“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

Бир ҳарф можароси ёхуд ғалати машҳурлар

Европа зиёлилари орасида ғалати машҳур деган тушунча бор. Бу айтилиши ва ёзилиши этимологик жиҳатдан она тилининг меъёрий қоидаларига изчил амал қилмаган, аниқроғи, шакл жиҳатдан хато, лекин халқ онги ва тафаккурида шундай ўрнашиб қолгани учун машҳур бўлиб кетган, деган маънони билдиради. Худди шундай “ғалати машҳур”лар бизнинг тилимизда ҳам унча кўп эмас-у, ҳар ҳолда мавжудлигини эътироф этмоқчи эдик. Гапни мумтоз шоирларимизнинг адабий тахаллусларидан бошласак.

“Навоий”ми, “Навойи”ми?

Улуғ Алишер Навоийнинг туркий ғазалиётидаги тахаллуси ҳазрат қаламида “Навойи” шаклида ёзилган. Эски ўзбек ёзувининг хос сифатларидан хабардор киши бунинг бенуқсон эканлигини яхши билади. Талаффузда ҳам “Навойи” деб ўқилиши керак. Шундай ўқиладими, демак, уни шундай ёзишимиз ҳам керак. ХХ аср бошларида дастлаб лотин, кейинчалик крилл графикаси меъёрларига амал қилинди ва улуғ шоирнинг адабий унвони “Навоий” деб ёзиладиган бўлди ҳамда бу шакл қатъий истеъмолга кириб қолди. Миллий истиқлолнинг дастлабки йилларида баъзи олимларимиз бу хатони тузатишга уриндилар. Лекин халқимиз онги ва тафаккурига тўласича сингиб кетган хато машҳурлигича қолди.

 

“Бобур”ми, “Бобир”ми?

Шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур тахаллусини ёзишда ҳам юқоридаги каби чалкашлик мавжуд. “Бобурнома” муаллифи ўз тахаллусини тўрт ҳарфдан иборат “Бабр” шаклида ёзган. Чунки араб ёзувига асосланган эски ўзбек ёзувида қисқа унлилар ёзилмайди. Талаффузда Бобир деб айтилган. Шўро даврида уни “Бобир” деб аслида тўғри ёзишган. Истиқлолнинг дастлабки йилларида академик Ботурхон Валихўжаев кейин профессор Абдурашид Абдуғафуров шоир ғазалларида учрайдиган баъзи сўзларнинг оҳанг жиҳатдан “Бобур”га мос (айни хато шу ерда илдиз отган. Мумтоз шеъриятда “дир” таъкид юкламаси “дур” шаклида ёзилади. Бунинг тахаллусга ҳеч қандай алоқаси йўқлиги ҳақида олимлар ўйлаб кўрмаганлар) тушишини ҳисобга олиб, тахаллусни ҳозирги шаклда ёзишни таклиф этганлар. Бу ҳол тилшунослар томонидан ҳам қўллаб-қувватланган. Шундай қилиб, аслида “Бобир” ёзилиши керак бўлган тахаллус “Бобур”га эврилган ва машҳурлик тусини олган.

 

“Атоий”ми, “Атойи”ми?

Бу ном ёзилишида ҳам худди “Навойи” каби чалкашлик мавжуд эди. ХХ асрда бу “Атоий” шаклида хато ёзилган. Ғ.Ғулом бу сўзни “Отойи” деб ёзган ва шундай тарғиб қилган. Аслида Ғ.Ғулом ҳақ бўлган. Шоир эски ёзувда “алиф устига қалпоқча қўйилганини, бинобарин, “О” билан ёзиш ва талаффуз қилиш лозимлигини уқтирган. Демоқчиманки, алиф устида қалпоқча бўлса ҳам уни доим “О” деб ўқиш шарт эмас. Уни гоҳо “А” деб ўқишга ҳам эҳтиёж туғилиб қолади. Бунга мумтоз адабиётимиздан истаганча мисол келтириш мумкин. Олимларимиз сўз ўзагини “Ато” деб белгилаш ва шундай айтиш лозим деган фикрга келганлар. Ўзбекча сўзларда “ои” унлилари бир ўринда келмайди. Бундай ҳолда битта “й” орттирилади. Худди шу қоида “Атоий”нинг ғалатилигини далиллайди. Истиқлолнинг дастлабки йилларида “Атойи” деб ёзиш расм бўлди ва унинг ғалатилиги барҳам топди.

“Алмаий”ми, “Алмайи”ми?

ХIХ асрнинг иккинчи ярмида Тошкентда яшаб ижод қилган шоир, олим ва таржимон Қори Фазлуллоҳ Миржалол ўғлининг тахаллуси аслида Алмайи бўлган. Профессор Ғулом Каримовнинг “Ўзбек адабиёти тарихи” дарслигида бу ном “Алмаий” деб ёзилган. “Гулистон” таржимонлари ичида номи тилга олинганда ҳам Ғ.Каримов ёзган ғалати шакл қўлланган. Кейинги йилларда бу ижодкорни мустақиллик призмасида ўрганиш иши пайсалга тушмоқда ва ғалати машҳур тахаллусни тўғирлаш ҳақида ҳеч ким бош қотирмаяпти.

Энди кундалик ҳаётимизда ишлатиладиган баъзи бир сўз ва ибораларга ҳам диққатни қаратамиз. Зора, уни ишлатувчилар тегишли хулоса чиқариб олсалар.

 

“Таъб”ми, “табъ”ми?

Мумтоз адабиётимизда кишининг хулқи, табиати, дид, савия ва сажиясининг даражасига нисбатан “табъ”сўзи ишлатилади. Бу “Мажолис ун-нафоис”да энг кўп тилга олинган сўзлардан биридир. Ўзбек тили имло луғатида бу сўз “таъб” шаклида хато ёзилган. Мумтоз адабий асарлар луғатида “табъ”, замонавий луғатларда эса “таъб” учрайди. Бу сўзни мумтоз адабиётимиз мутахассисларининг аксарияти “табъ” деб тўғри ишлатади.

 

“Туйилди”ми, “туюлди”ми?

Саводи лотин графикасига асосланган янги ўзбек алифбоси билан чиққан журналистлар сўзни хато равишда “туйилди” деб ёзмоқдалар. Тўғри, сўзнинг ўзаги “туймоқ” феълидир. Аммо ўзакка-ил нисбат қўшимчаси қўшилганда, “й” билан “и” қўшилиб яхлит бир товушни-“ю” графемасини ташкил этади. Бинобарин, уни “туюлди” деб ёзсак тўғри бўлади. “Туйилди”нинг маъноси бошқа. У дон ё бошқа уруққа кўра эзилди, майдаланди гоҳо латта ё рўмолга нисбатан тугилди деган маъноларда ишлатилади.

 

Нур устига қандай нур?

Нутқимизда муайян бир иш ҳадди аълосида бажарилса, “нур устига аъло нур” ибораси ишлатилади. Йирик тилшунос олим А.Рустамов ўтган аср сўнгги чорагида бу иборанинг шаклан хатолигини таъкидлаган. Яъни, ибора таркибидаги “аъло” (ало) аслида “устига” сўзининг такрори экан. Шу боис уни “нур устига нур” шаклида ишлатиш тўғри экан. Шунга қарамай бу ибора нутқимизда ўрнашиб кетган. Уни, ҳатто, катта, таж­рибали ёзувчи ва журналистларимиз ҳам ғалатилигича ишлатаверади.

 

Тиқин, босқин, қочқин

Бу сўзлар нимани билдирар экан, деяпсизми? Мен ҳам шуни узоқ ўйладим. Ке­йинги вақтларда турк сериалларида ҳамда миллий кинофильмларда қаҳрамон тилидан ана шундай сунъий сўзлар жуда кўп ишлатиляпти. Томошабин тилчи бўлмаса, ифода тўғри бўлса керак деб ўйлайверади. Аслида тилимизда юқоридаги уч сўзнинг бирортаси ҳам мавжуд эмас. Улар “сотқин” сўзи таъсирида пайдо бўлган сохта сўзлар ҳисобланади. Аслида эса биринчи сўз тиқилинч, иккинчиси босқинчилик, учинчиси эса қочоқ шаклида ишлатилмоғи лозим. Шунда зийрак томошабиннинг энсаси қотмайди. Шунда она тили жозибасига путур етмайди.

Дарвоқе, бу сўзлар имло луғатларида ҳам учраши мумкин. Луғат тузувчи олимлар сўзлар сонини кўпайтириш учун сунъий равишда киритганлар. Мен бундай сўзларни ишлатишдан тийилишни маъқул ҳисоблайман.

“Озуқа”ми, “озиқа”ми?

Бу икки сўз шаклан ўхшаш. Уларни фақат бир ҳарф (товуш) фарқлайди. Шаклда тафовут борми, демак, маънода ҳам турфалик бўлади. Афсуски, жуда кўп ёзувчи-роқимларимиз, айниқса, журналистлар бу икки сўз ўртасидаги фарқни англамайдилар. “Озиқа” – мавжудлик, предметлик хусусиятига эга. “Озуқа” бундай эмас. Аниқроғи, озиқа – ем (пичан, хашак, беда в.ҳ.). Озуқа эса ундай эмас. У мавҳум отга киради. “Маънавий озуқа” дейиш тўғри. Бироқ бирикма таркибидаги сўзни “озиқа” шаклида ёзиш ниҳоятда қўпол хатодир. Газета ўқиган одам ундан озуқа олади, зинҳор озиқа эмас.

Хуллас, бу каби нуқсонларни жузъий ё майда деб бўлмайди. Уларни қанча тез тузатсак, шунча яхши.

Аюдураҳмон ПРИМҚУЛОВ

фи