“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

МИЛЛАТ ШОИРИ ЭДИ

 

Камина кейинги даврда мамлакатимизда ташкил этилган ижод мактабларининг аксариятини зиёрат қилишга мушарраф бўлдим. Айниқса, Қарши шаҳридаги Ўзбекистон Қаҳрамони, Халқ шоири Абдулла Орипов ижод мактабида таҳсил олаётган навқирон истеъдод эгалари билан бир неча бор қизиқарли суҳбатлар уюштирганимиздан ғоят мамнунман.

ХХ асрнинг 60-йилларида миллий адабиётга ўзининг ўктам овози билан кириб келган ҳассос замондошимиз ва атоқли шоиримиз Абдулла Орипов шеърияти даврнинг “музлаган шуур”ини калом нури билан ёритиб юборди. Шу нуқтаи назардан, Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Қарши шаҳрида Абдулла Орипов номидаги ихтисослаштирилган мактаб-интернат ташкил этилиб, у ерга шоир ҳайкали ўрнатилгани айни муддао бўлди.

Бугун Абдулла Орипов номидаги ушбу нуфузли мактабда шаҳар ва туманлардан қабул қилинган адабиётга меҳри баланд ўқувчилар таҳсил олмоқда. Ҳар гал ана шу иқтидорли ёшлар билан учрашганимда, раҳматли Абдулла аканинг навқирон даври эсимга тушади.

Касб-коримиз турлича бўлса ҳам, Абдулла Орипов билан қалин дўст, маслакдош эдик. Катта-кичик йиғинлар, тадбирларда бирга қатнашардик, хорижий мамлакатларга ташрифларда ҳам бирга бўлардик. Бу ҳақдаги хотираларим 2018 йили нашрдан чиққан “Буюклар каҳкашонида” номли ҳужжатли қиссам ва 2009 йили чоп этилган “Гўзал Италия, мафтункор диёр” сафарнома-китобимда муфассал баён этилган.

Бугун ушбу ёдномаларни яна эсга олганим бежиз эмас. Чунки таниқли ҳуқуқшунос олим, академик Акмал Саидов билан шоир Ғулом Мирзонинг яқинда нашр этилган “Сен баҳорни соғинмадингми?..” номли китоби бунга туртки берди.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ташаббуси асосида ва “Ижод” жамоат фонди ҳомийлигида “MASHHUR-PRESS” нашриёти томонидан чоп этилган ушбу китобда ҳар икки муаллифнинг устоз Абдулла Орипов ҳақидаги хотиралари жамланган. Унга Ўзбекистон халқ шоири, Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид масъул муҳаррирлик қилган.

Китобни мутолаа қилиш асносида эътиборимни тортган дастлабки муҳим жиҳат – асар мазмун-мундарижасининг ниҳоятда кенглиги ва ранг-баранглиги бўлди. Китобнинг биринчи қисми “Абдулла Орипов сийрати” деб номланибди. Бу номни танлашда Абдулла аканинг “Сурат ва сийрат” шеърига таянилгани диққатимни тортди. “Улуғ шоиримизнинг бахтли кунларида бирга қувониб, ғамгин дамларида ҳам ёнларида бўлганим менга у кишининг сийратига теранроқ назар солиш имконини берган”, деб таъкидлайди Акмал Саидов.

Ушбу қисмдан узоқ йиллар Олий Мажлис депутати сифатида ардоқли шоиримиз билан бирга фаолият юритган, ҳаётда доимо ўзаро дўстона муносабатда бўлган инсон – Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси академиги, юридик фанлар доктори, профессор Акмал Саидовнинг севимли шоиримиз билан қарийб ўттиз йиллик мулоқотлари асносида қоғозга туширилган эссе, мақола ва хотиралари жой олгани ҳам бу фикрни яққол тасдиқлайди.

Нега деганда, Акмал Саидов мустақил Ўзбекис­тон Республикаси Давлат мадҳиясининг тайёрланиши ва қабул қилиниши билан боғлиқ тарихий жараёнларнинг бевосита ичида юрган кам сонли юртдошларимиздандир. Шу маънода, у кишининг бу ҳақдаги хотираларини архив ҳужжатлари билан қиёслаган ҳолда, “Мус­тақил давлатимиз мадҳияси қандай яратилган?” номли фаслда атрофлича баён этгани таҳсинга муносибдир.

Академик А.Саидов чуқур талқин этган яна бир муҳим мавзу – Амир Темур сиймосининг Абдулла Орипов ижодидаги инъикоси масаласидир. Муаллиф ушбу мавзуни ҳар қандай адабиётшунос ва тарихчи олимга ибрат бўладиган даражада чуқур ва асос­ли очиб берган, десак, асло муболаға бўлмайди. Севимли шоиримиз Амир Темир номини илк марта 1964-1970 йиллар оралиғида ёзиб тугалланган “Ўзбекистон” қасидасида “Забтга олиб кенг Осиёни, Бир зот чиқди мағрур, довонгир” каби мисраларда ифода этгани жасорат эди. Истиқлол йилларида Абдулла Орипов Амир Темур сиймосига баралла мурожаат қилиш имкониятига эга бўлди. Бу даврда атоқли шоир “Соҳибқирон” достонини, шунингдек, “Темур боғлари”, “Темур тоши”, “Оқсарой” каби шеърларини ҳам ёзди. Бу манзумаларда Соҳибқирон аждодимиз сиймосининг турли сифатлари маҳорат билан тараннум этилган.

Акмал Саидовнинг хотираларида Абдулла Орипов ва Алигьери Данте мавзуси алоҳида, янада қамровдор ўрин эгаллаган. Айниқса, ҳассос ўзбек шоири Абдулла Орипов машҳур итальян шоири Алигьери Дантенинг “Илоҳий комедия” асарини улкан маҳорат билан таржима қилиб, халқимизни бу шоҳ асарни ўз она тилларида ўқишга муяссар этганининг туб моҳияти илмий-маърифий негизда тадқиқ этилгани эътиборга лойиқдир.

“Сен баҳорни соғинмадингми?..” китобининг “Жондек азиз хотира” деб номланган иккинчи қисмига ардоқли шоиримизнинг кўпсонли шогирдларидан бири Ғулом Мирзо қаламига мансуб эссе, мақола ва суҳбатлар жамланган. Ғулом Мирзо ўз устози бошлаб берган мавзуни изчил давом эттирган ҳолда Амир Темур сиймосининг Абдулла Орипов ижодидаги талқинини янги чизгилар билан тўлдиришга интилиб, шоирнинг “Темур”, “Қарши қўшиғи”, “Хатолар”, “Темур тоши” шеърлари ва “Ўзбекис­тон” қасидаси ўзига хос илмий-адабий нигоҳдан ўтказилган.

Абдулла Орипов шеърларининг рус тилига таржималари таҳлилидан иборат бобда Н.Гребнев, А.Файнберг, О.Дмитриев, А.Наумов, А.Преловский, В.Цибин каби таржимонларнинг таржималари холис ва ёрқин услубда танқидий-таҳлилий ўрганилгани жуда муҳимдир.

Яна бир бобда Ғулом Мирзонинг журналист сифатида турли йилларда Абдулла Орипов билан қилган мулоқотлари матни тўпланган. Бошқа боб эса ёш шоирнинг устоз шоирдан олган ибратли ҳаёт сабоқларига бағишланган.

Китобнинг якунида “Абдулла Орипов ижодиётини ўрганиш ва тарғиб этиш учун яна нима ишлар қилиш керак?”, деган долзарб савол кўндаланг қўйилган. Бу йўналишда, жумладан, муаллифлар таклиф этган амалий чора-тадбирлардан бири сифатида “Сен баҳорни соғинмадингми?..” китобининг ўзи ёруғ дунё юзини кўрганини келтириш мумкин. Бу китоб, Абдулла Орипов ижодиётини ўрганиш ва тарғиб этиш йўлидаги муҳим қадамлардан биридир.

 

Қаландар АБДУРАҲМОНОВ,

академик, Г.В. Плеханов номидаги

Россия иқтисодиёт университетининг

Тошкент шаҳридаги филиали ректори