“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

ШЕЪР — КЎНГИЛ МУЛКИ!

 

Абдували Қутбиддин,

Шоир

Мактабимизда деворий газета бўлиб, уни юритишда болаларга бошчилик қилиш учун мени тайинлашганди. Бир куни устозимиз тўсатдан: “Сен адабиёт фанидан яхши ўқийсан, саккизинчи март яқин, шу мавзуда шеър ёзиб кел”, — дедилар. Адабиётдан бошқа фанларларни  яхши ўзлаштиролмасдим.

— Шеър ёзолмайман, — дедим.

— Сенга уч кун муҳлат, — дедилар.

Ҳозирги кунда қандай, менга қоронғи, лекин устозларнинг гапи-гап, гапига кирмасак, танамизга қаттиқ жароҳат етиши тайин эди. Шеър ёзиш дардида дадамнинг  кутубхоналарига  қамалиб олиб Фузулий, Машраб, Навоий, Усмон Носир каби шоирларнинг китобларини ўқиганман. Ниҳоят орадан уч кун ўтиб ёзган шеъримни адабиёт ўқитувчимизга кўрсатдим. Маъқул келибди чоғи деворий газетанинг ҳар сонига шеър ёзиб келишимни тайинладилар. Хуллас, биринчи шеърим  саккизинчи март байрами ҳақида эди. Кимдир илк шеърини ҳаяжон билан эслайди, илк шеъримни ёдга олганимда, ҳеч бир илҳом, ҳис-туйғусиз, қўрқувдан шеър ёзилгани сабаб юрагимга ҳали-ҳалигача  оғриқ киради.

Бир кун мактабга борсам, катта шов-шув, ўқувчилардан “Жиззах ҳақиқати” газетасида шеърим босилганини эшитдим. Устозимнинг шеърларимни таҳририятга берганидан бехабар эдим. Ўша даврда ҳам газетага меҳр бошқача бўлган экан. Ҳамманинг оғзида менман, ўқитувчиларимизнинг мақтовлари, синфдош қизларнинг ҳурмат билан қараганлари хаёлимдан кетмайди. Ҳозир эсласам кулгим келади. Бола табиатан мақтовга ўч бўлади. Фақат мақтов эшитиш учун шеър ёза бошладим. Дарсдан сўнг борадиган жойимиз мактаб кутубхонаси эди. Бир куни қўлимга “Гулистон” журнали тушиб қолди, қарасам журнал саҳифасида беш-олтита шоирларнинг ижод намуналари чоп этилган экан. Ҳавас билан шеърларимни юбордим, лекин босилмади. Ўзимга ишонган, қизиққон пайтларим эди: “Жиззах ҳақиқати” газетасида чиққан шеър ҳамма журналларда ва газеталарда чоп этилиши керак, деб ўйлаб жаҳлим чиққан. Ўша пайтда бош муҳаррир лавозимида Асқад Мухтор ишларди.  Уч йил тўхтовсиз хат юбордим босишмади, охири юбормай қўйдим. Ниҳоят ўнинчи синфда ўқиётганимда шеърларим чоп этилибди. Тўғриси, илк шеъримнинг нашр этилиши мени ҳаяжонга солган. Эсласам, кулгим қистайди, ўша даврларда мендан зўр шоир йўқдай эди. Бугун ўйласам, шеър ёзишимга  устозларимнинг мақтовлари сабабчи бўлган экан.  Шеърият гўзал  аждаҳо, у катта қурбонликни талаб қилади. Астойдил меҳнат қилиш керак. Ҳозиргача биринчи шеъри чиққан йигит-қизларни кўрсам, устозларимнинг айтган мақтовлари ёдимга тушиб,  ҳаяжонланиб кетаман.

Ўқиганим сари дунёқарашим ўсиб борди. Айниқса, Анна Аҳматова, Марина Цветаева, Пушкин  каби рус ижодкорлариниг китобларини ўқиб ҳайратланардим.

Ёзаётганда турли унвонларни кўзламаслик керак, ҳақиқий унвон — бизнинг қўлимизга Ҳақ томонидан бериб қўйилган  қалам ва истеьдод, деб ўйлайман. Шеър бу — кўнгил мулки, шундай экан, баҳосини ҳам кўнгил беради. Муҳими,  ёзишдан, ўқишдан тўхтамаслик.

 

Шоҳсанам НИШОНОВА ёзиб олди.