“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

КАМАЛАКДАЙ РАНГИН ИЖОД

Тўйхат

КАМАЛАКДАЙ РАНГИН ИЖОД

Бобохон Муҳаммад Шариф ўзбек адабиёти, санъати ва маданиятининг долзарб масалаларига оид ўн бешдан зиёд китоб, рисола ва юзлаб мақолалар эълон қилган олимдир. «Ҳақдан халққа» китобида мунаққиднинг адабий-эстетик қарашлари ёрқин ифодасини топган. У ўз мақолаларида адабий асарларга юксак бадиийлик нуқтаи назаридан ёндашганига гувоҳ бўлишимиз мумкин. Бобохон Шариф фақат адабиётшуносгина эмас, тарих, рассомлик ва мусиқа санъатидан ҳам бохабар зукко, изланувчан ва ўқувчига ҳамиша бирор янгилик беришга интилувчи олим сифатида ҳам қалам тебратиб келмоқда. Чунончи, у атоқли рассомлар Рўзи Чориев ва Тўра Қурёзов ижоди ҳақида мазмундор мақолалар эълон қилди. У Комилжон Отаниёзов ижодини узоқ йиллар мобайнида ўрганди, йигирма йиллаб материаллар йиғди ва натижада 2017 йилда «Мен кетарман ишқнинг йўлина». Комилжон Отаниёзов руҳияти, ижоди ва муҳитининг ҳолу хатти» китобини яратди.

Бобохон Шарифнинг ноширлик фаолиятининг ўзи бир дунё. Республикамизнинг кўпгина номдор ноширлари, муҳаррирлари уни ўзларига устоз деб билишлари бежиз эмас. Унинг ҳаёти китоб билан боғлиқ ҳолда кечиб келмоқда. У қарийб чорак аср давомида турли нашриётларга раҳбарлик қилди. Айниқса, Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётига директор бўлган даври жуда сермаҳсул бўлган. У жаҳонга машҳур Франкфурт китоб кўргазмасида қатнашган биринчи ўзбек ношири бўлди. Матбаа ва ноширлик ишида чет эл илғор технологиясини юртимизга келтириш, илғор тажрибаларни ўзлаштириш ташаббускорларидан бири бўлган Бобохон Шариф «Ўзбек китоби ва жаҳон» мақоласида болаларнинг маънавий дунёсини бойитадиган китоблар билан бирга ақлий, интеллектуал қобилиятини ўстирадиган китоблар ҳам нашр этиш заруриятини ўртага қўйди. Кейинчалик ўзи шу заруриятга жавоб тариқасида 7‒14 ёшдаги болаларнинг интеллектуал қобилиятини ўстириш учун «Ақл ўйинлари» китобчалар сериясини тайёрлади ва нашр қилдирди.

Бобохон Муҳаммад Шариф ўзбек адабиётини чет элларда тарғиб қилиш борасида энг пешқадам адабиётшунослардан биридир. Туркия, Озарбойжон, Қиб­рис, Туркманистон матбуотида, нуфузли журналлар ва илмий тўпламларда у ўнлаб мақолалар эълон қилди. Уларда ўзбек шоир ва ёзувчилари ҳаёти ва ижоди, асарларининг моҳияти танлаган мавзусидан келиб чиққан ҳолда чуқур таҳлил этилган. Унинг Туркия, Озарбойжон, Туркма­нис­тон, Ироқ, Эрон, Қибрис ва бошқа чет мамлакатларда эълон қилган айрим мақолаларида асарларни адабиёт ва ижтимоий фикрни ривожлантиришга хизмати нуқтаи назаридан таҳлил қилади ва муҳим хулосалар чиқаради. Бобохон Шариф мамлакатимиз ва хорижда моҳир таржимон сифатида довруқ қозонган. У рус, турк ва озарбойжон тилларидан қирқдан ортиқ асарни ўзбекчага таржима қилди. У, айниқса, турк адабиётининг энг пешқадам таржимонларидан биридир. Рашод Нури Гунтекиннинг тўртта романи, Умар Сайфиддиннинг танланган ҳикоялар тўп­лами, Қибриснинг машҳур ёзувчиси ва давлат арбоби Исмоил Бўзқуртнинг «Мангал» романи ва ҳикоялари, Суот Дарвишнинг «Фосфорли Жаврия» романи, бугунги турк адабиётининг энг пешқадам ёзувчиларидан бири Явуз Баҳодирўғлининг «Хоразм ўт ичида», «Алвидо, Хоразм», «Малазгирдда жума сабоҳи», «Султон Салоҳиддин» романлари Бобохон Шариф туфайли ўзбек ўқувчиларининг ҳам кўнгил мулкига айланган. Тил билишнинг ўзи таржима қилиш учун етарли асос бўлолмайди. Бобохон Шариф таржима жараёнида муҳимни кераксиздан ажрата оладиган, ёзувчи концепциясини теран англайдиган мутаржимдир. Унинг ўзи бу ҳақда шундай дейди: «Шеърият таржимони муаллифнинг рақиби, наср мутаржими аслиятнинг қули, деган гап бор. Бу гапни тўла тўғри деб бўлмайди. Маҳоратли наср таржимони ҳам муаллиф билан рақобат қила олади, уни ўз она тилида булбулдай «сайрата олади». Зотан, таржима – санъат. Ўзга тилни билишнинг ўзи етарли эмас, ўз тилининг бой имкониятларини ишлата олиш, муқобил гўзал ифодаларни қўллаш ғоят муҳим».

Биз Бобохон Шарифнинг таржималарини кузатар эканмиз, ўзи шу қоидаларга қатъий амал қилганига шоҳид бўламиз. У Парвин ҳикояларини таржима қилар экан, асар нафосатини ўз тилида бутун нозиклиги билан ифодалашга муваффақ бўлган. Чунончи, «Самир учун...» ҳикоясида ёзувчи қаҳрамон тақдири орқали кишини азиятларга, маънавий азобларга гирифтор этадиган муҳитдан қочиш эмас, уни ўзгартириш кераклигига ишора қилган. Мутаржим ёзувчи концепциясини илғаган ҳолда бу фикрни ўзбек ўқувчисига етказа олган. Ёки «Gucci Фатош» ҳикоясининг кинояга йўғрилган услубини таржимон ўзбекча муқобилини топишнинг уддасидан чиққан ва маҳорат билан таржима қилган. Бу фикрни бошқа ҳикоялар ва «Балерина» киноқиссасига нисбатан ҳам айтиш мумкин. Англашиладики, таржимон асарлар таржимасида нафақат тилни, балки таржима қилинаётган халқ руҳиятини ҳам чуқур билиши сезилиб туради. Шу билан бирга, мазкур мақолада у Парвин китобининг туркча таржимони Имдат Авшарнинг ютуқлари билан бирга, камчиликларини ҳам асосли равишда кўрсатиб ўтган. Бобохон Шариф бундай деб ёзади: «Жумла маъносини ёрқинроқ ифодалаш учун аслиятда бўлмаган сўзни аслият маъносини бузмаган ҳолда ишлатса бўлади, лекин аслият матнида бўлмаган бутун бошли жумлаларни киритиш мақбул эмас. Чунки, матнни нақадар яхшилашга хизмат қилмасин, бундай ҳол ёзувчи услуби, ўзига хослигига путур етказади. Парвин асарлари таржимасида Имдат таржиманинг бу «олтин қоидаси»дан чекинган ҳоллар учрайди. Масалан, таржимон «Фиона» ҳикоясининг аслиятида «Ким билади, машиналар неча марта тиқилиб қолди» жумласини ўзидан қўшган. Тўғри, бу жумла машиналар тирбанд бўлган Бокуни кўз олдимизда яққол гавдалантиради, лекин ёзувчи бу жумлани мутлақо ишлатмаган». Умуман, бу мақола таржимашунослар учун яхши бир сабоқ вазифасини ўташи шубҳасиз.

Биз юқорида олим, ношир, мутаржим Бобохон Шарифнинг тақдир ва таҳсинга сазовор фаолиятининг асосий йўналишларига тўхталиб ўтдик. Бугунги кунда устоз мақомига кўтарилган Бобохон Муҳаммад Шариф серқирра фаолияти билан ёшларга ўрнак бўлиб келмоқда ва бу фаолият адабиёт боғида янги мевалар бериши шубҳасиз.

 

Бахтиёр НАЗАРОВ,

ЎзФА академиги,

филология фанлари доктори,

профессор

 

Гулноз САТТОРОВА,

филология фанлари номзоди,

ЎзФА Тил, адабиёт ва фольклор институтининг катта илмий ходими