“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

Хосият Рустамова, “Китоб дунёси” газетаси Бош муҳаррири.

— Барча сафдошларимизни касб байрами билан табриклайман. Албатта, газетачилик, матбуот иши осон эмас. Мен ўз ишини тақдир деб билган ҳамма касбдошларимизнинг ҳамиша юзлари ёруғ бўлсин дейман!

 

                                       * * *

Бир куни руҳим ҳам кўчар танамдан,

Балки қуёш чиқар. Қор ёғар қалин.

Жисмимни яшириб ўтган-кетгандан,

Мени тупроқ билан ўрайди замин.

 

                                       * * *

Қарайман ташқарига деразам ойнасидан,

Кипригимга осилиб ҳалинчак учар жаҳон.

Ё Худо, эрталабдан қандай улгурди экан,

Кир каби булутларни дорга ёйибди осмон.

 

Ҳавонинг бир четидан қушлар ўйнайди тортиб,

Шамол тоғларга чиқиб дўппослайди қорларни.

Бир қушча ҳам бўлолмай мен ўзимни йўқотиб,

Қолиб кетяпман ҳануз ортида деворларнинг.

 

                       * * *

Ёзмаган кунларим тушар изимдан,

Мени исканжага олади шеърлар.

Сермаҳсул қабристон каби ортимда –

Дўппайиб турибди қанча қабрлар.

 

                       * * *

Ёз куйдириб юборди жонни,

Уйдан чиқма, олади иссиқ.

Тутиб кетди ҳамма томонни –

Юрагимнинг куйинди иси.

 

                       * * *

Кунлар узоқ менга

Узоқ йўл тун ҳам,

Мен жуда йироқман –

Қуёш ва ойдан.

 

Эслаб қололмайсиз

Айтганим билан –

Фақат муҳаббат бор

Мен турган жойда.

 

                       * * *

Сен кетгандай...

Бехосдан

Хувиллаб қолди хонам,

Ҳозир бошқача эди...

Бирдан ўзгарди аҳвол.

 

Сен ахир ўзинг менга

Яқинсан ўзимдан ҳам –

Бармоқларимни сиқиб

Турган узугим билан.

 

                       ҲАЁТ

                       1

Бир куни —

Мен кўкка учаман

Тайин —      

Юлдузлар қимтиниб                  

Очади қучоқ.

Кел, Сенга бор гапни

Ўзим айтайин —      

Кўзингга термулиб

Турайин узоқ.

Йўқ жойдан хазонни      

Айладинг бунёд,         

Турасан шохларга      

Кўзингни тикиб,        

Зериксанг —

Юз буриб кетасан, Ҳаёт —

Ўлим қайга борар       

Мендан зерикиб?!

    

                       2

Не маъно бор сўнгги йиғида,

Не қайғулар бахш этар даврон. 

Кел, кўзимнинг очиқлигида —

Сенга тўйиб олайин осмон.        

Қушлар шошиб бошимдан учди,

Эргаштириб олганча тунни.

Ўтган умрим эсимга тушди —

Эслатмагин қолган умримни.

 

                                       * * *

Бир ҳамла қилсам бас —

Оламан кўкни,

Ҳали қувватимни Худо олмаган.

Ернинг остида ҳам бирор жой йўқки,

Менинг илдизларим кириб бормаган.

 

                                       * * *

Айтсам ишонмайсан — борман ҳали ҳам,

Елкамга юкланган тўрт фасл, тўрт қиш.

Ўзи бўладими, қирқ йил наридан —

Энг оғир юракни кўтариб келиш.

Чарчадим. Оғриқлар кўксимга ботди,

Бу ҳолда дунёдан ўтаман қандай?

Юрагим тўхтади бир зум — Ҳаётнинг

Қўрқинчли жойига етиб келгандай.

 

                                       * * *

Бўлди. Етар. Энди мени тупроқлик қил,

Ўз уйимга бир ўзимни кўрмоқлик қил.

Ё Раббимо, қўрқоқлик қилди, демагин —

У ён отма, бу ён отма, бир ёқлик қил!

 

                                       * * *

Тўғри келиб қолса узоқ яшашга —

Ва Яратган ўзи қўшиб берса кун.

Йиғлайман. Умримни солиб қуёшга —

Сенинг умрингдан бўлмасин узун.