“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

ЎШАНДА ҲАМ БАҲОР ЭДИ...

1966 йилнинг эрта баҳори эди.

Самарқанд вилояти, Пастдарғом туманидаги 100-мактабнинг битирувчи синфлари ўқувчилари давлат имтиҳонларига тайёргарликни бошлагандик. Кимдир келгуси якшанба куни битирувчилар учун адабиётдан қўшимча дарс бўлишини, ҳаммамиз қатнашишимиз шартлигини эълон қилди. Бу янгилик ҳеч биримизга маъқул бўлмаган эса-да, ҳаммамиз қатнашадиган бўлдик; у даврдаги одоб, тартиб, таомил шуни тақозо қилар эди.

Адабиёт ва тарихдан мактаб раҳбарлари дарс беришарди. Ҳар иккала муаллимимиз тайёрланишга вақтининг йўқлигиданми, дарс­ликдан, эҳтимол, олдиндан белгиланган абзацларни ўқиб, ўзларича шарҳлаб, “сабоқ” беришарди. Шу боис адабиётдан бошқача дарсни тасаввур қилолмасдик. Мактаб маъмурияти ушбу дарс шаклига ҳам, дарс берувчига ҳам аҳамият бера оладиган даражада эмасди.

Биз синфимиз хонаси эшиги олдига белгиланган вақтдан 20 дақиқалар илгари йиғилдик. Ўзимизча мутлақо дарс бермаган, дарс беришга ҳаваскор бир кишини кутмоқда эдик. Гап-сўзларимиз ҳам кутганимизга монанд эди, ўшанда. Бўлажак адабиёт дарси ҳақида гаплашиш қаёқда. Ўша дамда синфдошим Абдурашиднинг айтгани бугунгидек эсимда: “Дарсда телпагимизни бошдан олмаймиз. Ҳойнаҳой, сезмаса керак”. Мутлақо кутилмаган воқеа юз берди: унинг айтганига ҳеч ким, жумладан, ўзи ҳам амал қилолмади...

Катта кўчадан келаётиб, биз томон бурилган ўрта бўйли, юзи буғдой ранг, кўзи қисиқроқ, сочи қора, жингалакликка мойилроқ, бошида дўппи, эгнига эрта кўклам ҳавосига мос кийинган бир киши эътиборимизни тортди. Шу сонияда бизнинг кимни кутганимиз ҳам, у кишининг кимлар ҳузурига шошилаётгани ҳам маълум бўлган эди...

Мана, орадан 53 йил ўтиб, ўша дамларни унутиб бўлмаслигига қатъий ишонган, нима, қандай рўй берганини тушунишга ҳаракат қилган бир гувоҳ сифатида англаганларимни баён қилмоқдаман.

Оллоназар малим 100-мактаб ўқитувчиси ҳам, даштлик ҳам эмасди. У кишини бизнинг даштга тақдир қуюни келтирганди. Бизлар учун ўта қувончли бўлган тақдир шамолининг ушбу иши у киши учун ўта кўнгилсиз ва ҳатто катта фожиа бўлганини кейинроқ эшитганмиз...

Оллоназар малим кишини ром қиладиган даражада хушхулқ, ўта самимий ва ўз вазифасига жуда масъулият билан ёндошадиган муаллим эди. У киши ҳар сўзни ўз ўрнида истифода этувчи, тингловчини нозик ҳис қилиб, баён қилаётгани ҳақида ўқувчида ёрқин тасаввур ҳосил қилдириш мақсадида турли қиёслардан, товуш товланишларидан, паузалардан ўта унумли фойдаланар эди. У ҳар бир дарсида мавзуни таъсирлироқ, тушунарлироқ баён қилиш учун кичикроқ бир китоб кўламидаги шеърларни ёқимли бир қироат ила айтар эди. Биз бундай дарсда бўлмаганимиз, ҳатто шундай дарс ўтувчилар борлигини тасаввур қилмаганимиз, наинки шеър, унинг қироати ҳақида ҳам тушунчага эга бўлмаганимиз туфайли сеҳрланиб, бутун вужудимиз кўз ва қулоққа айланиб кўрар, эшитар эдик.

Гарчи илгари иншо ёзган, иншо режаси деб эшитган бўлсак-да, уларнинг нималиги ҳақида тушунчамиз бўлмаган; эпиграф сўзини эшитмаган ҳам эдик. (Кейинчалик англаб етдимки, таълимда тушунчалар шакллантиришга аҳамият бермаслик дарсларнинг самарасиз бўлишининг бошланиши экан.) Оллоназар малим дарсларида бизнинг адабий таълимимиздаги бўшлиқларни тўлдиришгагина эмас, бизга маърифий тушунчалар беришга, дунёқарашимизни кенгайтиришга ҳам ҳаракат қилар эди. Биз дарсликлардан кўчирмасдан, мазмунига мос эпиграф танлаб, мантиқли режа асосида иншолар ёза бошлагандик. Оллоназар малим иншоларимизни текшириб, ўзига хос тарзда, қизил қалам билан ундов белгиси орқали баҳолар эди. Саксон иншодан фақат синфдошларимиздан бирининг иншосини уч ундов белгиси билан баҳолаган эди. Шунда синфдошларимиздан бири уч ундов белгиси нимани англатишини сўраганида, Оллоназар малимнинг берган жавоби ҳамон ёдимда: “Мен сизлар одатланган баҳони қўйишга ҳақли эмасман. Уч ундов белгиси менинг олий баҳом.” Университетнинг математика факультетида таҳсил олган, имтиҳонларни нуқул аълога топширган ўша синфдошимиз Оллоназар малимдан олган уч ундов белгисини ҳаётида эришган энг юқори баҳоларидан бири сифатида бот-бот эслаб туради.

Мактабимиз “Улус” қоракўлчилик давлат хўжалиги марказида жойлашган бўлиб, яйловлардаги, 40–45 чақирим наридаги қишлоқликлар фарзандларининг ҳам тўлиқ ўрта маълумот олишига имконият яратмоқ мақсадида ўтган асрнинг 50-йиллари адоғларида ўрта мактабга айлантирилган, улар учун ётоқ жойлари, овқатланиш, дарс тайёрлаш хоналари қурилган эди.

Ҳар бир-икки ҳафтада уйига бориб келадиган битирувчи синфлар ўқувчилари, якшанба кунлари Оллоназар малим дарслари бўлиб турган икки ой давомида, ота-оналарини ҳайрон қолдириб, уйларига бормай қўйганди...

 Ёшлигимда Ислом шоирдан таҳсил олган бахшилар ижросини тинглаганим, халқимизнинг энг сўнгги чечанларини кўриб, уларни эшитиб қолганим ҳамда Оллоназар малим дарсларидан баҳраманд бўлганим боис, кейинчалик, халқимизнинг, минг йиллар давомида бойиб, сайқалланиб борган, ҳар қандай фикрни, қора сўзда ёки назмда бўлсин, жуда аниқ ва ўта таъсирли қилиб ифодалашга қодир тили борлигини англаб етдим. Яна англадимки, кишининг оламни ва олам ичра ўзини ҳам англаб бориши – математикани, физикани, кимё-биологияни,... чет тилларни ҳам ўрганишида восита, асосий қурол унинг она тили бўлиб, ушбу қуролни нозикликлари ила эгаллаган, унга меҳр қўйган кишининг ютуқлари кам бўлмас экан. Тилни нозиклик­лари ила эгаллаган, унга меҳр қўйган кишига дуч келингандагина ҳавас уйғониши, тўғри фикрлаш ва фикрни, сўзлар орқали улар даражасида аниқ, тиниқ, таъсирли ифодалай олиш орзуси қалбни оловлантирмоғи, изланишга йўлламоғи мумкин. Шу маънода бизни Оллоназар малимга дуч қилиши тақдирнинг катта инъоми, Ўзининг бизга кўрсатган марҳамати экан...

Оллоназар малимнинг синф хонасига кириб келиши, шеър айтгани, ниманидир тушунтиргани, баён қилгани ҳолатлари кўз олдимда намоён бўла бошлайди. Юз-кўзида, жисмоний, руҳий азоб изларини ҳамда ке­йинги ҳаёти қандай кечиши олдиндан чизиб қўйилганини ақл ила англаб етган кишининг изтиробларини баралла кўра бошлайман... Дарс давомида шундай дақиқалар ҳам юз берардики, бизнинг жон қулоғимиз билан тинглаётганимизни ҳис этгач, эҳтимол, ўзи берилиб тасвирлаётган воқеанинг иштирокчисига айланиб, тортган барча азобини унутар ва бахтиёр дамларига хаёлан қайтар эди. Биз ўшандай дамларда у киши тимсолида ғайратли, шижоатли, нисбатан анча ёш, ўз ҳаётидан мамнун бир кишини кўриб қолар эдик. Ҳа, дарвоқе...

Яқинда, 2019 йил январининг ўрталарида Оллоназар малимнинг Тошкент шаҳрида яшайдиган қизи Рисолатой хонадонида бўлдим. Аввалроқ Оллоназар малимнинг иқтидорли шоир, иқтидорли ёзувчи бўлганидан хабардор бўлгандим. Бир шеърий китоби Рисолатой томонидан тахланиб, “Ёзувчи” нашриётида Зебо Мирзаева муҳаррирлигида 1996 йили чоп этилган.

Рисолатой томонидан отасининг қанча қўлёзмалари ва шеъри, ҳикояси ёки ҳажвияси чоп этилган газета парчалари, ўнлаб кундалик воқеалар ёзиб борилган умумий дафтарлар... расмлар авайлаб, меҳр билан сақланиб келинаётганининг гувоҳи бўлдим. Расмларга қарайман. Ўқувчилар, ўқитувчиларнинг сафларга тузилган давраси марказида навқирон, ғайратли, хиёл жилмайган, кўзлари чақнаб турган Оллоназар малимни кўраман. Бундай расмлар кўп. Ҳар бирига қачон олингани рақам этилган. Энг сўнггиси 1961 йили олинган экан. Юқорида ёзганимдек, биз 1966 йилнинг бошларида учрашганмиз. Орадан тўрт-тўрт ярим йилгина вақт ўтибди. Ушбу қисқа вақт оралиғида одам қиёфаси бу қадар ўзгариб кетгани кишида минг бир савол туғдиради.

1955 йили Самарқанд давлат университети филология факультетини имтиёзли дип­лом билан тамомлаган Оллоназар малим оилавий аҳволи ночорроқ бўлгани сабабли факультетда ишга қолиш ҳақидаги таклифни рад этиб, туғилган қишлоғи Митанга мактабда дарс бериш учун қайтади. Икки тилда таълим бериладиган мактабда ҳар икки тилни яхши биладиган ва яна ўқувчиларини, ўз касбини севувчи муаллимнинг қадри баландроқ бўлганиданми, Оллоназар малим хизмат пиллапояларидан юқорига кўтарилиб боради: олдин ўқув бўлими мудири, кейин мактаб директори. Ҳар қандай ўзгаришга қаршилар ҳам, бетарафлар ҳам, хайрихоҳлар ҳам бўлгани каби, ушбу воқеа атрофида ҳам учга бўлиниш рўй берганини тахмин қилиш мумкин. Ушбу лавозимдан умидвор бўлганларга Оллоназар малим йўл тўсувчи бўлиб кўрингандир. Балки ўшанда бадном қилиб, тўсиқни олиб ташлаш режаси ҳам тузилгандир. Ҳар ҳолда воқеалар ривожи шундай тахминга ўрин қолдиради...

Текширув мактабнинг хўжалик ишлари бошқарувчисида бироз камомад борлигини аниқлайди... Мактаб директори 8 йилга озодликдан маҳрум қилинади, лекин камомад қилган киши аялади: қамалмайди...

Собиқ мактаб директори қамоқнинг 4 йилини Учқудуқда ўтказади. Кейинги 4 йилини бироз эркинроқ ўташ учун, Навоий тоғ-металлургия комбинатининг бошқа бир бўлими жойлашган бизнинг даштга юборилади. (Рисолатой, отасининг нисбатан эркинлик даврида, Улус даштида туғилган экан.) Ана ўшанда Оллоназар малимнинг аҳволидан даштлик талабалик даври танишлари хабар топиб, мактабга таклиф қилади...

Бу ишлар ташкилотчиларининг мақсади кимлигини англамаган “нодон”ни фақатгина директорликдан бўшатиб, кўзини очиб қўймоқчи бўлгандир. Лекин ғайирлик ила ишга туширилган жараённи “фақат”да тўхтатиб бўлмай қолганини юқорида баён қилдик; ке­йинги ҳаёти ундан ҳам оғир, ҳатто ўта фожиа­ли кечади...

У даврда қамоқда кишиларни кейинги ҳаётга наинки тайёрламас, балки ҳақ-ноҳақ босилган тамғани умрининг охиригача унутмаслиги чоралари кўрилар эди.

Ночорликдан кеч уйланиб, яна-да кечроқ туғилган биринчи фарзанди – қизи Нодирани чақалоқлигидаёқ онаси (ўз завжаси Зулфия) қўлида иложсиз қолдириб кетгани етмагандек, тилаб олган фарзанди ичикибми ёки бош­лиқсиз қолган оила аҳволи оғирлигиданми, қон хасталигига йўлиқиб, 1971 йилнинг охирроғида оламдан ўтади. Руҳан ва жисмонан заифлашиб қолган Оллоназар малимга бу ўта оғир зарба эди. Ўзини ўнглашга улгурмасидан, 1972 йил январида ёққан ўта қалин қор, қаттиқ изғиринли совуқ, яқинларини доғда қолдириб, Оллоназар малимнинг ўзини ҳам тўнғичи изидан олиб кетади...

Армон бор нарса, лекин кишиларда армонлар, оғриқли дардлар пайдо қиладиган “микроб”ларга озиқа берган муҳитни соғломлаштириб боришни йўлга қўймасдан, кейинги авлодларнинг бундай дардга йўлиқмаслигини таъминлаб бўлмайди. Биз узоқ қарамлик ва мустақиллигимизнинг мустақиллик нималигини англамаган давридаги адашишлардан кейин наинки инсон, ҳатто оддий бир кўчатни ҳам ўсиб-ривожланиши учун қулай бўлган ерга ўтқазмоқ, меҳрла парвариш қилмоқ зарур деган хулосага етиб бордик. Ушбу хулоса келажакда қандай мутахассислар, тадқиқотчилар зарур бўлишини илмий чамалаб бориш, уларни вояга етказиш муҳити ва “боғбон”ларига қўйиладиган талабларни шакл­лантириш ишларини бажариб боришни тақозо қилади. Биз шу йўлдан бориб, ғайир­лар хизматига бўлган эҳтиёждан қутулиб, том маънодаги экспертлик йўлига ўтишимиз мумкин. Бу йўл наинки улуғ аждодларимиз руҳини шод қилиш, балки бир вақтлари дунё миқиёсида аждодларимиз эгаллаган мавқега яна кўтарилиш йўли ҳамдир.

Шодиёр ДАВРОН