган замонлар келишини орзулаётган ёзувчига бағишланган.

Қадрдон жаноб ёки хоним, сиз танлаган соҳада қандай қилиб машҳурликка эришиш мумкин? Даҳолик биланми? Э, йўқ, сиз даҳо эмассиз-ку. Башарти даҳо бўлганингизда, ушбу сатрларни ўқиб ўтирмаган бўлардингиз. Даҳо барча кишанлару бидъатларни бир четга суриб қўяди, уни на жиловлаб, на бўйсундириб бўлади. Даҳо, raraavis1 , сизу бизга ўхшаб, қачон қарама, ялло қилиб юрмайди. Лекин бу ҳолатда сиз иқтидорлимисиз? Ҳа, албатта, ҳамма гап яширин имкониятда. Йўргакда ётган Ҳеркулеснинг мушаклари нимжон эди. Сизнинг ҳолатингизда ҳам худди шу: иқтидорингиз тўла-тўкис шаклланмаган. Агар у етарлича озуқа олиб, тарбияланланганда, ушбу мақолани ўқиб, вақтингизни зое кетказмасдингиз. Магарки, иқтидорингиз камолотга етганлигига ишончингиз комил бўлса, тўхтанг, ортиқ буларни ўқиманг! Бироқ камолот поғонасига етмаган деб ҳисобласангиз, у ҳолда сизнинг фикрингизча, қай тарзда у камолот чўққисини забт эта олади?

Айрича, деб жавоб берасиз ўйлаб ўтирмасдан, сўнг қўшиб ҳам қўясиз: ўзига хосликни мунтазам ривожлантирган ҳолда. Жуда соз. Аммо гап бунда эмас – буни, ҳатто ёш бола ҳам билади – ҳамма гап қандай қилиб айрича бўлишда. Қандай қилиб ўқувчида асарларингизга иштиёқмандлик уйғотиш, ноширларни эса ёзганларингизнинг пайига тушириш мумкин? Кимнингдир изидан бориб, ўзга оригиналликнинг нурларини таратиб оригинал бўлиш мумкин эмас. Ахир Вальтер Скотт ва Диккенс, Эдгар По ва Лонгфелло, Жорж Элиот ва Хэмфри Уорд хоним, Стивенсон ва Киплинг, Энтони Хоуп, Мэри Корелли, Стивен Крейн ва бошқа кўплаб ёзувчилар учун – рўйхатни тўхтовсиз давом эттириш мумкин – кимдир йўл кўрсатиб турмаган. Ҳозиргача ноширлар ва ўқувчилар уларнинг китобларини айюҳаннос солиб талаб қилиб ётишибди. Улар оригиналликка эришиб бўлганлар. Қандай дейсизми? Енгил эсган эпкинга ҳам ғириллаб айланадиган флюгерга2  ўхшамаганликлари туфайли улар шу даражага эришганлар. Улар ҳам алал-оқибат омадсизлар қаторида эътироф этила бошлашган. Аммо уларни омадсизлардан бир жиҳат ажратиб турган: улар ўзгалар қўлидан ўтган материаллардан воз кечиб, асл манбага мурожаат этишган. Улар ўзгалар хулосасига, ўзга ишонч­ли фикрларга ҳам шубҳа билан қарашган. Ишга улар муаллифлик ҳуқуқидан кўра муҳимроқ бўлмиш ўз тийнатларини муҳрлашган. Дунё ва унинг анъаналаридан (бошқача айтганда – башарият маданияти ва билимидан) шахсий ҳаёт фалсафаси учун зарур материал яратиш, илк манба сифатида фойдаланишган.

“Ҳаёт фалсафаси” жумласига келадиган бўлсак, у аниқ бир қолипга сиғмайди. Аввало, ҳаёт фалсафаси алоҳида масалаларни ҳал этмайди. У нуқул ўтган ва келажак қалб жафолари, жинслар учун турли ёки умумий аҳлоқ кодекси, аёлларнинг иқтисодий эркинлиги, эгалланган хусусиятларни мерос қилиб олиш имконияти, спиртли ичимликларга бўлган муносабат ва ҳ.к. ва ҳ.к. масалаларга диққат қаратиб ўтирмайди. Лекин шундай эса-да, у шу масалалар, қолаверса, ҳаёт йўлида шубҳасиз, учрайдиган жарлигу ғовларни ҳам четлаб ўтмайди – бу реал ҳаётдан узоқ, мавҳум эмас, ҳар кунги ҳаёт фалсафасидир.

Бундай фалсафа ҳар бир муваффаққиятга эришган ёзувчида бўлган. Ўша ёзувчида воқеа-ҳодисаларга ўзининг холис нуқтаи назари, мезони мавжуд. Бу фалсафага таянган ҳолда у характерлар яратади ва у ёки бу даражада умумий хулосалар чиқаради. Бу фалсафа шарофати ила унинг асарлари ҳаққоний, жарангдор чиқади, одамлар эшитишни истаган янги яратиқларни кашф этади. Бу унинг асл, чийланмаган, аллақачонлар бошидан кечирган ҳақиқатидир.

Хато қилишдан қўрқманг. Бундай фалсафага эга бўлиш ўзингни бутунлай дидактикага бўйсундириш дегани эмас. Ҳар қандай баҳона сабаб ўз нуқтаи назарини билдириш панд-насиҳат романлари билан оммани ранжитишга важ-карсон бўлолмайди, гарчи буни тақиқлаб бўлмаса-да. Қайд этиб ўтиш керакки, бу ёзувчилик фалсафаси камдан-кам ҳолларда ўқувчини бирон масалани у ёки бу томондан ҳал этишга оғдириш истагида пайдо бўлади. Баъзи бир йирик ёзувчиларгина очиқчасига дидактик ёзишган, айни вақтда баъзилар, масалан, дангал ва нафосатли ёзган Роберт Луис Стивенсон, ўзини бутунлай ижодда намоён этаркан, панд-насиҳатга шама қилишдан қочган. Кўпчилик ўзининг фалсафасидан махфий қурол сифатида фойдаланган. Унинг ёрдамида барчасини ўзига сингдирган тугал асарда ўша фалсафа ташқарига чиқиб кетмаслиги учун ҳам фикр, ҳам сюжет, ҳам характерни ифодалашган.

Бундай ишчи фалсафа ёзувчига ёзганларини нафақат ўзига сингдиришига имконият беришини, балки унинг кўмагида асарлари кўриб чиқилиб, баҳоланганлигини, ёзувчининг “мен”и орқали сингдирилганлигини англаш зарур. Юқорида айтилган гаплар буюк закийлар, машҳур учлик – Шекспир, Гёте, Бальзаклар мисолида ёрқин намоён бўлади. Уларнинг ҳар бири шу даражада мустақилки, ҳатто учаласини таққослаб ҳам бўлмайди. Ҳар бири ўз омборхонасидан, ўз фалсафасидан фойдаланган. Шунга мувофиқ, ўзларининг олий мақсадлари билан асарлар яратишган. Ёшликларида, балки бошқа болалардан ажралиб туришмагандир, шунга қарамасдан, тенгдошлари ўзлаштиролмаганларни ўзлаштириб олганлар. Айнан дунёга айтиш керак бўлган нарсани ўзлаштиришган.

Хўш, сиз-чи, ёш ёзувчи, айтишга бирон гапингиз борми? Агар бўлса, гапиришга ёки ёзишга нима ҳалал беряпти? Башарти, инсонлар тинглашни истаган ғояларни ривожлантира оларкансиз, уларни қандай ўйласангиз, шундай ифода этинг. Агар сиз тоза ва равшан фикрласангиз, ёзган асарингиз-да бебаҳо бўлур. Бинобарин, баёнингиз қизиқарсиз бўлса, демак, фикрингиз қизиқарли эмас, агар баёнингиз чегараланса, демак, ўзингиз чегаралангансиз. Агар ғояларингиз аралаш-қуралаш бўлса, баёнингиз қаёқдан ҳам равшан бўлсин? Агар билимларингиз тақчил, бетартиб бўлса, баёнингиз эркин ва мантиқий бўла оладими? Пишиқ-пухта асоссиз, ишчи-фалсафасиз хаосдан тартиб ясаб бўладими? Тўғри англаб, келажакни кўра билиш мумкинми? Сизнинг заррадек билимларингизни ўлчаб, қийматини аниқлаб бўладими? Бусиз, яъни шахсий фалсафасиз ўзлигингизча қола оласизми? Ҳаёт ташвишлари билан елиб-югуравериб тинка-мадори қуриган одамларга недир бир кўнгил таскини беролдингизми?

Бундай фалсафани ягона йўл билан – билимлар хазинасидан, жаҳон маданиятидан олинган материалларни шакллантириш, изланиш йўли билан ишлаб чиқиш мумкин. Қозон тагида биқирлаб қайнаётган куч-қувватни билмай туриб, буғ пуфакчалари ҳақида нимани биласиз ўзи? Мусаввир тарих ва мифологияни тасаввур этмай, яратаётган сиймосининг ишонч-эътиқодини, орзу-хаёлларини, ҳис-туйғуларини, меҳр-муҳаббатини, умидларини, қўрқинчларини тушунмай-англамай туриб, “EcceHomo”ни3  чиза олармиди?! Бастакор қадим герман эпосини билмай туриб, “Валькирия парвози”ни4  ярата оладими? Сиз онгли равишда ҳаётнинг юзига тик қарашни ўрганишингиз керак. У ёки бу ҳаракатнинг табиати ва фурсатини билиш учун Жон Браунни5  дорга, Исо Масиҳни Голгўтага6  бошлаб борган буюк ғояларни уйғотувчи, шахс ва оммани ҳаракатга келтирувчи сабаб-боисларни анг­лаш лозим. Ёзувчи дегани ҳаёт суръати билан тенгма-тенг юриши керак, ана шунда ҳаётнинг ўзи унга ишчи, қайсики, ёзувчи унинг ёрдамида дунёга ҳаётни баҳолаб, тарози палласига қўйиб, таққослаб, тушунтириб берадиган фалсафани ҳадя этади.

Тарих, биология, эволюция таълимоти, этика ва фаннинг бошқа минг бир соҳасидан нималарни биласиз? “Лекин, – дея эътироз билдирасиз, – буларнинг барчаси менга роман ёки достон ёзишимга қай йўсинда ёрдам бериши мумкин?” Барибир бу сизга ёрдам беради. Тўғридан-тўғри эмас, билвосита таъсир кўрсатади. Билимлар дунёқарашингизни оширади, савиянгизни кўтаради, фаолиятингиз доирасини кенгайтиради. Улар сизда оригинал фикрлар уйғотадиган фалсафа билан қуроллантиради.

“Бироқ бу улкан вазифа, – деб эътироз билдирасиз. – Бунга вақтим йўқ”. Бироқ бош­қаларни унинг улканлиги чўчитмади-ку. Ихтиёрингизда ҳали қанча йиллар бор. Тўғри, ҳамма нарсани билавермайсиз, лекин қанча кўп билим олсангиз, шунга яраша ёзувчилик маҳоратингиз ҳам ошиб бораверади, яқинларингизга бўлган таъсирингиз ҳам ошади. Вақт! Вақт етишмаслиги ҳақида гап кетганда, уни тўғри сарфлай олмасликни назарда тутишади. Мутолаа қилишни ўргандингизми? Ҳикоя ёзиш санъатини ўрганаман ёки танқидчилик иқтидоримни чиниқтираман, деб йил давомида нечта саёз ҳикоя ва романларни ютоқиб ўқийсиз? Бошидан охиригача қанча журналларни ўқидингиз? Эсиз, сизнинг шунча қимматли вақтингиз, сиз уни бекорга ҳавога совуряпсиз, ахир уни ортга қайтариб бўлмайди-ку! Мутолаа учун синчиклаб материал танлашни, асосий мағзини “юлиб олиб”, кўз югуртириб ўқишни ўрганинг. Сиз эълонларга қўшиб ҳар кунги газеталарни ипидан игнасигача ўқиб чиқадиган кексаларнинг сиқиб суви ичилган ақл-идроки устидан куласиз. Аммо ўзингизнинг бир дунё беҳуда уринишларингиз замонавий адабиётнинг серсув оқимига қарама-қарши турган ҳолда ночор бўлиб қолмаяптимикин? Лекин барибир мана шу оқимдан ўзингизни олиб қочмайсиз. Энг яхшисини, энг сарасини ўқинг. Бошлаб қўйган ҳикоянгизни ўқимай, чала ташлаб қўйишдан чўчиманг. Ёдингизда тутинг, аввало, сиз ёзувчисиз. Доимо ёдингизда бўлсинки, ўзгалар ижодини ўқиш билан сиз уларни чийлайсиз, холос, ўзингиз эса ҳеч вақо ҳақида ёзолмайсиз. Вақт! Агар вақт тополмасангиз, инонинг­ки, олам-жаҳон ҳам сизни тинглашга вақт тополмайди.

Рус тилидан  С.Саиджалол таржимаси.