“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

Лирик шеъриятда оҳанг ва ритм мутаносиблиги (2018 йил 21 сон)

Мақсуд Шайхзода таваллудининг 110 йиллигига

Ҳар бир санъаткор ижод саҳнасига ўзига хос сози ва овози билан кириб келади. Бу таъриф ва талаб мусиқа санъати билан шуғулланувчи тоифагагина хос эмас, балки сўз санъати ҳисобланган адабиёт аҳли учун ҳам ғоят муҳимдир. Ҳар қандай ижодкор ўз сози ва овозига эга бўлиши шарт. Ижодкор сози ва овозининг ўзига хослиги, ҳамоҳанглиги, ритм билан оҳанг­нинг мутаносиблиги ижодкор мангулигини таъминловчи муҳим омил саналади. ХХ аср ўзбек адабиётида ана шундай мангуликка дахлдор соз ва овоз эгаси бўлган санъаткорлардан бири Мақсуд Шайхзода эди. Бу аллома шоир ижодининг ўзига хослиги ҳақида фикр юритганда, хоҳ назм, хоҳ драма, хоҳ илмий мақола бўлсин, юксак патетик оҳанг, юқори жўшқинлик, пафос, умидбахш кўтаринкилик, озарбайжонча талаффуз билан қоришиб кетган ҳайқириқ овоз асарларининг қон-қонига сингиб кетганлигини таъкидлаш ўринлидир.

 Мақсуд Шайхзода ижодига хос бу фазилат кўплаб адабиётшунослар томонидан ҳам алоҳида қайд этилган. Жумладан, Озод Шарафиддинов шоир шеърларини “жўшқин поэзия” деб атаган бўлса, Иброҳим Ғафуров унинг ижодида “ёниқ эҳтирос, жўшқин кайфият” устунлигини таъкидлайди. Адабиётшунос Наим Каримовнинг фикрига кўра бу шоир “шайхона жўшқин сатрлар яратган дўстлик ва хушбахтликнинг оташин куйчиси” эди. Кўрамизки, олимларнинг ҳар бири шоир ижодига хос жўшқинлик сифатига алоҳида урғу берганлар. Дарҳақиқат, Шайхзоданинг илк ижод намуналаридан бошлаб, сўнгги нафасигача ёзилган ҳар бир шеър, ҳар бир сўз гўё ҳаётидан ўта бахтиёр, турмушидан кўнгли тўқ, барча ниятларига етган инсоннинг юрак зарбларини ифодалагандек таассурот қолдиради.

Ваҳоланки, бундай кўтаринки руҳ, юксак патетик оҳанг шоирнинг шахсий ҳаётида рўй берган оғир кўргуликларга, хўрлик ва камситишларга, эрки ва ҳуқуқини чеклашларга нисбатан бутунлай зид ҳодисадир. Мақсуд Шайзода ҳаёти билан танишган ўқувчи эндигина йигирма ёшга кирган ёш муаллимнинг арзимаган айб билан ҳибсга олиниб, суд ҳукмига кўра туғилган юрти Озарбайжондан сургун қилинганлигини, гарчи иккинчи она юрти Ўзбекистон унга бағрини кенг очиб, самимий кутиб олган бўлса-да, уй-жой, озиқ-овқат етишмаслиги, ижтимоий-иқтисодий танқислик­лар туфайли бир неча йил қийинчиликда ҳаёт кечирганлигини билиб олади. Шунга қарамай, ёш Мақсуд муаллим Шўро ҳукуматининг ўз фуқароларини айбсиз айбдор қилишдек қабиҳ сиёсатига қарши ўзининг ҳақлигини, ундан шубҳаланиши асоссиз эканлигини амалда исботлашга киришди.

Тушкунликка берилиш, иккиланиш Мақсуд Шайхзода табиатига мутлақо ёт эди. У табиатан ҳам, ижодкор сифатида ҳам тушкунликка қарши исён, тазйиққа қарши эрк, менсимасликка қарши ғурур туйғуларини ўзида шакллантира олган инсон ва ижодкор эди. Шеърларида ҳам шу фазилатларни кўпроқ куйлади. У ўзбек адабиётига ўзига хос жўшқин овоз ва янгроқ соз олиб кирди. Шоир бу билан гўё ўша давр сиёсатига ўзини янги давр кишиси эканлигини, ҳукумат ундан бекорга шубҳаланаётганини кўрсатиб қўймоқчидек қасдма-қасдига ҳайқириб ижод қилди. Шу боисдан шоир ижодида тушкунлик кайфияти мутлақо учрамайди. Ваҳоланки, умрининг охиригача ҳам унинг ҳар бир қадами, ҳар битта сўзи назорат остида эди. У рақибларига қарши ўзининг адабий йўлини “Мен дунёда бўлмадим ишқ шоири, Бирида “яша-яша”, бирида “гўзал пари”, Икки дафтар ёзатурган шоир-поир эмасман, Шеърда кўз бўёвчилик ўчирилсин диллардан” (1,33) деган принцип асосида белгилаб олди ва умрининг охиригача бу йўлдан чекинмади.

Қисқа фурсатда Ғафур Ғулом, Ойбек, Ҳамид Олимжон, Миртемир сингари дўст-биродарларининг қўллаб-қувватлаши билан у ўзбек адабиётининг оташнафас шоирига айланди. Ўзбек тилини ўз она тилидек шу қадар тез ва пухта ўрганиб олдики, ҳатто айрим хорижий, русча сўзларга ҳам ўзбек сўзларидан муносиб қофия топа олди. Масалан, рус адиби Лев Толстойга бағишланган шеърида “Ҳақиқат исмли қизни излаб дарбадар кезган Толстой” сўзига ўзбек тилидан “улус тўй” иборасини қофия қилади. Ёки Ливан мамлакатининг пойтахти Лубнонга “нон, инон, инсон, омон” (1,503) каби ўзбек сўзларини қофиядош тарзида қўллайдики, бу ҳам шоирнинг 30-йиллардаёқ ўзбек шеъриятини янгилаш ишига қўшган муҳим ҳиссаси ҳисобланади.

Мақсуд Шайхзода ижодини оҳанг ва ритм мутаносиблиги жиҳатидан қуйидаги уч босқичга бўлиб ўрганиш фойдалидир:

1. ХХ асрнинг 30-40-йиллари;

2. Иккинчи жаҳон уруши ва урушдан кейинги дастлабки йиллар;

3. ХХ асрнинг 60-йиллари.

Бу босқичларнинг ҳар бири шоир ижоди моҳиятини чуқурроқ очишга ёрдам беради. Агар дастлабки босқичда она юртидан бадарға қилинган шоир кайфиятида ўзини оқлаш, янги ҳукуматга фидойилик, унинг аравасига чиқиб, қўшиғини айтиш зарурлигини англаш истаги (бунда замонасозлик ва мадҳия оҳанги устувор) устун бўлса, иккинчи босқичда адолатсиз урушга қарши чин дилдан қаршилик туйғуси кучли. Ке­йинги йилларда эса шоирнинг ҳар бир сўз ва иборага ўйлаб, эҳтиёткорлик билан ёндашиши сезилади. Шунга кўра шеър ритми ҳам бироз босиқлик касб этади. Эътибор берилса, Шайхзоданинг 30-йилларда яратилган шеърларида Мая­ковский, Бедний сингари замонасоз шоирлар таъсири яққол сезилади: уларга ўхшаб ҳайқирди, улар сингари сатрларни зинапояларга бўлиб берди. Чин маънода “ишқ шоири” эмас, замон шоири бўлди. Иккинчи жаҳон уруши йилларида яратилган асарларини бу мезон билан ўлчаш адолатсиздек тую­лади. Негаки, гражданин сифатида ҳар бир инсон ўз юртини, туғилган туп­роғини душмандан асрашга масъулдир. Шайхзода эса оддий одам эмас, онгли ватанпарвар шоир эди. Шунинг учун у ўзининг бор қаҳру ғазабини немис-фашистларига қарши қаратди. Энди бу шеърларнинг мазмунига қараб ритми ҳам ўзгарди. Яъни шунчаки эҳтирос эмас, ўзига қатъий ишонган халқ вакилининг босиқ, шу билан бирга кучли ғазаб, ишонч туйғуси билан йўғрилган овоз эгаллайди.

Уруш ва урушдан кейинги йилларда ҳам Шайхзода эмин-эркин ҳаёт кечира олмади. Тарихий мавзуда ёзган “Жалолиддин Мангуберди” драмаси туфайли яна бошида қора булутлар қуюқлашди. 1952 йилда қамоққа олиниб, 25 йиллик муддатга Сибирга сургун қилинди. Яхшики, жамият ҳаётида юз берган ўзгаришлар туфайли қисқа муддатда қайтиб келди. У ўзининг бу қисматига кимлар айбли эканлигини биларди. Уларга қарши курашиши, фош этиши мумкин эди. Аммо “Шайхзода кўнг­лидан нафрат деган нарсани буткул қувиб чиқаришга муваффақ бўлган нодир одамлардан бири эди”. У яна аввалгидек янги оҳанг, кўтаринки кайфият, янги поэтик образлар яратиш билан ўзбек шеъриятининг парвозини таъминлашга ўз ҳиссасини қўшишда давом этди. 60 йиллардан бошлаб, Мақсуд Шайхзода том маънода ижоднинг инсонни, эзгуликни юксак пафосда куйлашдан иборат энг юқори чўққисига кўтарилди. Шоир шеърлари инсон тақдирига қайғуришдан туғилган. “Одамнинг, оламнинг ҳуснин олқишлай, Уларга севгимнинг вазнин бағишлай” (2,232) деган қутлуғ истаги созининг авж пардасини эгаллади.

Мақсуд Шайхзода илк шеърларидан бирида “Ойлар, йиллар, асрлар ўтар, Ҳеч сўнмас шеъримнинг ўлмас илҳоми” (1,49) деб ёзган эди. Бу қутлуғ нияти тўла амалга ошди, ўзбек халқи ўз шоирининг ижодини қадрлаб келмоқда. Биз оташнафас шоиримизга баланд овоз билан Ватанни севишга, қадрлашга ўргатгани учун ўзининг қуйидаги мисралари орқали миннатдорлик билдиришга бурчлимиз: “Созингда сўзлатиб сен шоҳ пардани, Куйладинг Ватанни!” (1,515).

 

Йўлдошхўжа СОЛИЖОНОВ,

филология фанлари доктори, профессор