“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

ЎЗБЕКИСТОН – КИТОБХОНЛАР ЮРТИ! халқимиз азалдан китобхон бўлган, ҳозир ҳам китобсевардир

Акмал Саидов,

юридик фанлар доктори, профессор

Ватанимизнинг кўп асрлик шонли тарихида демократик ҳуқуқий давлат ва очиқ фуқаролик жамияти барпо этиш йўлини очиб берган буюк тарихий воқеа – Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 25 йиллиги тантаналарига саноқли кунлар қолди. Бу қутлуғ тарихий сана арафасида ҳар қайсимиз мамлакатимиз ва халқимиз чорак асрлик тарихан қисқа даврда босиб ўтган машаққатли ва мураккаб, шу билан бирга, шарафли ва шонли йўлни, ҳаётимизнинг барча соҳаларида амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар самараларини атрофлича таҳлил қилиб, қўлга киритган улкан марра ва ютуқларимизни сарҳисоб қилишимиз табиийдир.

Шундай кезларда, авваламбор, хаёлимиздан Истиқлол бизга нима берди?” деган савол кечиши тайин. Бу саволга мухтасар жавоб қайтарадиган бўлсак, мустақиллик ҳаётимизнинг маъно-мазмунини тубдан ўзгартириб, халқимизни қарамлик кишанларидан озод қилди. Мустақиллик, шунингдек, топталган миллий қадриятларимиз ва анъаналаримиз, дину диёнатимиз, ору номусимизни тиклади, ўзлигимизни англаш, фаровон ҳаёт ва ёруғ келажагимизни ўз қўлимиз билан қуриш йўлида беқиёс имкониятлар эшигини кенг очиб берди.

Чиндан ҳам, мустақиллик туфайли кўп минг йиллик асл илдизларимизга қайтиб, миллий давлатчилигимизни, миллий ўзлигимиз ва маънавиятимизни, инсоний ҳақ-ҳуқуқ ва қадр-қимматимизни тиклашдек ҳуқуқий имконларга эга бўлдик. Шу билан бирга, истиқлол бизни – ўз тақдиримизни ўзимиз белгилаш ҳуқуқига эга бўлган ҳолда – авлодларга ибрат ва намуна бўладиган буюк ишларни амалга оширишга, хусусан, демократик конституциявий давлат ва адолатли фуқаролик жамияти барпо этишдек улуғвор мақсадимизни рўёбга чиқаришга илҳомлантирди.

Ўз навбатида, юқоридаги саволга торроқ кўламда, айтайлик, мазкур мақоламизнинг сарлавҳаси доирасида жавоб бериш ҳам мумкин. Яъни, истиқлол бизга китобхон халқ деган азалий юксак мавқеимизни нафақат қайтариб берди, айни чоғда, бу борадаги интеллектуал салоҳиятимиз ва имкониятларимизни тубдан оширишнинг асосий омили бўлиб ҳам келмоқда.

 

«Китоб (битиг) барча бун­ёдкорлик, яратувчилик ва ақл-идрокнинг, илму донишнинг асосидир, ҳаётни яратувчи мураббийдир».

Соҳибқирон Амир Темур

Агар 1991 йилга қадар республикамизда атиги тўққизта нашриёт фаолият кўрсатган бўлса, орадан қарийб чорак аср ўтиб, улар сони юздан ошди. Мустақилликкача бўлган даврда 149 та матбаа корхонаси мавжуд бўлса, ҳозирги кунда бундай корхоналар ўн баробардан зиёд кўпайиб, 1 минг 746 тага етди.

Бу, ўз навбатида, халқимиз, айниқса, навқирон авлодимиз эҳтиёжлари учун жуда кўплаб ва ранг-баранг асарлар – йилига 7 та тилда 45 миллион нусхадан ортиқ китоб чоп этиш имконини бераётир. Мисол учун, биргина 2015 йилда беш мингга яқин номда 50 миллион нусхада адабиётлар чоп этилган.

Энг муҳими, юртимизда ноширлик ва матбаа ишларини ривожлантиришга, матбаа корхоналарини модернизациялаш, техник ва технологик янгилашга қаратилаётган алоҳида эътибор самарасида китоб маҳсулотларини чоп этиш кўлами ва сифати тубдан ошди. Бунинг натижасида бугунги кунда китобхонлар қўлига етиб бораётган китоблар ҳам шакл, ҳам мазмун нуқтаи назаридан давр талабларига, демакки, юртдошларимизнинг замонавий эстетик дидига тўла жавоб беради, дейиш мумкин.

Жумладан, Янги аср авлодинашриёти миллий адабиётимиз нодир намуналаридан 50 та ва жаҳон адабиёти дурдоналаридан 50 та китобни чоп этиш ташаббуси билан чиққани диққатга лойиқдир. Айни пайтда наш­риёт томонидан Камолоткутубхонаси рукнида жами 96 та китоб чоп этилгани бу эзгу ташаббуснинг рўёбга чиқаётганини тасдиқлайди.

Юртимизда китоблар наш­ри билан бир қаторда, уларнинг савдоси ва тарғиботига қаратилган таъсирчан амалий қадамлар ҳам қўйилмоқда. Бу ҳақда сўз борганда, албатта, истиқлол даври архитектурасининг ноёб иншооти – пойтахтимиздаги муҳташам Маърифат маркази ва бу ерда жойлашган Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ҳақида тўхталмаслик мумкин эмас.

Бугунги кунда Миллий кутубхона фондида қарийб 8 миллионта китоб ва бошқа манбалар, жумладан 450 мингтадан ортиқ китобнинг электрон версиялари, элект­рон дарслик ва қўлланмалар мавжуд. Электрон кутубхонанинг маълумотлар базаси ўзбек, рус ва инглиз тилларида яратилган.

Мамлакатимизда “Адабиётга эътибор – маънавиятга, келажакка эътибор” шиори остида ҳар йили республика “Китоб байрами” тадбирларини ўтказиш яхши анъанага айланган. Айтиш жоизки, ушбу маънавий-маърифий тадбир давлатимиз томонидан адабиётни ривожлантиришга қаратилаётган эътибор ва эришилаётган натижаларни кенг жамоатчиликка етказиш, халқимиз, жумладан, ёшларнинг китобхонлик маданиятини юксалтириш, ижодкорлар ва китобхонлар ўртасидаги мулоқотни яхшилаш, китобга бўлган эҳтиёжини тўлиқ қоплашда ўз самараларини бермоқда.

Марказий Осиёда ягона бўлган эксклюзив “KITOB OLAMI” мажмуаси Тошкент шаҳри марказида иш бошлагани ҳам катта аҳамиятга эга бўлди. Ушбу замонавий китоб дўконида мамлакатимиз ва хорижий давлатлар нашриётларида чоп этилган 5 мингдан зиёд турли китоб­лар мавжуд. Бу савдо мажмуаси тармоқлари жорий йилда Қорақалпоғистон ва барча вилоятлар марказларида ҳам очилди.

Яна бир мисол: истиқлолга қадар Ўзбекистонда 395 та оммавий ахборот воситаси мавжуд бўлган бўлса, ўтган даврда уларнинг сони 3,6 карра кўпайиб, ҳозирги вақтда 1 минг 430 тадан ортиқни ташкил этмоқда. Ушбу оммавий ахборот воситалари орасида 690 тадан кўпроғи – газеталар ва 300 тадан зиёди журналлардир.

Бу газета-журналлар адабиёт ва адабий жараёнларни, китоб ва китобхонликни кенг тарғиб этиш, ушбу йўналишда мамлакатимиз ва дунё миқёсида юз бераётган янгиликлардан ҳамюртларимизни мунтазам хабардор қилиб боришда муҳим ўрин тутмоқда. Бу борада 1991 йили мамлакатимизда давлат мустақиллиги эълон қилингач, кенг оммага мўлжалланган “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси, “Шарқ юлдузи”, “Саодат”, “Ёшлик”, “Муштум” каби журналлар фаолиятининг қайта ташкил этилиши ва “Китоб дунёси”, “Ҳуррият”, “Моҳият” шунингдек, “Тафаккур”, “Жаҳон адабиёти”, “Маънавий ҳаёт” сингари янги газета-журналлар чиқа бошлагани каби омиллар ҳисобига ижобий натижаларга эришилмоқда, албатта.

Фурсатдан фойдаланиб, биргина “Китоб дунёси” газетасининг қисқа вақт ичида юртимиз адабий доираларида нечоғлик катта обрў-эътибор қозонганини олиб кўрайлик. Бу даврий нашр аллақачон, бир томондан, ўзбек газетхони астойдил излаб-топиб ўқийдиган оммавий газета мақомига кўтарилган бўлса, иккинчи томондан, адибларимизнинг янги асарлари ва долзарб фикр-мулоҳазалари, дунё адабиётида кечаётган қизиқарли жараёнларни юксак савияда ёритаётган нуфузли минбарга айланиб улгурди.

Бугунги глобаллашув даврида ахборот-коммуникация технологиялари ҳаётимизга шунчалик сингиб кетдики, нафақат кундалик фаолиятимиз, балки ижтимоий-иқтисодий соҳалар ривожини ҳам уларсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Зотан, бундай технологиялар ахборотлашган жамият негизини ташкил этиб, одамларнинг узоғини яқин, оғирини енгил қилмоқда.

Ҳозирги пайтда мамлакатимизда интернетдан фойдаланувчилар сони 12 миллион нафардан ортган. Бу, ҳеч шуб­ҳасиз, халқимизнинг бой тарихи, маданияти, бугунги сермазмун ҳаётини, ислоҳотлар натижасида ўзгариб бораётган турмуш даражасини ёритишга хизмат қилаётган замонавий телекоммуникация тармоғини ривожлантириш бўйича олиб борилаётган кенг кўламли ишларнинг амалий натижаси ҳисобланади.

Ахборот технологияларининг бу қадар жадал тараққий этиши китобхонликка ҳам ўз таъсирини ўтказмоқда. Бугун жаҳондаги кўпгина босма нашрларнинг адади камайиб, уларнинг онлайн версияси кўпроқ ўқилмоқда. Дунёнинг энг бой кутубхоналарида сақланаётган босма манбаларнинг акса­рия­ти электронлаштириб бў­линди. Бу жараёнлар мамлакатимиздаги кутубхонларда ҳам изчил кечмоқда.

Айни чоғда, электрон китоб қурилмалари, яъни “ридер”ларни ишлаб чиқариш кун сайин ўсиши натижасида маҳсулот нархи арзонлашмоқда. Шунингдек, ридерлар имкониятлари ҳам кенгайиб бормоқда. Авваллари бундай қурилмаларда махсус форматдаги китоб­ларнигина ўқиш мумкин эди, эндиликда уларда сурат ва видео томоша қилиш, аудио­материаллар эшитиш функцияси ҳам мавжуд.

Замонавий электрон қу­рилмалар, ҳатто дангасароқ ўқувчилар учун китоб матнини ўзи ўқиб беради. Шу тариқа нархи арзон, фойдаланиш учун қулай, кам жой банд этадиган ва безиён виртуал китобларнинг тобора оммалашиб бораётгани, ўз-ўзидан, “Қоғозда чоп этилган китобларнинг келажаги борми?” деган ҳақли саволни келтириб чиқараётгани ҳам сир эмас.

Шу ўринда истиқлол арафасида ва мустақиллигимизнинг дастлабки даврида айрим юртдошларимизда китобга, китобхонликка қизиқиш бир қадар сусайган вақт­лар бўлганини эслайлик. Ҳозирги пайтда юртимизда китобхонлик, китобсеварлик фазилати яна юксалиб бормоқда. “Китоб жавони – ҳақиқий зиёлининг энг ардоқли давлати” деган анъана қайтадан урф бўл­моқда.

Айтмоқчимизки, Интернет ва бошқа воситалар жадал ривожланаётганига қарамай, инсоннинг онг ва тафаккурини чархлаш, маънавий оламини бойитиш, эзгуликни тарғиб этишда босма китобнинг ўрни бундан кейин ҳам сақланиб қолаверади. Бинобарин, китоб асрлар давомида ахборот сақловчи энг самарали восита вазифасини бажарган. Қолаверса, минг йил олдин Самарқанд қоғозида битилган қўлёзмалар ҳозир ҳам инсониятга маърифат нурини сочмоқда.

Зеро, китоб — қалб чироғи, тафаккур қаноти. Айниқса, босма китобдан таралаётган ва электрон нашрдан топиб бўлмайдиган ўзига хос ёқимли ҳидни туйиб, варақлаш асносида мўъжиз саҳифаларнинг сирли шитирлашидан кўнгил чексиз завққа тўлган ҳолда, китоб мутолаа қилиш, унинг мазмуни ҳақи­да тенгдошлар билан фикрлашишнинг ҳузур-ҳаловати тамоман ўзгачадир.

Буюк шоир ва мутафаккир бобомиз Алишер Навоий ёзганидек, китоб – беминнат устоз, билим ва маънавий юксалишга эришишнинг энг асосий манбаи. Шу маънода, шаклидан қатъи назар, барча китоблар миллий ўзлигимиз ҳамда умуминсоний қадриятларни тарғиб этишга хизмат қилиши айни муддаодир.

Хулоса ўрнида халқимиз орасида китобхонлик ҳамда китобсеварлик анъаналарини янада рағбатлантиришга қаратилган қуйидаги таклифларни билдирмоқчимиз:

Биринчидан, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасидаги “Китоб музейи” негизида бу соҳа тарихий ривожининг барча қирраларини ўзида намоён этадиган “Китоблар тарихи музейи” ташкил этилса янада аҳамиятли бўлар эди.

Иккинчидан, мамлакатимиздаги юздан ортиқ нашриёт ва мингдан зиёд матбаа корхоналари нашр этган янги китоблар рўйхатини, ҳар бир китоб ҳақидаги мухтасар шарҳ билан бирга ҳар ойда эълон қилиб борадиган, “Библиофил” нашрига ўхшаган даврий нашр (ёхуд интернет-нашр) таъсис этиш лозим.

Учинчидан, бевосита китобларни тарғиб қилиш, китобхонлик ва китобсеварликни рағбатлантириш билан шуғулланадиган, масалан, китобхонлар жамиятининг замонавий кўринишидаги алоҳида нодавлат нотижорат ташкилоти тузиш ҳам давр тақозоси, деб ўйлаймиз.

Тўртинчидан, бундан бир неча йил илгари Тошкент шаҳри “Ислом маданияти пойтахти” шарафига сазовор бўлгани каби, аввал ҳам айтганимиздек, “Тошкент — жаҳон китоблар пойтахти” мақомини олиши учун ҳам барча имкониятлар мавжуд. Бунинг учун, аввало, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Маданият ва спорт ишлари, Халқ таълими, Олий ва ўрта махсус таълим вазирликлари, Матбуот ва ахборот агентлиги, «Маҳалла» хайрия жамоат фонди, Республика Хотин-қизлар қўмитаси, «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати, бошқа манфаатдор давлат ташкилотлари ва жамоат бирлашмалари ҳамкорлигида махсус жамоатчилик кенгаши тузилиши, шунингдек, мамлакатимизда китоб тарғиботини кучайтириш бўйича махсус истиқболли дастур ишлаб чиқилиши мақсадга мувофиқ, деган фикрдамиз.

Бешинчидан, “Китоб олами” савдо мажмуаси тармоғининг яхлит тизимидан фойдаланган ҳолда мамлакатимизнинг барча ҳудудларида нашр этилаётган китобларнинг кенг миқёсдаги савдосини йўлга қўйиш даркор. Яъни, дизайни чиройли ва замонавий, мазмуни эса қизиқарли бўлган китоблар эндиликда нафақат пойтахтимизда, балки вилоятлар марказларида ҳам чоп этилмоқда. Демак, ана шу китоблардан Тошкент шаҳридаги ва мамлакатимизнинг бош­қа ҳудудларидаги китобхонлар баб-баравар баҳра олишига амалий кўмаклашиш зарур.

Юртбошимиз таъкидлаганидек, бугунги мураккаб ва таҳликали замонда ёзувчининг башариятни эртанги кунини ўйлаб, одамларни эзгуликка, инсоф-диёнат, меҳр-оқибат ва бағрикенгликка даъват этишга қаратилган ҳароратли сўзи ҳар қачонгидан ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда. Шу маънода, эл-юртимизга азалий хос бўлган одамийлик, инсонни қадрлаш, меҳр-оқибат, бағрикенглик каби олижаноб қадриятлар, инсонпарварлик, халқпарварлик ва ватанпарварлик каби юксак тамойиллар замондошларимиз қўлига етиб бораётган китобларнинг аҳамияти ҳамда қадрини йўқотмайдиган бош мавзулари бўлиб қолаверишига ишончимиз комил. Чунки, “маънавиятни асраш – аввало инсонийликни, инсоннинг ўзи­ни асраш демакдир”.