“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

Шавкат Раҳмон мен ва миллати билан яшаётганидан қувонаман

Манзура НОСИРОВА,

Шоирнинг рафиқаси

Устоз Шавкат Раҳмоннинг шеърий тўпламлари ҳар доим столим устида туради, негадир китоб жавонимга қўйгим келмайди. Ҳар куни ўқиладиган, унутилмас шеърлар… Газетанинг бу галги сонига Манзура опа билан суҳбат тайёрлашдан олдин, китобга яна қайтдим, саҳифаларни қайта варақладим… Манзура опа саволларимизга жавобларини ўзи тайёрлаб беришини, Шавкат Раҳмон ҳақида ёлғизликда ёзмоқчилигини айтди, сўнг устознинг ижодхонасида қораланган хотиралари билан ўртоқлашди…

…1974 йилнинг июнида тўйимиз бўлган… Мен у вақтларга ҳар куни қайтаман, балки ҳозиргача ўша хотиралар билан яшарман. Шавкат Раҳмон ҳар доим мен учун тубсиз денгизни эслатаверади. Ўз қаърига долғаларини яширган оғир, вазмин инсон эдилар. Ёшлик йилларимиз бахтли кечди. Умуман, улар билан яшаган йилларимда бахтсизликнинг ўзи йўқ эди. Шавкат ака тўйимиздан ке­йин Москвадаги адабиёт институтида ўқишини давом эттирди, сўнг Ғафур Ғулом номидаги нашриётнинг поэзия бўлимига ишга жойлашди. Ҳеч тиним билмасди, қаршимда ҳамиша адабиёт учун яшаётган инсонни кўрганман. Ҳеч қачон кўксида эрк учун исёни бўлган инсонга яшаш осон кечмаган…

Столларидан аччиқ қаҳва, қуюқ чойнинг кети узилмасди… Ижодхонасининг чироқлари тонг саҳаргача ўчмас, туни билан қоғоз қоралаб чиқарди одатда. Шавкат ака ўзига нисбатан ҳам, атрофдагилар учун ҳам ниҳоятда талабчан бўлган. Эрталаблари бир даста қоғоз билан чиққанча, “Манзур, буни эшитиб кўринг-чи”, дердилар. Ҳамиша фикримни сўраган, билмадим, менинг айтганларим уларнинг кўнглини тў­лат­ганмикин... Лекин шеърларининг илк тингловчиси бўлиш бахти насиб этган менга. Шундай пайтлари мени адабиёт билан ҳамнафас яшаётганим, кўз олдимда ҳақ сўз айтилаётгани қувонтирарди.

У пайтлари шеъриятнинг қадри баланд эди… Шавкат аканинг энг яхши жиҳатларидан бири 90-йилларда шеъриятга гуриллаб кириб келаётган ёш шоир ва шоираларнинг ижодини синчиклаб ўқирди, кузатарди. Ялт этган иқтидорни кўрдим дегунча, маҳкам тутарди, севиниб мисраларини ўқиб берарди. Иқбол Мирзо, Сирожиддин Саййид, Абдували Қутбиддин, Асқар Маҳкам, Аъзам Ўктам, Зебо Мирзаева, Ҳалима Аҳмедова, Шарифа Салимова, Хосият Рустамова, Қутлибека Раҳимбоева, Умида Абдуазимоваларнинг шеърий тўпламларига тақриз ёзаётганида, хаёлидаги мис­ралардан фойдаланишга тўғри келса ҳам сира ачинмас эди. Шавкат Раҳмоннинг ёш ижодкорлардан, адабиётдан умиди ҳамиша катта бўлган.

Ҳар гал Ўшга йўлим тушса, Шавкат ака “Абадият оралаб, Ўшга қачон етамиз?” деяётгандай туюлаверади. Улар ҳамиша талпиниб яшади, ҳақ сўзга, эркка талпиниб умр кечирди. Кўпинча ўзимдан ранжийман, миллатнинг Шавкат Раҳмонини тушуниб яшай олдиммикан, деган саволлар қийнайди… Йўл бўйи қўлларидаги ён дафтарчасига нималарнидир қоралар, манзилга етгунича яна янги шеър яраларди. Шавкат Раҳмон ҳеч қачон хаёл шоири бўлмаган, ҳар бир сўзини ҳақиқатни кўриб битган. Ҳатто йўллардаги дала майдонларида ишлаётган одамларга қараб, ҳақиқий халқ мана шу ерда дер эди. Аслида, ёзаётганлари ҳам халқи учун, ўзбек миллатининг эртасини ўйлаб ёзилган, қайғурса ҳам шунинг учун қайғурарди. Буларнинг ҳаммаси Шавкат Раҳмондек юраги эрк учун ураётганларга бегона туйғу эмас…

Кундан кун қаршимдаги тоғнинг ўсиб бораётганини ҳис қилиб, унга суяниб яшадим. Хотирамни ҳар варақлаганимда йиллар ёнимда бўлган инсонни ҳозиргача ҳам кашф қилиб боравераман. Илк танишган пайтларимизда ўқиб берадиган шеърларидаги мисралар кўнгилга жилғаланиб, сизиб кирган бўлса, йиллар ўтгани сайин уларнинг кучи ҳар бир юракни уйғотишга қодирдек туюлиб бораверди. Мен юксалишини кўрганим, суянганим тоғ ҳеч қачон қуламаслигини кўриб эса ҳали ҳам Шавкат Раҳмон мен ва миллати билан яшаётганидан қувонаман...

Зулҳумор ОРИФЖОНОВА оққа кўчирди