“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

СУҲБАТ

Габриэль Гарсиа МАРКЕС,

колумбиялик адиб, Нобель мукофоти соҳиби

Акира КУРОСАВА,

япониялик кинорежиссёр, Оскар мукофоти соҳиби

1990 йилнинг октябрида “фусункор адиб” Габриэль Гарсия Маркес Токиога келади. “Ёлғизликнинг юз йили” ва “Вабо ичра муҳаббат” асарларини ёзишдан аввал Маркес машҳур япон кинорежисёри Акира Куросава билан олти соат турли мавзуларда суҳбат қуради.

Г.Г.М: Икки дўст ўртасидаги бу суҳбатга расмий тус беришни истамайман. Шунчаки нималар қилаётганингиз ҳақида сўзлаб беринг. Мени энг кўп қизиқтиргани – бу сизнинг сценарийнавислик фаолиятингиз. Хўш, сценарийларни қандай ёзасиз? Биласиз, мен ҳам ёзувчиман. Иккинчидан, сиз буюк асарларни ўта ғайриоддий йўллар билан тарғиб қилишга уринасиз. Эҳтимол, менинг ҳам асарларим устида тажрибалар олиб боргандирсиз?

А.К: Қай бир ғояни сценарийга айлантириш нияти туғилгани ҳамоно қоғоз ва қалам олиб, овлоқроқ жойга, масалан, шаҳар чеккасидаги меҳмонхонага йўл оламан. Ҳаммаси пишгач, асар ниҳоясини қайта ишлайман. Агар фильмни қайси саҳнадан бошлашим кераклигини билмасам, сценарийни ҳам, ғояни ҳам ташлаб қўяман. Вақт ўтади ва башарти, недир ўнгламаса ҳаммасидан воз кечаман.

 

Г.Г.М: Хаёлингизга биринчи фикр келадими ёки кўриниш?

А.К: Буни изоҳлолмасам керак. Аммо ҳамма нарса бирдан бошланиши рост. Умуман олганда, япон сценаристи учун, энг аввало, кўриниш шаклидаги ғоя муҳим. Айнан кўринишда акс этган мақсад аниқ бўлгач, саҳналар ва қаҳрамонлар, психологик структуралар ярала бошлайди. Яна бир даҳшатли сирни очайми сизга?

 

Г.Г.М: Қани-қани...

А.К: Аслида, ҳеч нарса бизга боғлиқ эмас. Ахир, биз ҳақиру фақир бандамиз, холос, тўғрими?

 

Г.Г.М: Яшанг! Яна бир саволим бор. Сизнинг ёзиш услубингиз Шекспир, Дос­тоевский ва Горькийнинг услубига ўхшаб кетади. Шу ҳақида ҳам икки оғиз тўхталиб ўтсангиз.

А.К: Бошловчи режиссёрлар буюк ёзувчиларнинг асарларини кинога олиб кириш нақадар қийин эканини кўп ҳолларда анг­лаб етмайдилар. Масалан, бирон детектив асарни экранлаштирмоқчи бўлишса, персонажларни худди китобдагидек акслантиришга интиладилар. Ҳамма муаммо шунда! Ахир, кино бошқа, китоб бошқа! Сиз айтган сўз усталари менинг маънавий устозим ва фақирингиз, табиийки, улардан кўп жиҳатларни ўзлаштирган. Масалан, мен Горький реализми билан Достоевский психологизмини қориштирмоқчи бўлганман ва бу услубни Шекспир драмасининг замонавий талқинида қўллаганман. Кино айнан китобга ўхшаб қолмаслиги учун бошқа даҳолардан нималарнидир олиш, қориштириш ва бирлаштириш керак бўлади. Айнан ўшанда кино яралади.

Мен асарнинг экрандаги талқинини яратганларга шундай маслаҳат бераман: қилаётган ишинг тўғри эмас, оғайни. Сен китобни ўқигансан ва унда жасад темир­йўл устида узала тушиб ётади, аммо асарни ўқимаган томошабин учун бу саҳнанинг ҳеч қандай қизиғи йўқ. Ёш режиссёр асарни қандай қабул қилса, томошабин ҳам ҳудди шундай қабул қилиши керак. Зеро, адабиёт – бу адабиёт, кино – бу кино.

 

Г.Г.М: Ҳаётингизда фильмларингизга киритиш имконсиз бўлган, аммо сизга ўта қаттиқ таъсир қилган воқеа бўлганми?

А.К: Ҳа. Илидачи деган кончилар шаҳарчаси бўларди. Мен ўша ерда режиссёр ёрдамчиси бўлиб ишлардим. Режиссёримиз бу шаҳарчадаги муҳит ўта тоза ва ғайриоддий бўлгани сабаб кинони шу ерда олишни режалаштирганди. Қисқаси, фильмни ўша ерда олдик. Биласизми, биз фақат шаҳар манзараларинигина тасвирга олдик. Шаҳарда истиқомат қилаётган эркагу аёллар, болалар, уларнинг даҳшат ичра кечаётган турмуш тарзи эса камерамизни ўзига қаратолмади. Мен айнан ўша мудҳиш манзараларни кейинчалик фильмимга қўшолмаганман. Тушуняпсизми, уларнинг юзига қарашга виждоним чидамаган.

 

Г.Г.М: Реализм сизнингча...

А.К: Айнан реализмга қарши чиқибгина реализмни ўзингизга сингдира оласиз, биродари азиз. Инсон курашмоқ учун туғилган ва унинг реаллик билан курашуви ҳам тўлақонли реал ҳодисадир. Биз ҳаммасига қўл силтаганимиз ондан сюрреализм бошланади.

 

Г.Г.М: Атом фожиаларидан кейинги давр ҳақида нимадир дея оласизми?

А.К: Японлар бу ҳақида очиқчасига гапиришмайди. Улар жаҳон урушининг тезроқ тугаши учун бизга ташланган атом ихтрочиси Трюмен эканини ҳам билишмайди гўё. Аслида, уруш ҳамон давом этмоқда. Расмий маълумотларда Ҳиросима ва Нагасакида икки юз ўттиз минг одам ҳаётдан кўз юмди, деб ёзилади. Аслида эса... ўлганлар ярим миллиондан ортиқ эди. Ҳатто госпиталларда атом радиациясидан омон чиққан икки минг етти юз киши ҳам қирқ беш йилдан бери чалажон ҳолда ўз ўлимларини кутаётир. Уларни қурбонлар сафига қўшмай бўладими, ахир! Аниқроғи, атом бомбаси ҳамон япон халқининг қотили бўлиб келмоқда.

 

Г.Г.М: Айтинг-чи, атом бомбаси ташланмаганида, Япония ҳозирги Япония бўлармиди?

А.К: Нимадир дейиш қийин. Нагасакида соғ қолганларларнинг аксарияти омон қолиш учун қондошларини тарк этди. Улар ҳамон виждон азобидан қутула олишмаяпти. Халқни мазкур воқеани унутишга мажбур этдилар ва империя ҳукумати ҳам уларга ёрдам берди. Мен эса бу ишларни жиноят деб қабул қиламан. Япония сўзсиз таслим бўлди, аммо... Бизга атом бомбасини ташлаганлар ҳеч йўқ япон халқидан узр сўрамади. Мени қийнаётгани шу. Кечирим сўралмагунига қадар Япония атом бомбасини унутмайди.

 

Г.Г.М: Энди у кунлар ўтмишга айланди. Наҳот, тинчлик замонлар ўша олти йиллик даҳшатлардан тарих ясашга туртки беролмаётган бўлса?

А.К: Атом совуқ урушнинг бошланиш нуқтасини белгилаб берди ва водород қуролларининг ихтиросига шароит яратди. Буларни ҳисобга олсак, биз ҳали-бери ўзимизни бахтли ҳис этолмаймиз. Ҳар лаҳзада атомдан-да даҳшатлироқ қуроллар бизга таҳлика солиши мумкин.

 

Г.Г.М: Фильмдан бошланган суҳбат атомга, халқаро ҳавфсизликка уланиб кетди. Бу суҳбатни матн кўринишида бирон жойда чоп этсак, нима дейсиз?

А.К: Эътирозим йўқ, қайтанга хурсанд бўламан. Фикрларимизни яна кимдир ўқиб, ўзига нимадир олиши кишини қувонтиради.

 

Г.Г.М: Жонингиз соғ бўлсин, Акира. Мабодо мен япон бўлганида, эҳтимолки уруш ҳақида бу қадар дангал фикрлар билдира олмаган бўлардим. Сизни яхши тушунаман. Фикр алмашганингиз учун раҳмат.

А.К: Сизга ҳам ташаккур, жаноб Габриэль. Асосий муаммо шундаки, қурол тилга кирганда, ҳар қандай муқаддас тушунчалар йўққа чиқади, эътиқод миноралари қулайди. Тилагим – эътиқодимиз пойдевори мус­таҳкам бўлсин. Ўзингизни авайланг.

Инглиз тилидан Мирзоҳид МУЗАФФАР таржимаси