“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

«БОЛАЛАРИМГА КИТОБ БЕРМАЙМАН...»

«БОЛАЛАРИМГА КИТОБ БЕРМАЙМАН...»

 

Бир курсдош дугонам ўзи ўқимишли қиз бўлса-да, китоб, китобхонлик ҳақида гап кетса, фарзандларимнинг қўлига ҳеч қачон китоб бермайман, дерди хўрсиниб баъзан. Унинг нега бундай дейишини билардим. Бу гапни биринчи бор унинг тилидан эшитиб қолган одам уни китобга меҳри йўқ қиз деб ўйлар, балки. Йўқ, ундай эмасди! У ҳақиқий китобхон эди! Китоб ўқимайдиганлар даврасида узоқ қололмасди сира. Унинг борлиғи, бутун ҳаёти, ҳар бир куни, кечалари ҳам китоб билан боғлиқ эди. Ёстиғининг остида севимли китоби турадиган бу қизнинг нега бундай деганига балки сиз ҳам тушунмаётгандирсиз. У ўқиб уқмайдиганлар, умуман ўқимайдиганлар орасида эркин нафас ола олмасди. Шу холос!

У ўзи ўқиган асарлар қаҳрамонларининг ҳаёти билан ҳақиқий ҳаётни таққослар, баъзан ҳаёт китобдан, баъзан китоб ҳаётдан устун келарди. У ҳаммамиз каби оддий яшамасди. Мутолаа завқи берган хаёлот оламида, ўзининг беғубор дунёсида яшар эди у! Шунинг учун ҳам, бояги гапни бемалол айта оларди, лекин оддийгина қилиб эмас, чуқур хўрсиниқ билан, албатта.

Дарҳақиқат, китоб, китобхонлик масаласига бугун давлат сиёсати даражасида қаралмоқда. Айниқса, ёшларни китобхонликка, мутолаани ҳис қилиш завқига ўргатиш бугун долзарб масалага айланмоқда. Сабаби, китоб ўқиб улғайган қалб юксак маънавиятли шахс бўлиб тарбия топади. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида»ги Фармойиши ҳам бевосита шу йўналишга қаратилганлиги бежиз эмас, албатта.

Ҳаёт қизиқ. Ҳар куни ҳар хил воқеа-ҳодисалар ичидамиз. Бир қарасанг, бу бири кам дунё бозорга, кимдир сотувчи-ю, кимдир харидорга, бу бозордан оламан деб топганинг озорга ўхшайди. Шундай пайтда баъзан ҳалиги дугонамнинг хўрсиниқли гапи ёдимга тушаверади. Шуларни ўйлаб, негадир китоб сотаётган аёл ҳақида ёзгим келди...

 

КИТОБ СОТАЁТГАН АЁЛ

 

Аёл сўзининг ёнига фақат чиройли сўзларни ёзсак, ярашади. Аксинча бўлсачи? Бу ҳақда ёзгингиз ҳам келмайди, очиғи.

Одатий кунларнинг бирида давлат идораларидан бирига иш билан кирдим. Раҳбар билан суҳбат кўнгилдагидек кечгач, суҳбат асносида қолган таассуротлардан ним табассум билан йўлакчадан эшикка томон кетаётсам, шундоққина пойгакдаги китоб растасига кўзим тушди. Завқландим, сабаби, уйдаги, ишхонадаги китобларим орасидан шу кунлардаги руҳиятимга мос бир китоб ахтараётгандим.

Дам олиш куни бўлгани учунми, бугун кетар манзилимга шошилмайгина китоб танлайман, деб аҳд қилдим.

Сотувчи аёл эндигина ишга келган экан, буни ҳали қишки уст-бошини ечиб улгурмаганидан билдим. Саломлашдик. Кўзларим яшнаб кетди. Шундоққина қаршимдаги китоблар орасида мен икки йилдан буён излаб юрган бир китоб турарди. Тезроқ уни қўлимга олгим, ўзимники қилгим келди. Шу завқ билан китобга қўлимни узатар эканман, хали юз-кўзига қарашга ҳам улгурмаганим — сотувчи аёл дабдурустдан қўпол гапириб кетди.

— Нима қиляпсиз, ҳозир манови машинка тушиб кетади...

Мен танлаган китоб столга уч қатор қилиб терилган китобларнинг биринчи қаторида, ўзимга яқинроқ томонда турганди. Терминал билан назорат-касса машинаси эса, учинчи қатордаги китоблар устида, сотувчига яқин жойда турарди.

Унинг қолган гаплари қулоғимга кирмади. Фақат бақир-чақиридан андаккина сергак тортиб қолдим. Бояги завқу шавқимдан асар ҳам қолмади. Бунақа муомалани бозордаги пистафуруш ҳам қилмасди. Сабаби, кўп кузатганман, одатда, одамлар пистани ҳеч бўлмаса бир дона чақиб кўриб олишади. Китоб эса, албатта, бир вароқлаб, танланади. Бу ёзилмаган қоидага сотувчилар ҳам, харидорлар ҳам кўникиб кетишган. Яшин тезлигида бир ҳолат кўз ўнгимдан ўтди. Пойтахтимиздаги марказий универмагдан ўтиб, метро бекатига кетаверишдаги дарахтзор оралаб боришда қанча-қанча китоб расталари бор. Сотувчиларининг кўпи русийзабон. Улар қалин-қалин жилдли китобларни ўқиб ўтиришади. Агар ярим соат китоб танласангиз ҳам, парво қилишмайди. Сизга китоб тавсия қилишади, жилмайиб қўйишади гап орасида.

Шулар ҳақида ўйлаб-ўйламай, ортга икки қадам босдим индамайгина, таънали гаплар эса, тугай демасди. Эшикдан кираверишда турган икки осойишталигимиз посбони бир менга, бир аёлга ҳайрон қараб қолишди. Нимадир қилишим керак, шунча гап-сўзни елкага ортиб айбдор бир алфозда индамайгина кетиб бўлмасди.

— Опажон, бу китоблар сотиладими ўзи? — дедим базўр ўзимда куч топиб. Ўша маҳал ичимга ютганим ғазабу нафратдан бутун вужудим, оёқ-қўлим титраб, юрагим ёниб кетаётган бўлса ҳам, ўзимни босиб, аёлнинг гапларига парво қилмайгина сўрадим.

Ахир, ахир... мен орзу қилган китобимни топгандим-да!

Хуллас, жавоб кўнгилдагидек бўлмади.

— Ҳа, сотилади!!! Шошмасангиз, қўполлик қилмасангиз, сотилади!!! — дўриллаган овоздан баттар бўғилиб кетиб, тезроқ бу ердан кетиш кераклигини тушундим.

Ким қўпол ўзи, сира тушунмадим. Сабаби, ҳали китобни қўлимга олмаган ҳам эдим. Ёнмачасига тахланган китоблардан ўзим орзу қилган китобимга қўлим тегиб-тегмагандиям ҳали.

Ташқарида қор ёғаётгани учун шарфимни ўраб, қалпоқчамни бошимга бостирар эканман, ичкаридаги ҳаво ташқаридагидан ўн чандон совуқлигини ҳис қилдим.

Бу орада ҳалиги аёл посбонларга эшиттириб атайин бақир-чақир қиларди.

— Опажон, сиз китоб сотаяпсиз, бозорда эмассизку... — деганимни биламан...

Китоб сотаётган аёл эшикдан ҳайдаб солмасин деб кетақолдим. Қўрқдим, рости, қўрқдим, нимадан қўрқардим... ўзим ҳам билмайман.

Бошқа гапга ҳожат йўқ эди бу ерда.

Бўралаб ёғаётган оппоқ қор қоп-қора қалпоғимни оқартириб, мени қорқизга айлантириб қўйгунича, совуқ ҳавода сайр қилдим. Бирпас ўзимга келдим. Сабаби, китоб сотаётган аёл китоб ўқимаслигини, ундан ранжиш эса, менинг ишим эмаслигини тушунгандим.

 

Гулбаҳор ОРТИҚХЎЖАЕВА,

«Адолат» нашриёти муҳаррири