“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

“МИНА МАЙДОНИДАГИ БОЙЧЕЧАК”

Милтиқ кўтарган соҳибжамол

Иккинчи жаҳон уруши даврида эр йигитлар қатори кўплаб нозик ҳилқат вакилалари ҳам ватан ҳимоясига отланишади. Ҳатто уларнинг баъзилари мерган сифатида донг таратишади. Роза Егоровна Шанина – ана шу довюраклардан биридир. Ватан ҳимоясига чоғланган бошқа қизлардан фарқли ўлароқ, Розанинг кундалик битиклари туфайли у ҳақда кўплаб маълумотлар бугунги кунгача етиб келган.

Лочинкўз мерган Роза Шанинанинг жасоратлари ҳақидаги афсоналар оғиздан оғизга ўтар, унинг исми бутун мамлакатга маълуму машҳур эди. Айтишларича, у кўрган кўзни куйдирар даражада соҳибжамол бўлган экан. Малласоч, мовийкўз Роза чинакам шимол гўзали эди. Шимол гўзали бўлакча жозиба ила денгизбўйи лаҳжасида сўзларди. Роза Шанина кам деганда эллик тўққиз нафар фашистнинг ёстиғини қуритади, уларнинг ўн икки нафари немис снайперлари эди.

 

Илк ғалаба

Бўлажак қаҳрамон қиз 1924 йил 3 апрелда Вологодск губернасининг Едьма қишлоғида (ҳозирда бу қиш­лоқ Архангельск таркибига кирган) дунёга келади. Баъзи манбаларда унинг таваллуд топган маскани Богдановск ёки Зиково қишлоғи деб ҳам кўрсатилади. Нима бўлганда ҳам унинг киндик қони тўкилган жойи замонавий Архангельск вилоятининг Устьянский туманидир. Қизалоққа Роза Люксембург шарафига исм беришади. Хонадон кўп фарзандли эди: Розанинг бир синглиси ва бир укаси, беш акаси бўлиб, Шанинлар оиласида яна уч етим ҳам униб-ўсарди.

Мактабда еттинчи синфни битиргач, ўн тўрт ёшни қаршилаган Роза Архангельск Педагогика университетига ўқишга кирмоқчи бўлади. Аммо ота-онаси бунга қаршилик қилади. Шунга қарамай, қиз уйини тарк этиб, Коношагача бўлган юзлаб километрни пиёда босиб ўтади. У ердан эса Архангельскка поездда жўнаса бўларди. Турган гап, масофа жуда олис, бироқ бир неча йил давомида қўшни қишлоқдаги мактабга қатнаш учун олисдан олис йўлни кўрдим демаган саботли Роза учун мақсадга элтувчи бундай масофа чикора эди.

Архангельск ўсмир қизга ёқиб қолади. Буни ҳатто кундаликларида ҳам ёзиб қолдирган. Чўнтагида бир чақаси ҳам бўлмаган Роза аввалига акаси Фёдорникида туради, сўнг­ра умумий ётоқхонага кўчиб ўтади. Энг қизиғи, кечалари шўх-шодон қиз ётоқхонага чойшабга осилиб чиқар, негаки дугоналариникидан кеч қайтарди.

Учинчи курсда ўқиб юрганида Роза тирикчилик кўйига тушади, чунки эндиликда таълим учун тўлов қилиши керак эди. Қариндошлари кўмак сифатида бермоқчи бўлган пуллардан Роза қатъий бош тортар ва кечалари болалар боғчасида тарбиячи сифатида ўз ризқини терар эди. Ўқишни тамомлагач ҳам қиз тарбиячиликни канда қилмайди.

Миллионларнинг ёстиғини қуритган баттол уруш бошланиши биланоқ, Роза Шанина тўғри ҳарбий комиссариатга йўл олади. Алқисса, жасур қизнинг муштдай юрагида Ватан ҳимояси учун катта олов ёқилганди. Роза эндигина ўн етти баҳорни қаршилагани учун уни аҳдидан қайтармоқчи бўлишади. Аммо қаёқда, Роза таслим бўлишни ўзига эп кўрмайди, унинг жойи фронтда эканини исботлаш учун комиссариатга қайта-қайта мурожаат этаверади. Шу орада Архангельск тўпга тутилади ва матонатли қиз жонсараклик билан ёнғинни ўчиришда иштирок этади.

1943 йилнинг июнида Роза ўзининг илк кичик ғалабасига эришади – ҳарбий комиссариат ўн тўққиз яшар қизни Подольскда жойлашган аёллар мерганлик мактабига жўнатади. Бундан аввал у умумий ҳарбий таълимни якунлайди. Роза мерганлик мактабини аъло баҳолар билан битиради. Унга мактабда инс­труктор сифатида қолишни таклиф этишади, лекин Роза бу таклифни рад этиб, фронтга жўнатишларини кутади.

Муқовадаги довюрак чеҳра

Роза илк бора урушнинг учинчи йили баҳор ўрталарида Витебск ёнида фашистни ер тишлатади. Бу ҳолат унинг онгида ўчмас бўлиб муҳрланиб қолади. Милтиқ тепкисини босганидан сўнг у нуқул: “Одам ўлдирдим...” деб такрорлайверади. Дугоналари эса бу одам эмас, Ватан ғаними – фашист эканини айтиб, уни тинчлантиришга ҳаракат қилишади. Орадан олти кун ўтиб мерган қизнинг ҳисобига ўн нафар (бошқа манбаларда – 17 нафар) асфаласофилинга жўнатилган фашист ёзилади. Розанинг севимли усули бирваракайига икки нишонни йўқ қиладиган бир нафасда қўш ўқ узиш (дуплет) эди. Ҳарбий жасоратлари учун Роза III даражали Шуҳрат ордени билан тақдирланади. У 3-Белорус фронтида мазкур мукофотни қўлга киритган биринчи қиз эди.

1944 йилнинг июнь ойида душман мудофаасига ёриб кирилади. Олдинда танк колонналари, орқада эса ўқчи дивизия олға юриш бош­лайди. Снайперлар энг охирги сафда ҳаркатланишади. Мерган қизларга имкон туғилиши биланоқ, тин олиш буюрилади. Негаки бояқиш қизлар анчайин ҳориб қолишганди. Аммо-лекин Роза Шанинага бу буйруқ маъқул келмайди. У 144-дивизия командирига юзланиб, ўзини олдинги сафга, разведротага ташлашларини талаб қилади. Командир Роза ҳали яна жанг олиб боришга улгуришини айтиб, талабини қондирмайди. Ўжар қиз 5-армия қўмондони генерал-полковник Николай Крилов билан учрашишга рухсат сўрайди. Дарвоқе, бундан аввал Роза нақ Иосиф Сталиннинг ўзига илтимос қилиб хат ёзади. Дивизия командири қиз қўмондон билан учрашолмаслигини тахминласа-да, барибир рухсат беради. Орадан бир сутка ўтиб, Роза Криловнинг кабинетида ғоз қотиб турарди. Генерал-полковник пича ўйлаб туриб, қизга олдинги сафларга ўтишига изн беради, бинобарин, у рад жавобини Роза Шанина ҳақоратдек қабул қилишини тушуниб етганди.

1944 йил кузнинг бошида Роза Шанина II даражали Шуҳрат орденига муносиб деб топилади. Мукофот варақасида отасининг исми Георгиевна деб кўрсатилади, нега деганда, Георгий ва Егор бир исм ҳисобланади.

Соҳибжамол мерган ҳақидаги мақолалар кўплаб нашрларда, жумладан, “Огонёк”да эълон қилинади. Ҳамишабаҳор, некбин қизнинг фотосуратлари, унинг жанглардаги қаҳрамонликлари совет иттифоқи халқларини ёғийга қарши курашда илҳомлантирар, ёруғ кунларга умидлантирарди. Қолаверса, Роза ҳақида аксилгитлер иттифоқ мамлакатлари ҳам ёзарди. Чет элларда довюрак қизга “Шарқий Пруссиянинг кўринмас даҳшати” дея донгдор тахаллус беришади.

Розанинг ўзи бунчалик машҳур бўлолганини сира тушунмасди. У бор-йўғи ўз она тупроғини ҳимоя қилар, фарзандлик бурчини адо этарди. Уни кўпроқ “Ого­нёк”нинг биринчи саҳифасига жойлаштирилган Розанинг портретига тикилиб турган яқинларининг фикри қизиқтирарди. Шон-шуҳрат унга аллатовур тушуниксиз ва ўринсиздай туюларди.

 

Кўнгил кундалиги

Фронтда мерган қиз ўз фикрларини баён этиб, кундалик ёза бошлайди. Бундай машғулот ман этилганига қарамай (ахир, ёзувлар фашистларнинг қўлига тушиб қолиши мумкин!), Роза амр-фармонга хилоф йўл тутади. Замондошларининг хотирлашича, Роза дўлвор, юзидан табассум аримайдиган, гарчи тутган жойини кесадиган қайсар бўлса-да, ботир қиз эди.

Кундалик юритиш билан бирга, Роза қачон қарама сўроқсиз равишда “сайр”­га чиқаверарди. 1944 йилнинг 8 августида ана шундай “ўзбошимчалик”дан қайтаётиб у уч немисни қўлга олади. Ўзининг битикларида тан олишича, душманни асирга олган Роза ўзини “кўпни кўрган жангчи”дек ҳис этади. Командирлар тараллабедод хулқи учун уни тез-тез койиб беришар, лекин ўжар қизга гап уқтириб бўлармиди! У ўзиниг энг асосий ишини – мерганликни дўндираётганини яхши англарди.

Роза “тажрибали жангчи”дек кўринишга интилса-да, кундаликларида муҳаббат ва дўстлик мавзуларига тўхталиб ўтади. Кундаликларида у ўзига кўнгил қўйган, ҳайҳот, фронтда жувонмарг бўлган Мишка Панаринни ёдга олади. Шундай бўлса-да, ҳозир турмуш қилиш борасида ўйлашнинг мавриди эмаслигини ҳам ёзади. Уруш тугаши биланоқ, Роза университетда ўқишни давом эттиришни дилига тугиб қўйганди.

Қиш кириши ҳамоно соҳибжамол мерган елкасидан яраланади ва бир ойга яқин вақт давомида госпиталда даволанади. Соғлиги тиклангач эса Роза навбатдаги мукофот – “Жасорат учун” медали билан тақдирланади. Кундаликларида ёзишича, Роза оғриқни ҳис этиши биланоқ, ўзига ўқ узилган жойни эсларкан. Жароҳатидан сўнг қизни жанг қизиб турган олдинги позицияларга қўйишмайди.

Роза ажали яқинлашаётганини сезарди. Яқин дўс­ти, ҳарбий мухбир Пётр Молчановга битган сўнгги мактубида у: “Эҳтимолки, тез орада менинг ҳам куним битар... 78 қиздан фақат олти нафар қолдик. Мен ҳам авлиё эмасман”, дейди. Умрининг сўнгги ҳафталаридаги кундалик ёзувларида қайғу ва содир бўлаётганларни англамаслик кайфияти хиёл сезилиб туради. У нуқул йиғлайверишини ва ҳеч ким унга ёрдам қўлини чўзишни истамаётгандек туюлаётганини ҳасратланиб ёзади.

Афсуски, Розага узоқ кутилган ғалабани нишонлаш насиб этмайди. Шарқий Пруссия яқинидаги Райхау ер-мулки атрофида ўқлар ёмғири остидан командирни олиб чиқаётган Роза Шанина снаряд парчаларидан оғир яраланади ва орадан бир кун ўтиб – 1945 йилнинг 28 январида вафот этди. Розани Алла дарёси бўйидаги нок дарахти остига дафн этишади. Бироқ икки йилдан сўнг марҳуманинг хоки Знаменск қишлоғидаги биродарлар қабристонига кўчирилади.

Унинг кундаликларини Пётр Молчанов ўзига олиб қолади ва ғалабага 20 йил тўлиши муносабати билан ушбу дафтарнинг бир неча саҳифаларини нашр эттиради. Мазкур кундаликнинг аслияти Архангельск ўлкашунослик мозийгоҳида сақланмоқда. Кундаликнинг нусхаси эса 2010 йилда чоп этилади. Роза номи Архангельскдаги кўчаларга ва Устьянский туманидаги икки қишоққа берилади. Роза Шанинанинг шонли хотирасига бағишланиб уч китоб: Николай Журавлёвнинг “Жангдан сўнг қайтаман”, Пётр Молчановнинг “Уруш ташналиги” ҳамда Журавлёв билан Молчановнинг ҳаммуаллифлигидаги “Мина майдонидаги бойчечак” асарлари битилган.

Мария РИЖИК,

россиялик журналист

 

Рус тилидан Саиджалол таржимаси