“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

Адабиёт – ҳаёт дарслиги

1. Сиз учун адабиёт нима?

2. Сиз фаолият юритаётган мактабда адабиёт фанини ўқитиш қандай йўлга қўйилган, ўз педагогик

услубингиз ҳақида тўхталиб ўтсангиз?

3. Бадиий адабиёт, китоб мутолааси ўрнини интернет эгаллаб олмадимикан? Ўқувчини китобга

қайтариш учун айнан сиз қандай йўл тутяпсиз?

4. Доимий ҳамроҳингиз ва ўқувчиларга тавсия қиладиган китобларингиз?

 

Шоҳида УБАЙДУЛЛАЕВА,

Қашқадарё вилояти, Ғузор туманидаги 50-умумтаълиммактабининг олий оифали ўзбек тили ва адабиёти фанлари ўқитувчиси, халқ таълими аълочиси

1. Ҳаётда адабиётни севмаган, адабиётни ардоқламаган инсон бўлмаса керак. Ҳеч бўлмаганда бисотида икки мисра шеър билмаган одам топилишига ишонмайман. Ҳаёт борки, кураш бор. Инсон ўз ғояси йўлида уни амалга оширишда ўз салоҳияти ва билимидан фойдаланади. Табиийки, мақоллар, ўгитлар, панду насиҳатлар ва шеърлар унинг асосий қуроли бўлиб хизмат қилади. Нимагаки, “Адабиёт – ҳаёт дарслиги” деган эди адабиётшунослардан бири. Мен дарс жараёнларида ўқувчиларимда ана шу хислатларни шакллантиришни ва уларда адабиётга бўлган муҳаббатни уйғотишга ҳаракат қиламан. Мактабимизда юқорида келтирилган мисраларни билмаган ўқувчи топилмайди.

2. Мен фаолият юритаётган мактабда она тили ва адабиёт фанини ўқитиш яхши йўлга қўйилганлиги боис, туманда ўтказиладиган кўпгина тадбирлар, кечалар, учрашувлар таянч мактаб сифатида шу ерда амалга оширилади. Туманнинг она тили ва адабиёт фани ўқитувчилари керакли методик ёрдамни шу ердан олишади, тажриба алмашади. Ўз фаолиятимга тўхталадиган бўлсам, ўтиладиган ҳар бир мавзуга алоҳида эътибор қаратаман. Дарс мавзусига оид керакли жиҳозларни, кўргазмаларни, тарқатмали саволларни ўқувчилар билан биргаликда тайёрлаб қўяман. Кўпроқ саҳна дарслари ташкил қиламан. Бу эса ўқувчиларимни фанга бўлган қизиқишини янада орттиради. Айниқса, тезкор саволлар, ўқувчилар фикрини теранлаштиради.

3. Ҳозир техника асри. Демак, ўқувчилар замон билан ҳамнафас бўлиб интернетдан фойдаланади. Бошқа манбалардан топилмаган маълумотлар бевосита интернетдан топилади. Аммо шуни таъкидлаш жоизки, интернет китоб мутолааси ўрнини эгаллай олмайди. Мен дарс берадиган синф ўқувчиларининг барчаси кутубхонага аъзо. Мактаб кутубхонамиз туманимизда кўзга кўринган кутубхоналардан. Ҳар гал дарсга кирганимда шогирдларимга китоб инсоннинг энг яқин дўсти, маслакдоши эканлигини уқтириб бораман. Қолаверса, ўқувчиларимни шахсий кутубхонамга ҳам аъзо қилганман.

Туғилган кунларда, байрамларда ўртоқларига китоб совға қилишни йўлга қўйганман. Шу йўл орқали ҳам ўқувчиларнинг китобга бўлган меҳрини ошириб бораман. Ўзим ҳам ҳар гал китобни варақлаганимда, аввало, ундан ўзимга ёқимли ҳид туяман. Бир муддат ана шу таниш ифор оғушида қоламан-да, бир-бир саҳифалар титаман. Бу эса китобга бўлган муҳаббатимни янада оширади ва мени китобга тобора яқинлаштиради.

4. Назаримда, ҳар бир инсон моддий ва маънавий бойликни уйғун тарзда олиб бориши лозим. Бу эса замон талабидир. Китоб инсонни маънавиятли, баркамол қилиб тарбиялайди. Инсон маънавиятли бўлса, оила маънавиятли бўлади, оила маънавиятли бўлса, маҳалла маънавиятли бўлади, маҳалла маънавиятли бўлса, жамият маънавиятли бўлади. Фуқаролик жамияти барпо этишнинг асосларидан бири ҳам – шу! Бу табиийки, занжирли боғланиш. Шунинг учун ҳам мен ўқувчиларимга ўзлари ёқтирган шоир ва ёзувчиларининг асарларидан ташқари Абдулла Орипов, Одил Ёқубов, Пиримқул Қодиров, Муҳаммад Юсуф, Чингиз Айтматов, Ойбек, Ғафур Ғулом, Ўткир Ҳошимов, Худойберди Тўхтабоев, Шукур Холмирзаев, Шароф Бошбеков ва бошқа жаҳон адабиётидан Эсхил, Софокл, Стендал, Александр Дюма, Шекспир, Тольстой, Достоевский асарларидан баҳраманд бўлишни тавсия этаман.

Бундан ташқари, ҳар бир ота-оналар йиғилишларида ота-оналарга фарзандларининг қўлларида китоб бўлиши учун, аввало, ўзларининг қўлларида китоб бўлишини эслатиб тураман. Шундан бўлса керак, мактабимизда китоб ўқимайдиган ўқувчини кўрмайсиз.

 

Хайринисо ҚОДИРОВА,

Самарқанд вилояти Каттақўрғон шаҳридаги 16-умумий ўрта таълим мактаб ўқитувчиси

1. Инсон камолоти, қалб поклиги бевосита сўз билан боғлиқ. Сўз Яратганнинг каломи. У эса бизга адабиёт орқали сингади. Ахир бутун борлиқ биргина сўздан вужудга келган. Шунинг учун ҳеч иккиланмасдан айтиш мумкинки, сўз – аввал, сўз – охир.

Одам бирор асарни ўқиркансан, бутун вужудинг алланечук ҳаяжонда қолади. Қаҳрамон билан, замон билан ҳамнафас одимлайсан. Ўқиб тугатганингда эса, қушдай енгил тортасан. Фикрлайсан, кимлар биландир тортишасан. Кимгадир раҳмат айтасан. Кимнидир ранжитасан. Буларнинг бари адабиёт туфайли. Буларнинг бари сўзнинг шарофати.

2. Мен ишлаётган мактаб катта қўрғонга ўхшайди – адабий қўрғонга. Бу даргоҳда бизгача ҳам адабий муҳит яхши шакллантирилган. Болалар китоб мутолааси нима эканлигини тушунишади. Шу сабабли уларга дарсликдан ташқари қўрқмасдан турли бадиий китобларни, болалар адабиётига доир асарларни мустақил ўқиш учун топшириқ сифатида бераман. Улар шаҳардаги кутубхонадан истаган пайтда истаган китобларини олиб бемалол ўқиб келишади. Фикрларини қоғозга туширишади. Дарсдан сўнг тўгарак қилиб, муҳокама қиламиз. Кимдир бир асар қаҳрамонини маъқуллайди, кимдир қарши чиқади. Баҳс-мунозара... Бундан ташқари яна бир қанча усуллардан фойдаланиб, ўқувчиларнинг теран ва мустақил фикрли бўлишларида амалий ёрдам кўрсатишга ҳаракат қиламан. Мини кроссвордлар, чиройли нутқлар, хотирани мустаҳкамлаш мақсадида монологлар ёд олдириш ўқувчилар учун ҳам қизиқарли, ҳам катта сабоқ бўлади.

3. Йўқ, мен бундай деб ўйламайман. Чинданам, интернетлар энди чиққан пайтларда ҳамма, катта-ю кичик бир сидра муккасидан кетди. Ўқимишли одам ундан илм излади, бошқаси вақтини зое кетказди, яна бири унинг нима эканлигини ҳам тушунмай ўргимчак тўрида адашиб қолаверди. Бироқ энди орадан бироз вақт барча тушуниб етдики, биз дунёнинг энг ривожланган давлатлари қаторидан ўрин эгалладик ва бизнинг ҳар бир хатти-ҳаракатимиз шунга яраша бўлиши керак. Эътибор беринг, уларга тақлидан эмас, “яраша” яъни бизнинг ҳар бир ҳаракатимиз “ярашиқли” бўлиши лозим. Одам ўзини ўзи тарбияламаса, уни ҳеч қандай инсон, замон ва муҳит тарбиялай олмайди. Шунинг учун ҳар бир киши ўзини ва қалбини ўзини тарбиялаши шарт.

Китоб мутолааси ўрнини ҳеч қачон интернет эгаллай олмайди. Шам ёруғида китоб ўқиган Ҳазрат Навоий мутолаадан олган лаззатни кўз нурини кетказиб, ҳеч қайси замонавий ўқувчи ололмайди.

Лекин яна бир ҳақли гап ҳам бор. Ҳар нарсанинг меъёри бор, деганларидек, илм истайсанми, ўқийсанми, интернетми, китобми, газета-журналми, ўқи! Қўрқма, ўқийвер, илм эгаллашнинг қандай йўлини ўзингга муносиб кўрсанг, шуни бажар. Фақат, соғликни, ҳушёрликни қўлдан бермай илм эгаллаш лозим.

4. Қодирий бобонинг “Ўткан кунлар” ва “Меҳробдан чаён”, Абдулла Қаҳҳор ҳикоялари, Эркин Воҳидов шеърлари менга доимо ҳамроҳ. Болажонларимизга эса, аввало, ўзбек халқ эртакларини, халқ оғзаки ижоди намуналарини ва ана ундан кейин босқичма-босқич ёзувчи-шоирларимизнинг барча асарларини ўқишни тавсия қиламан. Зеро, маънавий пойдевори мустаҳкам, ўз фикри ва ғоясига эга шахс, ҳеч қачон ҳаётда қоқилмайди.