“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

“ЮРТ ТАҚДИРИ УЧУН ҚАЙҒУРГАН ИЖОДКОР ҲАҚИҚИЙ ЁЗУВЧИДИР”!

Карлос Фуентес “Ниқобланган кунлар”, “Мусаффолик чегараси”, “Аура”, “Артемио Круснинг ўлими”, “Гидранинг боши”, “Олисдаги оила”, “Жаннатдаги Одам” сингари романлари билан жаҳонга танилган машҳур мексикалик ёзувчилардан бири. Адибнинг асарларида жамиятда содир бўлаётган сиёсий-ижтимоий жараён муҳим ўрин тутади. Адабий танқидчилар томонидан ёзувчи, дипломат ва адабиётшунос олим сифатида алоҳида эътироф этиладиган Карлос Фуентес билан мазкур суҳбат Калифорниянинг Лос-Анжелес шаҳрида бўлиб ўтган ижодкорлар учрашувидан ёзиб олинган.

 

Карлос Фуентес,

Мексика адиби

 

— Муҳтарам Фуентес жаноблари, барчамизга маълумки, сиз асримизнинг энг иқтидорли ва номдор ёзувчилари сафида турасиз. Ҳар бир ижодкорнинг ўз умр йўли, унинг илк кечинма ва таассуротлари болалигидан бошланади. Дипломат отанинг ўғли сифатида сиёсий муҳитда улғайдингиз. Болалигингиз хусусида гапириб берсангиз...

— Болалик ҳақида сўзлаганда қайта болага айлангинг келиб қолади... Бу давр ўзига хос оҳанг­ларию жаранглари билан ижодкор қалбни ҳамиша ўзига тортавераркан. Чинданам мен машҳур дипломатнинг фарзанди сифатида сиёсий жараёнда камол топдим. Ишонасизми, давлат арбобининг зурриёди бўлиш бу жуда катта машаққат! Бир мактабдан иккинчи мактабга қатнашга, тинимсиз ўқиб, ўрганишга (ҳатто бу ўзингиз истамаган фанлар бўлса ҳам!) мажбур бўларкансан! Шу туфайли, мен ҳам испанчадан инглизчага, инглизчадан португалчага, кейин яна инглизчага қайта-қайта мурожаат қилавериб, хуноб бўлардим. Аммо бу шарт эди! Отам жуда қаттиққўл ва илмпарвар одам эди. Болалигимда унинг бу одатларидан ранжирдим. Ҳозир эса аксинча, беҳад миннатдор ва қарздорман.

— Карлос Фуентес қандай бола бўлган?

— О, мен роса китобхўр бола эдим! (кулади). Баъзан катталар ўқиганда тиши ўтмайдиган асарларни қизиқиб ўқирдим. Бунга ёлғизлигим ҳам сабаб бўлган. Отамнинг иши туфайли мен тез-тез мактабларимни ўзгартириб турардим. Табиийки, дўстларим ҳам янгиланиб борарди. Янгилари билан эса тил топишиш осон эмасди. Шу боис камина ўзи учун янги дунёни китоблар оламида яратганди.

— Болаликда туйғуларингизни илк маротаба жунбишга келтирган асар...

— Эҳ-ҳе, улар росаям кў-ўп. Ҳозир қай бирини айтишни ҳам билмайман ҳозир. Хабарингиз бўлса керак, мен икки маданиятга тааллуқли одамман. Болалигимда ўқиган китобларимнинг бари Англо-Саксон ва Лотин Америкаси оламига тегишли эди. Болалигимда мутолаа қилган асарларим Қўшма Штатларда ўқилмасди. Мисол учун, италиялик ёзувчи Эмилио Салгарининг ҳикоялари, француз эртаклари АҚШда у қадар машҳур бўлмаган. Шунингдек, “Нэнсининг хаёллари”, “Диксидаги болалар” каби асарлар, афсуски, америкалик китобхонларга таниш эмасди. Ҳозир ҳам Жюль Верн, Александр Дюма, Роберт Льюис Стивенсон романларини варақласам, олис болаликдаги ҳайратим ёдга тушади.

— Ҳар битта китобсевар боланинг хаёлий қаҳрамонлари бўлади. Болаларча ўша қаҳрамонга ўхшашга интилади, ҳаракатлар қилади, орзуларга берилади. Сизда ҳам шунақа ҳолат ва истаклар кечганми?

— Франклин Рузвелт менинг қаҳрамоним эди. У сиёсий шахс эди, лекин болалигимдан мен мана шу раҳбарнинг мафтунига айлангандим. У кучли демократик ғоялари билан қийин вазиятда одамларни бирдамликка чорлади. У: “Ҳар қандай муаммони якдиллик билан ҳал этайлик”, деб халқларни жипслаштиришга муваффақ бўлди. Мана шу ҳолатлар мен учун дастлабки сабоқ эди.

— Инсон камолотида йўл кўрсатувчи мураббийнинг таъсири беқиёс. Муҳтарам Фуентес жаноблари, сизнинг шундай устозингиз бўлганми?

— Отам энг улуғ мураббийим эди. У менга кўп сабоқ берди. Барчаси ҳаётий, фалсафий ва тарбиявий аҳамиятга эга эди. Отамнинг тақдиримга бефарқ бўлмагани ҳақида ўйласам, 21 ёшида Мехикода вафот этган Карлос акам эсимга тушади. У ғоят гўзал шеърлар ёзарди. Қисқа умр туфайли акамда юзага чиқишга улгурмаган истеъдодни отам менда сайқалланишини истарди. Буни ич-ичимдан сезардим. Эҳтимол, шунинг учун у бир дунё китобларни қўлимга тутқазгандир? Бола юрагимда адабиётга, ижодга ҳавасни отам оловлантиргандир, эҳтимол?

— Мактабни битиргач, негадир ҳуқуқ соҳасини танлаб, шу йўналишдаги олийгоҳга кирдингиз. Ҳолбуки, сиз ўқувчилик пайтингиздаёқ анчагина ҳайратланарли асарлар билан китобхонлар эътиборига тушгандингиз...

— Мен ич-ичимдан бир умр ёзувчи бўлишни истадим ва ўз қалбимда доимо қаламига содиқ ижодкор каби яшадим. Дастлабки ҳикоялар тўпламимни ўн бир ёшимда Чилида нашр эттирганман, шундан сўнг олий мактаблардаги турли хил танлов ва тадбирларда ғалабаларга эришиб, номим чиқа бошлади. Менга: “Энди ҳуқуқ олийгоҳига ўқишга киришинг керак” дейишганида, ўзим ҳам аввалига қаттиқ ажабландим. “Нега? Ахир мен ёзувчи бўлмоқчиман-ку! Ҳуқуқшуносликни танлашни истамайман”, дея қатъий қаршилик кўрсатгандим. Лекин Мехикода ўша даврдаги вазият шуни талаб этарди. Башарти ёзувчи бўлсангиз, у ҳолда аниқ очликдан ўлардингиз. Шундай экан, сизга муқим бир касб-кор зарур эди. Эсимда бор, отам мени Мексикалик атоқли адиб Алфонсо Рейес билан учраштирганди ва унга: “Карлосни ҳуқуқшунос бўлишга кўндириб беринг”, деб айтганди. Ўшанда Рейесдек номдор ёзувчи: “Мана, мен ёзувчиман, бироқ касбим ҳуқуқшунос. Финжонга қўйилган қаҳва тошса, қўлни куйдириши тайин. Мехико шундай давлатки, унда ҳеч қачон тошиб кетишнинг иложи йўқ. Сен, албатта, бир соҳанинг этагини тут, асло кам бўлмайсан, бўтам”, дегани ҳамон қулоғим остида жаранглайди. Мен ўшанда Рейеснинг маслаҳатларига таяндим ва Мехикодаги ҳуқуқшунослар олийгоҳига қадам қўйдим. Ишонинг, мен ҳеч қачон ҳуқуқшуносликни танлаганимдан афсусланмадим, аксинча, жуда кўп китоблар билан ошно бўлдим ва тафаккуримни бойитдим.

— Ёзувчи учун махсус ижод қонунияти ва тартиби бўлиши зарурми?

— Сўзсиз! Оскар Уайлд ижодкорда ўн фоизига муваффақият иқтидори сабабли келса, қолган тўқсон фоизи меҳнати ва интизоми орқали эришилгай, деб айтган эди. Ёзувчида ижодга ҳурмат туйғуси юқори бўлиши керак. Ижод бу — қисмат. Ижод бу – ёлғизлик. Сиз бунда одамлар билан бирга эмассиз, буткул танҳосиз. Қувончу қайғу ҳамроҳингиз. Ўзингиз яратган жар тубига ғарқ бўлиб, ўзингиз бунёд этган юксакликларда учасиз. Аммо барибир ёлғизсиз. Ёлғизликда адо этиладиган улуғ меҳнатдир бу. Театр­да актёру режиссёр билан бирга асарни саҳнага олиб чиқасиз. Кинода ҳам худди шундай. Ижодда эса бу мутлақо тескари жараён. Ёзиш масъулияти ва меҳнати сиздан беҳад катта қувват, истак ва иродани талаб этади. Сиз ижод қўйнида чексиз ёлғизлик азобига бардош бериб, оққа кўчираётганларингизни чин кўнгилдан чиқариб, жон-дилдан севишга мажбурсиз! Бундан бошқа йўл йўқ. Чунки бу — қисматингиз.

— Ижодий жараён борасида сўз кетаркан, шунга ўхшаш яна бир савол туғилади. Ёзувчиларнинг аксарияти ёзганини қайта-қайта таҳрир қилиб, такрор ёзишга ўч. Сизда бу жараён қандай кечади?

— Мен учун бу у қадар муҳим эмас. Асарларимни дастлаб хаёлим ва миямда пишитаман. Ке­йин оддий дафтарга ёзаман. Асарларимни ёзув машинкасида оққа кўчираётиб, айрим жойларига тузатишлар киритаман, аммо унчалар кўп эмас. Мен аввал айтар сўзимни хаёлан тузаман. Демак, ёзганларим ҳам худди шу тартибдадир. Заҳматкаш адиб Оноре де Бальзак бир саҳифасини минг марталаб таҳрир қилишдан сира ҳам чарчамас экан. Шубҳасиз, у ўта меҳнатсевар ижодкор бўлган. Тан олишим керакки, менинг табиатим ва услубим бу борада Бальзак даражасида эмас.

— Ёзувчининг кулфати нима?

— Ижодкорнинг жамиятда юз берадиган адолатсизликлардан кўнгли оғрийди. Турли вазиятлар унинг қалбини изтироб чекишга мажбур қилади, албатта. Бироқ изтироб ёзувчи учун энг кераги. Ҳар қандай ёзувчи учун энг катта фалокат бу — ЁЗОЛМАСЛИК! Бир тасаввур қилиб кўринг-а, дардингизни қоғозга тўкиш учун ижод столига ўтирдингиз. Кутилмаганда юрак ҳам, мия ҳам хум каби бўшаб қолди. Нақадар даҳшат! Ваҳоланки, сиз — ёзувчисиз! Ёзишингиз керак! Аммо бунинг чорасини минбаъд тополмайсиз... Қўлига қалам тутган одамнинг чинакам бахтиқаролиги мана шу. Қалбида ўзини чинданам адабиётга, сўзга фидо қилган ижод кишиси учун, шаксиз, бу – ҳақиқий фожиа!

— Ёзувчининг жамиятдаги ўрни ва масъулияти нималардан иборат деб ўйлайсиз?

— Асарлар яратиш. Ёзувчининг ҳақиқий маъсулияти бу — зўр китоб ёзиш. Қолган муваффаққият ва олқишлар унга шунинг ортидан келаверади. Баъзи қаламкашлар хаёлида шундай ўй ҳукм суради: “Улар биз фақат ёзувчимиз, сиёсат ва жамиятдаги бошқа ишларга аралашмаймиз”, деб ўйлайди. Аммо бу ғирт тентакона ва заиф бир бўшлиқ. Ижодкор барча-барча жараёнларда фаол, огоҳ ва ҳатто, ҳаммадан бир қадам олдинда юрадиган катта шахс.

Минг афсуски, Лотин Америкасида ҳам бир-биридан ҳароб асарлар ёзилди. Уларнинг барини битта қолдирмай ёқиб юборса арзийди. Аммо ўша китобларни ёзган муаллифларнинг димоғи баланд. Ҳолбуки, уларнинг ўзи дунёдан бехабар, ҳатто ўша ёзганини ўзи ҳам изоҳлай олмайди. Севимли шоиримиз Пабло Неруда бир гал менга шундай деган эди: “Биз лотинамерикалик ёзувчилар юртимизнинг ташқарисида яшаб, ижод қилиб юрибмиз. Халқимизнинг юрагига кириб борганимиз йўқ. Ватанимиз бағрида мудраб ётган асрий орзу, армонлардан хабар топганимиз, уларни уйғотиб, дардига дармон бўла олганимизча йўқ! Ҳолбуки, хал­қимиз орасида саводсизлик ҳамон ҳукм суриб турибди. Шундай экан, фақат ўз қобиғимизга беркинмай оддий халқ орасига мард­ларча кириб боришимиз, ғуссаларини аритишимиз жоиз. Мен шоирман, мен ёзувчиман, деб қуруқ кўкрак кермасдан, хизматимизни ёзганларимиз билан оқлашимиз керакдир. Забонсизларга забон бера оладиган одамлар бу — биз, ёзувчилардирмиз!”

Рафиқам билан бир йилча Анг­лияда яшаб, фаолият олиб бордим. Ўша ерда мен Эмили Бронте, Дэвид Лоуренс, Виржиния Вулф каби Англия фарзандларининг кўрсатган фидойилигига ўз кўзим билан гувоҳ бўлдим. Уларни чин маънода англиялик де­йиш мумкин. Халқ бу ёзувчиларини бошига кўтариб, эъзозлайди. Негаки, улар Англия дарди, унинг тарихи ва келажагини ўйлаб, қалам тебратган адиблар. Юрт тақдири учун қайғурган ижодкор — ҳақиқий ёзувчидир.

Ҳурматли Фуентес жаноблари, агар лозим топсангиз, бизга келажакда яратадиган асарларингиз, бўлғуси китоб­ларингиз хусусида ҳам икки оғиз тўхталиб ўтсангиз?

— Бир асарга нуқта қўйганим ҳамон юрагимда кейинги асарим туғилади. Эҳтимол, шу энг сўнггисидир, деб ўйлаб қоламан. Аммо қалбимга қулоқ солсам, унда ҳамиша бир қуш тинимсиз сайрайверади. Ижодга, ёзишга муҳаббат ку­йини ҳис этаман шунда. Ўша қуш ижодкорнинг кўнгил садоси. Миямда муттасил ғоялар айланаверади, мен уларни ёзишга шошиб, баъзан унутиб, баъзан эса вақт тополмай қийналаман. Ёзувчи ҳамма вақт хотираларию истаклари гирдобида меҳр-муҳаббат, шубҳа-гумон, ваҳимаю васваса, хуллас калом, миллион-миллион ҳиссиётлар билан яшайди. Унинг кўнглидан бир дона сўз, бир оғизгина калом минг машаққат ила қоғозга тушади аслида. Бироқ шундай ёзиш энг тўғри ва энг ҳалол йўлдир. Кўр-кўрона, ҳиссиз, дилингизнинг бир жойи ҳам ҳаракатланмай яратилган асар муқаррар жарликка қулайди, умри тез завол топади.

Мен яна кўп нарсалар ҳақида гапирмоқчи эдим. Аммо келинг, тилимда айтар сўзимни келажакда ёзажак асарларимга қолдирай. Зеро, ижодкор юраги ҳамиша унинг китобида уриб, ҳаёти ҳам ўша асарларида давом этиши бениҳоя улкан саодатдир.

2006 йил, 2 июнь.

 

Инглиз тилидан Қандилат Юсупова таржимаси.