“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

Расул ҲАМЗАТОВ. БИЗ — ОНА ДАРАХТИНИНГ НОВДАЛАРИМИЗ

Расул ҲАМЗАТОВ,

авар шоири

БИЗ — ОНА ДАРАХТИНИНГ НОВДАЛАРИМИЗ

 

Мен қадимий Анди овулида мумтоз шеъриятимиз асосчиларидан бири Тожутдин Чанка хотирасига бағишланган тадбирларда иштирок этдим. Аслида тоғликлар ҳузурига бориш мен учун янгилик эмас. Лекин бу сафар кўрганларим ва атрофимда кечган воқеа-ҳодисалар менга жуда қаттиқ таъсир қилди. Тамоман ўзгача ҳис-туйғуларни бошдан кечирдим, бу ҳолатимни ҳаяжондан ёки мамнунликдан деган сўзлар тўлиқ ифода эта олмайди. Оппоқ чўққиларга қараганимда, қоя ва даралар, қадрдон қиёфаларни кўрганимда, дарёларнинг майин шивири ва она тилимдаги сўзларни эшитганимда юрагим тўхтаб қолгандек бўлди...

Она!.. Оналик... Юрагим тўхтаб қолгудай бўлишига сабаб, қадрдон тоғларимни, жонажон масканларимни Онам кўзлари билан кўрдим, Онам меҳри билан қил томирларимгача ҳис қилдим.

Ажабланарлиси, бутун сафар давомида авар сўзлари, авар қўшиқлари билан бирга, “Биз тақдирнинг зарбаларидан ўзимизни четга олмадик”, мисраси ҳам қулоғим тагида жаранглаб турди. Биламан, Анна Андреевна Ахматова мард­лик тараннум этилган бу мисрани оналарга бағишламаган. Агар мисранинг мазмун-моҳиятига теран боқсангиз, дунё­да фақат оналаргина шундай мард­лик-қаҳрамонликка қодир эканлигига амин бўласиз. Ер юзида оналаргина ҳаётни давом эттириш, фарзандлар кўриш, мени, сени, уларни улғайтириш, тарбиялаш учун тақдирнинг барча зарбаларига кўксини қалқон қиладилар. Ахир, оналар қалби меҳр-мурувват кўрсатишда чегара билмайди.

Бир неча йил илгари “Правда” газетасида чоп этилган Қаҳрамон она Нина Мигалюкнинг кўнгил дардларига муносабат билдиргандим. Сезган бўлсангиз керак, у ўзининг муаммолари, турмуш ташвишлари, оиласининг нафақат моддий, балки маънавий мададга ҳам муҳтож эканлиги тўғрисида ёзганди. Бу менга нотаниш бўлган жафокаш аёлнинг қалб нидоси эди. Менимча, теграмиздаги ижтимоий ҳолатни сўздагина эмас, амалда тўлақонли ҳис этиш вақти аллақачон етиб келди. Ахир, оналар бизни баландпарвоз шиорларга, қуруқ ваъдаларга, сирти ялтироқ сўзларга, иқтибосбозликка ўргатган эмаслар, улар бошимиз узра майин аллаларни оҳиста куйлашган...

Эрта англанган ҳақиқатлар вақт ўтган сайин катталашиб борар экан. Чунки ўзим ҳам баъзан илгарига нисбатан каттароқ дард билан одамзотнинг феълига сира тушуниб бўлмас экан, дея маъюс хаёлга толаман: ҳар доим бизга бор меҳр-муҳаббатини берган азиз кишиларимизга шундай меҳр-муҳаббат кў­р­сатмаймиз, негадир кўнглимиздаги ҳис-туйғуларни изҳор этишга тортинамиз, меҳрибонларимиз қадрини уларни йўқотганимиздан кейингина англаб етамиз.

Эҳтимол, бундай мантиқсизликда ҳам қандайдир қонуният бордир?! Ҳали-ҳануз қалбимни афсус-армонлар, аччиқ хотиралар тирнайди — мен ҳам онамга юрагимда асраган сўзларни унинг вафотидан кейин ёздим. Бу “Оналарни асранг” достони — тавба-тазарру, муножот достони. Онамни хотирлаб бўзлар эканман, кўплаб оналарга, тўғрироғи барча оналарга хос фазилатларни қоғозга туширдим.

Достон кўпчиликда фикр-мулоҳаза уйғотди. Хусусан, марказий ёшлар газетасида ҳис-ҳаяжонга тўла қатор фикр-мулоҳазалар, аниқ таклифлар билдирилди. Ҳолбуки, “Оналарни асранг” достонини ўзим ўйлагандек ёздим деб айта олмайман. Шунга қарамасдан, неча миллионлаб одамлар достонни юрагига яқин олишди? Ўйлашимча, бу мавзудаги дос­тоннинг ўз вақтида ёзилганида. Мулоҳазалар, фикрлар, дардлар одамлар юрагида тўпланиб қолганди, улар достонни ўқишлари билан юзага қалқиб чиқди. Ахир, тоғда қор кўчиши учун битта ўқнинг узилиши кифоя.

Достонга билдирилган фикр-мулоҳазалардан билдимки, уларнинг қалбида оналарига нисбатан меҳр тўла, оналарига бўлган чексиз меҳрини айтишни исташади, ҳатто онасининг тинчлиги, хотиржамлиги учун жонини ҳам беришга тайёр, лекин ҳис-туйғуларини айта олишмайди.

Менда ҳам шундай бўлганди. Афсуски, кўп вақтим сафарларда кечгани учун онамнинг ҳузурига кам борардим, ҳатто онамнинг сўнги куни пойида ўтириб видо сўзларини, васиятларини эшитиш менга насиб этмади, ўша вақтда олис Японияда эдим...

Мен ўша вақтда ҳам англаб етгандим, ҳозир эса янада чуқурроқ ҳис этдим: ҳамма-ҳаммаси Онадан бошланади! Уларда меҳрибонлик, хушфеъллик, ўзгалар дардини ҳис қилиш ва кечиримлиликнинг чексиз манбаси мавжуд. Оналар — замин таянчи. Уларнинг меҳр-шаф­қати, ҳаётсеварлиги, холисона ёрдамга шошилиши одамзот наслини яратади, кўпайтиради ва мустаҳкамлайди.

Тоғликлар айтишади: отадан айрилиш — ярим етимлик, онадан айрилиш — чин етимлик. Халқда яна шундай нақл бор: етимга кимдир оталик қилиши мумкин, лекин онасининг ўрнини ҳеч ким босолмайди. Онасиз ўчоқда олов ўчади, уй емирилади. Оналар алласидай юракларга етиб борадиган қўшиқ дунёда йўқ. Диндор кишилар бежиз таъкидлашмайди: фақат оналарнинг илтижоси Яратганга тўла-тўкис етиб боради.

Энг ишонарли қасам — она номи билан қасам ичиш, энг ёмон сўкиш — она номини қўшиб сўкиш. Онадан бошқа она йўқ. У ер, сув, осмон каби ягона, шунинг учун азиз-мукаррам.

Одамларда ярамас иллат ҳам бор: уларнинг энг тубани, энг ахлоқсизи — онани сўкиш. Илгари Доғистонда онани сўкиш, она шаънига ёмон гап айтиш кечирилмасди, бундай кимса ё ўқ, ё ханжар билан жазоланарди. Аксинча, жанжаллашаётган, урушаётган тоғликлар ўртасига оналар рўмолини ташласа, хунрезликлар тўхтарди.

Инсониятнинг оналарга муносабатида энг нозик ҳис-ҳаяжон ва юксак ҳурмат мужассам. Аслида онадан миннатдор бўлмаслик — қабиҳлик, онадан миннатдор бўлмаслик — уят. Мен онасининг юз-кўзини унутган, ҳашамдор уйининг тўрига онасининг суратини қўймаган кимсаларнинг виждонли эканига ишонмайман.

Француз драматурги Пьер Бомарше таъкидлаганди: ҳар бир одам — қайсидир онанинг фарзанди. Дарҳақиқат, онанинг тарбияси фарзандни одам қилади, фуқаро ва шахсга айлантиради. Мен бош­қа омилларни инкор этмаган ҳолда фарзанд тарбиясида онанинг ўрни бирламчи деган фикримда қатъий тураман. Сизга кўрсатилган чексиз меҳрга меҳр билан жавоб қайтариш ва миннатдорлик туйғусидан қалбингиз кар бўлиб қолмаган бўлса, бир умр қулоғингиз тагида онангизнинг алласи жаранглаб туради.

Улғайган фарзандлар ширин хаёллар билан яшайдилар, оналар эса фарзандларини ҳар доим ҳамма жойда оқилона, одилона ва ҳалол йўлни танлайди деб ўйлайдилар. Фарзандлари тўғрисида ёмон сўз эшитиш оналарга ҳаддан зиёд ранж-азоб беради. Оналар юраги нозик, сезгир ва сабрли. Шунинг учун Бальзак: “Миллатнинг келажаги ўзларининг шарафли вазифаларини бажараётган оналарнинг қўлида”, – деб айтганди.

Мен бу фикрга тўлиқ қўшиламан ва ишончим комил, давлатни бошқариш фарзанд тарбиялашдан осонроқ, чунки давлатни бошқаришнинг ёзилган қонунлари бор. Бизга юксак тушунчалар ва фазилатлар мажбуран эмас, она сути ва она тилимиз орқали сингади.

Она сабоғи юзлаб яхши ўқитувчилар таълим-тарбиясидан устун, фарзанди касал бўлиб қолганда онанинг меҳри юзлаб яхши врачларнинг муолажаларидан кўпроқ малҳам бўлади. Афсуски, вақт зиқлигини, турмуш ташвиши ва иш кўплигини баҳона қилиб, биз оналаримизга мактуб ёзмаймиз, касал бўлиб қолса, учиб етиб бормаймиз, туғилган кунида гуллар бериб, қучоқлаб табрикламаймиз, уни шундай кунда ёлғиз қолдирамиз, ҳатто икки энлик табрик жўнатмаймиз. Биз оналаримизни улар ҳақимизга дуо қилиб турганлари учун ҳам севиб қадрлайлик, буни фарзандлик бурчи деб билайлик.

Дунёдаги биринчи аёл фазогир Валентина Терешкова коинотдан қайтган лаҳзани ҳали-ҳануз юрак-юрагимда сақлайман. Мухбир ундан сўради: “Ерда кимни кўришни кўпроқ истадингиз?” У жавоб қайтарди: “Онамни!” Бир куни у билан учрашганимда одатий савол бердим: “Ишларингиз қандай?” Валя оғир хўрсиниб жавоб қайтарди: “Онам бетоб”. Қаранг, Ер юзидаги машҳур инсоннинг қувончи ҳам, изтироби ҳам онаси билан чамбарчас боғлиқ. Менинг наздимда, унинг бу фазилати коинотдаги қаҳрамонлигидан ҳам кўпроқ ҳурматга лойиқ. Аслида ҳар қандай она бизни дунёга келтиргани, оёққа турғизгани ва эл қаторига қўшгани учун ҳурмат-иззатга сазовор.

Менинг онам Хандулай ҳам ўқиш-ёзишни билмайдиган тоғлик аёллардан бири эди. Тўрт нафар ўғил фарзандни дунёга келтирди, улардан иккитаси Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлди. Яна қиз фарзандни вояга етказди, у қўшниларга яхши қўшни, қариндошларга ҳамдард ва оқибатли қариндош, шодликлардан қувонадиган, кетганларни йиғлаб кузатадиган аёл бўлиб улғайди.

Мен таъна-танқидларни эслашни ёқтирмайман. Лекин айнан шу мавзуга боғлиқ бўлгани учун айтай: “Оналарни асранг” достонини ўқиган айрим юртдошларим, танишларим, уларни онам ўзига яқин олиб уйимизда меҳмон қилганига қарамай давлат бошлиқлари хоналарида, бошқа жойларда “Расул онасини бунча мақтади?” дея тиржайишибди, “Онаси ким ўзи? Ишда илғорми, стахановчими, қаҳрамонми?” дея ўзларича елка қисишибди. Менинг онамга бўлган муҳаббатим ва кечиккан тавба-тазарруимнинг моҳияти ҳам шунда — Онам оддий аёл эди, ўша ғалати замонда ва инсонлар тақдири ғалати ҳал қилинган тузумда тоғликларга хос феъл-атворини, аёллик шаънини сақлаб қолди ва оналар зиммасига тушган вазифани садоқат билан бажарди. Мен онам шундай бўлгани учун фахрланаман, у бошқа миллионлаб оналар каби шошмасдан, ортиқча сўз демасдан, бақир-чақир қилмасдан ўз ишини қилди, тоғлик оилаларнинг азалий анъаналарини давом эттириб, уйимиз ўчоғидаги оловни сўндирмади. Эҳтимол, шунинг учун онамдан айрилганимдан кейин руҳим тушиб кетди, гўё уйимиз бўм-бўш бўлиб қолди.

Иккинчи жаҳон урушининг қонли жангоҳларига етти ўғлини жўнатган осетиялик она ҳам, тўққизта паҳлавон ўғлининг урушдан қайтишини интизор кутган кубанлик деҳқон она ҳам ҳеч бир жиҳати билан ўзгалардан ажралиб турмайдиган оддий оналар эди. Ўзбекистонлик пахтакор она урушда етим бўлиб қолган минглаб болалардан ўн нафардан зиёдини асраб олиб, бутун дунёга она бағрикенглигининг чексизлигини намоён этди...

Ўтмиш хотираларини алам билан эслаш, яна қайта бошдан тўлақонли ҳис қилиш — фарзандлик бурчим. Айни дамда ҳам қаердадир уруш давом этаётгани учун инсоният келажагига хавотир билан назар ташлаяпман, қалбим безовта. Баъзан ўйга толаман, Худо бизга беролмаган нарсаларини етказишни оналар зиммасига юклангандир. Она — биз учун Ер юзида Худонинг ваколатли инсони. Улар бизнинг ҳам яратувчимиз, ҳам посбонимиз. Шу боис оналарга ҳеч замонда осон бўлган эмас.

Шу лаҳзада қалбимни аччиқ хотиралар тирнаяпти. Мен навқирон давримдан хориж сафарларига чиққанман. Ўзга ўлкаларда кўплаб мўъжизаларни кўрдим, лекин йўлимда дуч келган оналарига суяниб турган озғин болалар бир бурда нон сўраб илтижо қилганда юрагим узилиб тушгудай орзиқиб кетарди. Бу болаларнинг оналари қашшоқлик ва фақирлик олдида ночор, бутунлай ҳимоясиз. Энди эса, “коммунистик жаннат”ни кута-кута толиққан бизнинг болаларимиз ҳам қийин кунларни бошдан кечирмоқда. “Она” дея болалар остонага чопқиллаб чиқиб уларни кутиб олишади, лекин ҳамма оналарнинг қўлида нон бор эмас. “Она” деб гўдак чирқиллаб йиғлайди, лекин ҳамма оналарнинг кўкрагида сут бор эмас. “Она” деб бемор болалар илтижо қилишади, лекин ҳамма оналарнинг дори-дармон олишга, фарзандининг ҳаётини сақлаб қолишга имкони йўқ.

Тан олиш нақадар оғир, юзлаб оналар қариялар уйидан паноҳ топишган, сочига оқ тушган оналар меҳр-шафқат ошхоналарида зор туришибди...

Аёллар бозорда, арзон озиқ-овқат, мева-чева сотиладиган жойда навбатда, тиқилинч автобусда ишга қатнаган, чипта сотиладиган вокзал бўлмасида. Уларга ҳозирги шафқатсиз даврнинг исканжасида оналик фазилатларини сақлаб қолиш осонми?

Онасига овозини баландлатаётган, қўлини кўтарган, бир бурда нонни таъна билан берадиган фарзандлар йўқчилик йилларини ва оналарнинг чексиз сабр-бардошини эсга олиб туришлари керак.

Эҳтимол, кўпчилик томонидан қабул қилинадиган тушунчаларга сиғмайдиган фикр билдирарман: Ватан ҳимоячилари, қаҳрамонлар, буюк олимлар, улуғ шоирлар ҳайкаллари ёнига уларнинг оналари ҳайкалларини тикласак айни муддао бўларди. Чунки қаҳрамонни ҳам, даҳони ҳам оналарнинг беназир меҳри эркалаб улғайтирган. Биз — она дарахтининг новдаларимиз.

Оналар олдидаги узиб бўлмас қарз, уларнинг ўчмас хотиралари тўғрисида “Оналарнинг аллалари” туркум шеърларимда, “Аёллар қўлини ўпаман” достонимда ёзганман, оналар излаган ҳаёт қувончларини “Аёллар ороли”да топганини армон билан қаламга олганман, оналарнинг қора рўмоли ва уларнинг ойдин қўшиқлари тўғрисида кўплаб шеърлар битганман.

То ҳаёт ипим узилмас экан, оналар ҳақида ёзганим ёзган. Бу мўътабар оналарни шарафлашгина эмас, оддий инсонийлик бурчим, бир фарзанднинг миннатдорлик туйғуси.

Мен бу мавзуда аниқ таклиф киритмоқчи эмасман, фақат сўрамоқчиман: “Мамлакатимизда Оналар кунини таъсис этиш вақти келмадими?” Чунки бу мавзуда илгари ҳам ёзганман ва эзгу ғоя жамоатчилик томонидан қўллаб-қувватланганди, лекин расмий доиралар ҳанузгача сукут сақлашмоқда.

Муҳими, ҳеч ким оналар байрами ғоясига эътироз билдирмади, фақат айримлар унда диний анъаналарни кўришди, баъзи бирлари халқаро хотин-қизлар куни борлигини рўкач қилишди.

Тўғри, 8 март ҳам яхши байрам, бунинг устига халқаро байрам. Лекин менга бу кун қуруқдай, қандайдир мажбурлаб киритилган тақвимий мажбуриятдай туюлади. Эсимда, Кубада оналарга бағишланган байрам чуқур таассурот қолдирганди. Японияда йигирма ёшлиларнинг Ой билан сирлашиш куни нишонланади. Бизнинг Доғистонда мунтазам равишда Биринчи дон сепиш байрами, Гуллар байрами, Гилос гуллаганда байрами, Ҳосил байрами ўтказилади. Уларнинг барида ҳаёт нафаси, инсонийлик, она табиат ва ўзлигимизга хос хусусиятлар бор.

Бир неча йилдан буён Доғистонда Оналар байрамини нишонлаб келаяпмиз. Бу байрам тобора оммалашиб бормоқда. Бир сўз билан айтганда, жамоатчилик инсонийликка тааллуқли байрамларни кўпроқ ёқтиради. Оналар байрамида айнан инсоний бағрикенглик мужассам, унга мафкуравий, диний ва миллатчилик ғоялари бегона.

Балки қизиқарсиз: нега Ҳамзатов оталар ва уларнинг ҳаётда тутган ўрни ҳақида лом-мим демаяпти? Шукурки, мен оталардан ҳам чексиз миннатдорман. Оталар — уйимиз посбони. Ишончим комил, оталаримизнинг биздан кўнгли тўларди ва жуда миннатдор бўларди, агар биз оналаримизга яхши муносабатда бўлсак, уларни қадрласак, турмуш ташвишларидан асрасак, вафот этганларининг қабрини зиёрат қилиб турсак.

Мен ҳеч қачон отамнинг васиятини эсдан чиқармайман. “Мен ҳамма нарса бор, ҳимоямиз таъминланган жойга кетаяпман, – деган эди отам. – Сен энди уйнинг каттасисан, онангни ранжитма ва уни ранжитишларига йўл қўйма. Онангни асра, ўзингнинг ўйламай айтадиган гапларинг ва ҳар хил қилиқларинг билан онангнинг шундай ҳам қисқа умрини қисқартирма...”

Йиллар ўтиб бораяпти, ёшим ҳам бир жойга бориб қолди, лекин отамнинг васия­ти қулоғим тагида жаранглаб турибди, қон-қонимгача сингиб кетган, юрагим уришига мос равишда ҳамон садо беради. 

Русчадан Асрор МЎМИН таржимаси