“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

ҲОФИЗ ВА НОНКЎР

Бобохон МУҲАММАД ШАРИФ

 

ҲОФИЗ ВА НОНКЎР

Ҳикоя

Ҳофиз қўлига тор олиб, янги ашуласига куй басталаётир. «Бизлара доғи ҳижрони, душманлара сафо билан...» сўзларини айтаётганида ҳовли эшиги тўсатдан тарақлаб очилди, Рўзим пишқа йиғлаб кириб келди.

− Нима бўлди, Рўзимбой, на гап, тинчликми? — сўради Ҳофиз хавотир олиб.

− Усто, ўлдим, тамом бўлдим, «йиқилдим», шарманда бўлдим, энди қишлоққа қайси юз билан қайтаман? — шундай деганча Рўзим пишқа ўзини каравотга ташлаб ҳўнграб юборди.

− Ээ, шундай демайсанми, бирон ўлим-пўлим бўлдимикан, деб эсхонам чиқиб кетди, − деди Ҳофиз. — Бўлди, йигит кишига йиғи ярашмайди. Охир замон бўлгани йўқ-ку, бу йил бўлмаса бўлмас, янаги йил кирарсан ўша ўқишингга.

− Усто, отамни билмайсиз-да, билса уйга киритмайди. «Юридика»га киритай деганида, «Йўқ, созанда бўламан, ўқишга ўз кучим билан кираман», деб оёқ тираганман. Ўшанда: «Ҳанги эшакка ўхшаб думингни кўтариб ҳанграб кетяпсан, думингни бутингга тиқиб қайтиб келиб, мени шарманда қилсанг, кунингни кўрсатаман», девди. Айтгани келди. Киролмадим, энди уйга киритмайди, ҳамма менга жиртак чалади.

Ҳофиз ўйланиб қолди. Пишқанинг отасини унча яхши танимайди, балки айтганича бордир. Шогирдликка тушганига ярим йилдан кўп бўлди, қўли унча-мунчага келиб қолди. Аммо, ҳозир шогирдининг аҳволи ҳақиқатан ҳам аянчли. Раҳми келди. Хотини ҳам «Бу болага ёрдам беринг, қаранг, эзилиб кетди», деди.

− Қани тур, қизларга ўхшаб пиқиллайверма. Бир иложи топилар, − деди ҳофиз.

Рўзим пишқа унга мўлтираб тикилди.

Ҳофиз торини қўйди-да, институтга кетди. Ректор қабулхонасига кириб борди. Ҳеч кимни қабул қилмаётган ректор, Ҳофиз келганини эшитиб, қабулхонага қучоқ очиб чиқди.

−                        Келинг устоз. Қайси шамол учирди? — деди у Ҳофизга чой узатаркан.

Ҳофиз муддаони айтди. Ректор масъул котибни чақиртирди, ҳужжатларни кўрди, сўнг деди:

− Устоз, бу йигитнинг натижалари пастроқ, ҳеч бўлмаса, ижодий имтиҳондан ҳам юқорироқ баҳо ололмабди. Олдинроқ айтмайсизми, балки суяш имкони бўлармиди.

Ҳофиз индамади. Бунақа илтимослар билан шу чоққача ҳеч кимнинг ёнига бормаган. Бу гал ҳам минг истиҳола билан кириб келди. Ректор бироз ўйланди, сўнгра Ҳофизга юзланди:

−Модомики, сиздай устоз ўртага тушибди, имкон топмасак, уят бўлар. Бир йўли шуки, Рўзимбойни «резерв» қилиб оламиз. Аммо яхши ўқисин, беш-олти кундан кейин пахта бошланади, пахта кампаниясида ҳам ўзини кўрсатсин, шунда бир йил ичида асосий таркибга ўтказамиз, гап-сўз ҳам бўлмайди.

Ҳофиз ташаккур билдириб, уйга қайтди. Рўзим пишқа хурсанд бўлиб, суюнчилаш учун қишлоққа кетди. Отасига суюнчилади:

− Бир ўринга ўттиз бола тўғри келди, лекин мен ўтдим, резервга. Фақат...

Рўзим пишқа отасига тикилди, иккиланди.

− Нима фақат, бир ишкал борми? — деди отаси хўмрайиб.

− Ишкал-ку йўқ, лекин резервга ўтишнинг ўзи бўлмади, устоз ўртага тушди. Уч минг керак. Сиз тўғри айтган экансиз, пулсиз бўлмайди деб... Бу пулни олиб бориб беришим керак, шунда мени ярим йилга қолмай асосийга ўтказишар экан.

− Шуми, хайрият. Пул топилади, обрў топилмайди. Фақат яхши ўқисанг, устозингдай созанда бўлиб, обрўйимни кўтарсанг бўлди. Кўнглинг тўқ бўлсин, эртага уч мингни олиб бориб берасан.

Рўзим пишқа эртасига рўмолчага тугилган уч мингни қўлтиқлаб, шаҳарга йўл олди. «Ана, бу иш зўр бўлди, энди роса маишат қиламан, пахтани ҳам бировларга тердираман. Қўлини тимдалатиб, чангга беланиб пахта терадиган ахмоқ йўқ. Пул берганини бобой устога айтмайди, ректорнинг ёнига киролмайди ҳам. Усто ҳам билмайди, икки ўртада менга маза», деди ичида. Шаҳарга келасолиб, ўша «пари»га телефон қилди.

− Кечки пайт «квартирам»га кел, оғайним ҳам бор, ёнингда яна бир кетворгани бўлсин, бу оқшом бир ишқ достонини куйлайлик. «Якан»дан ғам ема, сенга ҳам, дугонангга ҳам етади, − деди тиржайиб...

Рўзим пишқа колхоз бригадирининг оғзини «мойлади», энг зўр теримчи бўлди. Отанинг пуллари зиёфат устига зиёфат бериб, ҳақиқатпараст курсдошларининг «оғзини ёпиш»га, айрим домлаларнинг «кўнглини олиш»га, қизларга кетди. Еган оғиз уялар, дейишганидек, «кўнгли олинган» ўқитувчилар унга яхши баҳолар қўйиб беришарди. Рўзим пишқа қайсидир домланинг «жияни» бўлиб чиқди, бу ҳомийнинг институтда ўзига яраша обрўси бор эди, гапи ҳатто қаттиққўл домлаларга ўтарди. Алалхусус, Рўзим пишқа бир йил ичида бинойидай талабага айланди, енгил йўлларидан юриб, институтни амал-тақал битирди ҳам. Аммо диплом деган қаттиқ қоғоз қобилиятнинг, илмнинг ўрнини боса олмас экан. Чандон уринмасин, тиришмасин тузукроқ хонанда бўлолмади, отарчиликни касб қилди. Охири амалга кўз тикди...

* * *

Бу оқшом Ёшуллининг вақти ҳар қачонгидан чоғ. Ахир, режа ошиғи билан бажарилди, юқоридан офаринлар дўлдай ёғилди. Боши кўкка етган Ёшуллининг бир маза қилгиси келди. Каттанинг кўнгли тусаган нарсани муҳайё этиб, кўнглини оладиган шотирлар енг шимариб ишга тушдилар. Овлоқ бир гўшада қозонлар осилди, дастурхонлар ёзилди, анвойи мевалар, ароғу шароблар ўртага қўйилди. Мутасадди Рўзим пишқани чақирди.

− Ёшулли Ҳофизни бир эшитсак деяпти. Оёғини ерга текизмай шу ерга келтир.

− Хўжайин, бўлмайди. У бунақа ўтиришларни хуш кўрмайди.

Хўжайиннинг жаҳли чиқди, гап қайтаришларини ёқтирмасди.

− Шуни эплай олмасанг, сени нега уларга катта қилиб қўйибмиз?! Ё тилинг қисиқми, безовта қилмаслигинг учун чўтални каттароқ беришяптими? Нима, хабари йўқ, деб ўйлайсанми?

Пишқанинг ичи зил кетди, ранги бўзарди. «Ким айтди экан?» деб гарангсиради. Тўй совиб юрган созанда-ю, хонандалардан чўтал олиши рост. Чўтал эвазига хонандаларга иш вақтида тўйга боришга рухсат берар, солиқчиларнинг шикоятларини босди-босди қилар эди. Хўш, олса нима қипти, ахир, у ҳам молиячиларнинг жиловини тортиб юрибди, хўжайинга ҳам узатиб турибди. Бу хизмат эмасми? Ҳар қандай хизматнинг тақдири бўлиши керак-ку.

− Ҳофиз бунақа ўтиришларга келмаслигини яхши биласиз-ку. У унча-мунчага келадиган одам эмас. Ундан кўра, ўзим хизмат қилай ёки анавини олиб келай.

Рўзим пишқа ном чиқарган аёл хонанданинг исмини айтди.

− Нима бало, кармисан? Сенга Ҳофиз дедим-ку! Овозинг бўлса экан, унинг ўрнини боссанг. Қўрқитасанми, ё бошқами, ўзинг биласан. Пулга келса, ма ол, бер. Мабодо, келмаса, ўзидан кўрсин, бошига Беустун тоғини ағдараман. Яна бир «думалоқ хат» ташкил этасан, у ёғини менга қўйиб бер, онасини кўрсатаман, − ғалати илжайди Мутасадди ва бир даста бели букилмаган пул узатди. — Ҳа, сал бўлмаса, унутай дебман, Ёшуллининг саунага тушиш нияти бор, келинни икки соат олдин юбор, массаж-пассаж қилар...

Рўзим пишқанинг ичи ўтиб кетди: «Бу валадизино, анонимкани мен ёзганимни қаердан билди экан? Ўтган сафар хотинингнинг қўллари шифобахш экан девди, каттагина пул ҳам берувди. Ишқилиб, Ёшуллига ёқсин-да», деб ўйлади. Лекин ичидагини билдирмай:

− Хўжайин, сизга беш кетаман-да, доноликда олдингизда Суқрот ип эшолмайди, ер тагида илон қимирласа, биласиз. Қолаверса, пулнинг кучи етмайдиган одам борми дунёда, биров бир сўмга, бошқаси минг сўмга, яна бирови ўн мингга... Айтганларингизни «есть» қиламан, − деб ҳиринглади, пулни чўнтагига солди.

Мутасаддининг оғзи қулоғига етди.

Рўзим пишқага кета-кетгунча ўйлаб кетди. Бир томондан Ҳофизни кўндиришни, иккинчи томондан «думалоқ хат» ёзгани, «қуруғи»дан олиб тургани ошкор бўлганини ўйлаб дилгир бўлди. Ўшанда «Ҳофиз диндор, халқ ўртасида динни тарғиб қилади, яширинча номоз ҳам ўқийди, халқдан пул тўплади, пулнинг бир қисмини қабристон атрофига девор уришга сарфлади, кўпини чўнтагига урди» деб юқорига имзосиз хат юборган эди. Устма-уст текширувчилар келди, молиядан, тергов идораларидан, ишхонасидан. Охири қабристон девори ҳашар йўли билан урилгани, Ҳофиз халқдан пул йиғмагани, аксинча, ҳашарчиларга ўз ҳисобидан кунига икки маҳал ош тортгани, ўзи шогирдлари билан ҳашарга қўшилиб, пахса ургани аён бўлди. Халқ бир овоздан ана шундай деб кўрсатма берди, туҳматдан ёқасини ушлаганлар, ёзган одамни қарғаганлар бўлди. Аммо қарғишлар Рўзим пишқага заррача таъсир қилмади. «Хурофот бу, қарғиш уради, деганлари бекор гап», деди ичида. Лекин кўнглининг бир четида қўрқув уруғи ниш урди.

Ўшанда Рўзим пишқа ичида шод бўлса-да, устозга ялтоқлик қилди:

− Усто, қайси аблаҳ ёзди экан бу хатни, биласизми? — деди ва хавфсираб ҳофизга кўз остидан тикилди. — Балки, кўзингизнинг ёғини еб, тузлуғингизга туфуриб юрганлардан биридир. Билсангиз айтинг, ўзим адабини бераман, кучим етмаса, уч-тўртта барзангини ёллаб урдираман.

Ҳофиз унга ялт этиб қаради. Шогирдининг «Уч-тўрт барзангини ёллаб урдираман» деган сўзлари унга ўша машъум воқеани эслатди. Ўшанда у бир тадбирга шошиб кетаётган эди. Юлғунлар баланд ўсган овлоқ жойда машинани тўрт-беш барзанги тўхтатди. «Нима гап, тинчликми?» дея машинадан тушган Ҳофизга безорилар тўсатдан ҳужум қилишди. Ҳофиз бақувват, полвонкелбат киши эди, бир вақтлар тўйларда кураш ҳам тушган. Улардан иккитасини уриб йиқитди, лекин ҳаммасига бас келишнинг иложи бўлмади...

− Энди, Рўзимбой, ким қилса ўзига, ким қилмабди, ким тортмабди. Ёмонлик пешасида бўлган, яхшиликка ёмонлик билан жавоб қилганлар бу дунёда бўлмаса, у дунёда жавоб берадилар. Эҳтимол, бу дунёда ҳам жавобини олишар. Кўриб юрибмиз-ку, қарғиш олганларнинг қанчаси тилдан қолди, кўр бўлди. Буларни ўзинг ҳам биласан. Қўявер, уларнинг жазосини Оллоҳнинг ўзи беради. Қарғиш эмас, олғиш олиш керак. Шуни эсингдан чиқарма.

«Бу мени айтмаётибдими? − дея хавфсиради Рўзим пишқа. −Яна қарғиш тўғрисида дам урди. Бу хурофот, бўлмаган гап. Ундай десам отам ҳам шундай дейди. Ё бу бор гапмикан?». Ўйлайвериб, анча вақтгача ўзига келолмай юрди. Лекин ўзига бало ҳам урмаганини кўриб, кўнгли жойига тушди, устози устидан бўҳтонлар тўқиб, хатлар жўнатаверди, кези келганда, Ҳофизни ёқтирмайдиган Мутасаддига гап етказаверди...

... Дунё кажрафторлигидан дилгир ўтирган бўлса-да, Ҳофиз шогирдини очиқ чеҳра билан кутиб олди:

− Ээ, Рўзимбой, гал, гал, қани ўт тўрга. Қайнананг яхши гўрар акан, бийинг палов пишириб дурипти, ҳозир гатиради.

− Олдин севар эди, иккинчи хотинни олганимдан бери кўзига Дажжолдай кўринсам керак, хушламай қўйди, − деди Рўзим пишқа тўнғиллаб. — Лекин бийим бизни яхши кўрадилар, шунинг учун келишимни билиб, ош пиширибдилар. Оҳ-оҳ, бийимнинг ошини еганлар дармонда, емаганлар армонда. Лекин вақт қурғур оз-да, ош ейишга улгурармиканмиз.

Бийи сўнгги пайтларда Рўзим пишқани ёқтирмай қўйган, яхши одам эмаслигини ич-ичдан ҳис қилар, аммо қўлида бирон далили бўлмагани учун, қулоғига чалинган миш-мишларга ишонгиси келмас, доим ялтоқланадиган бу йигитни силтаб, қайириб ташлай олмасди. Аёллар, одатда, сезгир бўлишади, ҳиссиётлари кўпинча уларга панд бермайди.

− Ҳа, ишқилиб, хайрли бўлсин, нима гап?

Устоз шогирдига саволомуз тикилди.

− Энди, усто, бир нозик масалада келдим. Шунча хизмат қилдик, кечани кеча, кундузни кундуз демай, ишлаб ётибмиз, На дам бор, на ҳаловат, амалдорликнинг ўзи бўлмас экан.

Ҳофиз кулди.

− Ахир, ўзинг эмасмидинг, шу мансабни олишга ёрдам қилинг деб ҳолимга қўймаған. Энди пушаймон қиляпсанми? Амалдор дегани ўзи учун яшамайди, халқ учун яшайди, дам олиш деган гапни ёдидан чиқариши керак деб айтгандим-қу. Ё пушаймонмисан?

Ҳофиз шогирдига синовчан боқди.

− Йўғ-эй, пушаймон эмасман, ахир мени сиз тавсия қилгансиз, юзингизни ерга қаратсам, одам-подам эмасман. Айтганингиздай, ётволиб ишлаяпман, на оилани ўйлайман, на дам олишни. Сизларга хизмат қилсам шунинг ўзи бас. Лекин ишинг қадр топмаса, ўксир экан киши. Ўзингиз биласиз, ит ҳам бит ҳам унвон олди. Биз ғариб доим ҳисобдан ташқари, катталардан хўсторимиз йўқ.

Рўзим пишқа кўзларига ёш олди.

Ҳофизнинг раҳми келди. На овози, на сози бор бу шогирдининг унвонга муносиб эмаслигини яхши билса-да, ҳеч қачон буни очиқ айтмасди. Лекин Рўзимбойга ўхшаш бошқа номуносиб машшоқлар ҳам таниш-билишчилик орқасида унвон олганини биларди. Шулар қатори бу ҳам олса, нима қипти?

−                        Нима қилсак экан?

− Кўп ўйладим, охири бир йўлини топдим, лекин бу сизсиз бўлмайди. Доим қўллаб келгансиз, бу сафар ҳам қўлланг. Итингиз бўлай, ёрдамингизни дариғ тутманг, йўқ деманг.

−                        Ахир, на гап ўзи, олдин бир айт, пул-мулга зориқиб қолдингми?

− Йўғ-эй, усто, уйимда сичқонлар ҳасса таянган пайтлар сизнинг шарофатингиз билан ўтиб кетди, энди пулим бор. Гап шундаки, бугун бир иложини топиб, бир зиёфат ташкил қилдим. Анави аблаҳ Мутасаддини минг тавалло билан Ёшуллини олиб келишга кўндирдим. Чўнтагига пул ҳам тиқдим. Биласиз, Ёшулли унча-мунча жойга борадиган одам эмас. Аммо бу гал кўнибди, лекин ўтиришмага устозини олиб келсин дебди.

Ҳофиз ўйлаб қолди. Ёшулли ёмон одам эмас, шароит кўтарган даражада халққа хизмат қилиб юрибди. Лекин шу Мутасадди дегани...

Мутасаддини ҳофизнинг жини суймас, у бор давраларга қадам қўймас эди. Лекин ҳозир мана шу бечоранинг тақдири унинг қўлида. Бир бечора, боз устига шогирди кўмак истаб мўлтиллаб турган пайтда йўқ дея олармиди?

−                        Мен борсам, унвон ишинг битами?

− Аниқ билмайман, лекин Мутасадди ваъда қилди. Бугунги хизмат аъло бўлса, Ёшуллига бу ҳақда шипшитар эмиш.

Ҳофиз ичкилик бор давраларни, нобоп кишиларни хушламас эди. Ўйлаб қолди, дили бироз ғаш бўлса-да, савоб учун боришга рози бўлди.

... Зиёфат қизиди. Таомлар ейилди, ароғу шароблар дарёдай оқди. Ғала-ғовур кўтарилиб, Ҳофиз айтаётган ашулаларнинг фарқига бормайдиган ҳам бўлишди. Ҳофиз Махтумқулининг пандномаларидан икки жуфтини айтиб, бироз тин олиш учун торни оҳистагина бир чеккага қўйди, пешонасидаги реза-реза терларни артди, пиёладаги иссиқ чойдан ҳўплади. Даврдагиларнинг бири қўйиб, иккинчиси Ёшуллини мақташар, кетма-кет қадаҳ кўтаришарди. Шу пайт Мутасаддининг кўзи Ҳофизнинг олдидаги қадаҳга тушди. Ҳофиз келганидан бери қадаҳга қўл ҳам текизмаган эди.

− Ие, буюк ҳопизимиз ҳозиргина «Бир қадаҳ май ичмадим сарви гуландомим била» дея надомат этган эдилар. Мана, май олдингизда турибди, хоҳлаганча ичаверинг, − деди у ва чайқалганча қадаҳни ҳофизга узатди. — Олинг ичинг, деяпман. Ҳозирги тост Ёшуллининг соғлиги учун. Қани, кўтаринг, уят бўлади.

− Илтифотингиз учун раҳмат, − деди Ҳофиз оғриниб. — Ёшулли доим соғ бўлсинлар, халққа хизмати буюрсин, тилагимиз шу. Лекин бу масаладан, − у қадаҳга ишора қилди, − биз узоқроқмиз, маъзур тутасиз. Аммо қанча ашула айт десангиз, камарбастамиз.

− Шуни олинг, кейин айтаверинг талқинингизни. Менинг қўлим қайтмаган, сиздан улуғроқ ҳофизлар ҳам биз ичинг деганда, ичган. Нима, Ёшуллининг ҳурмати йўқми? Бу кетишда ҳали диндорларга ўхшаб ароқ ҳаром, ичганлар гуноҳкор ҳам дерсиз.

Ғала-ғовур тинган, барчанинг диққати шу ёқда эди. Даврадаги ҳайбаракаллачиларнинг хушомадларидан ҳаволанган Ёшуллига Ҳофизнинг тутуми мақбул тушмаганди.

Буни сезган Мутасадди Ҳофизга астагина писиллади:

− Ким билан ўтирганингизни биласизми, ҳей ҳопиз, истаса, бир оғиз гап билан сизни йўқ қилиб юборади. Шунинг учун, маслаҳатим, катта кетманг-да, кўнгли учун бир ҳўплам бўлса-да, ичинг. Бу буйруқ! Ҳақингизни ошиғи билан тўлаб қўйганмиз, аравасига мингандан кейин ашуласини айтишни қачон ўрганасиз?

Ҳофизнинг жаҳли чиқди. «Бу қачон менга ҳақ тўлаган экан?», деб ўйлади. Қаттиқ-қурум гап айтишга чоғланди, лекин шогирди эсига тушиб, фикридан қайтди. Шундай бўлса ҳам Ибн Синонинг мисраларини келтиришни афзал билди:

−                        Биласизми, улуғ ҳаким Ибн Сино май ҳақида не деган:

 

Май мастга душману, ҳушёрга ёрдир,

Ози тарёк, кўпи бир заҳри мордир.

Кўп бўлса зарари оз эмас унинг,

Оз бўлса унда кўп манфаат бордир.

 

Ҳофиз бу шеърни айтиб бўлгач, охирига ўзидан улаб юборди:

 

Бугун от устида, мақтовдан маст ғофил,

Билмас, эртага тахтдан тушса, хордур.

 

Ўртага жимлик чўкди. Барча ўнғайсиз аҳволга тушган эди. Вазиятдан қандай чиқишни билолмай гаранг бўлиб туришарди. Сукунатни Ёшуллининг ўзи бузди:

− Қойил, бопладингиз, ака. Аммо-лекин Ибн Сино зўр айтиб қўйган экан, шуни ашула қилсангиз бўларкан, яшанг, − деди илжайиб ва Мутасаддига кўз қисиб қўйди. Бу ҳаракат Ҳофизнинг назаридан қочмади. − Бу Мутасаддининг бурнини ерга ишқайдиган киши ҳам бор экан-ку. Қаранг,... еган хўроздай қизариб кетди.

Хохолаб кулиб юборди. Бошқалар ҳам кула бошладилар. Мутасадди олдин қизариб-бўзариб турди, сўнг ноилож кулгига қўшилди.

Зиёфат анча давом этди. Ҳофизга Навоий кўмакка келди:

 

Мени мен истаган ўз суҳбатиға аржуманд этмас,

Мени истар кишининг суҳбатин кўнглум писанд этмас.

 

Не баҳра топқомен андинки мендин истагай баҳра,

Чу улким баҳраи андин тилармен баҳраманд этмас.

 

Ҳофиз «Не баҳра топқомен андинки мендин истагай баҳра» сўзларини алоҳида урғу бериб куйлади. Буни биров тушунди, биров тушунмади. Лекин Ёшулли тушунган эди.

Ҳофиз кетганидан кейин Ёшулли Мутасаддини бир чеккага имлади. «Бу ҳофизинг анча димоғдор бўлиб кетибди, бизларнинг суҳбатимизни кўнгли писанд этмайдиган бўлиб қолибди, попугини пасайтириб қўйиш керак», деди. Рўзим пишқанинг куни туғди. Устони олиб кела олишини кўрсатиб обрў олди, қолаверса, уни асабийлаштирди, катталарга ҳам ёмон кўрсатди. Яна Ҳофизнинг устида қора булутлар айлана бошлади.

 

* * *

Олчин овулида яшайдиган насосчи Султон чўлоқ (у урушда бир оёғидан ажралган, ёғоч оёқда юрар, шунинг учун «чўлоқ» деган лақаб орттирган эди) тўйига «Ҳофизни олиб келармиш» деган гап тарқалди. Бу гапга биров ишонади, биров ишонмайди. Чунки бутун республикада, ҳатто қўшни республикаларда ҳам довруқ қозонган машҳур бир артистнинг оддий бир камбағалнинг тўйига келишига ишониш қийин эди-да. Бу гапга энг аввало Султон чўлоқнинг амакиваччаси Рўзим пишқа жиртак чалди:

− Эй посмонда, кўрпангга қараб оёқ узат, кимсан Ҳофизни олиб келишга пулинг борми сенинг? Ўзинг икки одамни чақириб бир товоқ палов қўйганингни кўрган эмасман.

Пишқанинг камситиши Султоннинг у ёқ бу ёғидан ўтиб кетди, музлагандай бўлди.

− Энди, дойи, сендай бой бўлмасам ҳам, боқиб қўйган ҳўкизим, бир-икки қўйим бор, гўшт ўзимдан, гуручини сендан олиб турарман. Йиғиб қўйган бир-икки сўмим ҳам йўқ эмас, етмаса қарз кўтарарман. У ёғи бир гап бўлар. Ахир, ўзи биргина болам бор, шунинг суннат тўйига Ҳофизни олиб келаман, деб ният қилганман.

Пишқа масхараомуз кулди:

− Мен гуручни насияга бермайман. Гаровга қўядиган нарсанг ҳам йўқ. Тушун-да, меники ёзи билан харажат. Шолини ўриб олиб, сотгунча мардикорларга қанча пулим кетади. Бунча харажатни сен тушингда ҳам кўрмайсан. Ўрнини тўлдириб олмагунча чўнтакда пул турмайди. Ҳатто, укаларимга ҳам қарз бермайман-ку.

Пишқа анча қурғун одам. Отарчилик қилади. Ўзи шаҳарда яшаса ҳам колхоз раисининг оғзини «мойлаб», Султоннинг номига ер олиб қўйибди. Мардикорларга шоли эктиради, бировларга қарз беради. Кўпгина ҳамқишлоқлари ундан қарздор. Қарздорлар куз келганда қарзини икки ҳисса қилиб тўлайди. Пишқа қарзини бермаганнинг новвосини етаклаб кетади. Султон қарз кўтарай деса, гаровга бергудек нарсаси йўқ. Биттагина ҳўкизини тўйга атаб қўйган. Қариндошининг гапидан маълумки, гаров бўлмаса, гуруч бермайди. Энди бу муаммо ҳам чиқди. Пишқанинг қурумсоқлигидан кўра, камситишлари Султонни қаттиқ хафа қилди.

− Қарз беролмасанг майлига, бир иложи бўлар, лекин Ҳофиз билан гаплашиб бераман, деган ваъданг ёдингда турибдими?

− Гаплашишга гаплашаман, аммо хизмат ҳақи нима бўлади?

− Уч юз сўмча йиғиб қўйибман, кам бўлса, новвосимни ҳам берарман.

Пишқанинг пешонаси тиришди. Султон чўлоққа юзланди:

− Буни пул деб беришга номус қиламан. Лекин қариндош бўлганинг учун Устомни кўндираман. Майли, уч юзни беравер, сен учун ёнига икки юз қўшаман. Сенга тўёна ҳам беришим керак-ку, шунинг ҳисобига. Аммо бу тўғрида ҳеч кимга, Устонинг ўзига ҳам оғиз очмайсан. Молиячилардан қўрқади, тушундингми? Ҳўкизни, майли, тўйга келганида берарсан. Лекин шанба куни пешиндан кейин Ҳофизнинг уйига борасан, етимхонадан олиб боққан болангга суннат тўйи бермоқчи эканингни, лекин қўлинг бироз калталигини, шунинг учун хизмат ҳақига ҳўкиз беришингни айтасан, тушундингми?

«Суллоҳ, − деди ичида Рўзим пишқа, − бир тийини чиқса, жони чиқади. Шундай пайтда пулини олмасам, қачон оламан. Усто билмайди ҳам, бу чўлоқ оғзига маҳкам. Шу баҳонада тўёнадан ҳам қутулдим».

Султон чўлоқ шанба куни аравачали мотоциклини миниб, Урганчга кетди. Сўраб-суриштириб, Ҳофизнинг уйни топди. Юраги пўкиллаб, эшикни қоқди. Эшикни Ҳофизнинг ўзи очди, нотаниш меҳмонни очиқ юз билан қаршилади.

− Галинг, қани, ўтинг тўра, меймон, − деди Ҳофиз жой кўрсатиб.

Султон оқсоқланганча сўри томонга юрди, тўрга ўтмай, сўрининг бир четига омонатгина ўтирди. Нон тузини тотди, бир пиёла чой ичгандан кейин ҳофизга юзланди.

− Оға, сизга бир арзим бор эди...

Ҳофиз кулди:

− Арзни қозига ойтодило-қу, гапим бор ади дасангиз дўғри бўломади.

Шундоғ ҳам ҳофизнинг салобати босиб, нима деярини билмай турган Султон бу сўзлардан кейин баттар эсанкиради, калавасини йўқотди. Ўйлаб келган гаплари эсидан чиқди. Уни тушунган Ҳофиз далда берди:

− На гап, ёрдам-пордам гаракми ё тўй-пўй боми?

− Ҳа-ҳа, тўй бор ади. Ийнди сиза ойтсом, ўзимнинг болам бўлмоғон. Етимхонадан бир ўрис бувакни олиб, катта қилдим, ҳозир еттига кирди. Шуни суннат қилмоқчи адим. Шу болони тўйини ўтказиб бера олармакансиз, деб келдим. Аммо мен бир насосчиман, катта пулим йўқ, фақат сизга атаб бир ҳўкиз боқиб қўйипмон, хизмат ҳақингизга...

− Тўй қачон? — унинг гапини бўлди Ҳофиз.

Султон айтди. Ҳофиз дафтарига қараб олди-да, деди:

− Бўлмиди, у куни бошқа тўйга ваъда берган эканман.

Султоннинг кўзларидаги умид учқунлари сўнди, бошини хам қилди. «Бу Рўзим пишқа тўғри айтган экан, ҳақини кам кўрди», деб ўйлади.

− Лекин тўйингизни иккинчи кунга белгиласангиз, боромон, − деди Ҳофиз бироз ўйлаб олгач. — Рўзимбой ҳам илтимос қилвади.

− Ростданми? Отангиза раҳмат, илоё умрингиз узоқ бўлсин. Сиз не десангиз шу, оға, тўйни сиз айтган кунга ўзгартираман, − деди Султон бирдан қувониб. − Ҳўкизни нишатин, тириклай опкелайми ёки сўйдириб келайми?

Ҳофиз кулди. Бу содда, самимий кишининг қуёш тиғида қорайган пешонасидан ўпгиси келди.

−Ийнди, ёшулли, кўриб турибсиз, ҳўкиз боғлайдиган жойимиз йўқ, эт ҳозирча етарли. Шунинг учун ўзингиз боқиб дураваринг, кейин бир гап бўлор...

Ҳофизнинг меҳр тўла кўзларига кўзи тушиб, ўпкаси тўлди, томоғига бир нарса тиқилгандай бўлди, хўрсинди. Ўзини зўрға босди. Султон ҳофизнинг уйидан қанот боғлаб чиқди. «Бир ҳўкиз нари борса юз эллик сўм, Рўзим пишқанинг берган бўлса, жами олти юз эллик сўм, шунга рози бўлди-я, шунчалик ҳам жўмардлик бўладими?! Кўзларидаги меҳрни қара, ҳеч кимнинг кўзида бунчалик меҳр кўрмаганман», деб ўйларди қишлоққа қайтаркан.

− Хотин, бона гал, − қичқирди у уйга кирар-кирмас, − Ҳофиз галадирғон бўлди. Ийнди Ҳофизнинг ҳўкизини яхши боқ, тўйоча яна самирсин.... Тўйхонада суҳбат қизиди. Гап ёшлар ўртасида ажралиш кўпаётгани устида борарди.

− Эски урф-одатларимизни, никоҳнинг муқаддас эканини ёддан чиқардик. ЗАГСнинг ўзи етарли деб ўйлайдиган, мулла чақириб келин-куёвга никоҳ ўқитмайдиган ота-оналар ҳам чиқди, − деди Собир мулла. — Бу эскилик сарқити эмиш. Ҳайронман. Сиз нима дейсиз, тақсир?

Ҳамма Ҳофизга қаради. Савол қалтис эди, динни яхши деса замон кўтармайди, ёмон дейиш гуноҳи азим. Ҳофиз бироз ўйлаб олгач, деди:

− Энди динимизнинг яхши томонлари ҳам бор. ЗАГСдан кейин икки ёшни никоҳлаб қўйганнинг, менимча, ёмон жойи йўқ. Худога ишонган ёшларнинг никоҳ туфайли масъулияти ошса ошадики, асло камаймайди.

− Яшанг, тақсир, − деди мулла. — Лекин кейинги вақтларда динимизга риоя қилмайдиганлар кўпайиб кетди. Намоз ўқимайдилар. Оллоҳ таоло у дунёга борганда намоз ўқиган-ўқимаганни суриштиришини билишмайди. Айтсанг, икки пулга олишмайди.

− Намоз ўқиш ҳам керак, лекин намоз ўқишнинг ўзи етарли эмас, − деди Ҳофиз бироз ўйланиб олгач. − Кўп жойларда имомлар, сизга ўхшаб, намоз ўқиганингни сўрайди, дейишади, амал ҳақида сўзлашмайди. Оллоҳ намоз билан бирга қилган амалингни ҳам сўрайди. Фақат тоат-ибодатнинг ўзи кифоя эмас. Эл-юрт ободлиги йўлида хизмат қилиш, эзгулик пешида юриш керак. Баҳоуддин Нақшбандий ҳазратлари айтган-ку: «Қўлинг ишда, қалбинг Оллоҳда бўлсин» деб. Ҳар ким қўлидан келган хизматини қилсин. Масалан, қудрати етса, кўприк қурсин. Кўприк қурган киши шу кўприкдан ўтиб-кечган одамларнинг эсига тушмаса-да, ўзидан ўзи раҳматлари ёғилади. Илм ўрганган шогирд устозини эсламаса-да, устозига савоби тегаверади. Одам дегани ёвузлик қилмаса, зулм ўтказмаса, қабиҳ ишлар пешида бўлмаса ҳам савоб. Оллоҳ кўргувчи, билгувчидир. Ҳай, майли, энди биз ҳам ташқарига, хизматга чиқайлик, халқ кутиб қолди.

Ҳофиз ўрнидан турар экан, Собир муллани бир четга тортиб астагина деди:

− Мулла бува, кўпчилик ўртасида дин, намоз тўғрисида гапирмаганингиз яхши бўлса керак. Орамизда яхши ҳам бор, ёмон ҳам.

− Тақсир, мен тўғри гапни айтдим-ку.

− Навоий бувамиз тўғри сўзни айтмаслик матлуб эмас, ҳар нени тўғри сўз деб айтмоқлик марғуб эмас, деганлар. Бошингизга бало келмайдиган бўлса, тўғри гапни айтиш керак. Тўғри сўз айтишни замон кўтармаса, зулм кўрадиган бўлсангиз, индамаган мақбулроқ...

Ҳофиз торини олиб, даврага тушди. Ёнида дойрачиси, ўртада ўйинчиси. Ҳофиз катта қурни айланиб, ашула айта бошлади. Бири-биридан гўзал, таъсирчан куй-қўшиқлар халойиқнинг завқини келтирар, «яшанг!», «бор бўлинг!» деган ҳайқириқлар янграр эди. «Лазги» чалинганда ёшларгина эмас, кекса чол-кампирлар ҳам ўртага тушиб кетишди. Хотин-қизлар ўртага чиқиб, раққосанинг белига, елкасига янги рўмол боғлаб кетишарди. Ўйин авжига чиққанида тўрт йигит катта жун шол рўмолни тўрт бурчагидан ушлаб, қурни айлана бошлашди. Кўпчилик бир сўм, кимдир уч сўм, кимдир бешталик ташлай бошлади. Ўн сўм ташлаганлар ҳам бўлди. Шол рўмол пулга тўлди. Рўмолнинг бир учидан ушлаб келаётган сартарош Болта умрида бунчалик кўп пулни кўрмаган эди. Кўзлари ёниб кетди. «Бўл, бўл, Ҳофиз бўл экан, − деди у дўстларига, − бир тўйда шунча пул. Мана биз ҳам юрибмиз, бировларнинг соч-соқолини қиртишлаб, биримиз ҳеч икки бўлмаётир». «Пулдан бошқа гапинг борми сенинг? − деди Абдулла Аҳмад. — Ашуладан гапирсанг-чи, бу Ҳофизнинг авжига қара, авжига!» «Энди кимда нима йўқ бўлса, шундан гапиради-да», − деди Болта. Йигитлар пул тўла шол рўмолни кўтариб, созандалар ўтирадиган каравот ёнига келишди. Созандалар каравотга қайтишди. Ҳофиз шол рўмолни учма-уч қилиб тугди, каравотга боғланган ҳўкизни етаклашни дойрачисига буюрди ва қурнинг ўртасига чиқди. Халойиқ жим бўлди. Ҳамма ҳайрон: ҳофиз нега пул ва ҳўкизни ўртага олиб чиқди?

− Султон ака, бу ёққа келинг, − дея тўй эгасини чорлади Ҳофиз.

Султон бироз ҳайратланиб ўртага чиқди. Ҳофиз шол рўмолни ва ҳўкизнинг арқонини унинг қўлига тутқазаркан:

− Бу пул ҳам, ҳўкиз ҳам сизга тўёна. — деди. Сўнг астагина шипшиди: − Бир етимни шунчалик тарбия қилибсиз, раҳмат сизга! Пуллар ўғлингизнинг тарбиясига насиб қилсин. — Сўнг баланд овозда деди: − Энди бир фотиҳа беринг.

Бундай ҳимматни кутмаган Султон каловланиб қолди. Кўзлари ёшга тўлди, Ҳофизни қучди, сўнг дуога қўл очди.

− Худоё, кам бўлманг, бирингиз минг бўлиб қайтсин, Оллоҳ сизни зиёда қилсин.

Халойиқ гувиллаб дуо қилди... Бу тўй Олчиндагина эмас, қўшни қишлоқларда ҳам акс-садо берди. Ҳофизнинг ҳиммати эл оғзига тушди. Бироқ... Чамаси бир ҳафтача ўтди. Ҳофизнинг эшигини кимдир бемаҳалда оҳиста тақиллатди. Ҳофиз «Нима гап экан?» дея эшикни очди. Остонада эл қатори кийинган нотаниш йигит турарди.

− Оға, бемаҳалда безовта қилишга тўғри келди, гап бор, − деди йигит у ёқ бу ёққа аланглаб олгач.

Ҳофизнинг юраги орқасига тортди. Йигитни ичкарига таклиф қилди. Меҳмонхонага киришгач, йигит исми-шарифини айтди, «ўша идора»нинг ходими эканини айтиб, гувоҳномасини кўрсатди.

− Бир ҳафта олдин Олчиндаги тўйда сизга катта пул тушибди, олишга олибсиз-у, солиқ тўламабсиз, энг ёмони − динни тарғиб қилибсиз, диний ашулалар айтибсиз. Булар мана шу «анонимка»да айтилган. Ўтиришда қатнашган кишиларнинг исми ҳам ёзилган бу ерда. Баъзилари билан суҳбатлашдик, хатдаги фактларни тасдиқлаб, кўрсатма беришди. Буларни қандай тушунтириб берасиз?

Ҳофиз ҳайратдан донг қотди.

− Ўша тўйда мен пулни олмадим, тўй эгасига бердим, бунга халқ гувоҳ. Динни тарғиб қилмадим, никоҳ келин-куёвнинг оила масъулиятини оширишини айтдим. Намоз ўқиш билан кифояланмаслик, халқ учун эзгу амаллар қилиш кераклигини айтдим. «Диний ашулалар» деган гапга келсак. Бу ашулаларни Навоий, Машраб, Огаҳий, Мунис, Феруз ғазаллари билан айтдим. Бу ғазалларда дунёвий ишқ куйланган. Буни катта олимларимиз айтиб, ёзиб туришибди-ку.

− Гапингиз тўғри, мен ҳам қўшиламан. Адабиёт муаллимларини чақириб, изоҳ сўрадик. Улар ҳам шундай дедилар. Лекин партия ҳақида кам айтар эмишсиз, намоз ўқир экансиз, совет санъаткорига, халқ артистига ярашадиган ишми бу?

Ҳофиз тутақиб кетди:

− Энди буниси очиқдан-очиқ туҳмат-ку! — деди. — «Партиямга раҳмат», «Партия доно, бахт аҳлига устод», «Компартиям, яшанг» сингари ўнлаб қўшиқларимни катта тўйларда, қурултойларда минглаб кишилар олдида айтганман, балки ўзингиз ҳам эшитгандир чиқарсиз.

Йигит бош ирғатиб, тасдиқлади.

−Намоз ўқиш-чи, бунга нима дейсиз?

Ҳофизнинг ёлғонга тили бормади, намоз ўқишини тан олишга мажбур бўлди.

−Ҳамма нарсани билар экансиз, яширишнинг нима кераги бор? Намоз ўқийман. Аммо, ука, намоз ўқиганнинг нимаси ёмон, бу ҳам физкультура, ҳам тозалик. Қолаверса, эътиқодли кишидан ёмонлик чиқмайди, ҳамма ифлослик эътиқодсизлардан чиқади.

Йигит ўйлаб қолди, бироздан кейин деди:

− Оға, мен сизга ёмонлик соғинмайман, элга яхшилигингиз тегиб юрибди. Лекин бизнинг идорамиз нозик, хат тушдими, чора кўришимиз керак. Мен ишни ёпаман, аммо бунинг учун ҳалиги гапларингизни айтиб, тушунтириш хати ёзасиз. Намоз ўқишингизга қарши эмасман, майли бу ҳақда индамай қўяқолинг, фақат илтимос, бу ишни ҳеч кимга кўрсатмай қилинг. Кўриб турибсиз-ку, арзимаган нарсаларни деб калла кетиб турибди. Яна бир гап айтай, ўзингизга яқин бўлганлардан эҳтиёт бўлинг. Бу анонимка ўшаларнинг иши.

Ҳофиз тушунтириш хати ёзаркан, «Бу идорада ҳам инсофли, тушунадиган кишилар бор экан, яхшиям шундайлар бор, бўлмаса осмон ағдарилган бўлармиди? Лекин «юмалоқ хат»ни ким ёзган экан, ўтиришмадагилар орасида бундай киши йўқ эди-ку» деб ўйлади. Сўнг бирданига Рўзим пишқанинг ишшайиб қараб туриши эсига тушди. «Бу ерда бир гап бор, бу ишни шу қилдимикан, − деди ичида. — Айтишувди-я, унга ишонманг деб. Эҳ кўрнамак, нон кўр қилгур». Бирдан ҳушёр тортиб, «Астағфуруллоҳ, Оллоҳим ўзингга солдим, мен гуноҳкор бандангни ўзинг кечир», деди. Оғзи қуриди, оёққа қалқмоқчи бўлди, лекин дармони қуриб, курсига астагина чўкди. Яна турмоқчи бўлди, лекин кўз олди бирдан қоронғилашди, атрофни зулмат қоплагандай бўлди.

− Хотин, инсулинни олиб кел тезроқ, − дея олди холос...

 

* * *

Деворларига гир айлана қалин кигиз, латта-путталар осилган хира-шира хонада бирон нарсани илғаш хийла мушкул. Рўзим пишқа кўзларини йиртгудай бўлиб, азайимхоннинг ҳаракатларини кўришга уринади. Азайимхон ичкари хонадан катта тоғорани олиб чиқди. Тоғорага қора қумғондан сув қуйди, тоғоранинг ўртасига қандайдир ёзувлар битилган кўзани тўнкариб қўйди, устига пилта чироқ ўрнаштириб, пилтани ёқди. Бу ишларни қиларкан, Рўзим пишқа тушунмайдиган тилда тинмай бир нарсалар деб ғудранарди. Сўнг у ён томондаги сандиқчадан бир нечта тугунчакни чиқарди. Бирини очиб, қандайдир кукунни олиб, тоғорага ташлади. Тоғорадаги сув ўз-ўзидан қайнай бошлади. Хонани бадбўй ҳид босди. Рўзим пишқани ўқчиқ тутди. Азайимхон унга бир ўқрайди-да, ишида давом этди. Иккинчи тугунчакдан нималардир ёзилган қоғозни олди, ўқиди, ўқиди, сўнг тоғорага ташлади. Навбат инсон шаклида ясалган мўъжаз қўғирчоққа келди. Қўғирчоқ сувга тушиши билан сув кўпириб-тошди. Сўнг тоғорадаги сувда ғалати шакллар пайдо бўлди. Олдинига одам шакли кўринди, сўнг қўрқинчли бир махлуқнинг қиёфаси зуҳур топди.

Олдинлари бунақа нарсаларга шубҳаланиб қарайдиган Рўзим пишқа сўнгги вақтларда ирим-чиримларга ишонадиган бўлиб қолган. Бу ерга келишга анчагача оёғи тортмади. «Зўр азайимхон, керак бўлса, сувни тескари оқизади» дейишганидан сўнг келишга қарор қилганди. Эрталаб соппа-соғломдай эди, аммо бу ёққа йўл оларкан, бошига санчиқ кирди, кўзларига алламбалолар кўрина бошлади. Қайтмоқчи ҳам бўлди, аммо оёқлари уни шу ёққа судраб олиб келди. Азайимхоннинг амалларини кузатар экан, боши айланар, ўзини хаёлий оламда ўтиргандай ҳис қиларди.

Азайимхон: «Ё ифритларим, ожиз маҳрамингизни ёлғизлатманг, кўмак беринг, фақат сизларни дейман, фақат сиздан мадад сўрайман», деб қичқирди. Тугунчадан олган кўкимтир кукунни сувга ташлади. Бирдан даҳшатли овозлар эшитила бошлади, момақалдироқ гумбурлади. Сувдаги даҳшатли махлуқ қўғирчоққа ҳужум қилди, ғажиди, ғажиди. Фарёд товушлари эшитилди. Азайимхон тоғора атрофида гир айланиб, бир нарсалар дерди, кўзлари олайган, оғзидан оппоқ кўпик сочилар эди. Ниҳоят, у узунасига гурсиллаб йиқилди, хириллади. Рўзим пишқа ваҳимали туш кўраётганга ўхшарди. Ўтакаси ёрилди, дир-дир титради. «Нега бу ерга келдим, келмасам бўларкан», дея ўйлади. «Эй нокас банда, надомат қилдинг-а, энди орқага қайтиш йўқ, қайтсанг бу дуолар сенга ҳам, менга ҳам уради!» деб ҳайқирди азайимхон ётган жойида. Оёққа туриб, Рўзим пишқага ўқрайди. Кўзлари кўкимтир яшин сочди. Рўзим пишқа қўрқиб кетди, ўзини азайимхоннинг оёғи остига ташлади. «Товба қилдим, товба қилдим, ундай қилманг», деб ёлворди. «Шундай бўлсин», деди азайимхон нафратомуз тикилиб. Сўнг давом этди. Сувга қўл узатиб, қўғирчоқни олди, қутичадан қоп-қора игнани чиқариб, қўғирчоқнинг баданига санчаверди. Қўғирчоқнинг баданидан қонга ўхшаш қуюқ суюқлик оқиб туша бошлади...

− Ана энди бўлди, − деди азайимхон чуқур тин олиб. Сўнг қўғирчоқни Рўзим пишқага узатди. — Буни ўша одамнинг уйига олиб бориб, киши топмас жойга кўмасан, натижасини ўзинг кўрасан.

Азайимхон ҳансираганча кўрпачага оёқ узатди.

− Ўзинг кўрдинг, бунинг осон эмаслигини, − деди қатъий. — Энди атаганингни ташла, менга оғирлиги тушмаслиги даркор.

Рўзмат пишқа чўнтагидан бир нечта юзталик чиқариб, хонтахта устига қўйди. Азайимхоннинг масхараомуз қараганини кўриб, ичи зил кетди. Дарҳол чўнтагидаги бир даста пулнинг ҳаммасини олиб, унга узатди. «Бўлади, бўтам, − деди азайимхон, − лекин ҳеч кимга минбаъд оғиз очакўрма, тилдан қоласан».

− Олдинги эзибичкиларингиздан кучлими бу? — сўради пишқа қўрқа-писа. — Улар Ҳофизга унчалик кор қилмади.

− Ўзинг кўрасан дедим-ку, гапни чўзаверма. Бу энг кучли усулим, бу усул ё ўлдиради, ё фалаж қилади.

Рўзим пишқа қўғирчоқни рўмолчага тугиб киссасига солди-да, ташқарига чиқди. Эшикка чиқар-чиқмас, момақалдироқ еру кўкни ёргудай бўлиб, қаттиқ қарсиллади, орқасидан кетма-кет чақмоқ чақди. Саккиз-тўққиз қадам наридаги кекса қайрағочга яшин тушиб, ёна бошлади. Рўзим пишқа эсидан оғай деди, тезгина бу ердан узоқлашди. Шаррос ёмғир ёғиб берди. Ёмғир остида уст-боши шалаббо бўлди, лекин чўнтагидаги қўғирчоқ фақат қўлини эмас, бутун аъзойи баданини куйдираётганга ўхшарди...

* * *

Ҳофиз ёт шаҳардаги меҳмонхона кроватида ёлғиз ётарди. Пахта топшириш режасини ошириб бажарган қардош вилоятнинг катталари халқ уни икки эмас, тўрт кўз бўлиб кутаётганини айтишган, ҳеч бўлмаса, икки жуфт ашула айтиб беришини илтимос қилишганди. Зал тўла мухлислари уни интиқ бўлиб кутаётганини кўз олдига келтирган Ҳофиз беморлигига қарамай бу ерга боришга рози бўлганди. Гални олдин шогирдларига беришди. Сўнг унга навбат келди. Икки жуфт ашулани шундай берилиб куйладики, шинавандалар жунбишга келди, қарсак устига қарсак, «яшанг!», «барака топинг!», «э ўлманг!» деб қичқиришиб зални бошларига кўтаришди. Жўшган Ҳофиз икки соат Навоий, Машраб, Махтумқулининг ишқи илоҳийни тараннум этган шеърларини куйлади. Концертдан вақти чоғ бўлиб чиқди. Ҳаммаси яхшидай эди. Лекин шу турп шарбатини ичгунга қадар... Кечки зиёфат пайти стол устида турган турп шарбатига кўзи тушди. Дойрачиси турп қанд касалига даво бўлади, деб бир кўтаришда бир косани симирди. Буни кўрган Ҳофиз иштаҳаси йўқлигига қарамай, икки қултумгина шарбат ичди. Турп шарбатини тайёрланган заҳоти ичиш кераклигидан, узоқ қўйса, мазани қочиришидан бехабар эди. Кўп ўтмай тоби қочди, қайт қилди. Дойрачиси ҳам шундай бўлди. Лекин у ёш ва соғлом бўлгани учун ўзини тезда ўнглаб олди. Ҳофизнинг хаста вужуди ўқчиқлардан зўриқди, аҳволи ёмонлашди.

− Доктор чақирамиз, − дейишди.

−Бир-икки қусганга ҳам докторми? — деди Ҳофиз кулимсираб. — Бундай ҳоллар илгари ҳам бўлган, тез ўтиб кетади. Мени меҳмонхонага олиб боринглар, дам олай. Яхши бўлиб кетаман.

Эрталаб аҳволи яхшилангандай бўлди. Шогирдлар хотиржам бўлиб, тушги концертга кетишди. У ёлғиз қолди. Бир пиёлагина қатиқ ичай деб ўрнидан турмоқчи бўлди, лекин ҳоли келмади, гоҳ худ, гоҳ бехуд бўлаверди.

 

* * *

Бир вақт тиржайиб турган Рўзим пишқага кўзи тушди.

−Ҳаа, усто, йиқилар кунингиз ҳам бор экан-ку, − деди у тиржайиб. — Билмасангиз билиб қўйинг, сизни йиққан мен бўламан. Асабингизга тушган қурт, кўзингизнинг ёғини еб, оёғингиздан чалган мен бўламан, билдингизми?

− Аллақачон билганман, сен нафсингга қул бўлган одамсан, сени шайтон йўлдан оздирган, айбинг уни енгишга куч тополмаганингда. Лекин мен сени кечирганман, Худонинг ўзи ҳам сени кечирсин. Тилагим шу.

− Хо-хо, кечиришингизга зор эмасман. Билмасангиз билиб қўйинг − тузингизни еб, тузлиғингизга тупурган менман. Эсингизда борми, бир вақтлар юқорига анонимка тушганди: «олтита ўйнаши бор» деб. Сизни ҳам, раққосаларни ҳам сўроқ қилавериб, энка-тинканингизни қуритишди. Ҳеч нарса исботини топмади, лекин жаҳлингиз чиқиб, раҳбарликни ташлаб кетдингиз. Инсулинга ўтирдингиз. Роса яйрагандим шунда, раҳбарлик бизга қолди деб. Аммо лаънатилар қўллашмади, ансамблдагиларни пишиқтириб кетгансиз чоғи, ҳеч ким мен билан ишлашга рози бўлмади.

− Бунда менинг айбим йўқ, сени хоҳламаган бўлсалар, бир сабаби бордир. Ҳар ким экканини ўради, билмайсанми?

− Ҳа, биз ҳам сизга атаб, бир нарсалар эккан эдик, мана ҳосил бериб турибди. Лекин сиз ҳам мени ўқитган бўлсангиз керакки, юрак ўйноғи бўлиб қолдим. Ҳар юрагим санчганда, буни сиз қилган бўлсангиз керак, деб ўйлайман.

− Бу Худодан қўрқмаганларнинг иши. Шунча йил ёнимда юриб, буни билмадингми?

−Балки, рост айтаётгандирсиз. Ўшанда у дуохон минбаъд ҳеч кимга айтма деганди, мен бўлсам Мутасаддига валдираб қўйдим. Мақтаниш учун эмас, қўрқитиб қўйиш учун айтгандим, мендан ҳадиксираб юрсин, қарши иш қилмасин, дегандим. Лекин юрагим санчадиган бўлди, тилимга ҳам бир бало бўлди, баъзан дудуқланиб қоламан, кўзим ҳам лўқиллаб оғрийди. Лекин буларнинг барчасига сиз айбдорсиз, сиз бўлмаганингизда бу кўчалардан ўтмаган, тинчгина юрган бўлардим.

− Сенинг қалбинг муҳрланган, борини борича кўра олмайсан. Нима тоза, нима кир эканини билиш учун одамнинг юраги тоза бўлиши керак. Бу қилғуликни мен бўлмасам, бошқасига қилган бўлардинг. Асли ёмон асло яхши бўлмас, дейцдилар. Лекиг сен тавба қилиб кўр, истиғфор айла, зора тўғри йўлга тушсанг.

−Қайси йўлга, тўғри йўлгами? Ўзимнинг йўлим тўғри йўл. Маслаҳатингни пишириб е, сени кўргани кўзим йўқ. Мана сенга, мана сенга!..

Пишқа қўлидаги ўткир ханжарни Ҳофизнинг дуч келган жойига санчаверди...

... Қаттиқ оғриқдан Ҳофизнинг кўзлари очилиб кетди. Шунда босинқираганини, буларнинг туш эканини билди. Бирдан Ҳофизни қаттиқ йўтал тутди, ҳушини йўқотди, қайтиб кўзини очмади.

... Олам олам бўлиб аэропорт бунчалик халойиқни кўрмаган эди. Бақо йўлига, ўзи бир умр куйлаган ишқ йўлига кетган Буюк Ҳофизнинг жасадини тумонат одам кутиб олди. Ҳаво йиғлар, еру кўк йиғлар, одамлар ўкрар эдилар. Буюк Ҳофизнинг қўлида бу гал тори кўринмас эди... Ҳайрат, булутлар бағрини ёриб тушган камалак ёғдуси Устоднинг тобутини нурга белади.

Олам қон йиғлар экан, биргина кимсанинг оғзи қулоғига етди. «Хушхабар»ни эшитган Рўзим пишқа хурсанд бўлиб қўлларини ишқади, «Ниҳоят!» деди. Шундай деди-ю, юраги қаттиқ санчиб, узунасига йиқилди. Қоп-қора, даҳшатли махлуқлар уни тубсиз ўпқон сари судраб олиб кетишди...